muslim.uz

muslim.uz

Бухоро сафари давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим мудири, “Шайх Зиёвуддинхон” масжиди имом-хатиби Эрдон Эсонов Бухоро шаҳридаги “Халифа Худойдод” масжидига ташриф буюриб, пешин намозини жамоат билан адо этиб, йиғилганларга “Шукроналик – энг олий неъмат” мавзусида маъруза қилиб бердилар.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло инсонни мукаррам қилиб яратиб, унга сон-саноқсиз неъматлар ва туганмас яхшиликларни ато қилди. Бу неъмат ва яхшиликлари билан инсонни бошқа яратилганлардан афзал қилди. Агар бандалар шукр қилсалар, уларга неъматларини зиёда қилишини ваъда қилди ва итоат қилсалар бу неъматлар давомийлиги ва боқийлигининг кафолатини берди.

Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангиз, сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан еб, Унга шукр қилингиз!” (Бақара сураси, 172-оят).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шукр ҳақида бундай деганлар: “Ким озига шукр қилмаса, кўпига ҳам шукр қилмайди. Ким инсонларга ташаккур айтмаса, улардан миннатдор бўлмаса, Аллоҳ таолога ҳам шукр қилмайди. Неъматлар ҳақида гапириш – шукрдир. Уни гапирмаслик эса –ношукурликдир. Жамоат билан юриш – раҳматдир. Ёлғизлик эса – азобдир”, – дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

Демак, бирор нарсага етиша олмаган одам, аввало, ўзидаги мавжуд нарсаларга назар солиш ва борига шукр қилиш лозим.

Маърифий суҳбат давомида намозхонлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди, якунда хайрли дуолар қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

الثلاثاء, 07 أيلول/سبتمبر 2021 00:00

Мусулмон киши Ватанини севиб, қадрлайди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси маслаҳатчиси, “Ҳазрати Али” масжиди имом-хатиби, таниқли уламо Салоҳиддин домла Шарипов пешин намозига Бухоро шаҳридаги “Сайфиддин Боҳарзий” масжидига ташриф буюриб, йиғилганларга маъруза қилиб бердилар.

Маърифий суҳбат давомида “Юртга садоқат, неъматлар шукри” мавзусида маъруза қилдилар.

Дарҳақиқат, исломда Ватанга муҳаббат бу – туғилиб ўсган юртини эъзозлаш, унинг равнақи учун бор имкониятини сарф қилишдир! Мусулмон киши Ватанини севади! Унинг иқболи учун ҳаракат қилади, уни ҳимоя қилади, хурсанд бўлса – хурсанд, хафалик етса – қайғуради. Шунинг учун ҳам киши ўз юртидан узоқлашганда, уни қумсайди ва соғинади.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “(Эй Макка), сендан кўра менга севимлироқ ва суюклироқ шаҳар йўқ! Агар қавмим мени сендан чиқармаганида, асло сендан бошқа жойни макон тутмасдим”, деганлар (Имом Термизий ривоятлари).

Инсоннинг ўз Ватани олдида бир неча вазифалари бўлиб, уларнинг энг муҳимлари учтадир: Ватаннинг ҳаққига дуо қилиш, Ватан ободлиги учун моддий ва маънавий ҳисса қўшиш, Ватанда фасод ва бузғунчилик ишлари билан машғул бўлмаслик.

Таъсирли маъруза сўнгида юрт тинчлиги, халқ фаровонлигини сўраб дуои хайрлар қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Таниқли уламо, Тошкент шаҳар “Убай ибн Каъб” масжиди имом-хатиби Абдуҳаким қори Матқулов Бухоро вилояти сафаринининг илк ташрифини Бухоро шаҳридаги “Волидаи Абдулазизхон” жоме масжидидан бошлади. Дастлаб масжид жамоати пешин намозини адо этди. Сўнгра қавм мавъиза тинглади.

Маърифий учрашувда Абдулҳаким қори юртимиз Истиқлолининг 30 йиллик тўйи билан йиғилганларни қутлаб, ушбу йилларда юртимизда амалга оширилаётган диний-маърифий ислоҳотлар, диний соҳа ходимларига кўрсатилаётган эҳтиром ва имкониятлар ҳақида сўзлаб, шукр фазилати ҳақида таъсирли мавъиза қилиб бердилар.

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир қанча оятларида шукр қилувчиларни мадҳ қилган. Жумладан, Бақара сурасида шундай марҳамат қилди: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангиз, сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан еб, Унга шукр қилингиз!” (Бақара сураси, 172-оят).

Саид ибн Жубайр разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши шундай деганлар: “Бандаларнинг Аллоҳ таолога севимлироғи шукрли ва сабрли бандадир – мусибат келса, сабр қилади, неъмат берилса, шукр қилади” (Имом Аҳмад ва Имом Табарий ривоятлари).

Якунда юрт тинчлиги, халқ фаровонлигини сўраб хайрли дуолар қилинди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

الإثنين, 06 أيلول/سبتمبر 2021 00:00

Тинчлик-осойишталикни Аллоҳ буюрган

Тинчлик – барча эзгусевар халқларнинг, шунингдек ўзбек халқининг ҳам азалий орзуси бўлиб келган. Тинчлик инсонпарвар ва бағрикенг халқимизнинг тили ва дилидан мустаҳкам жой олиб, энг олий қадрият деб қаралган. Обод турмушни акс эттирувчи муқаддас динимиз,қадриятларимиз, миллий урф-одат ва расм-русумларимизбевосита хотиржамлик силсиласига узвий боғлиқдир.

Халқимиз тинчлик ва осойишталикни истаб кундалик ҳаётида қатор диний ва миллий фазилатларни амалга оширади. Жумладан:

Улар кўришганида салом беради. Бу бир-бирларига тинчлик, омонлик тилаш рамзидир.

Дуо қилса, Яратгандан хонадонларимизни тинч, юртимизни обод қилгин деб юзига фотиҳа тортади.

Ҳар бир яхшилик, эзгулик устида тинчлик бўлсин дея, келажак учун яхши ниятлар қилади.

Тўй-тантаналарда тўйлар бўлаверсин дейди, чунки тўй тинч ва фаровон кунлар боис ўтадиган маросимларнинг сараси саналади.

Оилада янги меҳмон туғилса, гўдакка узоқ умр, баланд мартаба, унинг бахт-саодати, икки дунё обрўсини сўраб илтижо қиладилар. Шу илтижолар замирида фақат тинчлик сўралади.

Инсониятга ислом неъматини етказишга восита бўлган ваҳий – Қуръони каримнинг ахлоқий қисми оқибат, раҳм-шафқат, меҳрибонлик, камтарлик, ҳавойи нафсдан воз кечиш, ҳурмат ва тинчликка асосланган. Ана шу илоҳий кўрсатмаларга амал қилувчи мусулмонлар ҳамиша раҳм-шафқатли, адолатпарвар, инсонпарвар, ахлоқ-одоби мукаммал ва софдил бўлиб келган.

Тинчлик-осойишталик қарор топган жойда инсоннинг оиласи тинч, турмуши обод, келажаги порлоқ бўлиши, ҳаёт тизими бир маромга тушиб, тараққий топиши аниқ ва мақсадли экани барчага маълум. Бундай неъмат ортида фақат шукроналик ва итоат ётади. Албатта бу каби ахлоққа эга бўлган  соф мақсадли инсон, айта оламизки, барча аъзоси билан миннатдорлик ва манфаатдорлик хазинасига ҳаёти давомида эга бўлади.

Инсонга кундалик ҳаёти учун зарурий воситалардан бўлмиш мол-мулк, ҳовли-жой, уй-рўзғор буюмлариданда муҳим бўлган тана таянчларини доимий тинчлик-осойишталик, барқарорлик билангина мунтазамлигини таъминланади. Акс ҳолда йўқлик, парокандаликка учрайди. Шу боис бўлса керак барча мулкдор шахслар тинч мамлакатларни ўзига ихтиёр қилади.  Демак, мол-мулк, ҳовли-жой, уй-рўзғор буюмлари бус-бутун бўлишлиги учун шукрона айтиш билан бирга уни тинч-омон сақлашлик ҳам инсон фарзанди имконият топади.

Айтиб ўтган барча фикрларимизни Аллоҳ таоло бандаларини ўзаро иттифоқликда, аҳилликда, тинчлик-омонликда яшашга даъват этиб: “Агар мўминлардан икки тоифа ўзаро урушиб қолсалар, дарҳол  улар ўртасини ислоҳ этингиз!” (Ҳужурот, 9) деган инсонпарварлик амр-фармонини баён этади.

 

Абдулҳай ТУРСУНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Наманган вилоят вакили

 
 

 

Суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг 21-авлоди бўлган Маҳдуми Аъзам ҳазратлари 1464 йилда Косон шаҳрида таваллуд топганлар. Илк сабоқни Косонда олганлар. Мадрасани хатм қилгач, шайх Мир Саййид Алига шогирд тушиб, фиқҳ илмини, тариқат илмини эгаллайдилар. Сўнг Тошкентга келиб Хожа Аҳрор валининг шогирдлари Муҳаммад қозига халифа бўладилар. Устозлари билан Ҳиротга сафар қиладилар. Ана шу сафар чоғида тариқат пешволаридан бири, Ҳиротдаги нақшбандийлик тариқати пири Абдураҳмон Жомий ҳазратлари билан учрашадилар. Икки уламонинг суҳбати ҳар бирларининг қалбларида меҳр уйғотади.

Маҳдуми Аъзам ҳазратлари 1503 йилда Бухорога кўчиб келадилар. Бироз вақт ўтгач, устозлар томонидан Ахсикентга бориб тариқатни ёйиш ишига даъват қилинадилар ва у ерда шу иш билан машғул бўладилар.

Муҳаммад қозининг вафотидан кейин тариқат шайхлари Маҳдуми Аъзам ҳазратни ўз пешволари сифатида эътироф этишади ва у зот шундан сўнг бутун Мовароуннаҳр ва атрофдаги мамлакатларга довруғ таратдилар. Жуда кўпгина подшоҳлар, шаҳзодалар келиб Маҳдуми Аъзам ҳазратга мурид бўла бошладилар. Мирзо Бобур Маҳдуми Аъзам ҳақларида рубоий битганлар. Маҳдуми Аъзам ҳам Мирзо Бобурга бағишлаб “Бобурийя” номли асар ёзиб, Ҳиндистонга жўнатганлар. Мирзо Бобурдан кейин ҳукмронлик қилган Шайбонийхон ва унинг авлодлари Маҳдуми Аъзамни ўзларига пир тутишган.

Маҳдуми Аъзам тасаввуф назарияси ва амалиётини, хусусан, нақшбандийлик таълимотини ривожлантирганлар, бу эса, у кишининг катта хизматлари ҳисобланади. У зотнинг ўндан ортиқ асарлари бизгача етиб келган.   

Маҳдуми Аъзам ҳазрат бу асарларида тариқат аҳлининг вазифалари, одоблари, пир ва муршид орасидаги муносабат, шунингдек, аҳли тариқат ҳамда подшоҳлар, амалдорлар орасидаги одоб, муносабат қоидаларини ҳам баён қилганлар. Маҳдуми Аъзам ҳазрат аҳли тариқатни халққа яқинлаштириш борасида катта хизматлар қилганлар.

Маҳдуми Аъзам ҳазрат 78 йил умр кўриб, 1542 йил вафот этганлар ва умрлари сўнгида яшаган ҳозирги Самарқанд вилояти Оқдарё тумани ҳудудидаги Даҳбед қишлоғига дафн қилинганлар. Ривоят қилишларича, Самарқанд ҳукмдори Жонибек Султон томонидан Самарқандга таклиф этилган ва султоннинг ўғли Искандар Султон ўз пири деб эъзозлаган Маҳдуми Аъзам ҳазрат бу қишлоққа кўчиб келганларида ўн туп тол эккан эканлар ва қишлоқ кейинчалик шу ўн туп тол номи билан “Даҳбед” (“Ўн тол”) деб аталиб кетган экан. Маҳдуми Аъзамнинг қабрлари турли ўлкалардан келувчи зиёратчилар учун муборак зиёратгоҳга айланган ва турли йилларда ҳукмдорлар бу ерда турли иншоотларни қурдирганлар.

 “Инсоннинг вазифаси Аллоҳ таоло томонидан унинг измига берилган тириклик оламини яшнатишдан, бу дунё неъматларидан келгуси авлодларни ҳам баҳраманд килишдан иборатдир”.

Кечагина вафот этган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Темирхон ўғли Алимовнинг вафоти Она-Ватанимизнинг ҳар бир фуқароси учун оғир жудолик бўлди. У киши буюк инсон Саидаҳмад ибн Жалолиддин – Махдуми Аъзамнинг авлодларидан эдилар.

Усмонхон Алимов ҳаёти, фаолияти, халқимизга ва муқаддас динимизга хизматлари билан Муқаддас Қуръони Каримга ва суюкли Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига содиқ бўлганлар орасидандир, инша Аллох. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Айтинг: Менинг намозим, ибодатим, ҳаётим ва вафотим оламнинг Роббиси Аллоҳ учундир!” (Анъом сураси, 162-оят).

Ҳазрат  2012 йилда Ислом олами уюшмаси таъсис мажлисининг аъзоси ҳамда Бутундунё уламолар кенгаши аъзоси этиб сайланди. Сўнгги йилларда Иорданиянинг Исломий стратегик тадқиқотлар маркази томонидан эълон қилинадиган “Жаҳоннинг энг нуфузли 500 мусулмони” рўйхатидан муносиб ўрин эгаллади.

Ҳазрат исломнинг барча илмлари соҳасида тан олинган беназир олим эди. Унга Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг фахрий доктори унвони берилган эди. Муфтий ҳазратнинг қаламига мансуб “Тафсири Ирфон” асари Қуръони карим маъноларини она тилимизда маҳорат билан акс эттирган муҳташам китобдир.

Олимнинг “Имом Бухорий – муҳаддислар султони”, “Ҳазрати Имом”, “Ёшлар – келажагимиз”, “Расулуллоҳнинг муборак васиятлари”, “Оилада фарзанд тарбияси” каби ўнлаб китоблари, юздан зиёд илмий-оммабоп мақолалари эл-юртимиз ўртасида маълум ва машҳур бўлди.

Халқимизнинг ажойиб фарзанди, машҳур уламо, атоқли жамоат арбоби, ёшларнинг меҳрибон устози, камтарин ва самимий инсон Усмонхон Алимов ўзининг бобоси Махдуми Аъзам тутган йўлига ҳаёти давомида садоқат билан хизмат қилди. Нафақат Ўзбекистон мусулмонлари идорасида, балки Она-Ватанимиз барча-барча каттаю-кичик, эркагу-аёлга, илмлигу-илми ҳали етарли бўлмаганларга бирдек камтарона муносабатда бўлар эди. Уламолар,                                           имом-домлалар, мударрислару-устозлар ва талабаларга бирдек ғамхўр эди.

Усмонхон Алимовнинг ўлими барчамиз учун оғир мусибат бўлди.

Аллоҳ таоло Ҳазратни раҳматлари билан мукофотласин. Қилган хайрли, эзгу ишларининг ажрларини ўзларига ҳамроҳ қилсин. Барҳақ дини – дини Ислом йўлида хизматларимизни давомли этсин. Омин, ё Раббал-оламиин!  

 

Жалолиддин Нуриддинов 

Top