Ўзбекистон янгиликлари

“Нўъмон ибн Собит” масжиди янги бинода

Ота-боболаримиз обод жойга файз-барака ёғилади, дейишади. Ҳақ гап. Юртимиздаги обод масканларни кўриб, баҳридилимиз очилишининг сабаби ҳам шу: у жойларга файз-барака ёғилгани туфайли кўзларимиз қувнайди, дилларимиз яйрайди.
18 март Бекобод шаҳридаги обод масжидлар сони яна биттага кўпайди. Шаҳардаги Буюк Ипак йўли ва ал-Хоразмий кўчалари кесишмасида “Нўъмон ибн Собит” масжидининг янги биноси фойдаланишга топширилди.

Қуръони карим тиловати билан бошланган очилиш маросимида Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов, шаҳар ва туман бош имом-хатиблари, домлалар, нуроний отахонлар, маҳалла фаоллари, ҳомийлар иштирок этди.

– Масжидимизнинг пойдевори 2016 йил қўйилган эди, – дейди мазкур жоме имом-хатиби Элёр домла Бобохонов. – Қурилишга 2019 йилда киришилди. Пандемия туфайли ишлар тўхтаб қолди. Аллоҳнинг инояти билан коронавирус чекингач, қурилиш жадаллашди. Масжидимизнинг эски биноси маҳалла ичида бўлган. Янги бино катта йўл бўйида қад ростлади. Жоменинг сиғими 900 кишилик бўлиб, илиқ пол, совуткичлар ўрнатилгани совуқ ва иссиқ кунларда намозхонларнинг жонига оро киради.

Битта 17 метрли, иккита 12 метрли гумбазлар бу маърифат масканини безаб турибди, алҳамдулиллаҳ.
Замонавий масжидга мос тарзда барча шароитларга эга таҳоратхона ҳам қурилгани айни муддао бўлди. Бу ерда бир вақтнинг ўзида 58 киши покланиши мумкин.

Имом-хатиб, имом ноиби, мутавалли хоналари ва мажлислар зали ишлаб тургани турли масалалар билан мурожаат қилаётган аҳолининг саволларига жавоб қайтаришда қўл келади.

Янги масжидда “Тараққиёт”, “Сайҳун”, Ҳамид Олимжон ва ал-Хоразмий номидаги маҳаллалар аҳолиси бу йилги Рамазон ойи таровеҳларини адо этишади.

Аллоҳ таоло янги масжидни муборак қилсин. Бу жоменинг қурилишига ҳиссаси қўшилган барча дин қардошларимиздан Ўзи рози бўлсин.

 

Тошкент вилояти вакиллиги Матбуот хизмати

Read 860 times

Янгиликлар

Top