muslim.uz

muslim.uz

الجمعة, 11 تشرين2/نوفمبر 2022 00:00

Мазҳабсизлик хатари

Сохта салафийларнинг яна бир даъвоси: «Битта мазҳабга эргашиб ибодат қилишдан кўра, ҳар бир мазҳабдаги тўғри фикрларни олиб, ибодат қиламиз».
Уларнинг бу даъвоси кишини фосиқликка олиб боради. Тасаввур қилиб кўринг, аёл кишига қўли теккан кишининг таҳорати бузилиш ёки бузулмаслиги борасида, имом Шофеий раҳматуллоҳи алайҳнинг «Таҳорати бузилади», деган сўзини олмасдан, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг: «Таҳорати бузилмайди», деган сўзини олса, шунингдек, бадандан қон чиқиш масаласида имом Аъзамнинг: «Таҳорати бузилади», деган сўзини олмасдан, Шофеийнинг: «Таҳорати бузилмайди», деган сўзини олса, бунда инсон ўзига қулай йўлларни қидириб, динда фосиқ бўлиб қолмайдими?!
Ҳар бир мазҳабдан териб, териб амал қилиш талфиқ яъни беқарорлик дейилади. Бундай йўлни тутган инсон ҳаромни ҳалолга, ҳаромни ҳалолга, макруҳни, мубоҳга, мубоҳни макруҳга чиқарадиган дини суст инсонга айланади.
Салафийларга хос бўлган ғояларнинг бири пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ва бошқа буюк зотларнинг қабрларини зиёрат қилишликни ширк деб эътиқод қиладилар. Ваҳолонки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам “Ким мени вафотимда зиёрат қилса ҳаётимда зиёрат қилган билан тенг” деганлар. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса:
“Қабрларни зиёрат қилинглар, чунки у ўлимни эслатади” деганлар. (Муслим ривояти)
Аллоҳим ҳаммаларимизни ҳидоятда барқарор қилсин. Ихтилоф ва залолатдан ҳамиша сақласин. Вассалому алайкум.

Хонақоҳ жоме масжиди имом хатиби. Н. Имамов.

Таниқли киноюлдуз ва жанг санъатлари устаси Жан-Клод Ван Дамм MBC араб телеканалига берган интервьюсида тўғри овқатланишнинг инсон саломатлигига фойдаси ҳақида гапирди. Унинг сўзларига кўра, мусулмонларнинг тўғри овқатланиш анъанаси Пайғамбар Муҳаммад мустафо саллоллоҳу алайҳи васаллам даврида мукаммаллашган ва соғлиғига бефарқ бўлмаган одам унга амал қилган.
"Эътибор беринг, Исломда озиқ-овқатга оид кўплаб маслаҳат ва тавсияларлар бор... Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам буюк ақл эгаси бўлган. У инсонга нима яхши экани аниқ билган. Шунинг учун мендан тўғри овқатланиш ҳақида сўраманг. Шунчаки тарихга боқинг ва ишонинг, сиз у ердан ўзингизга керак бўлганини топасиз”, - деб жавоб берган Ван Дамм ўз интервьюсида.
Дарҳақиқат, мусулмонлар учун овқатланиш масаласида энг тўғри ўрнак, албатта, фойдали бўлган маҳсулотлар ҳақида тавсиялар берган, қандай овқатланиш, қанча миқдорда, қандай вақт оралиғида овқатланишни ўргатган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Ўзбекистон адлия вазири Русланбек Давлетов ва ташқи ишлар вазири ўринбосари Фурқат Сидиқов бошчилигидаги делегация Вашингтонда АҚШнинг халқаро диний эркинлик бўйича махсус топшириқлар бўйича элчиси, халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари вакиллари, жумладан, Халқаро диний эркинлик бўйича комиссия (USCIRF) раҳбарияти, шунингдек, Глобал жалб қилиш институти (IGE) ва Хельсинки комиссияси экспертлари билан музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ташриф доирасида диний эркинликни таъминлаш соҳасида мулоқотни кучайтириш мақсадида АҚШнинг халқаро диний эркинлик бўйича махсус топшириқлар бўйича элчиси Рашад Ҳусайн билан учрашув бўлиб ўтди.
Рашад Ҳусайн Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистоннинг диний эркинлик соҳасидаги сезиларли ютуқларини олқишлашини таъкидлади. Хорижий давлатлар ва халқаро институтлар билан ўрнатилган очиқ мулоқот ва ҳамкорлик даражаси Ўзбекистон раҳбариятининг диний эътиқод эркинлигини таъминлаш борасидаги қатъийлигидан далолат беришини қайд этди. Шунингдек, у АҚШ диний эркинлик соҳасидаги қонунчиликни янада такомиллаштиришда Ўзбекистонни қўллаб-қувватлашини урғулади.
АҚШ халқаро диний эркинлик бўйича комиссиясининг доимий аъзолари Эрик Уланд, Стивен Шнэк ва Френк Вольф, USCIRFнинг бошқа вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистонда диний эркинликни таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар муҳокама қилинди.
Хусусан, диний эркинликни таъминлаш соҳасидаги ислоҳотлар ва диний ташкилотларга оид қонунчиликни либераллаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистонда диний эътиқод эркинлигини таъминлаш соҳасида ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар натижалари алоҳида таъкидланди.
Комиссия аъзолари Ўзбекистонда диний эркинликларни таъминлаш соҳасидаги вазиятни яхшилаш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилганини эътироф этди. Улар бу борадаги ислоҳотларни давом эттириш, қонунчиликни халқаро стандартларга мослаштириш борасидаги саъй-ҳаракатларга ишонч билдирди.
Учрашув якунлари бўйича томонлар диний эркинликларни ҳимоя қилиш соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун мунтазам амалий мулоқотни давом эттиришга келишиб олди.
Шунингдек, Ўзбекистон делегациясининг АҚШнинг Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик бўйича комиссияси (Хельсинки комиссияси) вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги шерикликни янада чуқурлаштириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Учрашувда Хельсинки комиссиясининг етакчи мутахассиси Уильям Коннор, сиёсат масалалари бўйича маслаҳатчи Жордан Уорлик, АҚШнинг ЕХҲТдаги миссиясидаги комиссия вакили Шеннон Симрел, шунингдек, сиёсий масалалар бўйича катта маслаҳатчи Бахтиёр Нишонов иштирок этди.
Америка вакиллари Ўзбекистон томонидан сўнгги йилларда инсон ҳуқуқлари ва демократияни илгари суриш соҳасида Хельсинки келишувлари амалга оширилишини таъминлашда эришилган салмоқли ютуқлар ва ижобий натижаларни алоҳида таъкидлади. ЕХҲТ масъулияти доирасидаги минтақавий хавфсизлик мавзусига тўхталар экан, экспертлар Ўзбекистоннинг Афғонистондаги вазиятни тартибга солишдаги ролини юқори баҳолади.
Эслатиб ўтамиз, ЕХҲТ Парламент Ассамблеясининг навбатдаги кузги йиғилиши 2023 йилда Ўзбекистонда бўлиб ўтади.
Фахрий президент Крис Сайпл ва Глобал жалб қилиш институти вице-президенти Жеймс Чен билан учрашувда диний плюрализм ва конфессиялараро тотувликни ривожлантириш соҳасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Суҳбат чоғида IGE вакиллари Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан, диний эркинликларни ҳимоя қилиш ва илгари суриш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида маълумот олиш мақсадида мамлакатимиз делегациясининг АҚШга ташрифини ташкил этиш ташаббусини юқори баҳолади.

Мамлакатимизнинг АҚШдаги элчихонаси маълумотига кўра, IGE фахрий президенти Ўзбекистон билан ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдор эканини маълум қилган. У диний эркинлик, диний таълим, радикализмга қарши курашиш, шунингдек, адлия тизимини мустаҳкамлаш бўйича ҳамкорликда тадбир ва лойиҳалар ўтказишга тайёрлигини билдирди.
Бундан ташқари, Крис Сайпл икки давлат ўртасида динлараро мулоқотни йўлга қўйиш учун Ўзбекистондан пастор ва имомларнинг ташрифларини ташкил этишни таклиф қилди.
Ўзбекистон делегациясининг АҚШга ташрифи давом этмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

الجمعة, 11 تشرين2/نوفمبر 2022 00:00

Мазҳаб

Мазҳабларда ўзига хослик ва фиқҳий қарашларни турли бўлиши  Қурони карим оятлари ва Ҳадиси шарифдаги сўзларни турли маноларга далолат қилишидир.

Масалан:
Талоқ қилинган аёл идда ўтириши лозимлигини ҳамма билади. Аммо идданинг муддати ҳақида бир мазҳаб уламоларидан сўрасангиз, уч марта ҳайз кўргунча деса, иккинчи мазҳаб уламолари, уч марта ҳайздан поклик муддати ўтиши керак, дейишади. Масала битта бўлса, нима учун жавоб ҳар хил? Ёки далиллар ҳар хилми? Далилга келсак, икки томон учун ҳам Аллоҳнинг: «Вал муталлақоту ятараббасна би анфусиҳунна саласата қуруъ» - «Талоқ қилинган аёллар ўзларига уч қуруъ кутадилар», деган ояти каримасидир. Жавобнинг турлича бўлиши «қуруъ» сўзидан келиб чиққан. Бу сўз араб тилида икки маънони, ҳам ҳайз ва ҳам ҳайздан поклик маъноларини англатади. Демак, имомларнинг айримлари ўша сўздан бир ҳайз маъносини олиб, идданинг муддати талоқдан сўнг уч ҳайз кўргунча кутиш деса, бошқалари поклик маъносини олиб, идданинг муддати уч марта ҳайздан поклик муддатининг ўтиши деганлар. Албатта, уламолар бу маъноларни ўзларича ёки гапим бошқаникига ўхшаб қолмасин, деб эмас, балки қўшимча кучлантирувчи далиллар асосида олганлар.

Демак, шу ва шунга ўхшаш сабаблар туфайли фиқҳ уламоларимиз мазҳабларида ўзига хослик ва турли-туманликлар келиб чиққан. Илм ва уфқ доираси етарли кишилар буни оддий бир ҳолат, турли-туман инсонлар яшайдиган жамиятда бўлиши табиий ва қолаверса,  мусулмон уммати учун раҳмат деб тушунилган. Чунки, оғир аҳволга тушиб қолганда бир мужтаҳиднинг фатвосида жавоб топилмаса, иккинчисиникидан топилади ва ҳакозо.

Лекин, минг афсуслар бўлсинки, баъзи уфқ доираси тор, мутаассиблар бу ҳолатдан жанжал ва келишмовчиликлар чиқаришган ва мусулмонларга катта зарар етказишган.

Абдураҳмонов Муҳаммаджон

 "Ҳидоя" ўрта махсус ислом билим юрти мударриси

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған «Олий даражали Имом Бухорий» ордени билан мукофотланди.

Туркий давлатларнинг Самарқанд саммити доирасида мазкур мукофотни топшириш маросими бўлди.

Аввало, шуни айтиш жоизки, икки раҳбарнинг ҳам Имом Бухорий ҳазратларига ҳурмати жуда юқори. Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан аллома мақбараси ёнида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис мактаби ташкил этилган. Давлатимиз раҳбари бу ҳақда 2017 йили Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси сессиясида айтганида, Туркия Президенти «бу юксак минбардан Имом Бухорий ҳазратларининг мўътабар номи биринчи марта янгради» дея мамнун бўлган эди.

Бу йил Президентимиз таклифига кўра, Ўзбекистоннинг «Олий даражали Имом Бухорий» ордени таъсис этилди. Бу мукофот билан илм-маърифатни ривожлантириш, ислом олами мутафаккирлари меросини ўрганиш ва кенг тарғиб қилишдаги алоҳида хизматлари учун олимлар, тадқиқотчилар, адиблар, шунингдек, хорижий давлатлар ва ҳукуматлар раҳбарлари тақдирланади.

– Ушбу олий орден Сизнинг ислом маърифатини кенг ёйиш, дунë миқёсида мусулмонларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, умматимизнинг бирдамлиги ва фаровонлигини таъминлаш, диний бағрикенгликни қарор топтириш, ёшларни эзгулик руҳида тарбиялаш йўлидаги улкан ишларингизнинг муносиб эътирофидир, – деди Шавкат Мирзиёев маросимда.

Режеп Таййип Эрдоғанга мукофотни давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев топширди.

Туркия Президенти буюк муҳаддис номидаги орденни олишдан бениҳоят мамнун эканини таъкидлади.

– Ҳадис ва фиқҳ илмининг чўққиси бўлган Имом Бухорий номидаги бу қимматли мукофотни олишдан улкан шараф ва ғурур туяман. Шавкат Мирзиёевни илк таниган пайтларимдан буён Имом Бухорий меросидан намуналар келтириб сўзлагани учун менда қардошимга фарқли бир ҳурмат-муҳаббат пайдо бўлган. Унинг саъй-ҳаракатлари билан Самарқандда илм даргоҳлари қурилди, Туркия ва Ўзбекистон олимлари яқиндан ҳамкорлик қилмоқда. Бу орденни халқларимиз ўртасидаги азалий ва абадий қардошликнинг, ҳамма соҳада ривожланиб бораётган муносабатларимизнинг кучли рамзи сифатида қабул қиламан. Ўз номимдан ва миллатим номидан бу юксак эътибор Ўзбекистон Президенти ва халқига чин қалбимдан миннатдорлик билдираман, – деди Режеп Таййип Эрдоған.

Top