Мақолалар

Фидя

“Фидя” сўзи луғатда мол ва шунга ўхшаш нарса эвазига бирор мажбуриятдан халос бўлиш маъносини билдиради. Шариатда маълум бир амални адо этишнинг ўрнига мол сарфлаш фидя бериш дейилади.

Фидя Рамазон рўзасини тута олмайдиган кекса кишилар, сурункали хасталикка чалинган, тузалишдан умиди йўқ кишининг рўза тутиши ўрнига (Бақара сураси, 185-оят) бериладиган маълум миқдордаги молдир.

Имом Бухорийнинг ривоятида: «Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумо: “Бу оят мансух эмас, балки қари чол ва кампир учун. Улар рўза тутишга қодир эмас. Ҳар бир кун ўрнига бир мискинни таомлантирадилар”», деган.

Рамазон рўзасини тутишга қодир бўлмаган қариялар ва тузалишига умид йўқ кишилар Рамазон бошида ёки охирида ҳаммасини битта қилиб ё ҳар куни биттадан фидя беришади. Фидянинг миқдори бир кун учун бир мискиннинг бир кунлик таоми қийматичадир.

“Агар бемор тузалганидан кейин касал бўлган кунларича яшаб ўлса, мусофир муқим бўлганидан кейин сафар муддатича яшаб ўлса, меросхўри қазо қилган миқдорича фидя беради. Агар оз яшаб ўлса, касал одам соғ бўлган кунича, мусофир муқим бўлган кунлари миқдорича фидя беради. Бунинг учун васият шарт. Васиятга амал қилиш у қолдирган молнинг учдан биридан бўлади. Ҳар бир қазо қилинган намознинг фидяси бир кунлик рўзанинг фидяси миқдоричадир. Бировнинг ўрнига бошқанинг ибодати ўтмайди”.

Ибн Умар розийаллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қазо рўзаси бўлатуриб вафот этган киши ҳақида: “Унинг номидан ҳар бир кун ўрнига бир мискинга таом берилади”, деганлар» (Имом Термизий ривояти).

“Мухтасарул виқоя”да бундай дейилади: «Ўта қари одам рўза тутишдан ожиз бўлса, оғзини очади ва ҳар бир тутмаган куни учун бир мискинга садақаи фитр миқдорида таом беради. Кейин рўза тутишга қодир бўлиб қолса, қазосини тутади. Ҳомиладор ёки ўзи ва боласига зарар етишидан чўчиган эмизикли аёл, бемор хасталиги зиёда бўлишидан қўрққан бемор ва мусофир оғизларини очадилар ва фидясиз қазо қиладилар. Аммо зарар бўлмаса, сафарда рўза тутган афзал».

 

Абдуллоҳ АЛИҚУЛОВ тайёрлади.

"Ҳидоят" журналининг 2021 йил 3-сонидан

Read 2936 times
Tagged under

Мақолалар

Top