muslim.uz

muslim.uz

بسم الله الرحمن الرحيم

الحمد لله رب العالمين، والصلاة والسلام على خاتم النبيين، وعلى إخوانه الأنبياء والمرسلين، وعلى آله وصحبه أجمعين، أَمَّا بَعْدُ

ЁШЛАРНИ ИЖТИМОИЙ ИЛЛАТЛАРДАН САҚЛАЙЛИК!

Муҳтарам жамоат! Маълумки, жамиятнинг ривожи ёшларимизнинг ақлий, илмий ва жисмоний салоҳиятига боғлиқдир. Айниқса аҳолисининг салмоқли ҳиссасини ёшлар ташкил этадиган юртимизда бу масаланинг аҳамияти янада катта. Албатта, Ватанимизнинг тараққиётига ҳисса қўша оладиган ёшлар ўз-ўзидан етишиб чиқмайди. Балки уларнинг тарбияси, таълими билан шуғулланиш, уларни билим-маърифатга қизиқтирадиган шароитлар яратишимиз керак бўлади. Шу билан бирга уларни олий мақсадлардан чалғитувчи ёмон иллатлардан ҳимоя қилиш ҳам шаръий бурчимиздир.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадиси шарифларининг бирида шундай деганлар: “Яхши ҳамсуҳбат билан ёмон ҳамсуҳбатнинг мисоли мушки анбар сотувчи билан темирчининг босқонига ўхшайди. Мушки анбар сотувчи атридан совға қилиши ёки ундан сотиб олишингиз, ҳеч бўлмаса унинг хушбўйидан баҳра олишингиз мумкин. Аммо темирчининг босқони эса, ё кийимингизни куйдиради, ҳеч бўлмаса тутуни димоғингизни ачитади” (Имом Бухорий ривоятлари).

Қуйида ёшларимизни ҳимоя қилишимиз керак бўлган бир нечта иллатларни санаб ўтамиз:

  1. Вақтни бекор ўтказиш. Инсон умри – унинг энг қимматли бойлигидир. Мана шу бойлигини исроф қилган, ундан унумли фойдаланмаган киши икки дунёда ҳам обрў топмайди. Албатта, Аллоҳ таоло инсонга эслатма-ибрат олгудек умр беради, лекин бу умрни бекорга совуриш охирида қаттиқ пушаймонликка сабаб бўлади. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади:

وَهُمْ يَصْطَرِخُونَ فِيهَا رَبَّنَا أَخْرِجْنَا نَعْمَلْ صَالِحًا غَيْرَ الَّذِي كُنَّا نَعْمَلُ أَوَلَمْ نُعَمِّرْكُمْ مَا يَتَذَكَّرُ فِيهِ مَنْ تَذَكَّرَ وَجَاءَكُمُ النَّذِيرُ

яъни: “Улар у жойда: “Парвардигоро, бизларни (азобдан) чиқаргин – бизлар қилиб ўтган амалларимиздан бошқача яхши (амалларни) қилайлик!” – деб фарёд қилурлар. Ахир, Биз сизларга эслатма оладиган киши эслатма олгудек узун умр бермаганмидик?! Сизларга огоҳлантирувчи (пайғамбар) ҳам келган эди-ку!...” (Фотир сураси 37-оят).

Пайғамбаримиз алайҳиссалом ёшлик кишининг камолот касб этадиган, кўп ютуқларга эришадиган вақти эканига таъкидлаб шундай дейдилар:

اغتنم خمسا قبل خمس : شبابك قبل هرمك وصحتك قبل سقمك وغناك قبل فقرك وفراغك قبل شغلك وحياتك قبل موتك  

(رواه الامام الترمذي )

 яъни: Беш нарсани беш нарсадан олдин ғанимат билинг: кексаликдан олдин ёшликни, касалликдан олдин саломатликни, камбағалликдан олдин бойликни, бандликдан олдин бўш вақтни, ўлимдан олдин тирикликни ғанимат билинг! (Имом Термизий ва Имом Байҳақийлар ривоят қилишган).

Демак, ёшларимиз ҳаётининг баҳори бўлган даврни турли бекорчи ўйин-кулгу ва гуноҳ ишлар билан эмас, балки билим-маърифат ва касб эгаллаш, ибодат ва савобли ишлар билан ўтказиши керак. Тарихда ном қолдирган барча улуғлар ёшлигини ғанимат билган, ўша даврда керакли билим ва малакани ўзлаштирган зотлардир.

  1. Қимор ва турли ақлни кетказувчи нарсаларни истеъмол қилиш. Барчамизга маълумки, гиёҳванд моддалар ва қимор – ёшларимизнинг келажагини барбод қилувчи нарсалардандир. Қандай қилиб бўлса ҳам, ичишга, чекишга ва қиморга пул топиш пайига тушган киши ҳар қандай разилликка қўл уриши мумкин. Кўпинча бу иллатларнинг охири ўз жонига ёки ўзганинг жонига қасд қилиш билан якунланади. Мазкур иллатларнинг барчаси Қуръони каримнинг битта оятида ҳаром қилинган:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا إِنَّمَا الْخَمْرُ وَالْمَيْسِرُ وَالْأَنْصَابُ وَالْأَزْلَامُ رِجْسٌ مِنْ عَمَلِ الشَّيْطَانِ فَاجْتَنِبُوهُ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ

яъни: “Эй, имон келтирганлар! Албатта, май (маст қилувчи ичимликлар), қимор, бут-санамлар ва (фол очадиган) чўплар шайтоннинг ишидан иборат ифлосликдирки, ундан четланингиз! Шояд (шунда) нажот топсангиз” (Моида сураси 90-оят).

Кейинги пайтларда интернет (ижтимоий тармоқлар)да қимор ўйинлари сезиларли даражада кўпайди. Қимор ўйнаб хонавайрон бўлган, чиқиб бўлмас кўчага кирганлар талайгина. Бу кишилар бошқаларга ибрат бўлиши керакки, Аллоҳ таоло ҳаром қилган ишларни қилишнинг охири войдир! Шу ўринда ижтимоий тармоқларда зўр бериб қиморни тарғиб қилаётган блогерларга эслатамизки, уларнинг рекламаси сабаб ким қиморга қўшилса, уларнинг гуноҳига  ўша блогерлар ҳам тенг шерик бўладилар.

  1. Маънавий бузуқликлар. Авваллари содда кўринишда бўлган маънавий бузуқликлар бугунги кунда замонавийлашиб, ижтимоий тармоқда кенг тарқалиб кетди. Ёш авлодни фаҳш домига осонгина тортадиган турли сайт ва каналлар мавжуд. Ёшлигидан бундай виртуал зинога мубтало бўлган ёшларнинг онгидан бу разолатнинг чиқиб кетиши жуда қийин бўлади. Зинонинг ёмонлиги шундаки, жамиятнинг асоси бўлган оилага жиддий ва катта путур етади. Оила қуриб ҳалол покиза яшашнинг аҳамияти камаяди. Насл-насаб бузилади. Шу сабабли динимизда бу катта гуноҳ ҳисобланади. Бирорта илоҳий динларда зино ҳалол бўлган эмас. Ҳатто Пайғамбаримиз алайҳиссалом зинонинг ёмонлигини баён қилиб, шундай деганлар:

لايزني الزاني وهو مؤمن

яъни: “Зинокор мўмин ҳолида зино қилмайди” (Имом Муслим ривоятлари).

  Фарзандларимизни бу балодан қутқаришнинг янг яхши йўли, уларни доим назорат қилиб туриш, ёмон дўстларга қўшилиб қолишдан сақлаш, солиҳ инсонлар билан дўстлашишига ёрдамлашиш, бўш вақтларини турли фан ва спорт тўгаракларида ўтишини таъминлашдир.

  1. Шафқатсизлик, қотиллик. Кейинги пайтларда ёшлар ўртасида муштлашув, пичоқбозлик, бир-бирини шафқатсизлик билан калтаклаш ва жонига қасд қилиш вақти-вақти билан учраб турибди. Бу ишларни гуруҳ-гуруҳ бўлиб қилиш янаям ёмонроқ натижаларга олиб келмоқда. Динимиз эса, нафақат инсон, балки ҳайвонларга ҳам меҳр-шафқат билан ёндашишга буюради. Аллоҳ таоло машриқу мағрибдаги барча мўмин-мусулмонларни диндош ака-укалар деб эълон қилган. Агар улар ўзаро келишмай қолсалар, уларнинг ўрталарини ислоҳ қилиш савобли иш бўлиб, мўминларни нажот топишига сабаб бўлади. Қуръони каримда бу ҳақда шундай дейилади:

 إِنَّمَا الْمُؤْمِنُونَ إِخْوَةٌ فَأَصْلِحُوا بَيْنَ أَخَوَيْكُمْ وَاتَّقُوا اللَّهَ لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُونَ

яъни:Албатта, мўминлар динда ўзаро биродардирлар. Бас, сизлар икки биродарингиз ўртасини тузатиб қўйингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, шояд, раҳм қилинсангиз(Ҳужурот сураси 10-оят).

Фарзандларимизни мўмин-мусулмонларга кечиримли, шафқатли, дўст бўлиб ўсиши учун керакли тарбия ва эътиборни беришимиз керак. Чунки динимизда Аллоҳ йўлида дўст-биродар бўлиш савобли ишлардан ҳисобланади.

Қуръони каримда мўмин бандани қасддан ўлдиришнинг жазоси жаҳаннам экани баён қилинади:

 وَمَنْ يَقْتُلْ مُؤْمِنًا مُتَعَمِّدًا فَجَزَاؤُهُ جَهَنَّمُ خَالِدًا فِيهَا وَغَضِبَ اللَّهُ عَلَيْهِ وَلَعَنَهُ وَأَعَدَّ لَهُ عَذَابًا عَظِيمًا

яъни: “Кимда-ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яна унга Аллоҳ ғазаб қилгай, лаънатлагай ва унга улкан азобни тайёрлаб қўйгай” (Нисо сураси 93-оят).

Демак, икки мусулмонни гиж-гижлаш, уларни уруштириш эмас, балки уларни ўрталарини келиштириш, яраштириш мақтовга сазовор ишдир.

  1. Динни нотайин кишилардан ўрганиш. Кейинги йилларда ёшларимизни тўғри йўлдан чалғишига сабаб бўлган омиллардан бири ижтимоий тармоқларда беркиниб олган кимсалардан илм олишларидир. Дин илмини ҳар кимдан олинмайди. Уни насл насаби маълум, устози, мазҳаби, эътиқоди маълум кишилардан олинади. Гапираётган гапи бошқа мақсади бошқа одамлар умматга катта зарар келтиради. Мусулмонларни фирқаларга бўлиб ташлайди. Яқинда қўл телефонларига мусулмонларни фитнага солаётган Абу Салоҳ, Абдуллоҳ Зуфар номли кишиларнинг марузаларини телефонда сақлаш, тарқатиш жавобгарликка сабаб бўлиши ҳақида огоҳлантириш келди. Бундан тегишли хулоса чиқариб жавобгарликка сабаб бўладиган ишни қилиб, ўзимизни ҳам, яқинларимизни ҳам ташвишга қўймайлик. Таъкидлаш жоизки, айрим кишилар келган хабарга қизиқиб номи зикр қилинган кимсаларнинг видео, аудиоларини қидириб кўришмоқда. Бу хато устига хатодир. Асло бундай қилмаслик керак. Динни ишончли, эътиборли, ҳамма эътироф қилган устозлардан ўрганиш тўғри йўлдир.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, ҳозирги кунда баъзилар фарзандларини ўқитиш учун чет элларга олиб бориб, уларни ўзга юртда қаровсиз ҳолда ташлаб келмоқдалар. Натижада, фарзандлари илм олишни ўрнига бефойда ишлар, кимлиги номаълум дўстлар билан қимматли вақтини беҳуда сарфламоқда. Шунингдек, баъзилар эса, фарзандини чет элдаги кимлиги аниқ бўлмаган, эътиқоди ва дину диёнати номаълум шахсларга шогирдликка топшириб келмоқдалар. Шуни унутмаслик керакки, фарзанд баркамол ва эл-юртга хизмат қилиши учун унинг устозини аввало тўғри йўлда ва эътиқодда адашмаган бўлиши ҳамда соҳа мутахассислари томонидан эътироф қилинган шахс бўлиши катта аҳамият касб этади.

Агар устознинг ўзи тарбия ва насиҳатга муҳтож  бўлса, ундан таълим олган шогирддан яхши натижа чиқиши жуда қийин. Сир эмаски, ҳозирги кунда тўғри йўлдан адашган устозлардан таълим олган фарзандлар, ўз ота-оналарини ҳурмат қилмасдан: “Ота-онам фақат мени дунёга келишимга сабаб бўлган холос”, деяётган бўлса, баъзилари ота-онасини имонсизликда айбламоқда. Баъзилари туғилиб ўсган юртига қарши чиқиб, бир қанча муаммоларга сабаб бўлмоқда.

Ёшларимиз ижтимоий тармоқлардан фойдаланиб билимларини оширишмоқчи бўлишса, расмий сайтларга мурожаат қилишсин, расмий масжидлар ва имом-домлаларимизнинг каналларига аъзо бўлишсин. Зеро, ижтимоий тармоқларда ғаразли мақсадлар билан фаолият олиб борадиган сайт, канал ва шахслар жуда кўп. Улар жамиятимиз ва ёшларимиз тарбиясига катта таҳдид бўлиб, фирқаланиш, динда ғулу кетиш ва мазҳабсизлик уруғларини сочмоқдалар.

Айтиш жоизки, бугунги кунда ёшлар тарбияси ва камолоти мақсадида юртимизда кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганига ўзингиз гувоҳ бўлмоқдасиз. Ёшлар орасида китобхонликни ошириш учун жойларда янги кутубхоналар ташкил этилаётгани, мусобақалар ўтказилаётгани, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш учун жойларда тўгараклар, технопарклар очилаётгани, ёш олимлар учун берилаётган турли имтиёзлар шулар жумласиндандир. Зеро, имон-эътиқоди мустаҳкам, илм-маърифатли, жисмонан соғлом ёшлар юртнинг буюк келажаги гаровидир.

Муҳтарам жамоат! Ёшларнинг одоб-ахлоқи, таълим-тарбияси, илм-маърифати билан ҳар бир ота-она ва масъуллар шуғулланса, келажакда бизнинг фарзандларимиздан ҳам Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Алишер Навоий, Хоразмий, Ибн Сино, Фарғоний каби буюк олиму алломалар чиқади, иншааллоҳ.

 Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилдилар:

مَا نَحَلَ وَالِدٌ وَلَدًا مِنْ نَحْلٍ أَفْضَلَ مِنْ أَدَبٍ حَسَنٍ

(رواه الإمام الترمذي).

яъни: “Ота ўз боласига чиройли одобдан кўра яхшироқ нарса бера олмайди” (Имом Термизий ривоятлари).

Аллоҳ таоло ёшларимизни камолотга эришиши, ҳам маънавий, ҳам жисмоний етук бўлиши, инсофли тавфиқли бўлишини насиб қилсин. Ота-оналарига доим раҳмат келтиришини муяссар айласин! Омин!   

 

 

Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси Ҳусни хулқ ва чиройли муомала – динимиз талаби! мавзусида бўлади, иншааллоҳ.

 

 

Жонажон Ватанимизнинг Мустақиллик байрами муносабати билан қилинаётган сарҳисоб барчамизни қувонтирмоқда. Айниқса, сўнгги йилларда янги Ўзбекистонда иқтисодиётни эркинлаштириш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, сиёсий ҳуқуқ ва эркинликларни таъминлаш, демократия ва қонунийликни қарор топтириш, ижтимоий муҳофаза ва аҳолининг саломатлигини асраш, илм-фан ва таълим-тарбия, маданият ва диний-маърифат, шаҳарсозлик ва қурилиш, санъат ва спорт каби соҳаларда эришилган улкан ютуқлар нафақат аҳолимиз, балки халқаро ҳамжамият, дунёдаги таниқли олим ва экспертлар, нуфузли ташкилотларнинг эътирофлари ҳар бир ватандошимизнинг қалбини фахр ва ғурур ила тўлдирмоқда.

Хусусан, Давлатимиз Раҳбарининг шахсан ташаббуслари билан турли динларга мансуб қадриятларни авайлаб-асрашга, барча фуқароларга виждон эркинлиги ва ўз эътиқодини амалга ошириш учун зарур шароитларни яратиб беришга, динлар ва миллатлараро ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилиб, ушбу йўналишда бошқа давлатларга намуна бўладиган бой тажриба орттирилди. Мазкур йўналишларда кўплаб ҳукумат қарорлари қабул қилиниб, ҳаётга жорий қилинди.

Ҳеч шубҳасиз, юртимизда турли соҳаларда эришилаётган барча улкан ютуқларимизнинг замирида жамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик ҳисобланади. Тарихий ҳақиқат шундан иборатки, ижтимоий тарқаққиётнинг барча даврларида давлат ва жамиятнинг ривожланиши барқарорлик ва тинч-осойишта ҳаёт кечиришга узвий боғлиқ бўлган.

Маълумки, Ислом динида тинчлик Аллоҳ таоло томонидан бутун инсониятга инъом этилган улуғ неъмат сифатида қадрланади. Уламолар Қуръони каримнинг 50 дан зиёд сурасидаги оятлар мўминлик, тинчлик ва бағрикенглик мавзуларига бағишланганини эътироф этадилар. Жумладан, Қуръони каримда баён қилинадики: Эй, имон келтирганлар! Ёппасига итоатга киришингиз ва шайтоннинг изидан эргашмангиз! Албатта, у сизларга аниқ душмандир” (Бақара сураси, 208-оят).

Тинчликнинг илоҳий неъмат экани Муҳаммад алайҳиссаломнинг қуйидаги ҳадисларида қайд этилган: “Аллоҳдан афв ва тинчлик-омонликни сўранглар. Чунки бирор кишига имондан кейин тинчлик-омонликдандан афзалроқ неъмат берилгани йўқ” (“Сунани Термизий”, 3558-ҳадис).

Ўзбекистон азалдан турли миллатга мансуб, турли динларга эътиқод қилувчи халқлар тинч-тотув яшаган ўлка бўлиб келгани тарихий ҳақиқатдир. Аждодларимиз турли миллат ва дин вакилларига доимо ҳурмат билан муносабатда бўлгани, Ватан тараққиёти йўлида елкадош бўлиб меҳнат қилгани тарихий манбаларда кўп қайд этилган. Бугунги кунда жонажон Ватанимизда 130 дан зиёд миллат, 16 конфессияга мансуб фуқароларимиз ягона аҳил оила бўлиб, тинчлик-хотиржамликда яшаб, юртимиз мустақиллиги ва халқимиз фаровонлиги йўлида биргаликда фаолият олиб бормоқдалар.

Таассуфки, бугун жаҳон ҳамжамияти, хусусан, мусулмон оламида мураккаб ижтимоий-сиёсий жараёнлар кечмоқда. Инсоният муайян сиёсий доиралар томонидан ўз таъсир доираларини кенгайтириш мақсадида, амалга ошираётган ғоявий курашлар ва мафкуравий таҳдидлар авж олган бир вазиятда яшамоқда. Қатор давлатлар, хусусан мусулмон юртлари ўткир сиёсий танглик, ижтимоий ва иқтисодий беқарорлик ва қуролли низоларни бошидан кечирмоқда. Мазкур мамлакатларда одамлар оғир иқтисодий муаммолар гирдобида, ночорлик, озиқ-овқат танқислиги, очиқдан-очиқ зўравонликлар ва хавфсизликнинг йўқлиги шароитида кун кечирмоқда. Оқибатда бундай ҳудудлардан қочқинлар ҳажми ортиб, кенг миқёсда гуманитар тангликлар юзага келмоқда.

Дарҳақиқат, Пайғабар алайҳиссаломнинг “Тинчлик ва хотиржамлик икки улуғ неъматдурки, бундан кўп одамлар маҳрумдирлар” (Имом Бухорий, 6412-ҳадис) деган ҳадисларини эслаган ҳолда, бугунги кунда юртимиздаги тинч-осойишта ҳаёт қатор мамлакатларнинг халқлари учун орзу бўлиб қолаётгани гувоҳи бўлмоқдамиз.

Ушбу ҳолат дунёдаги давлатларнинг катта ёки кичиклиги, дини ва миллатидан қатъий назар, тинчлик ва барқарорлик нақадар азиз неъмат эканини яна бир бор исботлаб бермоқда. Шу ўринда Имом Термизий ривоят қилган ҳадисни эслаш ўринлидир: “Ким оиласи тинч, танаси саломат ва ҳузурида бир кунлик таоми бор ҳолатда тонг орттирса, унга дунё тўлиғича берилибди” (“Сунани Термизий”, 2346-ҳадис).

Таъкидлаш жоизки, ижтимоий барқарорлик жамият ҳаётининг осойишталиги билан тавсифланади. Барқарорликка тинч-тотувлик ва уни мустаҳкамлаш учун шарт-шароитлар яратиш, турли ижтимоий қатламга мансуб фуқаролар ва сиёсий партиялар ўртасидаги ҳамжиҳатликни, давлат, жамоат ва диний ташкилотлар, фуқаролар ўртасидаги ижтимоий келишув ва шерикчилик бардавомлигини таъминлаш орқали эришилади.

Аксинча, халқ орасида бузғунчилик ғояларини тарқатиш орқали беқарорлик келтириб чиқариш эса тинчлик ва хотиржамликни издан чиқаради. Ислом таълимотида аҳоли осуда ҳаёт кечириб турган жамиятда ҳаловат ва тинчликка рахна соладиган ҳар қандай фитна ҳаракатлари одамларнинг қонини тўкишдан ҳам оғир гуноҳ саналади: “Сизлардан фақат золимларгагина хос бўлмаган (балки ҳаммаларингизга оммавий бўладиган) фитна (азоб)дан сақланингиз ва билиб қўйингизки, Аллоҳ жазоси қаттиқ (зот)дир” (“Анфол” сураси, 25-оят).

Ислом уламолари Қуръони каримда тинчликка, одамларнинг осойишталиги ва хавфсизлигига рахна солувчи амалларни қилмасликни буюрилганини таъкидлайдилар: “... Аллоҳ эса, фасодни (бузғунчиликни) ёқтирмайди” (Бақара сураси, 205-оят). Мазкур суранинг 60-оятида:“... Аллоҳнинг ризқидан еб-ичингиз, Ер юзида бузғунчилик қилмангиз! ...” деб марҳамат қилинган.

Шунингдек, ислом таълимоти одамларни миллати, дини, жинси ёки қарашларидан қатъий назар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилади ҳамда уларга зулм қилишдан қайтаради. Қуръони каримда: “...бирор қавм (кишилари)ни ёқтирмаслик сизларни уларга нисбатан адолатсизлик қилишга ундамасин!...” (“Моида” сураси, 8-оят) дейилган.

Тинчликни сақлаш ҳушёрлик ва огоҳликни талаб қилади. Бугунги таҳликали замон тинчликни таъминлаш фақат давлатнинг ваколатли идоралари вазифаси деган нотўғри тушунчалардан воз кечиш, Ватан тақдири учун астойдил қайғуриб яшашни тақозо этаётганига барчамиз гувоҳмиз.

Алоҳида қайд этиш лозимки, тинчликнинг шукронаси амалий бўлиши лозим. Яъни, инсонлар нафақат мавжуд тинчликнинг қадрига етиб, шукрини адо этиши, балки унга ношукрлик қилиб путур етказишдан ҳам сақланиши, келиб чиқиши мумкин бўлган нотинчликнинг олдини олишда ҳам фаол иштирок этишлари лозим.

Айниқса ахборот манбалари, хусусан ижтимоий тармоқлар орқали тарихимизни, миллий қадриятларимиз ва Ислом дини моҳиятини сохталаштиришга, маънавият ва маърифатдан йироқлаштиришга қаратилган ғаразли уринишларга қатъий қарши туришимиз лозим. Мазкур йўналишда жамиятнинг зиёли қатламлари, олим ва уламолар олдинги сафда бўлишлари лозим.

Ватанпарварлик ота-боболардан мерос қолган заминни севиш, халқ урф-одатларини, қадриятларини асраш ва ривожлантириш, ўз она-Ватанини душманлардан, ёт ва бегона ғоялардан ҳимоя килиш, унинг озодлиги ва мустақиллиги учун жонини ҳам аямасликни назарда тутади. Уламолармиз ватанпарварлик оддий шиор ёки ҳис-туйғу эмаслиги, балки уни қуйидаги хайрли амал ва ибратли ишларда ифода этиш лозим эканини таъкидлайдилар:

- Ватан ҳаққига бор яхшиликларни тилаб дуо қилиш;

- жамиятда аҳилликни кучайтириш йўлида ҳаракат қилиш (силаи раҳм, қўшниларга яхшилик, ўзаро ёрдам, бир-бирларга яхшиликни соғиниш, салбий ахлоқ ва ижтимоий иллатлардан сақланиш ва ҳ.к.);

- Ватан салоҳиятини ошириш ва уни муҳофазаси учун жонкуярлик қилиш (Ватан мулкини авайлаб-асраш, унинг юксалиши учун ҳалол меҳнат қилиш, ўзини бағишлаш, бу йўлда тамаъни яқинлаштирмаслик ва ҳ.к.);

- Ватан эрки, ҳудуди ёки обрўсига қарши ғоявий ёки ҳарбий ҳужумга қарши мудофаада туриш.

Таъкидлаш жоизки, Ватан оиладан бошланади. Оилада тинчлик бўлса, маҳалла, қишлоқ, шаҳар, вилоят ва ниҳоят мамлакатда осойишталик бўлади, юрт равнақ топади. Масаланинг эътиборли жиҳатларидан бири шуки, тинчликни улуғ неъмат деб эълон қилган динимизда бу йўлда нафақат амал билан, балки сўз билан ҳам зарар келтиришдан қайтарилган.

Шу нуқтаи-назардан, фуқароларимиз юртимизда тинчлик-хотиржамликни авайлаб-асраш йўлида давлатимиз томонидан амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларни нафақат тўғри қабул қилишлари, балки эътиқодан қўллаб-қувватлашлари ҳамда бор имкониятлари билан ёрдам беришлари лозим. Таҳдидларнинг олдини олишга қаратилган айнан мана шундай чора-тадбирлар ҳисобига юртимиз тинч, халқимиз фаровон яшаб, диндорларимиз ибодатларини хотиржамлик ва эмин-эркинликда адо этмоқдалар.

Қайд этилганлардан бугунги таҳликали замоннинг ўзи воқеликка ҳушёрлик, теран ва чуқур мушоҳада юритган ҳолда назар ташлашни, жаҳонда кучайиб бораётган хатарларни тўғри баҳолаб, улардан тегишли сабоқ олиб яшашни талаб этмоқда. Шу нуқтаи-назардан, ватандошларимиз, айниқса ёшларимизнинг онги ва шуурида мураккаб ва таҳликали дунё ва минтақада рўй бераётган турли воқеа-ҳодисалар, ижтимоий-сиёсий жараёнлар ҳақида бирёқлама ва нохолис тасаввурлар шаклланишига йўл қўймаслик зарур саналади.

Юртимизда ҳукм сураётган тинч ва осуда ҳаётни асраш, қадриятларимиз, миллий-диний анъаналаримиз, менталитетимизга зид тушунча ва ғоялар кириб келишининг олдини олиш азиз юртимизнинг барча фуқароларининг бурчи ҳисобланади. Айниқса, ҳар бир фуқароларимиз ёшларимиз онгига, биринчи навбатда, она-Ватани ва оиласи олдидаги маъсулиятни сингдиришга, уларни инсонпарварлик, ватанпарварлик ва мамлакатимизга садоқат руҳида тарбиялашга устувор вазифа сифатида қараш керак.

Зеро, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Давлат Мустақиллигининг 30 йиллик байрамига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида таъкидлаганларидек: “Маънавий уйғоқ жамиятни, ўз олдига улкан вазифалар қўйиб, келажак сари ишонч билан бораётган халқни ҳеч ким ўз йўлидан тўхтата олмайди. Бундай халқни Яратганимиз ҳам қўллаб-қувватлайди, доимо йўлини очиб беради”.

 

Ўткир ҲАСАНБАЕВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

الخميس, 02 أيلول/سبتمبر 2021 00:00

“Тараққий газетасининг биринчи саҳифаси

 

Туркистон жадид намоёндаларининг нашр эттирган газеталари ва журналлари ўз даврининг вақтли нашри бўлиш билан бирга, ватанимиз тарихини холисона ўрганиш учун муҳим манба сифатида ҳам аҳамият касб этади. Туркистон жадид матбуоти  нашрларини ўқиб, шунга амин бўламизки, улар маърифатпарварлик ғоялари билан бир вақтнинг ўзида сиёсий-ижтимоий масалаларни кўтариб чиқишган. Жумладан бу кўриниш илк ўзбек жадид нашри “Тараққий” газетасининг биринчи сонидаги биринчи мақолада ўз аксини топади: “Ватандош ва халқларимизнинг ғоюр баҳодурлари майдонда кўкариб, арслондек олишиб, тортишиб ҳама халқ учун азиз вужудларидин кечуб, дини, илми, сиёсий ишларимизни  харит йўлиға солиб, насф (ярим - О.Т.) асрдан бери осилиб, суйилиб, туқғон (туғилган-О.Т.), ўсган ерларидан айрилиб, Сибирдек совуқ ерларга юборилиб, тоғдек оғир машаққатлар юклатсалар ҳам охир шу икки йил ичиндаги чеккан машаққатлари бекорга кетмай, учлик найзаларға, ўткир қиличларга  кўкракларини беруб, мамлакатимизнинг жойларини қонлари билан тўлдириб, ватан учун жонларини қурбон қилган муборак зотлар учун юрак бағирларимизни фидо қилсак ҳам жойига еткурмоғимиз йўқ” (“Тараққий”, 1906, № 1, 1-бет). Мазкур фиклар гўё 1904-1905 йилларда Япония билан бўлган урушдаги довюракликлар ҳақида бўлгандек туюлади. Аслида эса мақолада ярим асрдан яъни, Туркистон Россия мустамлакачилари томонидан босиб олиниб генерал губернаторлик ўрнатилгандан буён аждодларимизнинг туғилиб ўсган юртларидан Сибирга бадарға қилинганлари, динидан, маърифатидан, маданиятидан, сиёсий кўринишидан айиришга қаратилган бўлишига қарамай, Россия учун жанг қилди дейишдан иборат. Шунингдек “бу муборак зотлар учун жонидан кечиб, эркинлик, озодлик сари интилган ҳурриятпарвар “муборак зотлар” назарда тутилганлигини англаш қийин эмас. Фикримизни яна шу мақоланинг давомидаги мана бу жумлалар тасдиқлайди: “Ҳозирда ижтимоий, калом, матбуот учун берилғон хариталар, тўшак устида оғзига сув томизилиб оғир хастадек эканини тилсиз ва кўр табиблар (яъни мустамлака ҳукуматнинг Туркистондаги амалдорлари-Т.О.) ҳам тасдиқ этурлар. Бу каби заиф ва ланж ҳурриятларға халқимиз ҳамонда рози бўлмай курашиб тортишиб, охир вақт курашчиларимиз оёқ остиға босиб ҳуррият яъни озодлик ва шодлик байрамларини умри боқе одамларға кўрсатурлар” (“Тараққий”, 1906, № 1, 1-бет).

Мана шу фикрлар билдирилган вақтдан 85 йил ўтиб ҳақиқатдан ҳам “озодлик ва шодлик байрамлари” яъни 1991 йил мустақиллигимиз эълон қилинди. Бу буюк маърифатпарвар аждодларимизнинг истиқлолга бўлган ишончининг исботидир. Шунинг билан бирга мустамлака зулмига қарши халқ ва миллатни оёққа туришга, ўзлигини англашга чақириғи ҳамдир.

Мақола “Тошкентда 14-июнь” рукни остида “Биз мусулмонларни ҳурриятда ҳақлари борму? “Йўқ! Қариндошлар юз мартаба йўқ!” деб номланади (янги ҳисобда бу сана 1906 йил 27-июнга тўғри келади). Мақоланинг номидан “агар озодлик учун ҳар жиҳатдан курашилмаса, истиқлолга эришиб бўлмайди” деган хитобни англаш мумкин. Бу биринчидан “Тараққий” газетасини ижтимоий-сиёсий, ҳурриятпарвар газета эканлигини намоён қилса, иккинчидан, Туркистон марифатпарварларининг дастлабки миллий газетаси бўлсада, унинг биринчи саҳифасида истиқлол масалани, яъни эркин давлат қуриш ғоясини кўтариб чиққанлигини кўриш мумкин. Бу кун мустақиллик йилларида “Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни” сифатида кенг нишонланиб келинмоқда. Чунки айнан шу кундан маърифатпарвар зиёли аждодларимизнинг илғор ғояларини матбуот юзини кўра бошлаган. Шу мақоланинг ўзида мусулмон - маҳаллий халқлар ичида бир газета чиқаришга мустамлакачи тузум (империя ҳукумати) рози бўлмай келганини, бунга кўнмасак “бошимиз танимиздин жонимизни айируб, болаларимизни етим қилурлар эрди” (“Тараққий”, 1906, № 1, 1-бет) - дейилади. Аммо шундай бўлсада, жадид зиёлилари дадил қадам ташлаб газета нашр этишга муваффақ бўлдилар.

Мақола сўнгида подшонинг 27-октябрь манифестидан кейинги ҳолатни “бу кўринган боқтилиқлар қоронғу уйда ёқулғон кўкрад (чироғ- О.Т.) нинг андак шўъласидек,” (“Тараққий”, 1906, № 1, 1-бет) - деб ифодалайди. Шу вақтда ўз ҳақ-хуқуқини эркинлигини талаб қилиб турган бир пайтда, японларнинг ҳужуми ҳам ҳукуматни оёқдан қолдириб мустамлака халқларига эркинликлар беришга мажбур бўлганлиги айтилади. Аммо бу “эркинлик”ка маълум соҳалардагина йўл қўйилди. Бу орада “оёқдан қолган” ҳукумат ўзини тиклаб олишга эришди.

Ҳурриятпарвар ғоялар “Тараққий” газетасининг кейинги сонларида давом этиб борган. Жумладан газетанинг 17- сонида ҳам мустамлакачилик ва эркинлик ғоялари билан суғорилган мақола эълон қилинган. Унда XIX асрдаги ижтимоий-сиёсий воқеаларга тўхталиб: “жаҳолат сабабидан шавқатсиз ва қувватсиз қолган миллатлар ул асрда кўрган жабр ва золимлар на қадар қўрқинчлик ва нақадар фожеа эди,” (“Тараққий”, 1906, № 17, 1-бет). - дейилади. 

Мақола давомида миллий халқларимиз тарихида содир бўлган ижтимоий сатрларда ифода этилади. Бунда иқтисодий оғир ҳаёт кўрсатиб ўтилгач “мазкур фанолиқлар сабабидан фақаро инқироз даражасиға етдувкаллари (етканлари- О.Т.) ҳолда ХХ аср кирганларидан сўнгра ҳаддидан ошиш оғирликларининг осонлашмоғини кўнгиллари орзу этмоққа бошлади ... Ҳуррият, адолат талаб қилиб оёқландилар” (“Тараққий”, 1906, № 17, 1-бет). - деб ҳалқларимизнинг мустақилликка интилишлари рўй рост очиб берилади. Бу ўша давр учун катта бир жасорат эди. Мақола давомида маҳаллий аҳолининг эзилиши, уларнинг ҳибсхоналарда қийналиши кўрсатилади. Шунингдек мусулмонларнинг мустақиллик ва ҳуррият учун курашганлигидан бутун “жумла-и илм” ҳайратда қолганлиги айтиб ўтилади. Мақола ниҳоясида истибдод даври ҳақида қуйидагилар келтирилади: “Мусулмонларға келган фанолиқларға истибдод сабаб бўлғондир. Кўз олдимизни қоронғилатиб турғон истибдод ҳамон майдондадур. Қувватсиз миллатларни жабрламак Бюракратнинг одати бўлғонлиқдан жаҳолат сабабидан қувватсиз қолғон бир миллат исломия илми фанун таҳсил қилмай истибдод остинда то озирилмизму? Амалий ва фаний мадрасалар таъсисиға ҳозир киришмасак бюрократиянинг қисмоқи сабали у ила мадрасалар таъсис қилмоқ қуввати биздан кетуб ўзларимз истибдод остида эзулиб, ботиб кетмоқ шубҳасиздир”[1]. Юқорида келтирилган фикрлар шуни кўрсатадики, жадид тараққийпарварларимизнинг маърифат, маънавият йўлидаги ҳаракатлари тагида миллий мустақиллик, келажакда истибдоддан озод бўлган ҳур диёрни кўриш истаги қанчалар кучли бўлганлигини англаш мумкин.

Тошкент ислом институти

“Ижтимоий фанлар” кафедраси

мудири О. Тангиров

 

 

 

 

[1]“Тараққий” газетаси,1906, 17-сон, 1-бет.

Юртбошимизнинг “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги» эсдалик нишони билан мукофотлаш тўғрисида”ги фармони билан Қорақалпоғистондаги бир гуруҳ таниқли уламолар, исломшунос олимлар, тажрибали имом-хатиблар, моҳир мударрислар, фаол отинойилар ва диний соҳа ходимларини “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишони билан тақдирланди.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти томонидан ушбу мукофотланган диний соҳа ходимларига “Диний соҳадаги фидакорона меҳнатлари учун” ташаккурнома ва эсдалик совғалари берилди.

Тақдирлаш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари Э.Дурдиев ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қорақалпоғистондаги вакили Ш.Бауатдиновлар иштирок этди.

Аллоҳ таолодан мукофат эгаларига мустаҳкам соғлик, дин ва ватан йўлидаги хизматларида муваффақиятлар тилаб қоламиз.

Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти

بسم الله الرحمن الرحيم

الحمد لله رب العالمين، والصلاة والسلام على خاتم النبيين، وعلى آله وصحبه أجمعين، أَمَّا بَعْدُ

ТИНЧЛИК  ВА ХОТИРЖАМЛИК – УЛУҒ НЕЪМАТ!

Муҳтарам азизлар! Юртимизда истиқлол байрами тантаналари давом этмоқда. Алҳамдулиллоҳ, байрамни оилаларимиз даврасида, ёр-дўстлар билан тинчлик ва хотиржамликда нишонлаяпмиз. Тарихга назар ташланса, ҳамма даврда ҳам давлатнинг ривожланиши, тараққий топиши жамиятнинг фаровон ва осойишта ҳаёт кечиришига боғлиқлиги аён бўлади. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадисларининг бирида тинчлик-хотиржамлик энг улуғ неъмат эканини таъкидлаб шундай деганлар: “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. У – хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик” (Имом Бухорий ривоятлари).

Қуръоннинг 50 дан зиёд сурасидаги юзлаб оятларда мусулмонлар сулҳ-муроса, тинчлик ва бағрикенгликка чақирилган. Мусулмонлар учун энг афзал амал ҳақида келган ҳадисда шундай дейилади: “Расулуллоҳ алайҳиссаломдан сўрадилар: “Эй, Аллоҳнинг Расули! Мусулмонларнинг афзали қайси киши?”. У зот алайҳиссалом: “Қўлидан ва тилидан бошқа мусулмонлар озор топмаган кишидир”, – деб жавоб бердилар” (Имом Бухорий ривоятлари).

Демак, тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таолонинг катта неъматларидан биридир. Қолаверса, барча эзгу ишлар рўёбга чиқишининг боиси ҳам осойишталикдир. Шундай экан, инсонлар нафақат мавжуд тинчликни қадрига етиб, шукрини адо этишлари, балки унга ношукрлик қилиб путур етказишдан ҳам сақланишлари лозим.

Халқимизда “Қўшнинг тинч – сен тинч” деган мақол бор. Халқимизнинг орзуси, мақсади битта – жаҳондаги барча мамлакатларда, элларда тинчлик ва барқарорлик ҳукм сурсин, одамлар бахтли ва фаровон ҳаёт кечирсин. Шунинг учун ҳам халқимиз Юртбошимиз бошчилигида доимо қўшни юртларда тинчлик бўлишини истаб келади. Бу айни динимизнинг ҳам ғоясидир. Аллоҳ таоло инсонни ер юзини обод қилиш учун яратди ва Ўзига ердаги ўринбосар қилди. Ерни куфру исён билан, бузғунчилик билан вайрон қилиш, мавжудотларнинг насл-уруғини қуритишдан қаттиқ қайтарди. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади: “Ерни (Аллоҳ хайрли ишларга) яроқли қилиб қўйгандан кейин (унда) бузғунчилик қилмангиз! Унга (Аллоҳга) ҳам қўрқинч ва ҳам умид билан дуо қилингиз! Аллоҳнинг раҳмати эзгу иш қилувчиларга яқиндир” (Аъроф сураси 56-оят).

Муҳтарам жамоат! Мана юртимиз истиқлолига 30 йил бўлди. Албатта юртимизнинг истиқлоли ва тараққиётининг негизида тинчлик-тотувлик ҳамда ўзаро ҳамжиҳатлик ётади. Ушбу ютуқларга эришиш ўзига яраша машаққат, қийинчилик, сабр ва матонат талаб этади. Умид қиламизки, халқимиз фаровонлиги янада зиёда бўлиб бораверади. Чунки,  Аллоҳ таоло Қуръони каримда бандаларига бир қийинчилик ортидан албатта, енгиллик келишини баён қилиб, шундай деган:

فَإِنَّ مَعَ الْعُسْرِ يُسْرًا. إِنَّ مَعَ الْعُسْرِ يُسْرًا

яъни: “Бас, албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир. Албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир” (Шарҳ сураси, 5-6-оятлар).

Бу оятни тафсир қилган уламоларимиз албатта, бир қийинчиликдан кейин икки енгиллик бор, дейдилар. Тафсири Табарийда шундай дейилади: “Бу ояти карима нозил бўлганда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

أبْشِرُوا أتاكُمُ اليُسْرُ، لَنْ يَغْلِبَ عُسْرٌ يُسْرَيْنِ

яъни: “Хурсанд бўлинглар! Сизларга енгиллик келади. Ҳаргиз бир қийинчилик икки енгилликдан устун келмайди” (“Тафсири Табарий”).

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, динимизнинг тинчликка бўлган эътибори нечоғлик катта ҳамда бағри кенглик унинг негизидир. Инсон ўзидаги неъматнинг қадрини унинг устида мулоҳаза юритиш, шу неъматдан ўзгалар ҳам баҳраманд ёки бебаҳра эканлигини ўйлаб кўриш билан билади. Бу эса янада кўпроқ Аллоҳга шукр қилишга ундайди. Неъматнинг бардавом бўлиши, унинг шукри адо этилишига боғлиқдир. Неъматнинг салмоғига қараб шукр ҳам ҳар хил бўлади. Баъзи неъматларнинг шукри тилда “алҳамду лиллаҳ” дейиш билан адо бўлса, бошқа хил неъматлар ҳам борки, уларнинг шукрини амалий тарздагина адо этиш мумкин.

Тинчлик ана шундай амалий шукр талаб қиладиган неъматдир. Бу неъматнинг шукрини адо этиш барчанинг зиммасидаги фарздир. Кексалар тинчликнинг мустаҳкамлигини сўраб дуо қилишлари, ўрта ёшлилар ўзларининг ҳалол меҳнатлари, ёшлар эса уни асраш ва қадрига етиш борасида астойдил илм олишга ҳаракат қилмоқликлари билан бу неъматнинг шукрини адо этган бўладилар.

Ҳақ таоло барчамизни Ватанимиз тараққиёти ва фаровонлиги йўлида олиб бораётган хайрли ишларимизга ривож берсин, фарзандларимиз улуғ аждодларга лойиқ фарзандлар бўлишини насиб айласин, дунё ва охиратимиз саодатига етаклайдиган амаллар қилишимизни насибу рўзи айласин! Омин! 

Илова: Муҳтарам имом-домла! Раҳбариятнинг топшириғига кўра, “Ёшларни ижтимоий иллатлардан сақлайлик!” жума тезиси кейинга қолдирилди ва унинг ўрнига “Тинчлик  ва хотиржамлик – улуғ неъмат!” мавзуси тасдиқланди. Ушбу мавзуни янада бойитиб, атрофлича ўрганиб, жамоатга тасирчан услубда етказишингизни сўраймиз!

Top