Мақолалар

Оилабузарнинг мусулмонлиги гумон

Эри бор аёлга совчи бўлиш мутлақо ҳаром, оғир гуноҳдир. Баъзилар «Бу шундоқ ҳам тушунарли-ку, ким ҳам эри бор аёлга совчи бўларди?» дейиши мумкин. Лекин шундай кимсалар борки, туппа-тузук яшаб турган эр-хотинни бир-бирига қайраб, эрини хотинига, хотинни эрига ёмон кўрсатиб, уларнинг гулдек оиласини бузиш пайида юради. Бировнинг аёлига эришиш учун унга яхши гапиравериб, совға-саломлар беравериб, охири эридан айнитиши, эрингдан ажрасанг, сенга уйланаман деб, уйланиб олаётган номардлар ҳам озмунча эмас экан.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир аёлни эрига қарши қайраб, эрига муносабатини бузган ёки қулни ўз хожасига қарши қайраган одам биздан эмас», деганлар. Бир ривоятда «Хотинни эрига қайраган одам» дейилган (Имом Абу Довуд ривояти).

Айтайлик, бир одам туппа-тузук яшаб турган оиланинг ўртасига тушиб, эр-хотиннинг орасини бузади, охири иш талоққа бориб етади, кейин у ўша аёлга уйланади. Яна ўзича: «Мен зино қилмадим. Талоғини олди, иддасини ўтирди. Шундан кейин мен уни никоҳимга олдим» дейди. Тўғри, зино қилмагандир, лекин зинодан баттар ишни қилди, оилани бузди. Пайғамбар алайҳиссалом ундай одамни «Биздан эмас» деганлар. Демак, икки кишини, айниқса, эр-хотинни бир-бирига гижгижлаган одам мусулмонлардан эмас экан. Бунинг маъноси иймондан чиқишдир. Бу зинодан ҳам оғирроқ гуноҳ бўлади. Шунинг учун биринчи навбатда эри бор аёлга совчи қўйиш мутлақо ҳаром дейилган.

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ.

Юнусобод тумани бош имом-хатиби

 

 

Read 9891 times
Tagged under

Мақолалар

Top