muslim.uz

muslim.uz

السبت, 14 كانون2/يناير 2023 00:00

Ризқнинг торайиши сабаблари

Бир киши Али ибн Абу Толиб розийаллоҳу анҳунинг олдига келиб, ризқининг торлигидан шикоят қилди.

Али розийаллоҳу анҳу:

– Эҳтимол сен тўмтоқ қалам билан ёзарсан? – деди. У:

– Йўқ, – деди. Ҳазрат Али:

– Эҳтимол синиқ тароқ билан соч тарарсан? – деди. Ҳалиги киши:

– Йўқ, – деди. Ҳазрат Али:

– Эҳтимол ўзингдан ёши катта одамнинг олдига тушиб юрарсан? – деди. У:

– Йўқ, – деди. Али каррамаллоҳу важҳаҳу: .

– Эҳтимол бомдод намозидан кейин кун чиқмасдан ухларсан? – деди. У:

– Йўқ, – деди. Ҳазрат Али:

– Эҳтимол ота-онангнинг ҳаққига дуо қилмай қўйгандирсан? – деди. У:

– Ҳа, – деди. Шунда Али розийаллоҳу анҳу:

– Уларни эслаб тургин. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитганман. У зот: “Ота-онага дуо қилишни тарк этиш ризқни кесади”, деганлар, – деди.

Ҳар намоздан кейин икки дақиқангизни ота-онангизга дуо қилишдан қизғанманг.

Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ

Ўзбекистон элчихонаси вакиллари Жанубий Кореядаги мусулмонлар жамоати бош имоми Ли Джу Хва билан учрашув ўтказдилар, деб хабар қилмоқда «Дунё» АА мухбири.
Мулоқот чоғида Корея Мусулмонлар федерацияси (КМФ) билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси ўртасида ўзаро алоқаларини йўлга қўйиш, зиёрат туризми йўналишида ҳамкорликни фаоллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Таъкидлаш керакки, Корея Мусулмонлари федерацияси раҳбарияти 2022 йил 1-5 ноябрь кунлари Ўзбекистонга сафари давомида юртимизда ўтказилган «Халқаро зиёрат туризми ҳафталиги»даги иштирок этди, шунингдек, қатор икки томонла учрашувлар ўтказди.
Ли Джу Хва Корея Мусулмонлари федерацияси раҳбарияти ўзбекистонлик ҳамкорларнинг Жанубий Кореяга жавоб сафарини катта қизиқиш билан кутаётганини ҳамда кенг кўламли амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш истагида эканини таъкидлади.
Учрашув якунида Кореядаги мусулмонлар жамоати бош имоми Ўзбекистоннинг зиёрат туризми йўналишидаги улкан салоҳиятини Жанубий Кореяда кенг тарғиб қилиш ва келгусида ушбу мамлакатдан сайёҳларни жалб қилиш бўйича тегишли ишларни олиб боришга тайёр эканлигини яна бир бор таъкидлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Шу йилнинг 23 январидан 23 апрелига қадар Жидда (Саудия Арабистони)да Ислом санъати бўйича биринчи Биеннале бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистоннинг 27 та экспонати намойиш этилади.

Тадбир Дирий биеннале фонди ва Саудия Арабистони Маданият вазирлиги ҳамкоригида ташкил этилмоқда. Ундан кўзланган мақсад “ўтмиш, ҳозирги кун ва келажакни боғлаш”дан иборат. Биенналенинг асосий мавзуси «Аввал байт» деб номланиб, у араб тилида “биринчи уй” деган маънони билдиради. Даставвал Байт — Қуръони каримда келтирилган иборат бўлиб, у мусулмонларнинг энг  муқаддас маскани – Маккадаги Каъбага нисбатан қўлланилади.  

Ташкилотчиларнинг қайд этишича, тадбир анъаналарни сақлаган ҳолда, инновацияларни илгари суради. Унда санъат соҳасидаги маънавий изланишлар унинг барча кўринишдаги бадиий ифода ва шаклларида тақдим этилади.  

Тадбирда Ўзбекистон тарихий меросини Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси таништиради.  

 “Ислом санъати биенналесида Ўзбекистоннинг бебаҳо экспонатлари туркумини  таништириш биз учун катта шараф. Юртимиз бой меросини халқаро ҳамжамиятга намойиш этиш ҳамда халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасининг муҳим вазифаси ҳисобланади. Биенналеда иштирок этиш бу ишларни амалга ошириш учун ажойиб имкониятдир”, - дейди Жамғарма Кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева.  

Жидда шаҳридаги кўргазмада Ўзбекистон маданий меросини акс эттирувчи 17 та экспонат намойиш этилади. Ислом оламининг энг муҳим қўлёзмаларидан бири бўлган VIII асрга оид Катталангар Қуръонининг бир неча саҳифаси, XVII асрга оид “Имом ал-Бухорийнинг Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ” ҳадислар тўплами,  Самарқанд ва Афросиёбнинг  X-XII асрларга оид сопол кўза ва косалари, миллий  либослар, пойафзаллар ва бошқа ноёб экспонатлар шулар жумласидандир.

Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ижрочи директори Гаянэ Умерованинг маълум қилишича, ислом санъати биенналеси ушбу нодир маданият билан боғлиқ лойиҳаларни намойиш этиш имконини берувчи муҳим  халқаро тадбирдир. Ўзбекистон бой тарихга эга, ўтмишимизнинг  аксарият қисми ислом анъаналари билан чамбарчас боғлиқ. Мамлакатимиз томонидан намойиш этилаётган экспонатлар жаҳон ҳамжамиятининг уларни ўрганишга бўлган қизиқишини оширишга қаратилган.  

Биеннале доирасида Жамғарма томонидан юртимиз маданий мероси билан таништиришга қаратилган кенг оммавий дастур  ташкиллаштириш режалаштирилган. У мунозаралар, мусиқий чиқишлар, кино намойишлари ва амалий дарсларни ўз ичига олади. Шунингдек, анъанавий мусиқий  асбоблари жўрлигида “Ўлим минораси”(1924) номли овозсиз фильми, “Ал-Бухорий” (1998) ҳам намойиш этилиб, кулолчилик, сўзана ва бошқа мавзулар бўйича маҳорат дарслари ва бошқа кўплаб тадбирлар ҳам ташкил этилиши кўзда тутилган.  

ЎзА

الجمعة, 13 كانون2/يناير 2023 00:00

Ихтилоф

Баъзи шахс ва жамоалар ўзларидан ислом етакчилари ясаб олишади. Улар ўз мабдаъларини, фикрларини, режаларини ва стратегияларини тузиб олиб сўнгра Қуръони каримдан ўша мабдаъларини қўллаб қувватлайдиган ҳужжат қидиришади. Улар ўзларини ислом етакчилари деб ҳисоблашади, динга эргашувчилар эмас.

Айнан ана шу иш Аллоҳга қарши боришдир. Исломни сохталаштиришдир. Ана шу касофатлар сабаб майдонда "мўътадил ислом", "радикал ислом", "сиёсий ислом", "ислом экстремизми", "ислом терроризми" каби атамалар пайдо бўлди.

Аслида ислом битта. Уни Қуръони карим ва суннати набавийя ифода этади. Ана шу асл исломни ифода этадиган Қуръони каримни ва суннати набавийяни фақатгина покизалар фаҳмлаши мумкин. Яъни, ҳавойи нафсидан покизалар, шахсий ғаразлардан покизалар...

Аллома Абул Ҳасан Надвий раҳимаҳуллоҳ ўзининг китоби муқаддимасида айтади:
"Бу китобни ёзишдан мақсадим бир ғояга асос солиб сўнгра тарихни ўша ғояга бўйсундириш эмас. Тарихни холис (беғараз) ўрганишдир".

Биз ўз қарашларимизга диндан ҳужжат-далил қидиришимиз керак эмас, балки қарашларимизни динга мослаштиришимиз лозим. Зеро динни биз эмас, аксинча дин бизни бошқаради!



Манбалар асосида таёрланди
Фазлиддин Салимов

الجمعة, 13 كانون2/يناير 2023 00:00

Мўминнинг иши ажойиб

Суҳайб Румий розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ алайҳиссалом бундай марҳамат қиладилар: “Мўминнинг иши ажойибдир, ҳамма амалида унга яхшилик бор. Унга бирор хурсандчилик етса, шукр қилади, ўзига яхши бўлади. Агар унга бирор ёмонлик етса, сабр қилади, бу ҳам унга яхшилик бўлади. Бундай имконият мўминдан бошқа ҳеч кимда йўқ” (Имом Муслим ривояти).

 Ушбу ҳадисда Набий алайҳиссалом ҳақиқий мўминнинг ҳар бир ҳолати мақтовга сазоворлигини зикр қилмоқдалар. Табиийки, инсон ҳаёти доимо ўзгариб туради: гоҳи шодлик, гоҳо ғам-ташвиш. Зеро, Аллоҳ таолонинг: «Сизларни ёмонлик ва яхшилик ила имтиҳон учун синаймиз...» деган ваъдасига биноан ҳар бир банда гоҳида ёмонлик, гоҳида яхшилик билан синалади.

Кишига бирор қийинчилик етганда чидаши, ўша азиятга сабр қилиши билан унинг Аллоҳга бўлган ишончи ва Унинг раҳматидан умидворлиги қандай экани маълум бўлади. Бундай синовга кўпчилик чидайди, ундан муваффақиятли ўтиши ҳам мумкин. Чунки мусибатга сабр қилишнинг замирида қазо ва қадарга иймон ётади.

Оят ва ҳадисларда сабр ва унинг фазилатлари ҳақида бисёр таъкидланган. Мусулмон киши доимо сабрга чақирилган. Жумладан, Қуръони каримда: “Албатта Аллоҳ сабрлиларни яхши кўради” - деб марҳамат қилади. Демак, ким сабрли бўлса Аллоҳ таолонинг муҳаббатини қозонади. Бошқа бир ояти каримада эса: “Ва сабрлари сабабли Аллоҳ уларни жаннат ва ипак (либослар) ила мукофотлайди” – деб баён қилинади.

Аммо яхшилик ва неъмат билан бўлган синовдан ўтиш оғир кечади. Воқелик шуни кўрсатадики, кўпчилик камбағаллик ва йўқсилликка чидайди, аммо сероблик ва фаровонлик келса, ўзидан кетади. Қўлига бойлик тушса, ҳовлиқиб  қолади, исрофга берилиб, ҳатто ҳаром-хариш ишлар қилишга ўтади.

Мўмин киши Расулуллоҳни ажаблантирган яхшиликка эришмоғи учун неъматнинг шукрини қилмоғи лозим. Шукр нафақат тилда, балки амалда ҳам бўлиши матлуб.

Суфёни Саврий раҳимаҳуллоҳ Яманга сафар қилиб, Абдураззоқ Санъонийнинг ҳузурига кирди. У Саврийни гўштдан тайёрланган таом ва  майиз билан меҳмон қилди. Таомлардан тўйиб баҳраманд бўлган Суфён ҳазратлари: – “Ҳатто эшакка ҳам кўп емиш берилса, кўпроқ хизмат қилади”, дедида, намоз ўқишни бошлаб то саҳаргача давом этди. Ваҳоланки, бадалига туни билан намоз ўқилишини тақозо қилган тўйиб овқатланиш Суфёни Саврий учун жуда нодир ҳол ҳисобланарди. У зот бу неъматга эришганининг шукрини шундай адо этди.

Бугун биз эртадан кечгача қанча таом еймизу, унинг шукрини қандай адо этяпмиз?

Аллоҳ таоло барчамизни неъматларга шукр қилиб, машаққатларга сабр қилиб, ҳар бир ҳолатини яхшиликка айлантириб савобга эришувчи бандаларидан қилсин!

Муҳаммад Юсуф

Top