muslim.uz

muslim.uz

الخميس, 14 تموز/يوليو 2022 00:00

Ростгўй тижоратчининг даражаси улуғ

Динимиз инсонларни савдо-сотиқ ва тадбиркорлик билан шуғулланиш­да ҳалол бўлишга чақириб, ўзганинг молини ноҳақ йўл билан ейишдан қай­таради. Савдода рибо, қимор, пора­хўрлик, алдамчилик, нархни сунъий равишда ошириш, ўғрилик, товла­мачилик кабиларни тақиқлайди. Қай­си жамиятда бу иллатлар илдиз отса, ҳар хил келишмовчилик ва их­тилофлар пайдо бўлади.

Қуръони каримда бундай дейилади: «Эй имон келтирганлар! Мол-мулкла­рингизни ўртада ноҳақ (йўл­лар) билан емангиз! Ўзаро розилик асоси­даги тижорат бўлса, у бундан мустасно. Шунингдек, ўзларингизни (бир-би­рингизни ноҳақ) ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм-шафқатлидир» (Нисо сураси, 29-оят).

Бугун юртдошларимиз орасида тижо­рат, тадбиркорлик билан шуғулланадиган­лар бисёр. Лекин уларнинг ҳаммаси ҳам бу касбнинг нозик сирларини, айниқса, ўз­галар ҳақидан эҳтиёт бўлиш кераклигини билавермайди. Динимизга кўра, бу ишни касб тутганлар ҳалол-ҳаромни яхши бил­моғи, ўзгалар ҳақи борасида адолатли бўл­моғи шарт.

Ҳазрат Умар розийаллоҳу анҳунинг бу борадаги сўзлари жуда машҳурдир: “Бозо­римизда фақат (тижорат илмини) яхши билган кишигина тижорат қилсин, акс ҳолда, судхўрлик қилиб қўяди”.

Савдо илмидан бехабар кишилар ўз­лари билмаган ҳолда рибога аралашиб қолиши ҳеч гап эмас. Натижада мол-дунё­сига талафот етиши, касбидан барака кўта­рилиши каби нохушликларга дуч келади. Айниқса, савдода тарозидан уриб қолса, катта гуноҳкор бўлади. Унинг жазо­сини нафақат қиёматда, балки шу ҳаётда ҳам олиши тайин. Бундай инсонлар хор-зор бўлганини кўрганмиз, кузатганмиз.

Аллоҳ таоло бу ҳақда огоҳлантириб: «(Савдо-сотиқда ўлчов ва тарозидан) уриб қолувчи кимсалар ҳолига вой! Улар одамлардан (бирор нарсани) ўлчаб олган вақтларида тўла қилиб оладиган, уларга ўлчаб ёки тортиб берган вақтларида эса уриб қоладиган кимсалардир. Улар (ўлгандан кейин) қайта тирилувчи экан­ларини ўйламайдиларми Улуғ кунда (қиёматда) – одамлар (бутун) оламлар Пар­вардигори ҳузурида (ҳисоб-китоб бериш учун) тик турадиган кун-да?!» (Мутаффифун сураси, 1–6-оятлар), деган.

Қолаверса, савдо ишида ёлғон гапириш, ёлғон гувоҳлик бериш, қасам ичиш ҳам оғир гуноҳдир. Афсус, бугун бозорларда, турли савдо шохобчаларида айримлар молини ўтказиш учун ёлғон гапириб, пул топади. Бу иши билан, гарчи савдоси юришса-да, лекин бараканинг кўтарилиб кетишига сабаб бўлади. Шунинг учун бўлар-бўлмасга қасам ичиш, ёлғон сўзлаш жоиз эмас. Чун­ки бу билан охиратини куйдириши мумкин. Аслида, барака ростгўйликда. Агар савдо молининг айби бўлса, сотувчи уни айтиб сотиши лозим. Харидорни алдаши ҳаром иш ҳисобланади.

Абу Қатода розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Савдода кўп қасам ичишдан сақланинг, чунки у савдони юриштиради, сўнгра баракани кетказади”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Аслида, тижорат билан шуғулланиш фа­зилатли касб ҳисобланади. Бу ҳақда Ҳа­бибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ушбу ҳадис ривоят қилинган: “Ростгўй, омонатдор тижоратчи набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан биргадир”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Киши бундай улуғ мақомга эришиши учун ушбу касбнинг шаръий қоидаларига амал қилиши лозим.

Аслида, намоз, рўза, закот, ҳаж ва шу ка­би амаллар ибодатимиз бўлганидек, ҳалол тижорат ҳам ибодат мақомидадир. Мазкур ибодатларнинг рукн, шарт, суннатлари ҳамда уларни бузадиган ҳолатлар бўлга­ни каби тижорат касбининг ҳам рукн ва шартлари, тақиқлари бор.

Бирор кимса тижорат билан шу­ғулла­нишни бошлар экан, илк қиладиган иши яхши ниятдир. Яъни: «Аллоҳ таоло биз бандаларни касб қилишга буюрган, Расу­луллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам тижорат билан шуғулланганлар», деган ниятда касбга киришса, ундай киши фарз­га ҳам, суннатга ҳам амал қилган бўлади. Шунингдек, ушбу улуғ амалларнинг савобини қўлга киритиш учун савдонинг шаръий қоидаларига риоя қилиши, доим тақвони муқаддам қўйиши керак. Агар шу билан мол-дунё топса, Аллоҳга ҳамд айтсинки, динида ҳам, дунёсида ҳам фойда кўрибди. Мол-дунё топмаса ҳам ҳамд айтсинки, тақвоси сабабли динини асрабди, дейилади муборак китобларда.

Зокиржон ШАРИФОВ,

Тошкент шаҳри Олмазор тумани

“Тўхтабой” жоме масжиди

имом-хатиби

Мусулмон фарзанди борки, умрида бир бор бўлса-да, Аллоҳнинг уйи — Каъбатуллоҳни тавоф қилиш орзусида юради. Ўзбекистонлик зиёратчиларнинг охирги гуруҳлари Мадина зиёратини якунлаб, соғу саломат Макка шаҳрига етиб келмоқдалар. Байтуллоҳни тавоф қилиб, умра амалини бажармоқдалар.
Бу йил 12 минг нафардан зиёд ҳамюртимиз Саудия Арабистонининг икки муқаддас шаҳрида бўлиб, айни кунларда исломнинг бешинчи арконини адо этишга пухта ҳозирлик кўрмоқдалар.
Таниқли уламолар, хусусан Тошкент шаҳридаги "Ҳазрати Али" жоме масжиди имом-хатиби Салоҳиддин домла Шарипов ҳаж ибодати бошланиши олдидан самарқандлик зиёратчилар билан ҳаж маносиклари ва муборак амал фазилати тўғрисида суҳбат қилдилар.

الثلاثاء, 21 حزيران/يونيو 2022 00:00

“Омин”ни махфий айтишнинг фиқҳий асослари

Ҳанафий мазҳабида намозда фотиҳа сурасидан сўнг “Омин”ни махфий айтмоқ намознинг суннатларидан биридир. “Омин”ни махфий айтмоқ суннат эканлиги ҳанафий мазҳабининг барча китобларида қайд қилинган. Жумладан Бурҳониддин Абул Ҳасан Али ибн Абу Бакр Марғилоний раҳматуллоҳ алайҳ “Ҳидоя” китобининг “Намознинг сифати” бобида қуйдаги матнни келтирадилар:

وَ اذا قَالَ الامامُ: ولا َالضالِّين: قال: آمين، ويقولُها المؤتمُّ ويُخْفونَها

Яъни: “Ва агар имом “ولا َالضالِّين” деса, “Омин” дейди. “Омин”ни муқтадий ҳам айтади. Ва Улар (имом ва муқтадий) “Омин”ни махфий қилади”.

Шунингдек, Муҳаммад Алоуддин ал-Ҳаскафий раҳматуллоҳ алайҳ “Дуррул мухтор” китобида намознинг суннатларини баён қилиб, қуйдаги матнни келтиради:

وَالثَناءُ والتَعَوَّذُ وَ التَسْمِيَةُ وَ التَأمينُ وَ كَوْنهُنَّ سِرّاً

Яъни: “(Намозда) сано ўқиш, сўнг таъаввуз ва тасмия айтиш ва (“Фотиҳа” сурасидан кейин) “Омин” демоқ суннатдир. Мазкур суннатларнинг ҳаммаси махфий ҳолда бўлмоқлиги ҳам суннатдир”.

Мазкур икки матндан “Омин”ни имом ва муқтадий ҳар иккиси айтмоқлиги суннат эканлигини зикр қилгандан кейин, “Омин”ни махфий қилиш алоҳида суннат эканлиги қайд қилинаяпти. Шунингдек, ёлғиз намоз ўқувчи ҳам “Фотиҳа” сурасидан кейин “Омин” дейди ва уни махфий қилади.

“Омин”ни махфий айтишнинг далиллари:

1-далил:

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ أَنَّ النَّبِىَّ -صلى الله عليه وسلم- قَالَ « إِذَا قَالَ الإِمَامُ (غَيْرِ الْمَغْضُوبِ عَلَيْهِمْ وَلاَ الضَّالِّينَ) فَقُولُوا « آمِينَ » فَإِنَّهُ مَنْ وَافَقَ قَوْلُهُ قَوْلَ الْمَلَائِكَةِ غَفَرَ اللَّهُ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ. رواه البخارى و مسلم.

“Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Имом “Ғойрил мағдуби ъалайҳим валаддоллийин” деганда “Омин” денглар, чунки кимнинг сўзи фаришталарнинг сўзига тўғри келса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, дедилар”.

Ушбу ҳадиси шариф “Фотиҳа” сурасидан сўнг “Омин” айтиш суннат эканлигига далил бўлиш билан бир вақтда, уни махфий айтиш суннат эканлигига далолат қилади. Чунки, ҳадиси шарифда “Имом “Ғойрил мағдуби ъалайҳим валаддоллийин” деганда “Омин” денглар” дейилди. Агар “Омин” жаҳрий айтилган бўлганда, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни аввало, имомнинг зиммасига юклаб, сўнгра “Имом “Омин” деганда “Омин” денглар” – деб айтган бўлар эдилар. Демак, “Омин” жаҳрий айтилмагани учун ҳадиси шарифда “Имом “Ғойрил мағдуби ъалайҳим валаддоллийин” деганда”, деб қайд қилинаяпти ва “Омин”ни махфий айтилишига далолат қилади. Бу ривоятни ҳеч бир бошқача таъвил қилиб бўлмайди.

Шу ўринда бизнинг зикр қилинган бу далилимизга “Омин”ни жаҳрий айтиш афзал дегувчилар томонидан имом Термизий ривоят қилган қуйдаги ҳадиси шарифни эътироз қилиб келтириши мумкин. 

عن أبي هريرة أن رسول الله صلى الله عليه و سلم قال :إذا أمن الإمام فأمنوا… (سنن الترمذي)

“Абу Ҳурайра розиияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Имом “Омин” деганда “Омин” денглар…”

Биз айтамизки, бу ривоятда “Омин”ни жаҳрий айтилишини қувватлайдиган очиқ-ойдин, сахиҳ гап йўқ. Бунинг маъноси шуки, “Имом “Омин” дейдиган вақтда сизлар ҳам “Омин” денглар”, деганидир. У вақт ўша “Ғойрил мағдуби ъалайҳим валаддоллийин” дегандан кейинги вақтдир. Ҳулоса шуки, биз бу ҳадиси шарифни аввалги ҳадиси шарифга мувофиқлаштирган ҳолда икки ривоятга амал қиламиз.

2-далил:

عَنْ شُعْبَةُ عَنْ سَلَمَةَ بْنِ كُهَيْلٍ عَنْ حُجْرٍ أَبِى الْعَنْبَسِ عَنْ عَلْقَمَةَ بْنِ وَائِلٍ عَنْ أَبِيهِ أَنَّ النَّبِىَّ -صلى الله عليه وسلم- قَرَأَ (غَيْرِ الْمَغْضُوبِ عَلَيْهِمْ وَلاَ الضَّالِّينَ) فَقَالَ « آمِينَ ». وَخَفَضَ بِهَا صَوْتَهُ. رواه الترمذى

“Шуъбанинг Воилдан – у эса отасидан – қилган ривоятида “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ғойрил мағдуби ъалайҳим валаддоллийин” ни ўқидилар, сўнгра “Омин”, дедилар. Ва “Омин” айтишда овозларини паст қилдилар”. Имом Термизий ривоят қилади.

Шўбаъ раҳматуллоҳ алайҳ тариқи ила нақл қилинган ушбу ҳадиси шариф “Омин”ни махфий айтишда асл деб ҳукм (қарор) қилинади.

Бу ривоятнинг муқобилида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Ғойрил мағдуби ъалайҳим валаддоллийин”ни ўқиганларидан сўнгра “Омин”ни жаҳрий қилганлиги тўғрисидаги ривоятлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Намознинг таълими учун “Омин”ни жаҳрий айтганлар” — деб таъвил қилинади. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам махфий ўқиладиган қироатни ҳам таълим учун жаҳрий қилганлар.

3-далил:

Юқорида “Омин”ни махфий қилиш тўғрисида ривоят қилинган ҳадиси шарифлар нақл қилинди ва жаҳрий қилишга далолат қиладиган ҳадисларни таъвили баён қилинди. Шундай бўлсада фаразан ривоят қилинган ҳадиси шариф матнлари бир-бирига зоҳиран таъоруз (бир бирига қарама қарши) келяпти десак, усул қоидасига кўра бундай ҳолда таъомули саҳоба (саҳобаларнинг қилган амаллари) га қаралади. Таъомули саҳоба ҳам “Омин”ни махфий қилишни қувватлайди. Имом Таҳовий бу борада қуйидагича қавлни нақл қилган:

قال: «كان عمر وعلي لا يجهران بسم الله الرحمن الرحيم ولابالتعوذ ولا بالتأمين».

Яъни: “Умар ва Али розияллоҳу анҳумолар “Бисмиллаҳир роҳманир роҳим”ни, “Таъаввуз”ни ва “Омин”ни жаҳрий қилмас эдилар”.

Ҳазрат Умардан ҳам бир асар бор экан:

أربع يخفيهن الامام: التعوذ, وبسم الله الرحمن الرحيم, وأمين, واللهم ربنا ولك الحمد.

Яъни: “Тўрт нарсани имом махфий қилади: “Таъаввуз”ни, “Бисмиллаҳир роҳманир роҳим”ни, “Омин”ни ва “Оллоҳумма роббана ва лакал ҳамд”ни”.

Имом Муҳаммаднинг ўзлари “Китобул-осор”да нақл қилганлар:

عن ابي حنيفة عن حماد عن ابراهيم: أربع يخافت بهن الإمام: سبحانك اللهم وبحمدك, والتعوذ, وبسم الله الرحمن الحيم, و آمين. وبه نأخذ وهو قول أبي حنيفة.

“Имоми Муҳаммад устозлари Абу Ҳанифадан, Абу Ҳанифа Ҳаммоддан, Ҳаммод Иброҳимдан нақл қилади: “Тўрт нарсани имом махфий қилади: “Субҳанака аллоҳумма ва биҳамдика”ни, Таъаввуз”ни, “ Бисмиллаҳир роҳманир роҳим”ни ва “Омин”ни”.

Ушбу “Китобул-осор”да ривоят қилинган “Зоҳирур – ривоядир”. Шунинг учун бизнинг матнларимизда ҳам шунга қарор қилинган. Имом Аъзамга шу қавл нисбат берилиб, мухтор фатво ҳам шунгадир.

Саҳиҳ санад билан собит бўлган ривоятга кўра, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ҳам “Омин”ни махфий қилишга амал қилар эдилар. Ҳазрат Умар, Али, Ибн Масъуд каби буюк фақиҳ саҳоба розияллоҳу анҳумоларнинг “Омин”ни махфий қилишга амал қилганлари собитдир. Ҳаттоки, “Омин”ни жаҳрий айтиш тўғрисида Воил ибн Ҳужрдан ривоят қилувчи Суфёни Саврий ҳам “Омин”ни махфий айтади деганлар. Буни хилофига “Омин”ни жаҳрий амал қилиш бирор бир саҳобадан нақл қилинмаган.

4-далил:

“Омин”нинг маъноси “Дуомизни ижобат қил”, “Шундай бўлсин” ва “Умидларимизни сўндирмагин” деган маъноларни ўз ичига олган дуодир. Бурҳониддин Марғиноний раҳматуллоҳ алайҳ “Ҳидоя” китобида “Омин”ни махфий қилиш суннат эканлигини қайд қилиб: “ “Омин” демоқ дуодир, дуо қилиш эса махфийлик асосига қурилгандир” — дейди”. Зеро, Аллоҳ таоло дуони махфий қилишга амр қилиб Қуръони каримда шундай дейди:

{ادعوا ربكم تضرعا وخفية} [ الأعراف : 55]

Яъни, “Роббингизга зорланиб ва хуфёна (овозсиз) дуо қилинглар!”

Албатта бу ояти карима “Омин”ни махфий айтишликка қатъий далил эмас, балки зонний далил бўлади. Чунки қатъий далил бўлганда ҳеч бир ихтилофсиз “Омин”ни махфий айтиш вожиб бўлар эди.

Ушбу мақоланинг аввалида қайд қилинганидек “Омин”ни махфий айтмоқ суннат амал, суннат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбат берилган амалдир. Ҳанафий мазҳаб имомлари ва уларга эргашган олимлар суннат амалларни баён қилишда ва бизгача етиб келишида ижтиҳод қилдилар. Аллоҳ таоло ҳаммамизни суннатни билиб, унга эргашмоқликка тавфиқ берсин!


Жалолиддин Холмўминов

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси

Шу кунларда бир гуруҳ ватандошларимиз Расул алайҳиссалом шаҳри – Мадинаи мунавварада бўлиб, Масжидул Набавий, Равзаи шариф, минглаб саҳобаи кромлар абадий қўним топган “Бақи” қабристони, Ислом тарихидаги илк масжид “Қубо”, “Қиблатайн” ва Ухуд тоғида зиёрату ибодатда бўлмоқдалар.


Ҳамюртларимиз амалларни бекаму кўст ва юқори кайфиятда бажариш баробарида ушбу сафарга юқори даражада шароит ҳозирлашда бош бўлган муҳтарам Президентимиз, диний соҳа раҳбарлари, зиёратчиларга хизмат қилаётган мутасаддилар, умуман, барча мўмин-мусулмон халқимиз ҳақига тинимсиз дуои хайрлар қилишмоқда.


Шу маънода “Ҳаж – 2022” мавсуми қандай ўтаётгани ҳақида Мадинаи мунавварада зиёратида бўлиб турган ҳамюртларимизнинг таассуротлари билан қизиқдик.
Равзада намоз ўқиш ва салом йўллаш – катта саодат


– Масжидул Набавийда ўқилган бир намознинг савоби бошқа масжидлардагига нисбатан минг марта кўп эканини ҳадиси шарифлардан ўқидик. Мадина шаҳридаги ўзбекистонликлар жойлашган меҳмонхона ушбу масжидга яқинлиги боис, беш маҳал намоз ўқиш ва Расул алайҳиссаломга кўп-кўп салом айтиш бахту саодатига мушарраф бўлиб турибмиз, – дейди пойтахтимизда яшовчи Шуҳратиллоҳ ота Абдуллаев – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким қабримни зиёрат қилса, унга шафоатим вожиб бўлади», деганлар. Имом Байҳақий келтирган ривоятда: «Ким мени савоб умидида Мадинага келиб зиёрат қилса, қиёмат кунида менинг қўшним бўлади», деганлар. Пайғамбар алайҳиссаломга салом ва саловотлар айтмоқдамиз. Ушбу хурсандчиликларнинг барчаси юртимизда давлатимиз Раҳбари бошчилигида олиб борилаётган хайрли ишлар меваси, диний соҳа мутасаддилари ташаббуси ва саъй-ҳаракатлари натижасидир.
Масжудил Набавийнинг ён томонида минглаб саҳоба дафн этилган “Бақи” қабристонида зиёратлар давомида улуғларимиз ҳақига Қуръони карим оятларидан тиловат қилиб, мўмин-мусулмон халқимизни ҳам дуоларда эсламоқдамиз.
Чиройли шароитлар ва эътибор ибодатга қувватдир


– Айни кунларда Ўзбекистондаги барча мўмин-мусулмонлар жуда хурсанд. Чунки узоқ кутилган Ҳаж мавсуми 2 йилдан кейин яна қайтадан бошланди. Бундай қувонч Тошкент халқаро аэропортига кириб келганимизда бизни, айниқса, ҳаёжонга солди, – дейди зиёратчи Ҳамро ота Юсупов. – Ҳажнинг фазилатлари ҳақида кўп эшитганмиз, китобларда ўқиганмиз, аммо ихлос қилиб, бу муқаддас манзилларга келгандан кейин руҳиятингизда шундай ўзгариш рўй бериб, қалбингизни ўзгача туйғулар чулғаб оларкан. Буни сўз билан ифодалаб бўлмайди. Бизга шундай имкониятни яратиб берган давлатимиз Раҳбарига ташаккур! Қаранг, зиёратчилар учун ҳамма шароит муҳайё қилинган. Ташкилий ишлар бундан ортиқ бўлмаса керак. Зиёратга келганлар номидан Президентимизга, Ҳаж зиёрати ташкилотчиларига, Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси ва бизга хизмат қилаётган мутасадди вакилларга катта раҳматлар айтаман. Бундай чиройли шароит ва эътибордан жуда мамнунмиз.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

الثلاثاء, 21 حزيران/يونيو 2022 00:00

Ватанни севмоқ, иймондандир!

Олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари талаба-ўқувчилари ўртасида шу мавзуда ўтказилган иншолар танловининг республика босқичи ғолиблари тақдирланди.

Мазкур танлов Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Халқаро ислом академияси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Тантанали тақдирлаш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси — Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, академик Акмал Саидов, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров ҳамда масофадан туриб Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг ҳудудий кенгашлари раислари, жойлардаги диний таълим муассасалари раҳбарлари ва ёшлар иштирок этди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси раиси, сенатор Қудратилла Рафиқов “Ватанни севмоқ иймондандир!” мавзусида ўтказилган мазкур иншолар танловидан кўзланган мақсад улкан янгиланишлар мамлакатига айланган ва бутун дунё эътироф этаётган янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишдек улуғ ниятдаги ишларга зеб бериш, бебаҳо қадрият ва анъаналарни давом эттирадиган, Ватан тақдири, юрт манфаатлари учун жонкуяр ёшларни тарбиялашга муносиб ҳисса қўшишдан иборат эканини таъкидлади. Шунингдек, талаба-ўқувчиларда юртимиздаги ислоҳотларни теран идрок этиш ва улар тўғрисида мулоҳаза юритиш, ўз фикрини ижодкорона етказиб бериш, ижодий, танқидий, креатив фикрлаш, ёзма нутқ, нотиқлик кўникмалари, Ватанимиз тақдири, эртанги куни ва истиқболига дахлдорлик туйғусини ривожлантириш муҳим аҳамият касб этишини билдирди.

Икки босқичда ташкил этилган иншолар танловининг биринчи босқичида ўрта махсус ислом билим юртлари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси қошидаги академик лицей ва Тошкент ислом институти, Мир Араб олий мадрасаси, Ҳадис илми мактаби ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг 3 мингдан ортиқ талабаси иштирок этди. Улар орасидан саралаб олинган 45 йигит-қиз танловнинг республика босқичида иштирок этиш имкониятини қўлга киритди.

Шу пайтгача умумтаълим, Темурбеклар мактаблари ўқувчилари, олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ташкил этиб келинган бундай танлов диний таълим ўқув муассасалари талабалари ўртасида биринчи бор ўтказилаётгани билан янада аҳамиятлидир.

Буюк алломалар эътироф этганидек, Ватан тақдирини ёшлар тарбияси ҳал қилади, нажот фақат ва фақат билимдадир! Айни шу мезонлардан келиб чиққан ҳолда, мамлакатимиз бўйлаб ўтказилган “Ватанни севмоқ иймондандир!” ижодий ишлар танлови бугунги ёшлар Ватанимиз равнақи, истиқболи учун ўзини дахлдор деб билаётгани, улар ҳар соҳада илғор экани, иқтидорли йигит-қизларимиз тимсолида Учинчи Ренессанс пойдеворини қуришга қодир авлод вояга етаётганини кўрсатди. Бу жиҳатлар диний-маърифий йўналишдаги олий ва ўрта махсус билим юртларининг талаба ва ўқувчилари ёзган ижодий ишларда ҳам ўз аксини топди.

Танловнинг республика босқичи доирасида талаба-ўқувчиларнинг депутатлар ва зиёлилар, сиёсатшунослар, олимлар, ёзувчилар, илм-фан арбоблари билан учрашувлари, шунингдек, замонавий бунёдкорлик масканлари ҳамда пойтахтимизнинг диққатга сазовор жойлари билан танишувлари ташкил этилди.

Иншолар имловий саводхонлик, сўз бойлиги ва услубий маҳорат, мавзунинг тўлақонли очиб берилгани, мавзуга оид муаммолар ва уларнинг ечими бўйича таклифлар, тарих, бугун ва истиқбол ҳақидаги тасаввур кенглиги, кечаётган ислоҳотларга нисбатан шахсий муносабат ва улар бўйича хулосавий фикрлар мавжудлиги ҳамда уларни ифода этиш маҳорати каби мезонлар асосида холис баҳоланди.

Республика босқичига етиб келган барча талаба ва ўқувчиларга Президент совғаси — ноутбук топширилди.

Баҳолаш натижаларига кўра, танловнинг республика босқичи иштирокчилари орасидан ғолиблар ва қатор номинациялар бўйича совриндорлар аниқланди. Хусусан, 3-ўринга Тошкент ислом институти 1-курс талабаси Эъзозхон Йигиталиева, Қорақалпоғистондаги Муҳаммад ал-Беруний ўрта махсус ислом таълим муассасаси талабаси Азизбек Атамуратов, Андижон вилоятидаги Саййид Муҳйиддин махдум ўрта махсус ислом таълим муассасаси 1-курс талабаси Равшанбек Абдураҳимов муносиб топилди. Уларга 3-даражали диплом ва 10 мил­лион сўмдан пул мукофоти топширилди.

Иккинчи ўринни қўлга киритган Ўзбекистон халқаро ислом академияси 3-курс талабаси Муҳаммадамин Маманов ва Бухородаги Мир Араб олий мадрасаси 1-курс талабаси Асрорбек Тешабоев 2-даражали диплом ва 20 миллион сўмдан пул мукофоти билан тақдирланди.

Танловда биринчи ўринга муносиб кўрилган Қашқадарё вилоятидаги Хожа Бухорий ўрта махсус ислом таълим муассасаси 2-курс талабаси Муртазо Мусаёров 1-даражали диплом ва 30 миллион сўм пул мукофоти эгаси бўлди. Шунингдек, танлов ғолиби ва унинг ота-онасига Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан Умра зиёратига йўлланма берилди.

Танловда “Ёш ватанпарвар”, “Энг самимий дил изҳори”, “Истиқболга собит ишонч”, “Фидойилик руҳи”, “Маърифат руҳи”, “Чет тилда равон ёзилган иншо”, “Энг яхши ижодий ёндашув”, “Теран талқинлар”, “Энг яхши ватанпарварлик ғояси”, “Миллий руҳ”, “Беғубор туйғулар”, “Безовта қалб” номинациялари бўйича совриндорлар ҳам аниқланиб, диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Бир сўз билан айтганда, мазкур иншолар танлови янги Ўзбекистон ёшларининг ўз Ватанини чин юракдан севишини намоён этиши билан бирга, бугун олаётган билим ва кўникмаларини янада мустаҳкамлаб, келгусида мамлакатимиз равнақи йўлида фидокорона хизмат қилиш уларнинг эзгу мақсади эканини кўрсатди.

Муҳаббат ЎРМОНБЕКОВА,
Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси Матбуот хизмати раҳбари
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси 2022 йил 21 июнь, 122(644) сон
Top