muslim.uz
Россияда исломий либослар фестивали ўтказилди
Шу кунларда Москвада X Халқаро иқтисодий саммит доирасида “Kazan Islamic Clothes 2018” муслималар халқаро кийим фестивали бўлиб ўтди.
Фестивал ташаббускорлари сифатида Россия Федерацияси мусулмонлари идораси, Россия муслималари иттифоқи ва Россия мусулмонлар дизайнери иттифоқи эътироф этилди.
Мусобақа ташкилотчилари ушбу фестивал дизайнер ва моделерларни халқаро даражада ўзаро ҳамкорлик қилишлари ва ислом либоси маданиятини таниташ мақсадида ўтказилганини таъкидлаб ўтдилар.
Форумда Туркия, Индонезия ҳамда Россиянинг бир нечта минтақаларидан таниқли ва ҳаваскор дизайнерлар иштирок этган.
Бундан ташқари жорий йилда биринчи маротаба Буюк Британия, Марокаш, Ўзбекистон ва Қирғизистонлик дизайнерлар ҳам қатнашганлари қайд этилди.
ЎМИ Халқаро алоқалар бўлими
Жаҳоннинг энг йирик интернет компанияси ҳам Рамазонга тайёргарлик кўрмоқда
Google бугунги кунда интернет тармоғида катта улушга эга бўлган интернет хизматларини таклиф этаётган компания ҳисобланади.
Компания мусулмонларнинг муқаддас ойи Рамазон муносабати билан, мусулмонларнинг кўнглига хуш ёқувчи дизайндаги Google қидирув тизими дизайнини тақдим этди. GoogleDoodleнинг Рамазонга бағишланган янгиликларидан бири сифатида баннернинг жойлангани бўлди. Бундан ташқари компания ушбу ойда қиблани излаш билан боғлиқ сўровлар кўпайгани сабабли Qibla Finder (қиблани топувчи) хизмати ва Qalam номли лойиҳасини ишга туширди.
Qalam лойиҳасида хаттотлик санъатини виртуал оламга кўчирилган. Исталган инсон ўз табригини араб ёзувида юбориши мумкин бўлади.
ЎМИ Матбуот хизмати
Шимолда 22 соат рўза тутувчилар бор
Швеция шимолидаги Кируна шаҳрида яшовчи мусулмонлар Рамазон давомида 20-22 соатлаб рўза тутади. Бу ҳақда "aa.tr.com" нашри хабар берди.
Ер шарининг шимолий нуқтасида жойлашган мамлакатларда айрим шаҳарларнинг маҳаллий мусулмон аҳоли Рамазоннинг биринчи кунида рўза тутиш вақти 19 соат 53 дақиқа бўлиши айтиб ўтилди.
Рамазоннинг охирги кунида эса бу вақт 21 соат 58 дақиқа давом этиши қайд этилган. Ўз навбатида кўриниб турибдики ушбу ҳудуд аҳолиси ифторлик ва сахарлик орасида 2-4 соат давомида хуфтон ва таровеҳ намозларини адо этишлари ва сахарлик қилишга тайёрланишлари керак бўлади.
Норвегиянинг Тромсо шаҳрида бу муддатлар 19 соат 50 дақиқа ва 21 соат 59 дақиқани, Исландия пойтахти Рейкявикда 19 соат 11 дақиқани ва 21 соат 48 дақиқани ташкил этади.
“Қиш ўртасида 9-10 соат қисқа муддатли рўза тутиш билан узун муддатли рўза тутиш ўртасида фарқ йўқ. Аллоҳ сабр беради”, – дейди Швеция Ислом федерацияси раиси Тоҳир Акан.
ЎМИ Матбуот хизмати
"Вақф" хайрия жамоат фондига ижрочи директор тайинланди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2018 йил 16 апрелдаги «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига кўра, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ҳузурида Вақф хайрия жамоат фонди ташкил этилган эди. Фонднинг ижрочи директори этиб Тошкент ислом ислом институти «Таҳфизул Қуръон» кафедраси мудири лавозимида ишлаб келаётган Жалолиддин Ҳамроқулов тайинланди.
Кеча, 16 май куни «Таҳфизул Қуръон» кафедрасида институт раҳбарияти, ўқитувчилар ва ходимлари иштирокида мажлис ўтказилди. Ректор У.Ғафуров йиғилганларни Рамазони шариф билан муборакбод этиб, «Таҳфизул Қуръон» кафедрасининг Қуръони карим қироати ва тажвид фани ўқитувчиси, кўплаб қориларнинг устози Жаҳонгир қори Неъматовни кафедра мудири лавозимига тайинланганини эълон қилди.
Анъанага кўра, Қуръон тиловат қилиниб, Аҳмаджон домла Бобомурод мудир Жаҳонгир Неъматовнинг бошланажак масъулиятли меҳнати баракали ва фойдали бўлишини сўраб дуо қилди.
Тадбир якунида «Таҳфизул Қуръон» кафедраси устозлари Аҳмадхон қори Рашидов, Зафар қори Маҳмудов, Жаҳонгир қори Рўзиев, Элёржон қори Аҳматқулов бугун бошланажак Рамазоннинг биринчи таровиҳ намозида Хатми Қуръонни бошлашлари муносабати билан кафедра мудири Жаҳонгир қори Неъматовдан дуо олишди ва келажакда кафедра фаолиятида ҳамда Қуръон таълимида бир тану бир жон бўлиб аҳилликда меҳнат қилишга ният қилишди.
Эслатиб ўтамиз, Жаҳонгир қори Неъматов бу йилги Рамазони шарифда ҳам Тошкент шаҳридаги «Минор» жомеъ масжидида Қуръон хатмига ўтади.
ЎМИ Матбуот хизмати
Ўзбекистонлик қори АҚШда хатми Қуръонни бошлади
Ўзбек қорилари хориж масжидалирда таровеҳ намозларини адо этиб бермоқда.
Қадимдан юртимиздан етишиб чиққан диний уламолар ва қориларга хориж давлатларида катта ҳурмат билан қаралган. Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг диний таълимга катта эътибор берилди. Бунинг натижаси ўлароқ юртимиздан юзлаб, минглаб қорилар етишиб чиқди ва чиқмоқда.
Бир неча йилдан буён хориж давлатлари диний идораларидан келган таклифлар асосида қориларимиз чет мамлакатларида диний-маърифий тадбирларда иштирок этиб, таровеҳ намозларини адо этиб бермоқдалар.
Жорий йил Рамазон ойида ҳам қориларимиз бир қанча давлатларга, хусусан, АҚШ, Россия, Украина каби мамлакатларга жўнаб кетдилар.
Жумладан Туркистон – Америка жамияти таклифига биноан Тошкент шаҳридаги “Минор” масжиди ноиб-имоми Кабиров Муроджон қори АҚШга жўнаб кетди. У ерда қоримиз Рамазон ойи давомида мусулмонларга таровеҳ намозини адо этиб, диний – маърифий суҳбатлар ўтказиб бериши режалаштирилган.
ЎМИ Матбуот хизмати