muslim.uz

muslim.uz

Сўнгги йилларда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида муҳим ислоҳотлар амалга оширилди. Aҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш, жамиятда коррупсияга муросасиз муносабатни шакллантиришга йўналтирилган тизимли чоралар кўрилмоқда.
Ўзбекистон халқаро ислом академиясида “Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, коррупсияга қарши курашиш” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов, Ички ишлар вазирлиги жамоат хавфсизлиги департаменти Пробация хизмати етакчи мутахассис психологи, катта лейтенант Aҳрор Серкабоев, Шайхонтоҳур тумани Ички ишлар бўлими ёшлар масалалари бўйича катта инспектори, капитан Aзизбек Юсуфжонов, Aкадемия проректорлари – Зоҳиджон Исломов, Илёс Мирзиётов, Зокиржон Рўзиев, Коррупцияга қарши курашиш “Комплаенс-назорат” тизимини бошқариш бўлими бош мутахассиси Шуҳрат Эшматовлар иштирок этди.
Шунингдек, давра суҳбатида академия факультетлари деканлари, кафедра мудирлари, профессор-ўқитувчилар, бўлим бошлиқлари, ходимлар қатнашди.
Давра суҳбатида юртимизда коррупцияга қарши кураш борасида амалга оширилаётган ишлар, порахўрлик, тамагирлик каби ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва уларга чек қўйиш, бундай жиноятларга қарши жазо муқаррарлигини ҳар бир шахс билиши зарурлиги ҳақида сўз юритилди.
Тадбирда сўзга чиққан Иброҳимжон домла Иномов коррупция, порахўрлик динимиз таълимотига кўра харом экани ва уни олувчи ҳам берувчи ҳам дўзахий бўлиши ҳақида ояту ҳадислардан мисоллар келтириб, бу иллатга қарши курашиш барчанинг бурчи эканини таъкидлади.
Дарҳақиқат, коррупция мамлакат тараққиётини ортга суриб, келажакни хавф остида қолдиради. Aйниқса, таълим соҳасидаги коррупсион ҳолатлар ривожланиш ва тараққиёт йўлини танлаган мамлакат юксалишига рахна солади. Бундай жирканч иллатларнинг томир отишига йўл берилса, ўша жойда тараққиёт ва ривожланиш бой берилади.
Тадбир давомида соҳа мутахассислари тингловчиларга мавзу бўйича батафсил керакли маълумот ва тавсияларини беришди.

 

 

Ўзбекистон халқаро ислом академияси
Матбуот хизмати

2020 йил 23 ноябрда тасдиқланган “Ўзбекистон касаба уюшмалари кунини белгилаш тўғрисида”ги қонунга кўра “11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни” этиб белгиланди.
2021 йили Тошкент ислом институтида Касаба уюшмаси қўмитаси ташкил этилди. “11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни” муносабати билан ТИИ Касаба уюшмаси қўмитаси раиси Шоғиёс Шожалилов ташаббуси билан ўқитувчи ва ходимлар ўртасида спорт мусобақалари ўтказилди.
Спортнинг стол тенниси, шахмат, шашка ва тош кўтариш турлари бўйича ўтказилган саралаш баҳсларда энг кучлилар аниқланиб, финал босқичида беллашдилар. Мусобоқа якунида ғолибларга қимматбаҳо совғалар топширилди.


ТИИ Матбуот хизмати

الجمعة, 11 تشرين2/نوفمبر 2022 00:00

Эҳтиромнинг мукофоти

Нанотехнология ривожланиб, интернет ҳар бир хонадонга кириб борди. Турли ижтимоий тармоқлар кишиларнинг кунлик мурожаат қиладиган, кузатадиган, фикрлашадиган, ҳатто баҳс-мунозара қиладиган майдонига айланиб улгурди. Бунда илмли ҳам, илмсиз ҳам, ақлига, оғзига (яъни ёзадиган қўлига) кучи етган-етмаган ҳар ким “топганини дастурхонга тўкиб” солмоқда. Афсус, улар орасида аҳли илм бўлган зотлар ҳақида турли калакалар, бўҳтон гаплар ҳам йўқ эмас. Чунки кейинги даврда катта маънавий устунлардан бири – ўзаро эҳтиромни бой бериб қўйдик. Натижада турли тарафкашликлар, дин ва диний соҳа хизматида ишловчилар ёинки одамларга бир илмни холис тарқатаман, деган илмли кишиларга бўлган муносабат борган сари хунук тус олмоқда. Ҳолбуки, қудсий ҳадисда бундай дейилган:

“Ким менинг валийимга душманлик қилса, Мен унга қарши уруш очаман. Бандам учун Менга Ўзим унга фарз қилган нарса ила яқинлашишидан кўра маҳбуб яқинлашиш йўқ. Бандам Менга нафллар ила яқинлашишда унга муҳаббат қилгунимча бардавом бўлур. Бас, Мен унга муҳаббат қилсам, унинг эшитар қулоғи, кўрар кўзи, ушлар қўли ва юрар оёғи бўлурман. Ва у Мендан сўраса, албатта унга берурман. Мендан паноҳ сўраса, албатта унга паноҳ берурман” (Имом Бухорий ривояти).

Тарихга назар солсак, бир-бирига душман бўлганлар ҳам маълум доирада ўзаро ҳурматни сақлашган. Бунга мисоллар кўп. Мана улардан бири:

Фиръавннинг сеҳргарлари Мусо алайҳиссаломнинг ҳақ пайғамбар экани, руҳиятларидаги илоҳий қудратни ҳис этиб:

– Эй Мусо, биринчи бўлиб Сиз асойингизни ташлайсизми ё биз ташлайлик? – дея сўрашди.

Шу зайл Ҳақнинг дўстига эҳтиром ва илтифот қилганлари учун Аллоҳ таоло уларга ҳидоятни насиб этди. Аммо бир пайғамбарга қарши мусобақа қилишга киришганлари учун жазога тортилишди. Яъни, улар Фиръавннинг амри билан қийноққа солиниб, сўнгра шаҳид этилди.

Шу куннинг ўзида пайғамбарга қарши чиқишдек куфрдан Фиръавнга тик боқиш ва итоат қилмасликдек қарама-қарши икки қутбни “кўрган” сеҳргарлар ниҳояда шундай бир имонга мушарраф бўлдики, Фиръавн уларга қанча зулм ва таҳдид қилмасин, боқий ҳаётни фонийсига алмаштирмадилар.

“(Фиръавн) айтди: «Мен изн бермай туриб, унга имон келтирдингизми?! Шубҳасиз, у сизларга сеҳр ўргатган каттангиздир. Бас, энди (мен), албатта, оёқ-қўлларингизни қарама-қаршисига (ўнг қўл, чап оёғингизни ёки аксинча) кесурман ва сизларни хурмо шохларига осурман, (ўшанда) қайсимизнинг (яъни менинг ёки Мусонинг худоси) азоби қаттиқроқ ва боқийроқ эканини билиб олурсиз». Улар дедилар: «Бизлар ўзимизга келган ҳужжатларни ва бизларни яратган зотни (Аллоҳни) қўйиб, сира сени танламаймиз. Бас, қиладиган ҳукмингни қилавер! Сен фақат шу дунёдагина ҳукм қилурсан. Бизлар эса хатоларимизни ва сен бизларни мажбур қилган сеҳргарликдан иборат (гуноҳимизни) кечириши учун Раббимизга имон келтирдик. Аллоҳ (нинг савоби) яхшироқ ва (азоби) боқийроқдир»” (Тоҳо сураси 71-73-оятлар).

Яна бир ояти каримада бундай келади:

Улар дедилар: «Зарари йўқ. Зеро, биз Раббимизга қайтувчидирмиз” (Шуаро сураси 50-оят).

Фиръавн уларни азобларкан, улар имонларини бой бериб қўйишдан қўрқиб, Аллоҳга бундай дуо қилиб ёлворишар эди:

Эй Раббимиз! Устимизга сабр (ёмғирини) ёғдир ва бизни мусулмонлик ҳолимизда вафот эттир!” (Аъроф сураси 126-оят).

Мавлоно Жалолиддин Румий қуддиса сирруҳу юқоридаги ҳодисани бундай таҳлил қилган: “Малъун ва золим Фиръавн сеҳргарлар имон келтиргани учун ғазабланиб, уларга азобли ўлим билан таҳдид қилиб:

– Қўлингиз ва оёғингизни қарама-қаршисига кестириб, сўнг остираман, – деди.

Қасамки, (бир) қўлларингиз ва (бир) оёқларингизни тескаричасига кесдириб ташлайман[1], сўнгра ҳаммангизни (дорга) осиб юбораман!” (Аъроф сураси 124-оят).

Ўшанда Фиръавн сеҳргарлар қўрқиб, титраб ўзига итоат қилиб қолишларини кутган эди. Аммо у кўрдики, сеҳргарлар қўрқув ва хавотирдан қутулиб, илоҳий сир ва ҳақиқатлардан воқиф бўлишибди. Энди улар ҳавончада юз марта тугилиб, тегирмонда янчилиб ун ҳолига келтирилсалар ҳам йўлларидан қайтмайди. Чунки улар сояларини ўзларидан айира олиш ирфони ва басиратига ноил бўлишганди”.

Энди ўзимизни бир тафтиш қилиб кўрайлик. Ўзаро муомала-муносабатларда биз қандай йўл тутамиз. Мабодо имонимиз синаладиган қийинчиликларга дуч келсак ҳолимиз не кечади? Аллоҳ таоло пайғамбарларидан бири – Мусо алайҳиссаломга эҳтиром сақлагани учунгина умри сеҳргарлик билан ўтган кишиларни мустаҳкам имон неъмати билан сийлади. Биз – ўзини икки олам сарвари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга уммат санаганлар шундай имонга лойиқ бўлиш учун улуғларимизни қай даражада эъзозлаяпмиз? Динимизда ҳеч бир амал кичик, арзимас саналмайди. Шундай экан, халқона айтганда ҳар кўрганни Ҳизр билиб, “онлайн ё офлайн” бўлсин, ўзаро ҳурмат-эҳтиром кўрсатишга бефарқ бўлмайлик.

Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ

тайёрлади

 

[1] Яъни ўнг қўл билан чап оёқ ёки чап қўл билан ўнг оёқ. Шу тарзда кесилганда одам роса тўмтоқ бўлиб қолишини билган. Лекин Фиръавн сеҳргарларга шу жазони берган ёки бермагани аниқ эмас.

Куни кеча Хоразм вилояти Хива шаҳрида “Абдуқодир бобо” жоме масжидининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Мазкур тадбирда ЎМИ Хоразм вилояти вакили Хайрулла домла Абдуллаев, Урганч туман "Имом Фахриддин ар Розий" мадрасаси мудири Давронбек домла Абдуқодиров, шаҳар ва туман бош имом хатиблари ҳамда маҳаллий аҳоли вакиллари иштирок этди.
Очилиш маросимида сўзга чиққанлар масжид қуриш ва бу ишга ҳисса қўшган кишиларга улуғ савоблар ёзилиши ҳақида сўз юритиб, кейинги йилларда бундай обод масжидлар кўпайиб бораётгани таъкидлашди. Шунингдек, мазкур масжид узоқ йиллар халқ хизматида бўлишини ният қилиб, хайрли дуолар қилишди.
“Абдуқодир бобо” жоме масжидининг биноси яқин йилларгача яроқсиз ҳолат бўлиб, намозхонларга кўпал ноқулайлик туғдирар эди. Буни тўғри англаган масжид маъмурияти ва маҳаллий аҳоли масжиднинг замонавий талабларга жавоб берадиган қилиб бунёд этишга иришишди. Натижада саховатли кишилар ва ташкилотларнинг кўмаги билан барча қулайликларга эга 700 нафардан зиёд намозхонларга мўлжалланган янги масжид биноси қайта қуриб битказилди. Масжидда таҳоратхона, маъмуриятхоналари ва шу каби зарур хоналар замонавий услубда жиҳозланиб, намозхонлар ихтиёрига топширилди.
Шунингдек, масжидда Президентимиз ташаббуслари билан жорий қилинган “Яшил макон” экологик лойиҳаси доирасида кўчат экиш тадбири бўлиб ўтди.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Top