muslim.uz

muslim.uz

Айни кунларда юртимизда давом этаётган қишнинг қировли кунлари халқимизнинг меҳр-оқибатлилик фазилатларини яна бир карра синовдан ўтказмоқда. Шундай дамларда муҳтож кишиларга ёрдам кўрсатиш жуда зарурдир. Шу муносабат ила Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари ташаббуслари ила барча имом-хатиблар хайрия ишларида фаол бўлишга чорланди. 

Албатта, бир мусулмоннинг бошига тушган синовли кунларда ёрдам қўлини чўзиш Муҳаммад алайҳиссаломнинг суннатларидир. Зеро, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким бир мўминдан бу дунё машаққатларидан бир машаққатни аритса. Аллоҳ таоло ундан Қиёмат куни машаққатларидан бирини аритади. Ким бир камбағалнинг ишини енгиллатса, Аллоҳ унинг бу дунёю охират ишларини енгиллатади", деб марҳамат қилганлар.

Мана шундай набавий ўгитга амал қилган имом-хатибларимиз ҳомийлар билан биргаликда Республикамиз миқёсида эҳтиёжманд оилаларга 2 млрд. 60 млн. сўмлик хайрия ишларини амалга оширишди. 

Хусусан, шу йил 10-13 январь кунлари Тошкент вилоятидаги 427 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож оилага жами 463 миллион сўмга яқин озиқ-овқат маҳсулоти, иситиш қурилмаси, кийим-кечак каби ёрдамлар кўрсатилди. Шунингдек, вилоятнинг чекка Пискент, Паркент, Бўка, Чиноз ва Оққўрғон туманларида истиқомат қилаётган яшаш шароити оғир бўлган 55 та оилага эса жами 15 млн. сўмлик кўмир тарқатилди.

Фарғона вилоятида 834 та кам таъминланган оилага 365 млн. сўмлик кўмир маҳсулоти тарқатилди. Ҳудди шундай хайрия ишлари Бухоро, Хоразм, Қашқадарё, Самарқанд вилоятларида ҳам амалга оширилди.

Тошкент шаҳри имом-хатиблари ҳам ҳудудларда кам таъминланган оилалар, ёрдамга муҳтож аҳоли қатлами, ободонлаштириш ва йўл патрул ходимлари учун ташкил этилаётган хайрия тадбирларида фаол иштирок этишди. Масалан, пойтахтдаги кўплаб хонадонларга озиқ-овқат маҳсулотлари, вилоятлардаги муҳтож оилаларга печка, кўмир каби жами 449 млн. сўмлик моддий ёрдам тарқатилди.

Бир сўз билан айтганда, имом-хатибларнинг хайрия соҳасида олиб бораётган фаолликлари таҳсинга сазовор. Улар орасида биргина имом-хатибнинг саъй-ҳаракати билан қанчалаб оилаларга хурсандчилик кирди. Жумладан, Юнусобод туманидаги “Омина” масжиди имом-хатиби Юсуфхон домла Муҳиддинов томонидан ҳомийларни жалб этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси ва Қашқадарё вилоятида боқувчисини йўқотган 150 та хонадонга озиқ-овқатлар ҳамда 450 миллион сўмлик пул маблағлари тарқатилди. Шунингдек, Китоб туманидаги тоғли қишлоқларда боқувчисини йўқотган уч оилага барча шароитлари мавжуд бўлган уч хонали уй қуриб фойдаланишга топширилди.

Дарҳақиқат, эл бошига иш тушганда жипслашиш, ҳамжиҳат бўлиш халқимизга хос хусусиятлардандир. Синовли лаҳзаларда халқимиз азалдан жипс бўлиб келган. Албатта, бир мусулмоннинг бошига тушган қайғуни аритишни Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатлари деб билган доно халқимизнинг саховатпешалик, мурувватлилик хислатлари таҳсинга сазовор.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Масжидлар билан ишлаш бўлими

الثلاثاء, 17 كانون2/يناير 2023 00:00

Ҳикмат мўминнинг йўқотгани

Вақтни «эссиз», «қанийди», «кошкийди»лар билан ўтказган кишининг умри энг қисқа умр бўлади.

* * *

Кўрдимки, умр ва дунёдан кўра тезда йўқ бўлиб кетадиганроқ, ўлим ва охиратдан кўра яқинроқ, ҳой-ҳаваслардан кўра узоқроқ, хотиржамликдан кўра гўзалроқ нарса йўқ экан.

Нажмиддин Кубро

* * *

Дунё дўстлигига берма хотир ҳеч,

Кекдан ўзга ундан бўлмас зоҳир ҳеч.

Юз йил яшасанг ҳам, ўлим келади,

Юз мулкни олсанг ҳам, бўлур охир ҳеч.

Паҳлавон Маҳмуд

* * *

Ҳар қандай ишни бошлашдан аввал Аллоҳнинг розилигини ўйла. Акс ҳолда, қилган ишларингнинг ҳаммаси зое кетади.

Имом Замахшарий

Ўз мухбиримиз

Ўзбекистон олий таълим, фан ва инновациялар вазири Иброҳим Абдураҳмонов Миср элчиси Амира Фаҳмийни қабул қилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги маълумотига кўра, учрашув давомида вазир икки давлат ўртасида илм-фан ва инновациялар соҳасида мустаҳкам алоқалар ўрнатилгани ва эндиликда олий таълимни ривожлантириш борасида ҳам қатор ишларни режалаштирилганини айтди. Томонлар Қоҳира университети масс-медиа факультетининг малакали профессорларини Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида дарс беришга жалб қилиш, шунингдек, ўзбекистонлик бўлажак журналистларни Мисрда таҳсил олишларини ташкил қилиш масаласини муҳокама қилдилар.
Маданият, кутубхоначилик, диний билимлар, туризм, музейшунослик, экология соҳаларидаги таълим бўйича ҳамкорликни ўрнатиш муҳимлиги таъкидланди. Икки давлат халқларининг маданий жиҳатдан яқинлиги бунга замин яратиши ҳақида муштарака фикрлар билдирилди.
Элчи Ўзбекистондаги араб тили ўқитувчиларининг малакасини ошириш бўйича ўз таклифларини билдирди. Бунда педагогларни Мисрга малака оширишга жўнатиш ёки мисрлик мутахассисларнини Ўзбекистонга таклиф қилиш мумкинлиги айтилди.
Томонлар, шунингдек, диний олий таълим муассасаларида толерантликни тарғиб қилиш, турли экстремистик оқимларнинг таъсирига иммунитет шакллантиришда икки давлат ўртасида тажриба алмашиш зарурлигини ҳам қайд этдилар.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги кутубхонасида махсус Миср бурчагини ташкил қилишга келишилди. Элчи китоблар фондини тўлдириш юзасидан элчихона қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини билдирди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Имом Абу Мансур Мотуридий ҳазратлари диний таълимни ҳанафия уламоларининг кўзга кўринган машҳур намояндаларидан олганлари ва диний фанлар бўйича қанчалик чуқур билимга эга эканликларига ёзиб қолдирган асарлари гувоҳлик беради.Имом яшаган даврда ақида уламолари икки асосий манбага суянганлар. Биринчиси — оят ва ҳадислар ҳамда саҳоба ва тобеъинларнинг ижмо ва ижтиҳодлари, яъни нақлий далиллар. Иккинчиси — ақлий далиллар. Имом Абу Мансур Мотурудий эса бошқаларга тақлид қилмадилар, балки нақлий далиллар билан ақлий далилларни уйғунлаштириб, ундан сўнг хулоса чиқардилар. Ақлий далил деганда фалсафа, мантиқ ва табиий фанлар кўзда тутилади.Ваҳоланки, салаф уламоларининг кўпчилиги бу далилларни тан олмас эдилар, балки нақлий далилларнинг ўзи билан кифояланардилар. Шайхимиз эса, бу иккисидан ҳам муносиб равишда истифода этиб, ўртаҳолликни ихтиёр қилган эканлар.Дарҳақиқат, нақлий далилларни яхши англаш учун ақлий далилларни ҳам пухта билиш шартлигини ҳеч ким инкор эта олмайди. Ақл имкониятининг ҳам чегараси борлигини эътиборга олиб, Шайх кўп жойларда инсон ақли жуда кўп ҳақиқатларни идрок этишга қодир эмаслигини уқдириб ўтадилар. Шу билан бирга, ақлнинг Аллоҳ томонидан ато этилган энг буюк мислсиз неъмат экани, ундан оқилона фойдаланиш зарурлигини ҳам таъкидлаб ўтадилар.Абу Мансур Мотуридий мусулмонларни тарқоқликга олиб келувчи ақидавий оқимларга қарши шу муқаддас курашда биринчилар сафида бўлдилар.Ислом тарихидан маълумки, 3-4 ҳижрий асрлардан турли эътиқодий тоифалар ривожланиб, мусулмон умматини тафриқага сола бошлади. “Сен кофир”, “сен мунофиқ” каби даъволар кўпайгандан кўпайди. Шу даврда Имом Мотуридий бизнинг диёрларда етишиб чиқиб Аҳли сунна вал жамоа ақидасини баён қилиб, халққа тушунтирдилар, керакли ўринларда раддиялар бердилар, адашганларни тўғри йўлга қайтардилар. У зотнинг ислом умматига қилган энг катта хизмати, ислом умматини яна қайтадан жамлаш, аҳли сунна вал жамоа эътиқоди атрофида бирлаштириш бўлди.

"Жўйбори Калон" таълим муассасаси ўқитувчиси: А.Жамилова

الإثنين, 16 كانون2/يناير 2023 00:00

Энг кўп қўйилган исм

Саудия Aрабистони Оила кенгаши маълумотларига кўра, Муҳаммад исми 2022 йилда дунё бўйлаб энг кўп қўйилган исм бўлди.

AҚШнинг Бабйcентер тадқиқот компанияси томонидан эълон қилган ҳисоботга кўра, Муҳаммад 2022 йилда Буюк Британияда энг машҳур ўғил болалар исмлари рўйхатида биринчи ўринни эгаллади.

Ўтган йили Aмериканинг ушбу тадқиқот компанияси Муҳаммад исми 2021-йилда Британияда туғилган болалар орасида энг кўп қўйилганини эълон қилганди. Компаниянинг маълум қилишича, Муҳаммад исми кетма-кет бешинчи йил давомида чақалоқ исмлари рўйхатида биринчи ўринда турибди.

Гиннеснинг рекордлар китоби бу муборак исмни олганлар сони дунё бўйлаб 70 миллиондан ошиқ эканини таъкидлади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Top