muslim.uz

muslim.uz

الثلاثاء, 10 آب/أغسطس 2021 00:00

Мазҳабсизликнинг салбий оқибатлари

“Мазҳаб” арабча “йўналиш” маъносини билдириб, истилоҳда эса, мужтаҳиднинг шаръий далиллардан шариат ҳукмларни чиқариб олишдаги ўзига хос йўлидир. Мазҳабларнинг ижтиҳод йўллари ва қоидаларида бир-биридан фарқ қилиши улар орасида жузъий ихтилофларга сабаб бўлган.

Илк асрларда мужтаҳидлар кўп бўлиб, мазҳаблар ҳам кўп бўлган. Лекин кейинчалик кўпи амалдан чиқиб кетган ва одамлар Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ (ваф. 150/767), Имом Молик раҳимаҳуллоҳ (ваф. 179/795),  Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ (ваф. 204/820) ва Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ (ваф. 241/855)ларнинг мазҳабларидан бирига эргаша бошлаган.

Мазҳабсизлик ғоясини илгари сурувчи кишилар ўзларини бир қанча турли номлар билан атайди: салафи солиҳларга эргашиш даъвоси билан “салафийлар”, саҳиҳ ҳадисга эргашиш даъвоси билан “аҳли ҳадислар”. Бу ғоянинг тарихи яқин бир ярим асрга тўғри келади.

Бу ҳақда ХIХ асрда яшаб, ижод этган машҳур ҳиндистонлик олим Муҳаммад Сиддиқ Ҳасан ал-Қанужий шундай дейди: “Ҳозирги кунда бир риёкор ва шуҳратпараст гуруҳ пайдо бўлган бўлиб, улар Қуръон ва Ҳадисни билиш ва унга амал қилишни даъво қилмоқда… Ажабланарлиси шундаки, улар ўзларини мухлис (Аллоҳга холис ибодат қилувчи киши) ва муваҳҳидлар (Аллоҳни якка-ю ягона деб билиб, унга ҳеч нарсани ширк келтирмайдиган), деб бошқаларни мушриклар деб номламоқда. Улар энг мутаассиб ва динда ғулувга кетган кишилардир. Бу диндан эмас, балки Ер юзида тарқалган фитна ва катта фасоддир”. Ушбу фикр ҳам бу қараш ХIХ аср охирларида пайдо бўлганлигини кўрсатади.

Мазҳабсизлик ғояси тарафдорларининг асосий мақсадлари Қуръон ва Суннатни ўзларича маҳкам тутиш ва мазҳабларни йўқ қилиб, уларни илдизи билан қўпориб ташлашдан иборат. Уларнинг даъвосига кўра, гўё мусулмонларнинг ихтилофдан нажот топиши фақат Қуръон ва Ҳадисни қаттиқ ушлаш билан бўлади, мазҳаблар, гуруҳлар ва фирқалар мавжуд бўлар экан, Қуръон ва Ҳадисни маҳкам ушлаш амри маҳол, чунки ихтилофларнинг асл манбаи мана шу мазҳаб ва фирқалардир.

Бир тарафдан, бу қараш вакиллари мазҳаблар ва гуруҳларни залолат деб биладилар-у, лекин ўзлари ҳам сезмаган ҳолда шундай ҳолатга тушиб қолган. Зеро улар ўзлари бир йўналиш бўлиб, ўзларидан бошқаларни нотўғри йўлда деб билади. Жумладан, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ ўзининг “Ихтилофлар, сабаблар, ечимлар” китобида: “Улар Ислом уммати қадимдан ақида ва фиқҳ масалаларида эргашиб келаётган мазҳабларни инкор қилиш билан бирга, ўзлари янги мазҳаб пайдо қилишга ўтганлар”,- деб таъкидлайди.

Бошқа тарафдан эса, улар мазҳаблар орасидаги ихтилофларни қоралаган ҳолда, ҳаммани мазҳабларни ташлашга ҳамда Қуръон ва Ҳадисларни ўрганиб, тушунганича уларга амал қилишга, бошқача қилиб айтганда, ҳаммани ўзи ижтиҳод қилишга чақиради. Бу эса, шубҳасиз, янада ихтилофлар ва қарама-қарши фикрларнинг кўпайишига олиб келади. Агар мазҳаблар орасидаги ихтилофлар маълум чегара билан чекланган бўлса, мазҳабсизликнинг бу даъвати эса чексиз ихтилофларга сабаб бўлади ва мусулмонлар ҳаётида  даҳшатли фалокатларни келтириб чиқаради.

Мазҳабсизлик тарафдорлари мазҳабларга тош отишда давом этиб, яна шундай дейди: “Қуръон битта ва Пайғамбар битта бўлса, тўрт мазҳаб орасида фиқҳий ихтилофлар бор, ҳақ битта эмасми?” Бунинг жавоби шуки, мазҳаблар орасидаги бундай (фиқҳий) ихтилофлар салафи солиҳлар – саҳобий, тобеий ва табаъа тобеийлар орасида ҳам бўлган. Шоҳ Валиюллоҳ лақаби билан машҳур Аҳмад ибн Абдураҳим ад-Деҳлавий айтади: “Баъзи саҳобий, тобеий ва улардан кейингилар басмалани ўқир эди, баъзилари эса ўқимас эди, баъзилари жаҳрий ўқиса, баъзилари ичида ўқир эди, баъзилари бомдодда витр ўқиса, баъзилари бомдодда витр ўқимас эди, баъзилари қон олдириш, бурундан қон кетиши ва қайт қилишдан таҳорат қилса, бошқалари таҳорат олмас эди… баъзилари олов теккан нарсани еганда таҳорат олса, бошқалари таҳорат олмас эди, баъзилари туя гўштини еганда таҳорат олса, бошқалари таҳорат олмас эди”.

Мазҳабсизлик тарафдорлари қандай қилиб ушбу тўртала мазҳаб ҳам ҳақ ва тўғри бўлиши мумкин деган саволни қўйишади. Бунга жавоб шуки, бу мазҳаблар ҳудди Каъбага ўхшайди, Каъба битта, унинг тўртта томони бор: шарқ, ғарб, шимол ва жануб. Одамлар хоҳ шарқда бўлсин ёки ғарбда, хоҳ шимолда бўлсин ёки жанубда, ўз намозларини унга қараб ўқийди. Улар фақат турган жойи ва вазият сабабли зоҳирда қарама-қарши турган бўлсада, ҳаммасининг намози саҳиҳ – тўғри ҳисобланади, чунки уларнинг ҳаммаси бир нарсага, яъни Каъбага юзланади. Бу мазҳаблар ҳам шундай, улар бир манба – Қуръон ва Суннатга асосланади, бу мазҳабларнинг бирига эргашган киши Қуръон ва Ҳадисга эргашган бўлади.

Мазҳабсизлик тарафдорлари ўз ғояларини тўғрилигини исботлаш мақсадида мазҳаб имомларининг “агар ҳадис саҳиҳ бўлса, у менинг мазҳабимдир”, деган сўзларини келтириб, уни нотўғри тушунтиради. Бунинг маъноси Имом Бухорий ва Муслимнинг саҳиҳ тўпламларида мазҳабга тўғри келмайдиган ҳадислар келиб қолганда мазҳабни ташлаб, ҳадисга эргашиш керак дегани эмас, бу гаплар фақат мазҳаб ичидага мутлақ мужтаҳидларга қаратилган.  Ҳаммага маълумки, бундай кишилар ҳозирги кунда йўқ.

Мазҳабсизликка чорловчи ушбу даъват асрлар давомида ўтган минглаб олимларнинг қилган меҳнатларини йўққа чиқаради. Асрлар давомида барча мусулмонлар амал қилиб келган анъана нотўғри, шунча мусулмон адашган экан, деган хулоса келиб чиқади. Бундай бўлиши мумкин эмас, буни тилга олишнинг ўзи қийин. Бу Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатига ҳам тўғри келмайди, зеро у киши шундай марҳамат қиладилар: “Аллоҳ умматимни бирор залолатга жамламас”. Бошқа бир ҳадисда “Мусулмонлар яхши деб билган нарса Аллоҳнинг ҳузуруда ҳам яхшидир” — дейилган.

Шунингдек, бу ғоя асрлар давомида ота-боболари амал қилиб келган ва ўзлари ҳам бутун ҳаёти давомида амал қилиб келаётган бирор мазҳабни тутган омма мусулмонларнинг эътирозларига сабаб бўлади. Натижада жамият ҳаётида турли ихтилофлар келиб чиқади. Турли хил ихтилоф ва келишмовчилик таъсирида ўз яқинларидан, халқидан ва юртидан норози кайфиятда бўлган диний экстримизмга мойил кимсалар етишиб чиқади. Бундан эса, турли радикал гуруҳлар ўзларининг ғаразли мақсадлари йўлида унумли фойдаланади.

Ушбу ғоянинг салбий оқибатлари юртимизнинг яқин тарихида ҳам яққол намоён бўлди. Халқимиз ўз мустақилигини қўлга киритганидан сўнг динимизга кенг йўллар очиб берилди. Диний-маърифий соҳаларда турли давлатлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Аммо шу билан бирга четдан мазҳабсизлик ғояси ҳам кириб келди. Улар ўзларининг нотўғри, аммо зоҳирда гўзал даъватларига бир қанча юртдошларимизни ишонтиришга улгурди. Улар халқимизнинг азалдан амал қилиб келаётган ҳанафийлик мазҳабини нотўғрига чиқарди. Бу эса ҳанафий мазҳабига амал қилувчиларнинг эътирозига сабаб бўлди. Ўртада низо, тортишув юз берди.

Рамазон ал-Бутий “Мазҳабсизлик — ислом динига таҳдид солиб турган энг катта бидъатдир” деб айтгани бежиз эмас. Ҳозирги кунимизда ҳали ҳам юртдошларимиз ичида билиб-билмай ушбу ғоянинг таъсирида юрган кишиларнинг мавжуд эканлиги бу ғоянинг илдизларини ўрганиб, унинг асл моҳиятини очиб бериш, уни одамларга, халқимизга тўғри тушунтириб бериш ва шу йўл билан мазҳабсизликка чек қўйиш бугунги кундаги муҳим ва долзарб вазифалардан бўлиб қолмоқда. Шу билан бирга ислом дунёсида тан олинган мазҳабларнинг асл моҳияти, уларнинг бебаҳо қиймати, хусусан, халқимиз азалдан амал қилиб келаётган ҳанафий мазҳабини халқимизга, ёшларимизга тушунтириш зарур.

Т.Вайисов

Хоразм вилояти Урганч тумани “Қамбар бобо” масжиди имом-хатиби

Шайх Салоҳ Абулҳож ҳафизаҳуллоҳ

الإثنين, 09 آب/أغسطس 2021 00:00

Мазҳабсизлик – катта хатар

Огоҳлик одам – оқил одам

Мазҳабни инкор этувчилар жонланиб қолган бир даврда яшар эканмиз, уларга аҳли илмларимиз муносиб жавоблар ва раддиялар бериб келишяпти.

Бемазҳаблар “Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг даврларида мазҳаблар бўлмаган. Шу боис бирор мазҳабга эргашиш бидъатдир” деб, бугун илмсиз ёшларни ўз домларига тортмоқдалар. Улар Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳни мазах қилиб, “Абу Жийфа”, яъни «ўликларнинг отаси”, Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳни эса “Имом Ҳалик”, яъни, “ўлик имом” дейишдан ҳам тап тортмаяптилар.

Қуръони карим ва ҳадиси шарифларга тўғридан-тўғри эргашилади деб, мазҳаб имомларини саҳиҳ ҳадисга риоя қилмасдан, ўз ижтиҳодларини ҳадисдан устун қўядилар, дейишмоқда. Аслида, мазкур даъволар жоҳилликдан бошқа нарса эмас. Уларнинг “мазҳаб”, “мужтаҳид”, “муқаллид” сўзларини тушунмасликлари оқибатида жоҳил бўлиб қолганлар.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом саҳобаи киромларга фиқҳий масалаларни ўзлари таълим берганлар. У зот Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни Яманга жўнатаётганларида: “Эй Муоз, агар бирор ҳукм чиқаришингга тўғри келиб қолса, нима қиласан?” дедилар. У:

– Аллоҳнинг Китоби билан ҳукм қиламан, – деди. У зот:

– Агар Аллоҳнинг Китобидан топа олмасанг-чи? – дедилар. Муоз розияллоҳу анҳу:

– Расулининг суннати билан ҳукм қиламан”, – деди. Набий алайҳиссалом:

– Агар Расулининг суннатидан тополмасанг-чи? – дедилар. Муоз:

– Ўз раъйим билан ижтиҳод қиламан, ҳеч бўшашмайман, – деди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муознинг кўксига қоқиб: “Расулуллоҳнинг элчисини Расулуллоҳни рози қиладиган нарсага йўллаб қўйган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Саодат асрида ихтилофлар йўқ эди. Чунки муаммоларни ечувчиси Набий алайҳиссаломнинг ўзлари эдилар. У зотдан сўнг одамлар янги пайдо бўлган масалаларни улуғ саҳобалардан сўрар эдилар.

Саҳобалар, аввало, Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифлардан ечим қидирар, бордию топа олмасалар, қиёсан ҳукм қилар эдилар.

Мазҳаблар тарихига назар солсак, уларни ўз хоҳиш-истагига биноан тузилмаганини, балки улар ўз замонининг зарурати билан шаклланганини англаб етамиз.

Кўплаб уламолар тўрт мазҳабдан бирига эргашганлар. Мазҳабсизлик мужтаҳид бўлмаган кишиларни довдиратиб қўяди. Шу боис Муҳаммад Саид Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳ: “Мазҳабсизлик энг хатарли бидъатдир”, деган.

Бугунги кунда ўзини ҳанафий мазҳабига нисбат бериб, аммо бошқа мазҳаблардан ўзларига хуш келган томонини олиб кетаётган кишилар ҳам асли бемазҳабдирлар.

Бурни қонаса, таҳорат олиб, эртага “бошқа мазҳабда қон таҳоратни бузмайди” деб, сўнгра икки шубҳа орасида қолиб кетиб, охир-оқибат динсиз ҳолатга тушиб қолиш хатари бор.

Ҳанафий мазҳаби айнан Расулуллоҳ солалллоҳу алайҳи ва салламнинг тутган йўлларига асосланган экан ва бунга машҳур уламолар шубҳа қилмас экан, ихтилофга берилиб, шохдан-шохга сакрашдан нима наф?!

Имом Нафровий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Тўрт имомдан бирига эргашмоқ вожиб эканига мусулмонлар иттифоқ қилишган”.

Демак, мужтаҳид бўлмаган киши ўзи Қуръон  ва суннатдан далил чиқариб олиш имконига эга эмас экан, тинчгина бирор мазҳабга эргашмоғи яхши ва тўғри йўлдир.

Ватанимиз мусулмонлари неча асрлардан бери ҳанафий мазҳабига биноан ибодатларини бажариб келмоқдалар. Бирор киши илмсиз ҳолда: “Мен ҳанафийдан бошқа мазҳабдаман”, дейиши дуруст эмас. Бу иш унинг ўзига зарар беради. Сабаби, бизда бошқа мазҳаблар бўйича фатволар айтилмайди.

Имом Шофеий раҳматуллоҳи алайҳ, Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг мазҳаблари тарқалган юртларга сафар қилсалар, намозларини ўша юрт мазҳаби бўйича адо қилар эдилар.

Ҳанафий мазҳабининг улуғ фақиҳларидан Муҳаммад Зоҳид Кавсарий: “Бемазҳаблик – динсизлик кўпригидир” деган.

Раббимиз барчамизни тўғри йўлда собит қилиб, турли ихтилофлардан узоқ айласин!

Дониёр ИКРОМОВ,

Тошкент тумани «Айри ота» жоме масжиди имом-хатиби

 Шайх Салоҳ Абулҳож ҳафизаҳуллоҳ

Қашқадарё вилоятига ташриф асносида Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи Эрдон домла Эсонов Косон туманидаги "Қусам ота" жоме масжидига, Тошкент шаҳар “Ислом ота” масжиди имом-хатиби Йўлдошали домла Каримов Косон туманидаги "Оқтепа" жоме масжидига пешин намозини жамоат билан адо этиш, намозхонларга маърифий суҳбат қилиб бериш учун ташриф буюрдилар.

Маърифий суҳбатлар давомида Ислом динининг моҳияти, мусулмонларнинг хулқ-атвори қандай бўлиши кераклиги, мусулмонларни зиёрат қилишнинг ажру савоби, бугунги кунда жамиятда учраётган муаммолар ҳақида таъсирли маъруза қилиб бердилар, намозхонларнинг саволларига жавоб бердилар.

Қашқадарё вилоят вакиллиги матбуот хизмати

Top