muslim.uz
Диний идора раиси ўринбосари Россия сафарида бўлди
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари Иброҳим Иномов муқаддас Рамазон ойи арафасида Россия Федерациясига ташриф буюрди. Ушбу ташриф доирасида турли минтақаларда меҳнат фаолиятини олиб бораётган ўзбекистонлик муҳожирлар билан суҳбатлар ўтказиш ва улар билан мулоқот қилиш кўзда тутилган эди.
Ватандошлар билан учрашувлар кўтаринки руҳда ўтказилиб, барча ЎМИ томонидан ўтказилаётган амалий ишлардан хурсанд эканини билдирган.
ЎМИ Матбуот хизмати
Илм даргоҳини эъзозланг
Илм шундай беқиёс неъматки, уни жисмонан ҳис қилиб, таъмини тотиб кўриб, қўл билан миқдорини аниқлаб бўлмаса-да, унга эришиш натижасида онгда юзага келадиган фароғатни бу дунёдаги ҳеч бир роҳат билан қиёслаб бўлмайди. Инсон ана шундай неъмат билан неъматланганки, унинг заррасини ҳам йўқотмасдан ўз вақтида тўғри англай олиши ва қадрига ета олиши уни ҳам моддий, ҳам маънавий юксакликка олиб чиқади. Аксинча, бу неъматни ҳис қила олмаслик, уни қадрига етмасдан, моддий неъматлар қаърига шўнғиб кетиш охир-оқибат инсонни жарликка юзтубан қилади.
Инсон тафаккурининг илмни қандай қабул қилиши, шубҳасиз, унинг ёшига боғлиқ. Илм ўрганишнинг йўллари ва усуллари кўплиги, инсон учун унинг ёшига мувофиқ эгаллашда енгиллик туғдиради. Бунда услуб ва ёшни тўғри мувофиқлаштириш муҳим. Илмни эгаллай олмаслик ва уни тафаккур қила олмаслик аксар ҳолда ана шу мутаносибликнинг йўқлигидан юзага келади. Ўқув муассасаларида ўқувчининг ёш меъёрига қарамасдан дарсликлар танланиши ва нотўғри услублардан фойдаланилиши илм савиясининг тушиб кетишига ҳамда ўқувчиларда у ёки бу фанга қизиқишнинг сўнишига олиб келади. Мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида бу муаммо анча сезиларли даражада кўзга ташланади. Бу икки даргоҳ боланинг илм олиш дебоча манзили бўлиб, таълимнинг тўғри йўлга қўйилиши шу даргоҳлардан бошланиши лозим. Бунинг учун ҳар бир фаннинг ўзига хослигидан келиб чиқиб ёндашиш муҳим ўрин тутади.
Боланинг тафаккурида кўриш, тинглаш ва эслаб қолиш хусусиятлари кучли бўлади. Кўриш деганда, у катта ва рангли шаклдаги ҳарф ва суратларни яхши қабул қила олади. Бунда у ҳарфни ҳам, суратни ҳам сурат деб қабул қилади ва қулоғи орқали эшитиб уларнинг номларини эслаб боради. Боланинг тафаккурида турли тилларни фарқлаш ҳали ривожланмагани учун у бир неча тилни (таъкидлаш жоизки, бир неча тилни бола чалкаштириб юбормайди) баробар эгаллаб бориши мумкин. Албатта, бола кўрган ва эшитган нарсасинигина олиб қолади ва юздан ошиқ сўзларни эслаб қолиши мумкин. Тажрибаларда бундан ҳам кўп натижалар кузатилган. Муҳими шундаки, бу узвийликни тўхтатмаслик керак. Чунки кўрмаётган ва эшитмаётган нарсасини унутиш бола учун кўп вақтни олмайди. Қанчалик тез эгаллаган нарсасини, шунчалик тез унутади. Албатта, бу машаққатли йўлда илк устоз боланинг ота-онаси ҳисобланиб, илм саройининг илк ғиштларини улар қўядилар.
Мактаб боланинг қандай шаклланишида асосий ўрин тутадиган восита бўлиб, у ерда эришилган ютуқ ёки йўл қўйилган ҳар бир камчилик боланинг шаклланишида ўз натижасини кўрсатмай қолмайди. Бунда устоз, дарслик ва услубнинг ўрни беқиёс. Устозда ўз фанига ва ўқувчиларига муҳаббати бўлмаса, дарслик ўқувчининг ёшига ва халқ менталитетига мос бўлмаса ҳамда услуб тўғри танланган бўлмаса, ўқувчи мактабни тамомлаганда, худди бўш хонанинг у эшигидан кириб бу эшигидан чиққандек ҳолатда бўлади. Оқибатида бошланғич таълимни ололмаган боланинг ўрта-махсус ва олий таълим даргоҳларида таҳсил олиш сифатини тасаввур қилиб кўриш қийин эмас.
Бошланғич синфлардан сўнг дарс секин-аста жиддийлашиб боради. Дарслик муҳим манба бўлгани сабабли ҳар бир синф босқичи учун уни тўғри танлай билиш ютуқ даражасини белгилаб беради. Дарслик танлашда, албатта, бу хорижий тил эканини ва у она тилининг қабул қилинишидан тубдан фарқ қилинишини эътиборга олиш муҳим. Афсуски, мактабларда ана шу томонлар ҳисобга олинмай, хорижий тил эгасининг она тили китоби каби дарсликлар танланиб, оқибатида бизнинг ўқувчиларнинг хорижий тилни эгаллай олмасликларига сабаб бўлаётган ҳоллар ҳам йўқ эмас. Оқибатида, мактабни битирган болада хорижий тил бу қандайдир эгаллаб бўлмайдиган довон деган тушунча ҳосил бўлмоқда. Ўрта-махсус ўқув юртлари тилни давом эттириш ўрнига, аввал ўқувчида шу қўрқувни бартараф этиш ва сўнгра тилни ўргатишга вақт сарфлашларига тўғри келаяпти.
Илм олишда узвийлик бўлса, ҳар бир илм даргоҳи бериши лозим бўлган илм даражасини беришга эришса, болада илмга муҳаббат уйғота олинса, албатта, илм боғидаги ниҳоллар барг очиб, улкан мевали дарахтларга айланади.
Рашидбек ЭРНАЗАРОВ,
Хоразм вилояти Боғот тумани бош имом-хатиби
Рамазон рукнидан: рўзадорнинг ахлоқи
Рамазон покланиш ойи. Яъни, рўзадорда руҳий ахлоқий тозаланиш бўлади. Саҳардан шомгача еб-ичишдан тийила олган одамда сабр-қаноат туйғуси ортади. Иродаси мустаҳкамланади. Иродали, сабрли инсонлар хотиржам бўлишади. Хотиржам кишилар тилларини ғийбатдан, беҳуда гап-сўзлардан тияди. Кўнгилларидан ҳасаду ғаразни, гина-кудуратни ҳайдайди. Одамларга эътиборли, раҳм-шафқатли бўлишга интилади. Шу сабабдан ҳам Рамазон ойи номига маърифат, мағфират, тинчлик, хотиржамлик, сабр ойи каби сифатлар қўшиб айтилади.
Ҳужжатул Ислом Имом Ғаззолий таърифича: “Рўза тутиш жон учун закот, бадан учун риёзат, яхшилик учун даъват, гуноҳлардан сақланиш”, демакдир. Исломнинг беш устунидан бири бўлмиш рўза туфайли ўзаро аҳиллик, тотувлик, бағрикенглик туйғулари кучланади. Ҳамжиҳатлик ва ҳамкорликка интилиш ортади. Рўзадор ушбу амалларга алоҳида эътибор бериши керак:
— бирор киши уни ҳақоратласа ё уришса, “Мен рўзадорман”, дейиш;
— қуёш ботиши билан тезда, шом намозини ўқишдан олдин бирор нарса (сув, хурмо) билан оғизни очиш;
— оғизни очишда ривоят қилинган дуолар билан дуо қилиш;
— ортиқча гап, лағв сўзлардан тилни тийиш;
— рўзани бузмайдиган, аммо ҳузурбахш, нафсни талтайтирадиган нарсаларни тарк этиш;
— оила аъзолари ва қариндошларга кенгчилик билан мурувват қилиш. Бева-бечора, етимлар ва камбағалларга хайр-эҳсонни кўпайтириш;
— Қуръон қироати, зикр ва салавотларни кўпайтириш.
“РАҲМАТ ОЙИ РАМАЗОН”китобидан
Тамагирдан яхшилик кутманг!
«Тамаъ» деб бировдан бир нарса умидвор бўлишга айтилади.
Тўрт мучаси саломат, куч-қуввати бор кишиларга тамаъ қилмоқ ҳаром. Ожиз ва нотавон, саломатлигида камчилиги бор инсонларга мубоҳ.
Тамаъ балосига гирифтор бўлган кишилардан номус ва ҳаё сифатлари кўтарилади.
Ҳозирги кунда тамаъ билан қорин тўйғазадиган кишилар кўпайгани ачинарли ҳол.
Агар уларга «Биродар, соппа-соғ одам бўлсанг, сенга тамаъ ҳаром эмасми?» десангиз, «Ота-бобомнинг касби шу», дейди уялиш ўрнига.
Алалохир, тамаъ нонини еб улғайган, касбу ҳунар ўрнига дангасалик ва ялқовликка ўрганган кимсаларнинг ўзларидан ҳам, фарзандларидан ҳам яхшилик кутиб бўлмайди.
Тамаъ хорликка сабаб. Тамагир бой – хор ва тубан. Ким тамагирлик йўли билан бирор нарсани ундириши мумкин бўлса-ю, лекин олмаса, бу – унда тамаъ иллати йўқлигига далолат қилади ва унинг шу иши ҳар қандай саховатдан қолишмайди.
Тамагирнинг кўзи дунё молига тўймайди. Ҳакимлар айтадики, тамагирга бир водий тилло кошона берилса ҳам яна бир водий бўлсайди деб ношукрлик қилади.
Бу ҳақида Сўфи Оллоёр бувамизнинг қуйидаги байтда ҳам баён қилинади.
Тамалик сийладин беҳдур сийланган,
Тилангандин эрур ортиқ - тилинган.
Маъноси: (Тамаъ билан бир сурув қўй олгандан кўра, елкага мушт урганлари афзалдир. Тиланчи бўлиб юргандан эски кийимларда тилиниб юрган яхши)
Эмаклаб кетса, тушса эт била пўст,
Тама қилма кишидин тўша, эй дўст!
Маъноси: (Эмаклаб, тери-ю этинг тушуб не машаққатлар ичида юрган бўлсанг-да, одамлардан гарчи биргина луқма бўлса ҳам тамаъ кутма, эй дўст!)
Бугун моддий манфаат учун, мансаб учун, йўқчиликдан қўрқиб, одамларнинг хурмат ва эътиборидан қолишдан кўра ўзларига тамани жоиз кўрганлардан таъби хира бўлади кишининг.
Аллоҳ таоло бундай инсонларнинг кўзини тамаъ ҳирси билан тўлдириб қўйган. Улар нафсининг йўлида ҳар қандай қаттолликка ҳам қўл уриш мумкин.
Раббимиз барчамизни ўз нафсига қул бўлиб, тамадан, дунё молига тўймас очкўз кишиларнинг ёмонлигидан сақласин.
Муҳаммад Содиқ КАРИМОВ,
«Обиджон Ботиров» жоме масжиди имом-хатиби
Рамазон рукнидан: рўзанинг сирлари ва одоблари
Рўзада мавжуд бўлган хусусият ундан бошқа нарсада йўқ. Нега деганда, рўзани Аллоҳ таоло Ўзига нисбат берган. Ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло айтади: «Рўза мен учун ва унинг ажру-савобини Ўзим бераман» (Имом Бухорий). Бу нисбатнинг ўзи унинг нақадар шарафли эканига кифоя этади, чунончи «Уйимни пок этинг» (Ҳаж сураси, 26-оят), деган каломида Каъба нисбатини ўзига хос этганидек.
Рўза икки маънога нисбатан фазилатли бўлади:
- Рўза сир ва ботиний, яъни ички амал. Уни ҳеч қачон халқ кўрмайди ва унга риё аралашмайди.
- Рўза Аллоҳ душманлари учун хафалик, хорлик, зеро у шаҳват душманларига васила. Дарҳақиқат, шаҳват ейиш ва ичиш билан қувватланади. Модомики, шаҳват ерлари унумдор экан, бас, бу экинзорларга шайтонлар албатта қадам босиб келади. Шаҳватларнинг тарк этилиши уларнинг йўлларини тўсиш ва беркитишдир. Рўзанинг фазилатига далолат этадиган хабарлар жуда кўп ва улар машҳур.
Рўзанинг уч хил даражаси бор: оммавий рўза, хос рўза, хослар хоссасининг рўзаси.
Оммавий рўза – бу қоринни таомдан ман этиш ва жинсий аъзони шаҳвоний ҳис-майлдан ушлаш.
Хос рўза – бу назар, тил, қўл, оёқ, эшитиш аъзолари ва бошқа барча вужудни гуноҳлардан сақлаш.
Хоснинг хос рўзаси – бу жирканчли истаклардан ва Аллоҳдан узоқлаштирадиган фикрлардан қалбнинг рўзадор бўлиши, Аллоҳдан ўзга барча нарсалардан қалбнинг узоқда бўлиши. Бу хилдаги рўзанинг шархи бошқа ўринда келади.
Хос рўзанинг одоблари қуйидагилардир: кўзни ҳаромдан юмиш, тилни одамларга азият берадиган ҳаром ёки макруҳ ё бефойда сўзларни айтишдан сақлаш, бошқа барча аъзо ва вужудни эҳтиётлаш.
Имом Бухорий ҳазратлари ривоят этган ҳадиси шарифда бундай дейилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки ёлғон, бўҳтон сўзни ва унга амал этишни тарк этмаса, унинг емай-ичмай тутган рўзасига Аллоҳнинг ҳожати йўқ», дея марҳамат қилдилар».
Яна рўза одоблари мана шулардир: рўза тутишни ният этган одам кечалари қорнини ҳаддан зиёд тўйдириб юбормаслиги, балки у кифоя қилгудек таом ейишлиги керак. Зеро, одам боласига қориндан кўра ёмонроқ тўладиган идиш йўқ. У кечанинг аввалида тўйиб олса, кечанинг қолган қисмида ўзига фойда ола олмайди. Шу каби у саҳар пайтида ҳаддан ортиқ тўйиб овқат еб олса, пешин вақтигача ҳеч бир фойдали амал қила олмайди, кўп ейишлик ялқовлик ва фаолиятсизликни келтириб чиқаради. Натижада, кўп таом истеъмол этиш ирода этилган мақсадни зое этади, чунки рўзадан мақсад очлик ҳиссини татиш ва иштаҳани тарк этишдир.
Ихтиёрий тутиладиган рўза хусусида шуни яхши билингки, йил давомида яхши кун ва айрим фазилатли айёмларда рўза тутиш мустаҳабдир. Бу рўзалар таъкидланган яхшилик ҳисобланиб, рамазон ойидан кейинги шаввол ойининг олти кун рўзаси, арафа куни рўзаси, муҳаррам ойининг ўнинчи кунидаги ашуро рўзаси ва зулҳижжа ойининг ўнида тутиладиган рўзалардир. Абу Айюб Ансорийдан ривоят этиладики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: «Кимда-ким рамазон ойи рўзасини адо қилиб, сўнг шаввол ойида олти кун рўза тутса, у одам гўё йил давомида рўзадор бўлибди» (Имом Муслим).
Шундай рўзаларнинг баъзиси ҳафтанинг душанба ва сешанба кунларида тутилади. Қамарий ойнинг боши, ўртаси ва охиридаги тутилгани афзал рўзадир.
Кимки ҳар ойнинг аввали, ўртаси ва ниҳоясида рўзадор бўлса, кўп яхши бўлади. Аммо энг афзали қамарий ойнинг тўлган уч кунлари, яъни 13-14-15 кунлари тутилган рўзадир.
Ҳазрат Довуд алайҳиссаломнинг ихтиёрий тутган рўзалари такрорланадиган рўзалардандир. У зот бир кун рўзадор бўлсалар, иккинчи куни рўза бўлмасдилар. Бу тартибда рўзадор бўлиш ўзида уч маънони жам этади:
- Нафс рўзадор бўлмаган кунда ўз ҳаққини олади. Рўза тутган кунда эса бандалигига тўла вафо этади. Бу ҳолда нафсга ором бериш ва унга масъулият юклаш жам бўлган. Бу адолатдир.
- Емак истеъмол этилган кун – шукрона куни ҳамда рўзадорлик куни эса сабр этиш кунидир. Иймон икки бўлак – шукр ва сабрдир.
- Қийинчиликда (ҳар куни таомланадиган) нафсга жуда машаққат бўлади, зеро, у доимий бир ҳолатни унутиб, иккинчи ҳолатга кўчиб ўтади. Аммо йил давомида рўзадор бўлиш ҳақида Имом Муслим Абу Қатодадан ушбу ҳадисни ривоят этганлар: «Дарҳақиқат, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан «Бир киши йил давомида муттасил рўза тутса, қандай бўлади?» деб сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рўза ҳам тутмади ва рўзасиз ҳам бўлмади», деб айтдилар».
Бу – рўза ушлаш ман этилган кунларда ҳам узлуксиз йил бўйи рўза тутадиганларга тааллуқли. Аммо икки ҳайит, ташриқ ва арафа кунларидан ташқари йилнинг бошқа ҳамма кунларида рўза ушласа, ҳечқиси йўқ. Ҳишом ибн Урвадан ривоят этилишича, у кишининг оталари узлуксиз рўза тутардилар. Ҳазрат Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ҳам муттасил рўзадор эдилар. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтдилар: «Абу Талха Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин узлуксиз қирқ йил рўза тутдилар».
Билинг! Кимнинг фаросати бўлса, рўзадан бўладиган мақсадни яхши тушунади ва афзал амалларни бажаришда ўзини ортиқча қийнамайдиган даражада иш тутади.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу кам рўза тутардилар ва: «Рўза ушласам, намоз адо этишда заиф бўламан, шунинг учун (ихтиёрий, зиёда) рўза тутишдан намозни ихтиёр этдим», деганлар.
Салафлардан айримлари агар рўза тутсам, Қуръони Каримни ўқишда чарчаб қоламан, деб кўп вақт рўза тутмас эди. Ҳар бир инсон ҳолини ва ўзига нима яхшилигини ўзи билгувчидир.
Манбалар асосида
Пискент тумани «Мулла Бўта Қози»
жоме масжиди имом хатиби
Мирсобит ВОҲИДОВ
тайёрлади