muslim.uz

muslim.uz

الأربعاء, 11 كانون2/يناير 2023 00:00

Жиҳоднинг асл маъноси

Жиҳод - сўзи араб тилидан таржима қилинганда ғайрат қилмоқ, ҳаракат қилмоқ, интилмоқ, зўр бермоқ, бор кучини сарфламоқ, курашмоқ, меҳнат қилмоқ каби маъноларни ифодалайди. Унинг истилоҳий маъноси ҳақида имом Роғиб: “Душмандан ҳимояланишда қўли, тили ёки кучи билан ғайрат қилишидир”, – дейди. Ибн Рушд ўзининг “Муқаддамот” асарида жиҳоднинг турларини тўрт қисмга ажратади: қалб, тил, қўл ва қилич билан курашишдир. Қўл жиҳоди-қонунбузарликни тўхтатишга қаратилган ҳаракат, қалб жиҳоди-ўз нафси билан курашиш, тил жиҳоди-амри маъруф наҳйи мункар, яхшиликка чақириш ёмонликдан қайтариш, сўз ёки қалам жиҳоди диний тарғибот ва маърифат тарқатиш ҳаракати, динни турли ҳужумлардан сақлаш.Босқинчилик ва бировга ҳужум қилиш исломда ман қилинган. Ташқаридан ҳужум, босқинчилик, қароқчилик юз берганда, ўзини ҳимоя қилиш ва мудофаа уруши – жиҳод, қилич жиҳоди деб айтилади, яъни ўзини ҳимоя қилиш, «муқаддас уруш» бутун жамиятнинг, халқнинг ўзларининг диний ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ўз Ватанини ҳимоя қилиш, қариндошларини, оиласини, мулкини ҳимоя қилиш ҳуқуқи- шахсий ҳуқуқдир.Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳматуллоҳи алайҳ: “«Жиҳод» сўзи луғатда инсон томонидан жамики имкониятни ишга солиб ҳаракат қилиш маъносини англатади.Шундан келиб чиқадиган бўлсак, мусулмон одам жиҳод қилмоқчи бўлса, ўзининг барча куч-қувват, ақл-заковати ва моддий имкониятларини Аллоҳ йўлида, Унинг дини учун сарфлаши керак бўлади. Алоҳида таъкидлаб айтиш лозимки, жиҳод сўзи луғатда уруш маъносини англатмайди. Урушни араб тилида бошқа сўзлар билан ифода этилади. Асосан, уруш маъносини англатиш учун араб тилида «қитол» сўзи ишлатилади” Бунга далил Бақара сурасининг 216-оятида: كُتِبَ عَلَيْكُمُ الْقِتَالُ وَهُوَ كُرْهٌ لَّكُمْ“Сизга ёқмаса ҳам, жанг қилишингиз фарз қилинди.”Араб тилида ўлдириш “қатл” билан урушиш “қитол” сўзи билан ифодалана-ди. Салафи солиҳларимиз ушбу оятни шарҳлаганларида мазкур жиҳатига эъти-бор берганлар. Яъни, қитол бир томонлама бўлмайди. Араб тилида “фоала” вазни икки томонлама ҳаракатни англатади.Барча мусулмонлар жиҳодда буюк фазл борлигини яхши биладилар. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Тавба сурасида шундай дейди:يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ مَا لَكُمْ إِذَا قِيلَ لَكُمُ انفِرُواْ فِي سَبِيلِ اللّهِ اثَّاقَلْتُمْ إِلَى الأَرْضِ«Эй иймон келтирганлар! Сизга нима бўлдики, «Аллоҳнинг йўлида қўзғалинг», дейилса, ерга ёпишиб олдингиз?!» (38-оят)Яна Бақара сурасида:وَقَاتِلُواْ فِي سَبِيلِ اللّهِ الَّذِينَ يُقَاتِلُونَكُمْ وَلاَ تَعْتَدُواْ إِنَّ اللّهَ لاَ يُحِبِّ الْمُعْتَدِينَ«Сизга уруш қилаётганларга қарши Аллоҳнинг йўлида уруш қилинг ва тажо-вузкорлик қилманг. Албатта, Аллоҳ тажовузкорларни севмас» дейилган (190-оят). Шунга ўхшаш бошқа бир қанча оятлар бор.Имом Шофеъий ва қолган уч мазҳаббоши имомларимиз, шунингдек, жумҳур уламоларнинг барчаси жиҳоднинг фарзи кифоя эканига иттифоқ қилганлар. Жиҳод қилиш фарзи айн эмас. Аллоҳ таолонинг Нисо сурасидаги:وَكُـلاًّ وَعَدَ اللّهُ الْحُسْنَى وَفَضَّلَ اللّهُ الْمُجَاهِدِينَ عَلَى الْقَاعِدِينَ أَجْراً عَظِيماً «Аллоҳ ҳаммаларига яхшиликни ваъда қилган. Аллоҳ мужоҳидларни ўтириб олувчилардан буюк ажр ила афзал қилган...» деган (95-оят) сўзидан жиҳоднинг фарзи айн эмаслиги келиб чиқади.Жиҳод сўзи диний маънода «Аллоҳ хоҳишини бажаришда бор кучини сарфлаш, ҳаракат қилиш» маъносини айтдик. Бундан келиб чиқиб «мужоҳид» дегани –Аллоҳнинг ҳукмларини амалга оширишда бор имкониятдан фойдаланиб кучини сарфлайдиган кишига айтилади. Дарсини ўзлаштириш учун барча имкониятларини ишга солиб ҳаракат қилаётган толиби илмни мужтаҳид талаба деб аталади. Бинобарин, уни илмий жиҳод қилмоқда деса бўлади. Шаръий масалаларни ечишда бор имконини ишга солиб ҳаракат қилган улкан олимларни ҳам мужтаҳид деб аталган. Ундоқ кишилар шаръий илмларда жиҳод қилганлар.«Жиҳод» сўзи исломий истилоҳ бўлиб, уни мусулмонлардан бирортасига қарши ишлатиш тўғри бўлмайди. Уламоларнинг барчаси жиҳод қилиш учун ота-онанинг изни шарт эканига иттифоқ қилишган.Бунинг далили шуки:عن عبد الله بن عمرو رضي الله عنهما قال : " جَاءَ رَجُلٌ إِلَى النَّبِيِّ-صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ-يَسْتَأْذِنُهُ فِي الْجِهَادِ ، فقال : أَحَيٌّ وَالِدَاكَ، قال : نعم ، قال : فَفِيهِمَا فَجَاهِدْ" ( رواه البخاري 4/18 )Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир киши келиб, у зотдан жиҳодга чиқишга изн сўраган. Шунда у зот: «Ота-онанг тирикми?» деди-лар. У: «Ҳа», деди. У зот: «Икковларида жиҳод қил», дедилар. Демак, ҳар бир мусулмон бор имкониятини ота-онасининг розилигига қаратишилиги ҳам мужоҳидлик ҳисобланади.Исломда жиҳод икки турли бўлади.Биринчиси катта жиҳод бўлиб, инсоннинг ўз нафсига қарши жиҳодидир.Катта жиҳод ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ғазотдан қайта-ётиб:عن جَابِرٍ ، وَقَالَ : قَدِمَ النَّبِيُّ عَلَيْهِ الصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ مِنْ غَزَاةٍ لَهُمْ ، فَقَالَ عَلَيْهِ الصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ : " قَدِمْتُمْ خَيْرَ مَقْدَمٍ ، وَقَدِمْتُمْ مِنَ الْجِهَادِ الْأَصْغَرِ إِلَى الْجِهَادِ الْأَكْبَرِ " ، قَالُوا : وَمَا الْجِهَادُ الْأَكْبَرُ ؟ ، قَالَ : " مُجَاهَدَةُ الْعَبْدِ هَوَاهُ " . رَوَى الْخَطِيبُ «Кичик жиҳоддан катта жиҳодга, банданинг ҳавои нафсига қарши қиладиган жиҳодига хуш келдингиз!», деганлар. Агар сизлар бу ҳадисни заиф ёки мавзуъ десангиз, жавоб шуки, бу маънода ояти карима ҳам бор. Аллоҳ таоло Фурқон сурасида (52-оят):فَلَا تُطِعِ الْكَافِرِينَ وَجَاهِدْهُم بِهِ جِهَاداً كَبِيراً«Кофирларга итоат этма! Уларга қарши у (Қуръон) билан катта жиҳод қил!» деган.وجاهدهم به قال ابن عباس بالقرآن – التفسير القرطبيИмом Қуртубий тафсирларида Ибн Аббос разияллоҳу анҳу: “Уларга қарши у билан катта жиҳод қил” ундан мурод Қуръон деганлар. Аллоҳ таолонинг «у би-лан» деган сўзида Қуръони Каримга ишора бор. Қуръони Карим қалбдаги барча дардларнинг шифосидир. Бу маънони Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Сизларга амалла-рингизнинг энг яхшисини, энг покизасини, Роббингизнинг наздида даражангизни энг баланд кўтарадиганини айтиб берайми? У сизлар учун тилла, кумуш нафақа қилишдан яхшироқдир, душманга бориб йўлиқиб, уларнинг бўйнига уришингиз улар сизнинг бўйнингизга уришидан кўра яхшироқдир. Бу – Аллоҳнинг зикри-дир», деган сўзлари ҳам таъкидлайди. Албатта, катта жиҳод нафсга қарши жиҳод-дир. Унинг силоҳи Аллоҳнинг зикридир, нафсни поклашдир.Иккинчиси эса кичик жиҳод бўлиб, душманга қарши жиҳоддир. Мусулмонга қарши тўғридан-тўғри, ошкора тажовузкорлик пайтида ўзини, оиласини ҳимояси учун золимга қаршилик кўрсатиш фарз ҳисобланади. Бунинг учун махсус жиҳод эълон қилиш ва бутун дунёга ислом номидан кураш эълон қилиш шарт эмас – ўзининг шахсий ҳаётини сақлаш учун золимга қарши курашнинг ўзи Аллоҳнинг иродасини бажаришдир. Агар ҳимоя қилувчининг нияти холис бўлса у - мужоҳид, агар ҳалок бўлса шаҳиддир. Бунга Аллоҳ таолонинг Бақара сурасидаги 194 - оят далил:فَمَنِ اعْتَدَى عَلَيْكُمْ فَاعْتَدُواْ عَلَيْهِ بِمِثْلِ مَا اعْتَدَى عَلَيْكُمْ«Бас ким сизларга тажовуз қилса сизлар ҳам уларга тажовузлари муқобилида тажовуз қилинг.»Шубҳасиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошчиликларидаги мусулмонларга Макка даврида қарши турган кучлар уларни ўз танлаган эътиқодларидан воз кечтириш мақсадида турли кўринишдаги азоб, зулм ва озор етказиш чораларини кўрганлар. Мусулмонлардан баъзисини калтаклаб, қийнаб, молу мулк ва оиласидан ажратишган, ҳатто ўлдиришгача борганлиги тарихий ҳақиқатдир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом эса, барча саҳобаларни сабр қилишга чорлаб, уруш қилишдан қайтарган. Қуръон илмлари билан шуғулланган уламоларнинг таъкидлашларича, 70 дан ортиқ ояти-каримада мусулмонлар кофирларга қарши жиҳоддан қайтарилган. Ҳатто, ҳимоя учун ҳам кофирларга қарши жанг қилишга рухсат берилмаган. Қачонки, мусулмонлар ўз Ватанларидан қувилиб, душман томондан уруш очилгандан сўнг, уларга қарши жиҳод қилишга рухсат берилган. Бу ҳақда нозил бўлган биринчи кўрсатма “Ҳаж” сураси 39-оятидир: أُذِنَ لِلَّذِينَ يُقَاتَلُونَ بِأَنَّهُمْ ظُلِمُوا وَإِنَّ اللَّهَ عَلَى نَصْرِهِمْ لَقَدِيرٌ“Ҳужумга учраётган (мусулмон)ларга, мазлум бўлганлиги сабабли, (жанг қилишга) изн берилди. Албатта, Аллоҳ уларга ёрдам беришга қодирдир”.Демак, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг кофирларга қарши қилич билан бўлган кураши уларни сўз билан исломга тарғиб қилганидан сўнг ислом ва мусулмонларни бутунлай йўқ қилишга қаратилган ҳаракатлари оқибатида амалга оширилган, яъни кофирлар аввал мусулмонларга қарши уруш очган, мусулмонлар эса уруш ва ҳужумга учраган. Исломнинг дастлабки ўн уч йили давомида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ саҳобалар Маккаи Мукаррамада юқорида зикр қилинган қитол-уруш маъноси бўлмаган жиҳодни олиб бордилар. Ўша вақтда Аллоҳ таоло мусулмонларга мушрикларга қарши куч ишлатишни ман қилган эди. Шу билан бирга, улардан етган азоб уқубат ва озорларга сабр қилишга амр қилган ҳам эди.Фақатгина, ҳижратнинг иккинчи санасида Қуръони Карим таъбири билан айтилганда «Ўзларига қарши уруш очганларга уларга зулм қилингани учун (урушга) изн берилди». Ана шундоқ қилиб, ҳижрати набавиянинг иккинчи санасидагина Аллоҳ таоло мусулмонларга ўзларининг ҳимоя қилиш учун қўлларига қурол олишга изн берди. Жиҳод ҳақидаги оятларнинг барчасини ўрганиб чиққандан сўнг маълум бўладики, Исломда жиҳод ҳукми шароитга қараб ўзгариб туради.Иккинчи хил жиҳоднинг ўзи икки қисмга бўлинади: талаб ва мудофаа.Талаб жиҳоди ҳозир йўқлигига уламолар ижмоъ қилишган. Чунки, ҳозирда ҳамма давлатлар урушмасликка келишганлар ва ўзаро алоқалар ўрнатиб элчихоналар очганлар.Мудофаа жиҳоди душманлар мусулмон юртга уруш қилиб, бостириб кирсалар, ҳимоя учун бўлади. Баъзи бир ҳолатлар бўладики, унда уруш қилиш билан қилмаслик тенг бўлиб қолади. Яна бир ҳолатларда тинчлик учун ҳаракат қилиш зарур бўлади. Буларнинг ҳукмини катта уламолар томонидан шаръий манбаларда баён қилинади.Жиҳоднинг ўзига яраша қоидалари бор. Қурол ишлатиш бугунги кунда му-сулмонларга фойда бериш-бермаслигини яхшилаб ўйлаб кўриш керак. Ҳар бир ишни қилишдан олдин мусулмонлар оммасига фойда келтирадими, йўқми, яхши-лаб ўйлаш керак.Суриялик машҳур олим Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий жиҳод ҳақида китоб ёзиб, бугунги кунда жиҳод чақириғи билан чиқаётганларнинг гаплари ҳам, ишла-ри ҳам ҳақиқий жиҳоддан йироқ, деган фикрни олға сурдилар. У киши сиз айтган интернет тармоғида жиҳод ва ҳижрат ҳақида сафсата сотаётганларни қаттиқ танқид қиладилар.Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий ҳазратлари куч ишлатишни «жиҳод» деб даъво қиладиганларга қарши таълиф қилган «Ал-Жиҳод фил Ислом» номли кито-бида қуйидагиларни ёзади: «Мен бу асрда баъзи бир доиралар наздида янги ис-лом туғилаётганини мулоҳаза қилмоқдаман. У, Аллоҳнинг ҳузуридан ваҳий бўлиб тушмайди. Лекин баъзи одамларнинг фикрлари ва мижозларидан келиб чиқади. Унинг ҳукмлари шаръий далиллар ҳукми ила бирлашмайди ва уларнинг ҳужжа-тига бўйсунмайди. У фақат баъзи шахс ва жамоаларнинг таассубидан ёки шаҳвату ҳавойи нафснинг султонидан келиб чиқади.Бугунги кунда ислом олами гувоҳ бўлиб турган нарса ўша янги ислом «эл-чи»ларининг тинимсиз ҳаракатларидан келиб чиққан нарсалардир. Биз уни аввал билмаган эдик. Улар ўзларининг исломини ҳозиргача биз Аллоҳдан ваҳий бўлиб келган деб билган исломнинг ўрнига қўймоқчилар.Биз билган ислом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидоятлари баёни, қатъий шаръий далиллар, собит фиқҳий қоидалар, мусулмонларнинг барча авлодлари илмларининг кенглигига ва фаҳмларининг дақиқлигига гувоҳлик бер-ган салаф уламолари жумҳурининг ижтиҳодлари тақозо қилган нарсаларни лозим тутишдан иборатдир».«Мазкур фикр, уни ихтиро қилганларнинг даъвоси бўйича, гўёки, Қуръон, суннат ва салафи солиҳларнинг ҳукмининг фиқҳи эмиш. Аммо, улар бир вақтнинг ўзида бирор айби йўқ мусулмонларни кечаси бўғизлаб кетишни «шариат рухсат берган иш» дейдилар. Улар Исломий маҳкама зиммаларига бирор айбни қўймаган муслима қизларни сўйиб ташлашни «шариат рухсат берган иш» дейдилар. Улар Батна шаҳридаги шаръий илмлар маъҳади мудирини ҳеч айби бўлмаса ҳам қатл қилиб юборишни «шариат рухсат берган иш» дейдилар. Улар оддий йўловчилар тўла учқични ичидаги беайб инсонлар билан қўшиб портлатиб юборишни ҳам «шариатда бор иш» дейдилар.Ҳар биримиз кўзларини юмиб олиб, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бугун ичимизда юрибдилар», деб хаёл қилсин. Ул зот мазкур мижозий Исломга рози бўладиларми?! Уни қабул қилиб, бошлиқ бўлиб, унга даъват қиладиларми?»Жиҳодга тарғиб қилувчилар тоифаси ўзларининг ғаразли “жиҳод”ларига мусулмонларни йўналтириш мақсадида уларни, айниқса, ёш авлодни илм ўрганиш фарзидан чалғитиб, омиликни, билим-савияни оширмасликни тарғиб қилиб, илм ўрганишни қоралайдилар. “Такфир ва ҳижрат жамоаси” деб аталган жиҳодчи оқим вакилларининг энг асосий ғояларидан бири ҳам шу. Улар диний ва дунёвий илмларни бирга жамлаб бўлмайди, деб сафсата тўқийдилар. Аслида, ўзлари на дунёвий ва на диний би-лимларни мукаммал олмаган бўладилар. Фақат диний билимини ошираётган то-либи илмларни ҳам қоралайверадилар.Улар билимсизликни, илмий савияни оширмасликни тарғиб қилишларининг сабаби ёшларни илмдан чалғитиб, жиҳодга чақиришдир, жангу жадалга ундашдир. Дунёвий илмларни қоралашлари, тараққиётни ёмонлашларининг саба-би эса жиҳод орқасидан озод ва обод ватанларни, ўлка ва диёрларни харобазорга, вайронага айлантиришларини оқлаш учундир.Шу ерда олим саҳобалардан бўлмиш Абу Дардо розияллоҳу анҳунинг мана бу гапини ҳеч қачон унутмасак, анави илмсизларнинг ҳолини жуда яхши билиб олган бўламиз:من رأى الغدوّ و الرواح الى العلم ليس بجهاد فقد نقص عقله و رأيه“Кимки эрта-ю кеч илмга бориб келишни жиҳод эмас, деб билса, ҳақиқатдан ҳам унинг ақли ва фикри ноқис экан!” (Ибн Абдулбарр. Жомеъ баён ал-илм ва фазлиҳи. – Б. 1/129).Ана энди, илмни ва ўқишни ҳам ташлаб ўзларича жиҳод қиламан, деб мусул-монларни ўлдириб, обод ўлкаларни вайрон қилишга кетганларнинг ва мана шун-га одамларни жалб қилаётганларнинг ақлларида нуқсон, фикру хаёлларида фасод борлигини билиб олаверинг!!!

Жўйбори Калон ЎМИТМ ўқитувчиси Мавлянов Жамол

«Раббингиздан (бўлувчи) мағфиратга ва кенглиги осмонлару Ерга тенг, тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган жаннат сари (солиҳ амаллар қилиш билан) шошилингиз! Улар (мазкур тақводорлар) фаровонлик ва танглик кунларида ҳам хайр-садақа қиладиган, ғазабларини ютадиган, одамларни (хато ва камчиликларини) афв этадиганлардир. Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севар» (Оли Имрон сураси, 133–134-оятлар).

Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳ оятдаги “...кенглиги осмонлару Ерга тенг...” жумласини шарҳлаб: «“Аллоҳ таоло жаннатнинг кенглигини бундан ҳам гўзал таърифлаши, осмонлару Ердан бошқа буюк нарсага қиёслаши мумкин эди. Бироқ инсон фақат ақлига сиғадиган нарсанигина тушуна олади. Шу билан бирга, осмонлару Ернинг ҳолати бошқа махлуқотларникига ўхшамайди. Ояти каримада: “Албатта, осмонлар ва Ерни яратиш инсонларни яратишдан каттароқ (иш)дир. Лекин кўп одамлар (буни) билмайдилар” (Ғофир сураси, 57-оят), деган. Аллоҳ таоло инсон тасаввур қила оладиган осмонлару Ерни яратдими, демак, улардан ҳам кенг, буюк, улардан ҳам метин ва мустаҳкам нарсани яратишга қодирдир», деган.

Буюк муфассир Абул Баракот Насафий ояти каримада баён этилган “...кенглиги осмонлару Ерга тенг...” жумласи ҳақида бундай деган: “Жаннатнинг кенглиги нисбий маънода етти қават осмон ва етти қават Ернинг энига тенг, дейилган. Ваҳоланки, еру осмонларнинг эни ёки бўйи деган тушунча йўқ. Лекин бу ерда ташбеҳ учун жаннатнинг эни еру осмонлар кенглигини қўшгандаги ҳажмга тенг бўлса, унинг бўйи ундан-да узоқ масофани ташкил этиши муқаррар эканини таъкидлаш учун Аллоҳ таоло мисол келтирмоқда. Зеро, одамлар наздида бу дунёда уларга маълум бўлган энг катта кенглик бу – Еру осмонлар орасидаги кенгликдир. Жаннат етти қават осмон билан Аршнинг ўртасида, дўзах эса етти қават ернинг остида дейилиши ҳам нисбий таърифдир”, деган (“Мадорикут танзил ва ҳақоиқут таъвил”).

Аллоҳнинг мағфирати ва кенглиги осмонлару ерчалик бўлган жаннатга сазовор бўладиган тақводорлар “фаровонлик ва танглик кунларида ҳам эҳсон-нафақа қиладиганлар”дир. Улар яхшилик қилишда собитқадам кишилардир. Ҳамма нарсалари сероб бўлиб кетса ҳам, ҳовлиқиб, ҳаддиларидан ошиб, фисқ-фасодга берилиб кетмайдилар. Балки ўзларини босиб, хайр-эҳсон, нафақа қилишда бардавом бўладилар. Шунингдек, бошларига бирор мусибат тушса, ўзларини ноқулай сезиб, бахиллик йўлига ўтиб олмайдилар. Балки нафақа қилишда бардавом бўладилар. Уларнинг тақволари доимо эҳсонга чорлаб, бахиллик ва қизғанчиқликдан қайтаради.

Тақводорларнинг сифатларидан яна бири шуки, улар “ғазабларини ютадиганлар”дир. Ғазабни ютиш энг қийин ишлардан ҳисобланиб, уни жиловлаб олиш ҳар қандай кишининг қўлидан келавермайди. Лекин бу оғир иш фақат қалбида тақвоси бўлган инсонгагина осондир.

Ривоят қилинишича, бир киши келиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Эй Аллоҳнинг расули, менга насиҳат қилинг”, деди. У зот: “Ғазаб қилма”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Сўраган одам кейинчалик эътироф этиб, бундай деди: “Набий алайҳиссаломнинг насиҳатларини ўйлаб кўрсам, ғазаб ҳамма ёмонликни ўзида жамлаган экан” (Имом Аҳмад ривояти).

Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда айтилишича, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Одам болалари бир неча табақада яратилганлар: жаҳли секин чиқиб, тез жаҳлдан тушадиган; тез ғазабланиб, тез ўчадиган; секин-аста ғазабланиб, яна секин-асталик билан ғазабдан тушадиган; тез ғазабланиб, секин ўчадиган. Билингларки, буларнинг орасида энг яхшиси – ғазаби секин-аста келиб, тез кетадигани, энг ёмони эса ғазаби тез келиб, секин-аста тарқайдиганидир…”

Тақводорларнинг сифатларидан яна бири шуки, улар “одамларни афв этадиганлар”дир. Бундай сифатга эга кишига ғазабини ютишнинг ўзи кифоя эмас. Набий алайҳиссалом: “Ким унинг учун жаннатда бинолар қурилишини ва даражалари кўтарилишини хоҳласа, зулм қилганни афв этсин, бермаганга берсин ва орани узганга меҳр-оқибат кўрсатсин”, деганлар (Имом Ҳоким ривояти). .

Оят сўнгида: “Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севади”, дейилди. Юқорида зикр қилинган сифатларнинг соҳиблари яхшилик қилувчи, меҳр-оқибатли кишилар бўлиб, улар Аллоҳ таолонинг муқарраб бандалари ҳисобланади.

Алижон МАТЁҚУБОВ,

Хива шаҳар “Саид Ниёз Шоликор” жоме

масжиди имом-хатиби

“Ҳидоят” журналининг 2022 йил 12-сонидан олинди

الثلاثاء, 10 كانون2/يناير 2023 00:00

Гиёҳвандлик кулфатларнинг бошланишидир

Жобир домла Элов

Бухоро вилояти бош имом-хатиби

الثلاثاء, 10 كانون2/يناير 2023 00:00

Намознинг киши саломатлигига таъсири

AҚШнинг Бинггемптон университетида ўтказилган тадқиқот намоз ҳаракатлари умуртқа поғонасининг пастки қисмидаги оғриқларни енгиллаштиришини исботлади. Олимларнинг фикрича, мунтазам намоз ўқиш умуртқа поғонасига терапевтик муолажалар каби кучли таъсир кўрсатади. Шунингдек, орқа миядан ташқари, қон босими ва юрак уриш тезлигини барқарорлаштиришга ёрдам беради, таранг мушакларни бўшаштиради.

Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, пастки умуртқа поғонасига энг катта таъсир тиз чўкиб сажда қилинган пайтда бўлади.

Намознинг саломатликка фойдаси ҳақидаги қизиқарли хулоса олимларни уни қисмларга бўлиб ўрганишга ундади ва бундай хулосага келишди.

Тик туриш вазнни тенг тақсимлайди, руку пастки орқа ва сон мушакларини чўзади ва юқори танага қон оқимини яхшилайди, сажда бўғинларнинг эластиклигини ошириб, бошга қон оқимининг кўпайтириб, қон босимини барқарорлаштиришга ёрдам беради, шунингдек, хотира ва консентрацияни яхшилайди.

Такрорий сажда эса тананинг нафас олиш, қон айланиш ва асаб тизимларини тозалашга ёрдам беради, овқат ҳазм қилишни ҳам бир меъёрга келтиради, чунки овқат ошқозон ичида юқорига ва пастга ҳаракатланади.

Тадқиқот умуртқа поғонасидаги оғриқларга бағишланганлиги сабабли, намоз улардан азият чекадиган беморларга самарали воситалардан бири сифатида тан олинди.

الثلاثاء, 10 كانون2/يناير 2023 00:00

Гиёҳвандлик – жиноятларнинг асоси

Муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратлари

Top