muslim.uz
Динда саволим бор: Ҳажда тош нима учун отилади?
— Ҳаж вақтида зиёратчиларимиз шайтонга тош отишади. Тош нима учун отилади?
— Дарҳақиқат, ҳаж вақтида қилинадиган амаллардан бири бу – Минода шайтонга тош отишдир. Шайтон ҳамма ерда ҳам бўлиши мумкин. Айнан ҳажда ва маълум жойларда шайтонга тош отиш, шайтон ўша вақт ва жойларда Иброҳим алайҳиссаломга қутқу солганда у зот уни тош отиб қувганлари учундир. Бунда шайтонга қарши курашнинг рамзи бордир.
Шайтонга тош отиш, аввало ичдаги шайтонни тошбўрон қилиш ила бошланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Шайтонга тош отиш ва Сафо билан Марва орасида сайъ қилмоқ, фақат Аллоҳнинг зикрини қоим қилмоқ учун амр қилингандир”.
Яна тош отишдан мақсад, шайтонни ёмон кўришдир. Тош отилар экан, шайтон қалбга васваса солганида “Аъузубиллаҳи минашшайтонир рожим” (тошбўрон қилинган шайтоннинг ёмонлигидан Аллоҳдан паноҳ сўрайман) ифодаси билан бартараф этиш лозим.
Мўминлар шайтоннинг ҳар турли фасодларига қарши ўйғоқ бўлишга ҳаракат қилиши зарур. Ҳаж сафари асносида эса васвасаларга енгилмаслик, сабр қилиш ва имтиҳон эканини тушуниб, ҳаж ибодатини мукаммал адо этишдир.
Муҳаммад Айюб домла Ҳомидов
Хушхабар: Муфтий ҳазратларига “Фахрий доктор” илмий унвони берилди
Бугун, 4 июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратларининг Ислом дини маърифатини кенг ёйиш, ёшларни руҳий баркамол этиб тарбиялаш ва илмий-ижодий фаолиятларини юксак эътироф этиб, Ўзбекистон халқаро ислом академияси Илмий кенгаши томонидан “Фахрий доктор” илмий унвони берилди.
Илмий кенгаш йиғилишини Ўзбекистон Республикаси Президентининг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси, халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов очиб, давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан сўнгги йилларда, барча соҳалар қатори, диний-маърифий жабҳада жуда катта ишлар амалга оширилаётганига алоҳида тўхталди.
Жумладан, юртимиз уламоларининг республика ва дунё миқёсида фаолият кўлами кенгайиб бораётгани, нуфузи кун сайин ортиб бораётгани, хусусан, ўтган Рамазон ойида уламоларимиз, имом-хатибларимиз, қориларимиз АҚШ, Европа, Россия ва МДҲ мамлакатлари таклифлари асосида мазкур давлатларда хизмат сафарида бўлишаётгани ҳақида алоҳида қайд этди.
Шундан сўнг, халқаро ислом академияси проректори, профессор Зоҳиджон Исламов Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари ҳақларида ёзилган тавсифномани ўқиб эшиттирди.
Ўзбекистон халқаро ислом академияси Илмий кенгаши аъзолари бир овоздан муфтий Нуриддин домла ҳазратларига “Фахрий доктори” илмий унвони бериш қарорини қўллаб-қувватладилар.
Табрик сўзида Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари, тарих фанлари доктори Давронбек Мақсудов муфтий ҳазратларини қўмита раҳбарияти томонидан илмий унвон билан қутлаб, у кишининг бир қатор фазилатларига алоҳида тўхталди. Хусусан, муфтий ҳазратларининг маърузалари ва чиқишлари кенг жамоатчилик, аҳли илмлар ҳамда мўмин-мусулмонлар томонидан юқори баҳоланаётгани ҳамда у кишининг халқаро анжуманларда, нуфузли тадбирлардаги нутқлари халқаро доирада ҳам юксак эътироф этилаётганини қайд этди.
Шундан сўнг, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов муфтий ҳазратларига берилган ушбу унвон барча диний соҳа ходимлари жуда ҳам мамнун этганини билдирди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим мудири Муҳаммадайюбхон домла Ҳомидов Ислом динида илм эгаларига берилган фазилат, уларнинг даражалалари доимо юқори бўлгани ҳақида сўз юритиб, ояту ҳадислардан иқтибос келтирди. Шунингдек, бундай эътибор ва эҳтиром Юртбошимиз ва ҳукуматимиз томонидан бутун дин пешволари-ю илм аҳлларига эътиборнинг бир намунаси эканини таъкидлади. Шундан сўнг муфтий ҳазратларига Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг совғалари тақдим этилди.
Йиғилиш сўнггида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, Халқаро ислом академияси “Фахрий доктори”, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари камтарона хизматлари учун мана шундай юксак эътибор берилганига миннатдорлик билдирдилар. Албатта, бундай эътироф Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида меҳнат қилаётган уламолар, имом-хатиблар, мударрислар, отинойилар ва барча диний соҳа ходимларининг меҳнат самараси эканини изҳор этдилар. Ўз навбатида, ушбу илмий унвон катта масъулият юклаши ва унга муносиб бўлишга бор куч-ғайратларини сарфлашларини билдирдилар.
Маълумот ўрнида, Муфтий Нуриддин домла ҳазратлари 1968 йил Андижон вилояти Асака шаҳрида зиёли оилада таваллуд топганлар. Маълумоти олий, Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти, Тошкент ислом институти ва Фарғона давлат университетини тамомлаганлар. Исломшунос, имом-хатиб ва тарихшунос мутахассисликларига эгалар.
Меҳнат фаолиятларини 1996 йилда Андижон вилояти Асака шаҳри “Аҳмадали Махдум” масжиди имом-хатиби вазифасидан бошлаганлар. 2004 йил Тошкент шаҳридаги “Оқ тепа” масжиди имом-хатиби вазифасида давом эттириб, бир вақтда пойтахтдаги “Кўкалдош” ўрта-махсус ислом билим юрти ўқитувчиси сифатида ҳам фаолият юритганлар. 2005 йилда Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг Андижон вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби, 2019 йилда Тошкент шаҳар бош имом-хатиби лавозимларига тайинландилар.
Муфтий Нуриддин домла ҳазратларининг Ислом дини маърифатини кенг ёйиш ва мўмин-мусулмонлар эҳтиёжини таъминлаш борасидаги 30 йиллик самарали меҳнатлари инобатга олиниб, 2021 йил 19 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимига сайландилар. Ушбу хабар юртимиз мусулмонлари ва хорижлик ҳамкор диний ташкилотлар томонидан ижобий қабул қилинди.
Муфтий ҳазратлари Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан олиб борилаётган ислоҳотларни халқимиз орасида кенг тарғиб қилиш, ёшларимизни ёт ғоялардан асраш, муқаддас динимизнинг эзгу, умуминсоний ғояларини кенг жамоатчиликка етказишда доимий фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатадилар.
Ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш, динлараро тотувликни мустаҳкамлаш, ёш авлодни диний бағрикенглик руҳида тарбиялашда самарали фаолият кўрсатмоқдалар. Шунингдек, халқаро ташкилотлар ва хорижий мамлакатлар билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш борасида ҳам ташаббус кўрсатиб келмоқдалар.
Муфтий ҳазратларининг руҳий тарбия, одоб-ахлоқ, илм-маърифат, фарзанд тарбияси, ота-онани эъзозлаш, Ватанга муҳаббат, шукроналик каби мавзулар ёритилган “Исломда ватан тушунчаси”, “Ихлос – амаллар зийнати”, “Ҳаж – буюк ибодат”, “Тасаддуқ, ё Расулаллоҳ” каби китоблари нашрга тайёрланган. Шунингдек, “Янги Ўзбекистон”, “Халқ сўзи”, “Ўзбекистон санъати ва адабиёти” каби марказий босма нашрларда ҳамда “Ҳидоят”, “Ислом нури” сингари диний-маърифий нашрларда муфтий Нуриддин Холиқназаровнинг долзарб мавзулардаги 100 дан зиёд мақолалари чоп этилган.
Муфтий ҳазратлари Ислом дини маърифатининг толмас тарғиботчиси ҳамдир. У киши юртимиз масжид ва мадрасалари диний таълим тизимида ислоҳотларни амалга ошириш, ўқув режалари ва дастурларини тайёрлаш ҳамда уларни ҳаётга татбиқ этиш ишларига бевосита бошчилик қилмоқдалар. Бундан ташқари, хорижий мамлакатларда бўлиб ўтадиган халқаро анжуманларда илмий асосланган мазмунли маърузалари билан ҳам мунтазам иштирок этмоқдалар.
Муфтий ҳазратлари хориж давлатларида ўтказилган халқаро илмий-амалий анжуманлар, нуфузли тадбирларда фаол қатнашиб, эътиқод эркинлиги кафолати, ислом маърифати, диний таълим масаласи, ёт оқимларга қарши курашнинг маънавий-маърифий асослари каби мавзуларда нутқлар билан қатнашиб келмоқдалар.
Нуриддин домла Холиқназаров Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий сифатида кўплаб нуфузли миллий ва халқаро ташкилотларнинг раиси, ҳамраиси ва бошқарув кенгаши аъзоси сифатида ҳам хизмат қилмоқдалар.
Дарҳақиқат, Ислом динининг эзгу таълимотларини барчага гўзал шаклда етказиш савоби улуғ амаллардан ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда Ўз динига хизмат қилувчиларни шундай ифода этади: “Эй, имон келтирганлар! Агар сизлар Аллоҳга ёрдам берсангиз (динининг ривожи учун ҳаракат қилсангиз), У ҳам сизларга ёрдам берур ва қадамларингизни собит (барқарор) қилур” (Муҳаммад, 7).
Ислом дини йўлида соч-соқоли оқарган мўйсафид одамлар ҳақида Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ислом йўлида кимнинг сочига оқ тушган бўлса, Қиёмат куни унга нур бўлади”, дея марҳамат қилганлар (Имом Термизий ривояти).
Ислом дини равнақига салмоқли ҳисса қўшаёган, довруғи нафақат Ўзбекистон балки қўшни ва хориж мамлакатларида ҳам маълум бўлган Муфтий ҳазратларининг серқирра фаолиятлари барчамизнинг фахру ифтихоримиздир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши аъзолари номидан муфтий Нуриддин домла ҳазратларини Халқаро ислом академияси “Фахрий доктори” илмий унвони берилгани муносабати билан муборакбод этамиз. Аллоҳ таборака ва таолодан у кишига дин, миллат ва Ватан йўлидаги хизматлари ва илмий-ижодларида муваффақиятлар бардавом бўлишини тилаймиз!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Уч йил кутилган улуғ неъмат
Муборак ҳаж сафарига отланаётган киши учун энг кepаклиcи – бу ибoдaтнинг мазмун-моҳиятини яхшилaб тyшиниб oлиш. Чyнки ҳаж ибoдaти инсон yмpида бир марта адо этадиган муборак caфap вa ибoдaт ҳисобланади.
Коронавирус туфайли Ҳаж амалини адо этиш икки йилга имкон бўлмади. Аллоҳ таолога шукрки, бу йил муборак Ҳаж ибодатини амалга ошириш учун эшиклар очилгани катта хурсандчилик бўлди.
Саудия Арабистонининг Ҳаж ва умра вазирлиги томонидан пандемиядан сўнг илк марта дунё мамлакатларига ҳаж квоталари эълон қилинди.
Ўзбекистон фуқаролари учун умумий ҳаж квотаси 10 865 нафар этиб белгиланди. 2019 йилда 7 200 нафар эди.
Ҳаж сафари нархига таъсир қилувчи қўшимча солиқ, мажбурий тўловлар ва айрим сарф-харажатлар жорий қилинган. Жумладан:
- 2019 йил Саудия Арабистонида қўшимча қиймат солиғи
5 фоизни ташкил қилган бўлса, бугунги кунда ушбу рақам
15 фоизга етган; - Коммунал, транспорт, электр-энергия ва бошқа хизматлар учун тўловлар миқдори бир неча баравар, хусусан айрим хизматлар 30-40фоиз ошган.
- Мино, Муздалифа ва Арафот манзилларидаги хизматлар учун мажбурий тўлов нархи кўтарилган. Макка ва Мадина шаҳарларидаги меҳмонхоналар учун 5 фоизлик солиқ киритилган;
- Ҳаж амалларини ташкил этувчи муассасаларнинг хизматларига янги тўловлар жорий этилган. Масалан, виза божи, тиббий суғурта, ҳаж электрон портали харажатлари кабилар.
- Натижада дунё мамлакатларида ҳам ҳаж хизматлари нархи ўртача 40-45 фоизга кўтарилган.
Шуларни инобатга олиб, “Ҳаж-2022” мавсуми учун 1 нафар зиёратчига тўлов миқдори, Жамоатчилик кенгашининг қарорига асосан, 62 миллион 900 минг сўм сўм этиб белгиланди.
Ўтган икки йилда ҳаж сафари бўлмагани нуқтаи назаридан ушбу сумма ҳар жиҳатдан ҳақиқатга яқиндир.
Интернетдан олинган маълумотларга кўра, Қозоғистонда энг арзон пакет – 5 900 энг қиммат пакет 13 000, Россияда энг арзон пакет – 3 700 энг қиммат пакет 25 000, Индонезияда энг арзон пакет – 3 700 энг қиммат пакет 12 000 ни ташкил этган.
Қайд этилишича, Ўзбекистон томони ушбу санаб ўтилган давлатлардаги энг қиммат пакетга яқин хизматларни кўрсатади. Жумладан, Мадина шаҳрида “Масжиди Набавий”дан 100 метр узоқликда жойлашган 5 юлдузли “Зам-зам Пуллман” ва “Краун Плаза” меҳмонхоналарини, Макка шаҳрида ҳам 5 юлдузли “Аброж ал-Ҳидоя” меҳмонхонаси олинган.
Ушбу меҳмонхоналар юқори сиғимлилиги, муқаддас қадамжоларга яқинлиги ва Ўзбекистон билан ишлашда кўп йиллик тажрибага эгалиги билан алоҳида ажралиб туради. Масалан, Макка шаҳридаги “Аброж ал-Ҳидоя” меҳмонхонаси бир вақтда барча ҳожиларимизни жойлаштириш имкониятига эга.
Маълум қилинишича, қуйидаги хизматлар ҳам энг юқори даражада кўрсатилади:
- 3 маҳал иссиқ овқат
- 24 соат тиббий ва транспорт хизматлари
- Мадина, Макка ва Жидда йўналишларида замонавий автобуслар
- Ҳаж китоби, буклетлари, сумка-нимчалар
- Юртимизнинг 7 та ҳудудидан кузатиш ва кутиб олиш
- Мадинаи мунавварага тўғридан-тўғри рейслар
- Қурбонлик хизматлари
- Мино, Муздалифа ва Арафот водийларида ҳам 3 маҳал иссиқ овқат ҳамда роҳат билан ибодат қилиш қулай жойлар ҳозирланади.
Икки йиллик танаффусдан сўнг, ҳаж сафарига йўл очилгани учун Аллоҳ таолога шукроналар айтамиз ва зиёратчиларимизга ҳажлари мабрур бўлсин, деймиз.
Жабборов Музаффар,
Тошкент шаҳридаги "Фотимаи Заҳро"
жоме масжиди имом-хатиби
Ким йўлга қодир бўлса...
Ҳаж ибодати Ислом динининг беш рукнидан бири ҳисобланади. Унинг фарзлигига Қуръони Каримнинг Оли Имрон сураси, 97 – ояти далил бўлади. Унда: “Одамлардан йўлини топганларига Аллоҳ учун байтни Ҳаж қилмоқ бурчдир. Кимки куфр келтирса, Аллоҳ оламлардан беҳожатдир” дейилган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилан ҳадисда эса бундай дейилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга хутба қилиб: “Эй одамлар! Батаҳқиқ, Аллоҳ сизга ҳажни фарз қилди. Бас, ҳаж қилинг!” дедилар.
Шунда бир киши: “Ҳар йилими, эй Аллоҳнинг Расули!” деди.
Бас, у зот ўша гапни уч марта айтгунча жим турдилар. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳа, десам, вожиб бўлиб қолар эди ва қодир бўлмас эдингиз”.
Сўнгра: “Сизни тарк қилган нарсамда мени тек қўйинг. Албатта, сиздан олдин ўтганлар саволларининг кўплиги ва анбиёларига ихтилоф қилганлари туфайли ҳалок бўлганлар. Қачон сизга бир ишни амр қилсам, уни қудратингиз етганича қилинг. Қачон сизни бир нарсадан наҳий қилсам, уни тарк қилинг”, дедилар” (Муслим ривояти).
Демак, ушбу оят ва ҳадисда кимки йўлини топса яъни қодир бўлса дейилмоқда. Шу боис қодир бўлишлик шартларини билиб олишимиз зарур. Уломаларимиз ҳаж шартлари деб қуйидагиларни келтирадилар:
- Мусулмон бўлиши шарт. Чунки ҳаж шарафли иш, бу шараф мусулмонларга хос.
- Балоғатга етган бўлиши шарт. Ёш болалардан гуноҳ содир бўлмайди. Уларга ёшлиги этиборидан шаръий таклифлар ҳам қилинмайди.
- Оқил бўлиши шарт. Шариатимиз ақлга асосланган. Ақли йўқ кишиларга таклиф ҳам йўқ.
- Қодир бўлиши шарт. Ҳаж фарз бўлиши учун ўзидан ва оиласи ҳожатидан ошиқча ҳажга бориб келишига етарли маблағ бўлиши керак. Пули камларга ҳаж фарз эмас, чунки Аллоҳ бандани тоқатидан ташқари ишга такдлиф қилмайди.
- Соғ – саломат бўлиши шарт. Баъзи ибодатлар баданий, баъзилари эса молиявий бўлади. Ҳаж ибодати эса ҳам баданий, ҳам молиявий ибодати ҳисобланади. Ҳаж машаққатлар иборат бўлгани учун унга мустаҳкам соғлик керак. Шу сабабли касал кишиларга ҳаж фарз бўлмайди.
Ҳанафий фақиҳлари ҳажнинг фарз бўлишида саломатликни алоҳида эътибор қилганлар. Мана шу шартга кўра, ногирон, шол, сафар қийинчилик ва машаққатларига бардош бера олмайдиган кишиларга ҳаж фарз бўлмайди.
- Ҳажни ҳукумат ман қилмаган бўлиши шарт. Яъни ҳукумати бирор сабабга кўра ҳаждан аҳолисини ман қилган бўлса, шу ер аҳолисига ҳам ҳаж фарз бўлмайди. Шунингдек, қамоқдаги кишиларга ҳам ҳаж фарз бўлмайди.
- Йўлда омонлик бўлиши шарт. Яъни, йўлда ҳожининг ўзига ҳам, молига ҳам ҳеч қандай хавф – хатар бўлмаслиги керак. Чунки, Аллоҳ бандаларини хавф – хатар остига қўйиб ибодатга чорламайди. Йўлда омонлик дегани қуруқлик, сувлик ва ҳавони ўз ичига олади.
- Аёл кишига маҳрам бўлиши шарт. Маҳрам деганда эри ҳамда никоҳи ҳаром бўлган бошқа эркак қариндошлари тушунилади. Чунки ҳаж машаққатли сафар. Шундай пайтда аёл қийналиб қолади. Агар мазкур шартлар бўлмаса, кишига ҳаж фарз бўлмайди. Ҳажга отланган киши ҳаж илмини яхши ўрганмоғи, бир олимни лозим тутмоғи, ҳаж ҳукмлари баён қилинган бир китобни олиб юрмоғи лозим.
ЎМИ Матбуот хизмати
Либос – қалб кўзгуси!
Либос ҳар бир инсоннинг ҳаё, ор ва номусининг тарбияси ифодасидир. Кишининг кийимига қараб унинг эътиқоди, дунёқараши ва ахлоқини билиб олса бўлади. Инсоннинг ҳаёси қанчалик кучли бўлса, устидаги либоси ҳам шунга яраша бўлади. Кишининг ҳаё ва итоати камайганда либослари қисқаради. Ҳаёси кучайганда эса либослар ҳам шунга яраша бўлади.
Бунинг мисолини Одам алайҳиссаломнинг яратилиш воқеаларида кўришимиз мумкин. Одам алайҳиссалом ва Ҳавво онамиз таъқиқланган мевадан еб қўйган пайтларида уларнинг аврати очилиб қолди. Лекин, улар дархол ўз тана аъзоларини дарахт барглари билан тўса бошладилар. Хўш айтингчи, улар уят, ор-номус ва авратни яшириш деган билимларни қаердан ўргандилар? Ҳеч қаердан! Аксинча, Аллоҳ таоло уларни яратишдаги соф фитратларида бу нарсалар билан бирга яратди. Демак, уят, ор-номус ва авратни ёпиш каби тушунчалар азал-азалдан бутун инсониятнинг қон қонига сингиб кетган ҳислатдир.
Аллоҳ таоло либосга бир нечта хусусиятларни берди. Жумладан, либос – кишининг жисмидаги барча кўринишдаги айб ва нуқсонларни ўзгалар кўзидан яширади. Либос кишининг танасини ҳар қандай об-ҳавода ҳимоялайди ва роҳатлантиради. Либос – кишига кўрк ва виқор беради.
Либос ҳақида Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган: “Эй одам болалари! Биз сизларга авратларингизни беркитадиган либосни ҳам, ясан-тусан (либосини) ҳам туширдик. (Ҳаммасидан) яхшироқ либос тақво либосидир...” (Аъроф сураси, 26-оят). Ушбу оятда Аллоҳ таоло либос ҳақида сўзлаганда энг аввало авратни ёпадиган либосни зикр қилди. Демак, ҳар бир эркак ва аёл учун либосдан кўзланган энг асосий мақсад, авратни ёпишликдир. Қолаверса, либосни аврат беркитиш шартларини бажарган ҳолда зийнат учун ҳам кийиш мумкин. Аксинча, авратга эътибор қаратмасдан фақатгина зийнат сифатида кийиш эса мумкин эмас.
Ислом шариатида ибодат учун ҳам маросим учун ҳам махсус бир либос хосланмаган. Модомики, авратни ёпар экан, маън қилинмаган матодан фойдаланилмас экан ёки эркак ва аёллар учун махсус хосланмас экан, нажосатдан ҳоли бўлиб покиза бўлган либосдан унинг шакли, рангги ва туридан қатъий назар бемалол фойдаланса бўлади.
Мусулмон инсон учун ҳар бир амалда суяниши лозим бўлган ягона мезон бу шариат мезонидир. Бунда кишиниг бирор бир миллат ёки қавмга тақлид қилиб, уларнинг кийимини ўзига хослаб олиши мақталган иш эмас!
Таъкидлаб ўтиш лозимки, киши ўзи яшаётган жамият, замон ва маконда кўпроқ урф бўлган либослардан фойдаланиши мақсадга мувофиқдир. Чунки, кийилган кийим ҳарирлиги, торлиги ва алвонлиги билан ўзгалар эътиборини тортмаслиги шартдир!
Қолаверса, кишининг кийган либоси унинг фахрланишига, ўзидан ажабланишига сабаб бўлмаслиги зарур. Агар қайсидир рангни танлашга тўғри келган тақдирда ҳам, суннатга мувофиқ оқ рангларни танлаш маъқулдир. Чунки Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тавсия қилиб шундай деганлар: “Оқ либосларингизни кийинглар. Чунки, у либосларнинг яхшисидир..”. (Имом Абу Довуд ва Термизий ривояти)
Агар киши кийинишда кимгадир тақлид қилгиси келса яхши инсонларга ўхшаб кийиниши мақсадга мувофиқдир. Чунки, Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: "Ким ўзини бир қавмга ўхшатса, у ҳам ўшалардандир", (Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривояти) Яъни, кимки кийиниш ёки бошқа нарсаларда ўзини кофирларга, ёки фосиқ-у фожирларга ё бўлмаса тасаввуф аҳлига ёки солиҳ зотларга ўхшатса, гуноҳда ҳам, яхшиликда ҳам улар билан бир хил бўлади. Имом Тибий роҳимаҳуллоҳ ушбу ҳадис ҳақида шундай деган: "Ушбу ҳадис хулқ-атворга ҳам, тана аъзоларига ҳам, кийинишларига ҳам тегишлидир. Ўзини ўхшатиш асосан кийинишга тегишли бўлгани учун мазкур ҳадис айнан "Либослар" бобида келтирилган". Менинг фикримча, ҳадисда айнан ўзга дин вакилларининг ибодат либосларини кийиш назарда тутилган, бошқаси эмас. Чунки, тана аъзоларига нисбатан ўхшашликни тасаввур қилишни имкони йўқ. Хулқ-атворга нисбатан эса "ўзини ўхшатиш" деган сўз ишлатилмайди, аксинча "хулқланиш" сўзи ишлатилади.
Бу борада ажойиб бир ҳикоя келтирилади. Унда шундай дейилади: "Аллоҳ таоло Фиръавн ва унинг оиласини ғарқ қилганда, унинг масхарабозини ғарқ қилмаган экан. У масхарабоз кийинишда ҳам, гапиришда ҳам ўзини Мусо алайҳиссаломга ўхшатиб, гапирар ва масхара қилар экан. Фиръавн ва унинг одамлари унинг бу қилиқларидан мириқиб кулар экан. Шунда Мусо алайҳиссалом Аллоҳга ёлвориб: "Эй Раббим, бу одам Фиръавннинг яқинларидан ҳам кўра кўпроқ менга азият берар эди" деганларида Аллоҳ таоло шундай жавоб қилган экан: "Биз уни чўктирмадик. Чунки, у сенинг кийимингга ўхшаш кийим кияр эди. Суйган киши суюклигининг кўринишида бўлган кишини азоблармиди?".
Ўзингиз ўйлаб кўринг, нияти бузуқлик бўлса ҳам, ўзини ҳақ йўлидагиларга ўхшатган киши бу дунёда нажотга эришибди. Охиратдаги ҳолини Аллоҳ билади.
Энди улуғлаш, ҳақиқий ҳурмат қилиш юзасидан ўзини Аллоҳнинг пайғамбарлари ва дўстларига ўхшатган киши ҳақида гапиришга тил ҳам қалам ҳам ожиздир!
Хулосада шуни айтиш мумкинки, ҳеч бир ҳалқ юриш-туриш ва кийиниш ва бошқа масалаларда бизга намуна эмас. Намуна эса, миллати ва ирқидан қатъий назар солиҳ кишилар ва Аллоҳнинг дўстларидир.
Шонли тарихимизда эса, биз учун ўрнак бўладиган бундай аждодларимиз жуда ҳам кўп. Агар кимгадир ҳавас қилиш керак бўлса, кимгадир тақлид қилиш зарур бўлса Ислом оламида ўчмас из қолдирган аждодларимиз – ота-бобларимиз, момою бувиларимизга тақлид қилайлик, ўз тарихимизни ўрганайлик...
ЎМИ Тошкент вилояти
вакиллиги масъул котиби:
Ё. Исломов