muslim.uz
Тил офатлари (Аудио)
"Зиё" медиа маркази ва "Наврўз" радиоси ҳамкорлигида тайёрланган
"Маърифат зиёси" радио дастури.
Дастур меҳмони: "Ҳувайдо" жоме масжиди имом-хатиби
Aброр домла Aлимов.
Ақидада адашмайлик
Ақида билмаган шайтона элдур,
Агар минг йил амал деб қилса, елдур.
Суфи Оллоҳёр.
Ҳар бир мусулмоннинг ақидаси тўғри бўлиши шарт, ақидаси нотўғри бўлган кишининг қилган амаллари заррача фойдаси бўлмайди. Ақида билмаган киши ҳар қанча ибодат қилса ҳам, соф Ақидани билмагани сабабли, қилган ибодатлари унга ҳеч қандай фойда бермайди. Чунки динда ихлоснинг ўзи кифоя қилмайди. Илмсиз, ёлғиз ихлоснинг ўзи билан нажот топаман деган кишилар адашадилар. Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ: “Илмсиз амал қилувчи – йўлни билмасдан йўлга чиққан йўловчи кабидир. Илмсиз амал қилган кишининг ислоҳидан кўра фасоди кўпроқ бўлади. Шундай экан ибодатга зарар бермайдиган илмни ва илмга зарар бермайдиган ибодатни талаб қилинглар. Бир қавм ибодат талабида бўлди ва илмни тарк қилдилар. Натижада улар уммати Муҳаммадга қилич кўтариб чиқдилар. Агар уларда илм бўлганида, улар бу ишни қилмаган бўлар эди”, деганлар.
У зотнинг ушбу сўзлари хаворижларга нисбатан айтилгандир. Маълумки, хавориж фирқаси ўзларига қарши бўлганларни кофирга чиқариб, уларнинг қонларини тўкишни ҳалол санаганлар. Ўзларига қарши чиқувчиларнинг диёрларини “Дорул ҳарб” деб номлашган. Улар Али розияллоҳу анҳунинг “таҳким”ни (Муовия розияллоҳу анҳу билан қилинган битимни) қабул қилишини куфр деб ҳисоблаган. Бу билан хавориж фирқаси ўша даврда адашгани ва Аллоҳга қарши чиқгани маълум бўлган. Чунки улар (хавориж фирқаси) Аллоҳ таоло Расули орқали унга жаннат башоратини берган Али розияллоҳу анҳуни кофирга чиқаришган. Али розияллоҳу анҳу уларнинг даъволарига жавоб бериш ҳамда уларни тўғри йўлга бошлаш учун Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуни элчи қилиб юборган. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ва адашган хавориж фирқасининг етакчилари ўртасида кенг баҳс-мунозара бўлиб ўтган. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу уларнинг хатоларини илмий исботлаб берганларидан сўнг улардан икки мингдан зиёди хаворижликдан қайтган эди.
Минг афсуски, бугунги кунда ҳам худди шу хаворижлар каби “такфирчи” оқимлар Араб ўлкаларида, айниқса, Сурияда пайдо бўлиб, мусулмонлар оммасини куфрда айблаб, дўзахга ҳукм қилаётгани ачинарли ҳолатдир. Аслида, мусулмон киши қачон диндан чиқади? Гуноҳлар сабабли мусулмон кишини кофир дейиш жоизми? Бу хусусда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир қанча ҳадисларида мусулмонларни куфрга чиқаришдан қаттиқ қайтарганлар. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар бир киши ўзининг биродарига “Эй кофир”, деса, (куфр ҳукми) иккисидан бирига қайтади дедилар”. (Имом Бухорий ривояти). Ушбу ҳадисда мусулмон кишини кофирга чиқарувчилар учун катта таҳдид бордир. Агар у кишининг гапи рост бўлса, мазкур биродарининг кофир экани табиийдир. Аммо унинг гапи ёлғон бўлиб чиқса, шу гапни айтган кишининг ўзи кофир бўлади. Чунки у киши бу сўзи билан мўмин кишига кофирлик ҳукмини берган бўлади ёки имонни куфр деган бўлади. Аслида, бировни кофир дейиш ёки куфрга чиқариш билан киши бирор савобга эришиб қолмайди. Лекин гапи нотўғри бўлиб чиқса, ўзи кофир бўлади.
Динимиз таълимотида мусулмон киши ўзини имонга киритган нарсани инкор қилгани аниқ бўлмагунча, гарчи катта гуноҳ содир қилган бўлса-да, модомики, гуноҳни ҳалол санамаган бўлса, уни куфрга ҳукм қилиш асло мумкин эмасдир. У банда гуноҳи кабира қилиши билан фосиқ бўлади, лекин кофир бўлмайди. Буни билиш учун илм керак. Инсон тўғри йўлдан кетаётганини билиши учун аввал тўғри йўл қайси эканини билиб олиши лозим. Шунинг учун шариатимиз илмга буюрган.
Бугунги кунда ёшларнинг ақидаси тўғри бўлиши учун ота-она, устоз ва мураббийлардан катта масъулият талаб қилинади. Илмни, айниқса, диний билимни ёшларимиз турли интернет ёки шу каби ахборат воситалар орқали ўрганиб, ўзлари билмаган ҳолда нотўғри эътиқодга кириб қолишмоқда. Илм интернетдан олинмайди. Кўпгина ақидавий ва фиқҳий масалаларда нафақат интернет, ҳатто китобнинг ўзи ҳам кифоя қилмайди. Интернет ҳам, китоб ҳам ҳеч қачон жонли устознинг ўрнини боса олмайди. Диёримизда диний билимлардан таълим берадиган кўплаб ўқув даргохлари фаолият юритмоқда. Болаларимизнинг ақидаси тўғри шаклланиши учун улар мадраса кўрган, интизомий дарс ўқиган жонли устозлардан таълим олишлари зарурдир.
Ҳакимлардан бири айтган экан: “Инсоннинг ҳидоят топишида китобнинг ўзи кифоя қилмайди. Чунки китоб устоз бўла олмайди. Балки жонли, яъни, инсонлардан бўлган устознинг ўрни ўта муҳимдир. Агар китобнинг ўзи устозликка кифоя қилганида, Аллоҳ таоло минглаб пайғамбарларни юбормаган бўлар эди. Эътибор беринг, қанча китоб берилгану, қанча пайғамбарлар юборилган. Тўртта китоб берилган бўлса, юз мингдан зиёд (баъзи ривоятларда бир юз йигирма турт минг дейилган) пайғамбарлар юборилган. Пайғамбарларнинг ҳаммаси ҳам китоб олиб келишмаган. Лекин уларнинг барчаси устоз бўлиб келганлар”.
Афсуски, бугунги кунда Сурия, Афғонистон каби мамлакатларда дин ниқоби остида бегуноҳ одамларнинг қонини тўкишлар, обод шаҳар-қишлоқларни вайрон қилишлар давом этмоқда. Энг ачинарлиси, аксарият ҳолатларда бу урушларга диний тус бериляпти. Жангарилар ўзларига эргашмаган мусулмонларни кофирга чиқариб, қатл қилаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз.
Мусулмон киши огоҳ бўлиб, тинчликка раҳна соладиган ишни кўрса, бирор бир бузғунчиликка гувоҳ бўлса, дарҳол олдини олиши лозим. Тинчликнинг бузилиши эса — илм ва маърифат йўлининг тўсилиши, ўзаро яхшиликнинг узилиши, касб қилишнинг қийинлашиши, яшаш оғирлаши, нотўғри хабарларнинг тарқалиб юриши, одамларнинг эшитганига ишониб кетавериши, халқ ўртасида ваҳиманинг тарқалиши, рост хабарларнинг инкор қилиниши, одамларнинг бегуноҳ қонлари тўкилиши, аёлларнинг бева қолиши, ёш болаларнинг етим бўлиши каби мусибатларга сабаб бўлади. Тинчлик йўқолса жаҳолат кучаяди, ҳар хил жиноятлар кўпаяди ва зулм тарқалади.
Бизлар шу заминда яшар эканмиз барчамиз бирлашиб бу мустақил юртимизни турли ёт ғоя ва кучлардан кўз қорачиғимиздек асрашимиз лозим бўлади.
Аллоҳ таоло жаннатмакон юртимизни турли бало ва офатлардан, ботил ақида ва фитналардан Ўзи асрасин! Халқимизни аждодларига муносиб тўғри ақидада собит турадиган халқлардан қилсин!
Аминжон Исмоилов,
Сирдарё вилояти Сирдарё тумани бош имом-хатиби
(Жума мавъизалари асосида тайёрлади)
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ: Бало-офатларнинг сабабчилари - ақийдада ғулувга кетган замона хорижийларидир!
Масжиднинг янги биноси барпо этилмоқда
Аллоҳга беадад шукрки, юртимиз масжидлари кундан-кунга обод бўлмоқда. Уларнинг кўпи замонавий шаклда таъмирланиб, чиройли ва қулай ҳолатга келтирилмоқда. Халқимиз бундай масжидларда ибодатларини адо этаётганларидан мамнун. Бу каби хайрли ишлар диний қадриятларимизга улкан эътибор натижасидир.
Ана шундай бунёдкорлик ишларининг узвий давоми сифатида Амударё тумани “Қипчоқ ШФЙ” ҳудудида “Ҳожи эшон” масжидининг янги биносини шаҳарсозлик меъёр ва қоидаларига мувофиқ қайта қуриш ишлари бошланди. Ушбу масжид Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти ташаббуси билан бунёд этилмоқда.
Лойиҳага кўра, жоме намозхонлар учун ҳар томонлама қулай ва шинам бўлишига алоҳида эътибор қаратилган. Унинг қурилишига энг моҳир уста ва муҳандислар жалб этилган.
Масжид обод этишнинг савоби ниҳоятда улуғ. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай деганлар: “Ким масжидда битта чироқ ёқса, ўша чироқнинг нури ўчгунича фаришталар у кишининг ҳаққига истиғфор айтиб турадилар”.
Дарҳақиқат, масжидлар ободлиги юрт ободлигидир. Зеро, масжидга ибодат қилиш учун келган халқимиз она-Ватан тинчлиги, халқ осойишталигини сўраб, дуо қилишади. Бу дуоларнинг шарофати ила Яратган юртимизни янада фаровон қилади, неъматларини янада зиёда қилиб беради.
Янги барпо этилаётган ушбу жоме масжид халқимиз учун катта туҳфа бўлади, иншоаллоҳ.
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти Ахборот хизмати
Такфир масаласи
Бу ибора арабча “куфр” сўзи ўзагидан олинган. Луғатда “инкор қилиш”, “ёпиш”, “каффорат бериш” каби маъноларни англатади. Истилоҳда эса мўмин кишини асоссиз сабаблар билан кофирга чиқариш демакдир.
Қуръонда “куфр” сўзи бир неча ўринларда келган. Бир жойда кофирликни билдирса, бошқа жойда ношукрликни ифода этади. Аллоҳ таоло киши изтирорий ҳолатда, яъни мажбурланган пайтда “куфр” сўзини айтиб қўйса, уни азобламаслигини ҳам баён қилган. Бу борада Савбондан (розияллоҳу анҳу) Набийнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Менинг умматимнинг хато қилган, эсдан чиқарган ва мажбурланган ҳолатда қилган ишидан қалам кўтарилди”, деган машҳур ҳадис ривоят қилинади.
Имом Бухорий “Саҳиҳ”идаги бир боб “Жоҳилият ишларидан бўлиб, куфр саналмайдиган гуноҳлар боби” деб номлангани ҳам мусулмон инсон гуноҳ содир этиш билан Исломдан чиқмаслигига ишора қилади. Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига кўра, катта (кабира) гуноҳ содир этган мўмин киши қилган ишини ҳалол санамас экан, кофир бўлмайди. Шунингдек, тўрт мазҳаб уламолари иттифоқига кўра, катта гуноҳ содир этган шахс дўзахда ҳам абадий қолмайди.
Мусулмонни кофир санашдан келиб чиқадиган хатарлар боис Қуръон ва Суннада бировларни кофирга чиқаришдан қайтарилади. Аллоҳ таоло бундай дейди:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا إِذَا ضَرَبْتُمْ فِي سَبِيلِ اللَّهِ فَتَبَيَّنُوا وَلَا تَقُولُوا لِمَنْ أَلْقَى إِلَيْكُمُ السَّلَامَ لَسْتَ مُؤْمِنًا تَبْتَغُونَ عَرَضَ الْحَيَاةِ الدُّنْيَا فَعِنْدَ اللَّهِ مَغَانِمُ كَثِيرَةٌ كَذَلِكَ كُنْتُمْ مِنْ قَبْلُ فَمَنَّ اللَّهُ عَلَيْكُمْ فَتَبَيَّنُوا إِنَّ اللَّهَ كَانَ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرًا
«Эй имон келтирганлар! Аллоҳ йўлида сафарга чиққанингизда аниқ иш тутингиз! Сизларга салом берган (ёки таслим бўлган) кишига бу дунё матоҳини (ўлжани) кўзлаб: “Мўмин эмассан”, демангиз! Аллоҳнинг ҳузурида кўп ўлжалар (бордир). Илгари сизлар ҳам шундай (имонингизни сир тутар) эдингиз, (сўнгра) сизларга Аллоҳ неъмат ато этди. Бас, аниқлаб иш тутингиз! Албатта, Аллоҳ (барча) ишларингиздан хабардордир» (Нисо, 94). Бир неча саҳобалар Мадина ташқарисига чиққанларида бир гуруҳ мушрикларга дуч келадилар. Саҳобалардан қўрқиб тарқаб кетишганда, Мирдос исмли мушрик қолиб, уларга салом беради ва Имон калимасини айтади. Шунга қарамай, уни ўлдириб, нарсаларини ўлжа қилиб келтирган Зайд (ёки Миқдод)ни Расул алайҳиссалом қаттиқ койийдилар.
Оятда мушриклар ичида ҳам пинҳона имон келтирган, лекин уни ошкор қилишга қулай фурсат топа олмай юрганлар ҳам бўлган. Мўмин эканини изҳор қилган пайтда кофирликда айбламаслик зарурлиги таъкидланмоқда.
Ҳадиси шарифларда ҳам ўзга шахсни куфрга чиқаришдан огоҳлантирилади. Жумладан, Имом Бухорий Ибн Умардан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: «Агар киши биродарига “Эй кофир”, деса, у (сўз) иккисидан бирига қайтади». Абу Заррдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Ҳеч бир киши бошқа кишини фосиқ, кофир, деб айбламасин. Агар у киши бундай бўлмаса, айтган гапи ўзига қайтиб келади”. Жумҳур калом ва фиқҳ уламолари иттифоқига кўра, қибла аҳли бўлган мусулмонни кофирга чиқармаслик керак. Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ) қибла аҳлларидан бирор кишини кофирга ҳукм қилмаганлар.
Бир мусулмоннинг бошқа бир мусулмонга қони, обрўси ва моли ҳурматли бўлиши лозим. Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) видо ҳажидаайтган ушбу гаплари буни тасдиқлайди: “Албатта, сизларнинг қонларингиз, молларингиз ва обрўларингиз ўзларингиз учун худди шу кунингиз, шу ойингиз ва шу шаҳрингиз каби муҳаррамдир. Шу ерда ҳозир бўлган киши ҳозир бўлмаганларга етказсин”.
Халифа Али (розияллоҳу анҳу) даврида пайдо бўлган хорижийлар фирқаси такфир тушунчасини ўзларига эргашмаганларга нисбатан қўллаган. Улар олдин ҳазрат Алининг (розияллоҳу анҳу) ашаддий тарафдорлари эдилар. “Сиффийн” жангидан сўнг ўн икки минглик қўшин билан ажралиб чиқиб, ҳазрат Алига ва Муовияга қарши баробар кураш бошлашган.
Хорижийлар қурол ишлатиш билан ўз эътиқодини ёйиш ва ҳокимиятга эришишни мақсад қилишади. Улар мусулмонларни ўлдиришни ҳалол санашган. “Жамал воқеаси” иштирокчилари, Усмон, Али, Муовия, Амр ибн Ос, Абу Мусо каби саҳобаларни ҳам куфрда айблашади. Катта гуноҳ қилган кишини кофирга чиқариб, уларнинг авлоди, моли ва жонини ўзларига ҳалол санашган. Хорижийларнинг такфир тушунчаси орқали минглаб мусулмонлар, жумладан, ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу) ҳаётига ҳам тажовуз қилинган.
Ислом уламолари хорижийларнинг катта гуноҳга оид даъволарини таҳлил этиб, уларнинг гаплари исломий тушунчалардан жуда йироқ эканини таъкидлашади. Ислом тарихида хорижийлар қўллаган услуб бугун ҳам жиҳодий жамоалар мафкурасида давом эттириляпти. Улар ўзларига эргашмаган шахслар ва тузумларни кофирликда айблашади. 2005 йил июл ойида Оммон (Иордания) шаҳрида Ислом олами етакчи уламолари қабул қилган фатвода: “Тўрт сунний мазҳабга эътиқод қилувчиларнинг барчаси мусулмон ҳисобланади. Уларни имонсизликда айблаш, жонига, номусига ва мулкига қасд қилиш жоиз эмас”, деб эълон қилинган.
Шайх Юсуф Қарзовий мусулмонни кофирга чиқариш ҳақидаги саволга бундай жавоб беради: “Ким Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад (алайҳиссалом) Унинг Расули эканига қалби билан тасдиқлаган ҳолда гувоҳлик берса, мусулмондир. Унга тўлалигича мусулмонларга қилинадиган муомала қилиниши лозим”.
Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти мударрисаси
Усмонова Хуршида