muslim.uz
Тошкент ислом институти талабалари Республика фан олимпиадаларида қатнашмоқдалар
Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонуни, “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури талабларига мувофиқ республикамизда фаолият кўрсатаётган давлат олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабалар давлат таълим стандартлари ўқув режасида Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонунида назарда тутилган тегишли фанлар бўйича ўз билими ва табиий қобилиятларини намоён этиш ва ривожлантириш, фанлар ва касбий тайёргарлиги бўйича олган билимларини ижодий қўллаш, ўзларининг ноёб истеъдодларини рўёбга чиқариш учун кенг имкониятлар яратиш мақсадида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги қошида тузилган ташкилий қўмита томонидан ҳар йили талабалар республика фан олимпиадаси ўтказилиб келинмоқда.
Олимпиаданинг биринчи босқичи март-апрель ойларида барча олий таълим муассасаларида бўлиб ўтади ва биринчи ўринни эгаллаган талаба олий таълим муассасаси Илмий кенгаш тавсиясига асосан иккинчи босқичга йўлланма олади.
Олимпиаданинг иккинчи босқичи жорий йилнинг 14-25 май кунлари вазирлик буйруғи билан масъул этиб белгиланган олий таълим муассасаларида бўлиб ўтади. Олимпиадани ўтказилишида вазирликнинг масъул ходимлари иштирок этиб, назоратни олиб борадилар ва олимпиаданинг холисона ўтишини таъминлайдилар.
Бизнинг Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтимизда талабалар ҳам ҳар йили ўтказиладиган Республика фан олимпиадаларида қатнашиб, ўз билими ва табиий қобилиятларини намоён этишлари, олган билимларини ижодий қўллаш ва ноёб истеъдодларини рўёбга чиқаришлари учун кенг имкониятлар яратилиб берилмоқда.
Жорий йил апрел ойининг 20-25 кунлари Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида Республика фан олимпиадасининг I босқичи ўтказилди ва уни ўтказиш учун ҳакамлар ҳайъати сифатида профессор-ўқитувчилар жалб қилинди.
Кафедраларда ҳакамлар ҳайъати томонидан олимпиаданинг I босқичини ўтказишда қўлланиладиган саволлар ва керакли топшириқлар тузилди. Мусобақа 4 турдан иборат бўлиб, мусобақа талабаларга фанлар бўйича тузилган тест, ёзма иш, реферат ва синхирон таржима каби шартлар асосида ўтди. Шу асосида ғолиблар аниқланди. Мусобақа якунида Диншунослик (мутахассислик), Миллий ғоя (умумкасбий), Олий математика (умумкасбий), Инглиз тили (умумкасбий), Рус тили (умумкасбий) фанлари йўналиши бўйича 5 нафар талаба ғолиб бўлди.
“Инглиз тили” бўйича фан олимпиадасининг I – босқичидан аввалги уч ўринни эгаллаган талабалар қуйидагилар:
1-ўрин. Эсчанов Усман Кутлимуратович (исломшунослик йўналиши, 2 курс, инглиз тили) 376 балл.
2-ўрин. Турғунбоев Абдулло Баҳтиёр ўғли (исломшунослик йўналиши, 3 курс, инглиз тили) 358 балл.
3-ўрин. Охунжон Абдулла Рустам ўғли (исломшунослик йўналиши, 3 курс, инглиз тили) 352 балл.
“Рус тили” бўйича фан олимпиадасининг I – босқичидан аввалги уч ўринни эгаллаган талабалар қуйидагилар:
1-ўрин. Рўзалиев Ҳикматуллоҳ Абдужаббор ўғли (исломшунослик йўналиши, 2 курс, рус тили) 373 балл.
2-ўрин. Рахмонов Акбар Сохиб ўғли (исломшунослик йўналиши, 1 курс, рус тили) 360 балл.
3-ўрин. Махаматхонова Мухлиса Ахролжон кизи (исломшунослик йўналиши, 2 курс, рус тили) 340 балл.
“Диншунослик” бўйича фан олимпиадасининг I – босқичидан аввалги уч ўринни эгаллаган талабалар қуйидагилар:
1-ўрин. Мўминов Сиёвуш Назиржон ўғли (исломшунослик йўналиши, 1 курс, диншунослик) 371 балл.
2-ўрин. Мавланов Аҳадбек Кулжон ўғли (исломшунослик йўналиши, 1 курс, диншунослик) 368 балл.
3-ўрин. Ибрагимов Мухаммаджон Шарипович (исломшунослик йўналиши, 2 курс, диншунослик) 364 балл.
“Миллий Ғоя” бўйича фан олимпиадасининг I – босқичидан аввалги уч ўринни эгаллаган талабалар қуйидагилар:
1-ўрин. Рахимов Алишер Аюбхон ўғли (исломшунослик йўналиши, 4 курс, миллий ғоя) 372 балл.
2-ўрин. Ғаниев Акмалхон Адҳамжон ўғли (исломшунослик йўналиши, 4 курс, миллий ғоя) 364 балл.
3-ўрин. Тоштемиров Ҳикматилла Юсупович (исломшунослик йўналиши, 4 курс, миллий ғоя) 362 балл.
“Олий математика” бўйича фан олимпиадасининг I – босқичидан аввалги уч ўринни эгаллаган талабалар қуйидагилар:
1-ўрин. Сотторов Ойбек Хасанович (исломшунослик йўналиши, 2 курс, Олий математика) 368 балл.
2-ўрин. Умарходжаев Мурод Улугбекович (исломшунослик йўналиши, 2 курс, Олий математика) 362 балл.
3-ўрин. Эсчанов Усман Кутлимуратович (исломшунослик йўналиши, 2 курс, Олий математика) 360 балл.
Биринчи ўринни эгаллаган мазкур 5 нафар талаба Республика фан олимпиадасининг 2-босқичида иштирок этадиган олийгоҳлари ва қатнашадиган санаси билан танишинг:
№ | Қатнашувчи талаба | Курси | Фани | Фан олимпиадаси ўтказиладиган сана | Фан олимпиадаси ўтказиладиган манзили |
1. | Ҳ.Рўзалиев | 1 | Рус тили | 14-15-май | Гулистон ДУ |
2. | У. Эсчанов | 2 | Инглиз тили | 16-17-май | Бухоро ДУ |
3. | А.Раҳимов | 4 | Миллий Ғоя | 16-17-май | Жиззах ДПИ |
4. | О.Сатторов | 2 | Математика | 16-17-май | Қарши МИИ |
Маънавият, маърифат
ва иқтидорли талабалар
билан ишлаш бўлими услубчиси
Ғ.Баратов
25.05.2018 й. Ислом мўътадил дин
بسم الله الرحمن الرحيم
Ислом мўътадил дин
Муҳтарам жамоат! Ислом динини Аллоҳ таоло одамларга машаққат туғдирмайдиган осон ва енгил қилиб нозил қилгандир. Зеро, Қуръони каримнинг кўплаб оятларида ислом енгил дин экани, унда қийинчилик йўқ эканлиги атрофлича ёритилган.
Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:
لَا يُكَلِّفُ اللَّهُ نَفْسًا إِلَّا وُسْعَهَا
яъни: “Аллоҳ ҳеч бир жонга тоқатидан ташқари нарсани таклиф этмайди”, (Бақара сураси, 286-оят).
Динимиздаги барча ибодатлар бандаларнинг тоқат ва қодирликларига қараб буюрилади. Масалан, рўза ибодатини олсак, бир киши хасталиги кучайиши ёки соғайишининг кечикишидан қўрқса, сафарда юрган киши рўза тутишга қийналса, ҳомиладор ёки эмизикли аёл гўдагига зиён етишидан хавотирда бўлса, бундай кишилар ўша вақтда рўза тутмасликларига ижозат берилган. Улар рўза тутишга моне бўлган сабаблар кетганидан сўнг, қолдирган кунларининг қазосини тутиб берадилар. Табаррук ёшдаги отахон ва онахонлар умуман рўза тута олмасалар ҳар кунги рўза учун бир мискин таоми миқдорида фидя берадилар. Динимизда мана шундай тарзда бандаларнинг имкониятларига қараб уларга шароит яратиб берилган.
Яна бошқа бир оятда эса:
يُرِيدُ اللَّهُ بِكُمُ الْيُسْرَ وَلَا يُرِيدُ بِكُمُ الْعُسْرَ
яъни: “Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди”, (Бақара сураси, 185-оят).
وَمَا جَعَلَ عَلَيْكُمْ فِي الدِّينِ مِنْ حَرَجٍ
яъни: “Аллоҳ таоло динда сизларга бирор ҳараж (қийинчилик) қилмади”, (Ҳаж сураси, 78-оят).
Яна бир мисол, таҳорат учун сув топа олмаган киши ёки хаста кишининг таяммум билан намоз ўқиши, оғир хаста кишиларга имо-ишора билан ибодат қилишнинг жоизлиги, сафардаги кишининг тўрт ракатли фарз намозларни қаср қилиши каби енгиллик ва рухсатлар шулар жумласидандир.
Аллоҳ таоло мусулмон умматининг сифати ҳақида Қуръони каримнинг Бақара сурасида шундай марҳамат қилади:
وَكَذَلِكَ جَعَلْنَاكُمْ أُمَّةً وَسَطًا لِتَكُونُوا شُهَدَاءَ عَلَى النَّاسِ وَيَكُونَ الرَّسُولُ عَلَيْكُمْ شَهِيدًا
яъни: “Ана шундай қилиб, одамлар устидан гувоҳ бўлишингиз ва Расул устингиздан гувоҳ бўлиши учун ўрта уммат қилдик”, (Бақара сураси, 143-оят).
Ислом уммати ҳақиқатда ўрта – мўътадил умматдир. Бошқа баъзи умматларга ўхшаб, бирор ноҳақ тарафга оғиб кетмайди. Ёки бошқасига ўхшаб фақат моддий нарсаларгагина суянмайди. Балки, инсон ўз табиатидаги хусусиятига қараб ҳам руҳий, ҳам моддий жиҳатга ўртача, адолатли, мўътадил ва энг афзал муносабатда бўлади.
Ушбу маънолар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадиси шарифларида ҳам ўз ифодасини топган.
عن أَبي هريرةَ رضي الله عنه عن النَّبيّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: "إنَّ الدِّينَ يُسْرٌ، وَلَنْ يُشَادَّ الدِّينَ أَحَدٌ إلا غَلَبَهُ، فَسَدِّدُوا وَقَارِبُوا وَأبْشِرُوا، وَاسْتَعِينُوا بِالغَدْوَةِ وَالرَّوْحَةِ وَشَيءٍ مِنَ الدُّلْجَةِ" (رواه البخاري).
яъни: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта дин осондир. Кимки унда чуқур кетса, динга мағлуб бўлади. Шундай экан динда тўғри бўлинглар ва яқинлашиб юринглар. Яхшилик билан суюнтиринг. Саҳар чоғида, тушдан кейин ва кечанинг бир қисмида (ибодат қилиб) фойдаланинг”, дедилар (Имом Бухорий ривоят қилган).
Анас розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
عن أَنَسٍ رضي الله عنه عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم، قَالَ: يَسِّرُوا وَلاَ تعَسِّرُوا، وَبَشِّرُوا وَلاَ تُنَفِّرُوا (متفق عليه).
яъни: “Осонлаштиринг, қийинлаштирманг! Қизиқтиринг, бездирманг!”, (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти)
Муҳтарам жамоат! Соғлом фикрли инсон яхши англайдики, Ислом дини таълимотида мўътадиллик ғояси ётади ва унга эргашиш инсониятни ҳеч қачон залолатга бошламайди. Зеро, мўътадиллик бу – ҳаддан ошиш ёки сусткашликка йўл қўйиш, қаттиқ олиш ёки ўта бўш қўйиб юбориш ўртасида бўлиб, мана шу мувозанатни сақлаган киши тўғри йўлдан адашмайди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир аъробий Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб шундай дейди:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه أَنَّ أَعْرَابِيا جَاءَ إِلَى رَسُولُ اللّهِ صلى الله عليه وسلم فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللّهِ دُلَّنِي عَلَى عَمَلٍ إِذا عَمِلْتُهُ دَخَلْتُ الْجنَّةَ. قَالَ: «تَعْبُدُ اللّهَ لاَ تُشْرِكُ بِهِ شَيْئًا، وَتُقِيمُ الصَّلاَةَ الْمَكْتُوبَةَ. وَتُؤَدِّي الزَّكَاةَ الْمَفْرُوضَةَ. وَتَصُومُ رَمَضَانَ». قَالَ: وَالَّذِي نَفْسِي بِيَدِهِ لاَ أَزِيدُ عَلَى هٰذَا شَيْئا أَبدا، وَلاَ أَنْقُصُ مِنْهُ. فَلَمَّا وَلَّى، قَالَ النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم: "مَنْ سَرَّهُ أَنْ يَنْظُرَ إِلَى رَجُلٍ مِنْ أَهْلِ الجنَّةِ، فَلْيَنْظُرْ إِلَى هٰذَا"
(مُتّفَقٌ عَلَيْهِ)
яъни: “Мени бир амалга йўллангки, уни қилсам жаннатга кирай”. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Аллоҳга ибодат қиласан, Унга бирон шерик қилмайсан, фарз намозларни ўқийсан, фарз қилинган закотни ўтайсан, Рамазон рўзасини тутасан” дедилар. У: “Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, бундан зиёда ҳам қилмайман, камайтирмайман ҳам” деди. У қайрилиб кетгач, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким жаннат аҳлидан бўлган кишига боқишни истаса мана бунга боқсин”, – дедилар (Муттафақун алайҳ).
Муҳтарам жамоат! Мавъизамизнинг давомида рўзани бузувчи баъзи омиллар ҳақида суҳбатлашамиз.
Қуйидаги амаллар рўзани бузади ҳамда қазо ва каффорат вожиб бўлади:
- қасддан таом ейиш ёки дори истемол қилиш;
- қасддан ичимлик ичиш;
- қасддан жинсий яқинлик қилиш;
Рўзани қасддан бузишнинг каффорати қуйидагилардан иборат:
- 60 кун рўза тутиш. Бу рўзани кетма-кет, орасини узмасдан тутиш шарт қилинади. Шунинг учун икки ҳайит ва ташриқ кунларига тўғри келиб қолмаслиги керак.
- Агар бунга қодир бўлмаса, 60 та мискинни овқатлантириш. Мискинлар орасида ота-онаси, хотини ва фарзандларига ўхшаш яқинлари бўлмаслиги лозим. Шунингдек, ҳар бир мискинга буғдойдан бўлса ярим соъ, (тахминан 2 кг.) арпа ёки хурмо кабилардан бўлса бир соъ ёҳуд уларнинг қийматини бериш ҳам мумкин.
Қуйидаги амаллар рўзани бузади ва фақат қазосини тутиш вожиб бўлади:
- рўзани унутиб еб ёки ичиб қўйгач, энди рўзам очилиб кетди деган гумон билан ейиш ёки ичишни давом эттирса;
- ҳали тонг отмади деб ўйлаб еб-ичиб ёки жинсий алоқа қилиб қўйилса-ю, аслида тонг отиб бўлган бўлса ёҳуд кун ботди деган гумон билан оғизни очиб қўйса-ю, бунинг акси бўлиб чиқса;
- оғиз ёки бурунни чайишда эҳтиётсизлик туфайли сувни ичкарига киритиб юборса;.
- қасддан оғизни тўлдириб қайт қилса;
- зўрланганлик оқибатида еб-ичилса;
- сафарга чиқиш, касаллик, ҳайз-нифос ва ақлдан озиш каби сабаблар билан бузилса;
- одатда танаввул қилинмайдиган нарсалар, масалан, қоғоз ва лой кабиларни истеъмол қилинса;
- тишлар орасида қолган нўхот миқдорича ва ундан катта ҳажмдаги овқат қолдиғини ютса;
- қулоққа томизилган ёғ ёки сувнинг мазасини ҳалқумида сезса;
- бурунга дори томизса;
- клизма қилса;
- аёлини қучиш ёки ўпиш туфайли маний чиқса;.
Аллоҳ таоло барча амалларимизни Ўзининг шариатига мувофиқ ҳолда бажаришимизни насиб айласин. Омин!
Бугунги жума мавъизаси: Рамазони шариф муборак!
بسم الله الرحمن الرحيم
РАМАЗОНИ ШАРИФ МУБОРАК!
Муҳтарам жамоат! Ўлкамизга ойларнинг сарвари, ўн бир ойнинг султони, Аллоҳнинг муборак Китоби Қуръони карим нозил бўлган ой, моҳи шарифи Рамазон ташриф буюрди. Барчамиз ушбу орзиқиб кутилган муборак айёмга эсон-омон етганимиз учун Аллоҳ таолога беадад ҳамду сано ва шукроналаримиз бўлсин! Бу ой Қуръон, тақво, барака, раҳмат, мағфират, Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш, жаннатга эришиш ва дўзахдан озод бўлиш ойидир. Шу боис бутун дунё мусулмонлари бу табаррук ойни солиҳ амаллар ва Аллоҳ розилиги йўлидаги ибодатлар ойига айлантиришади.
Аллоҳ таоло Рамазон ойи рўзаси ҳақида Қуръони каримнинг Бақара сурасида шундай марҳамат қилади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا كُتِبَ عَلَيْكُمُ الصِّيَامُ كَمَا كُتِبَ عَلَى الَّذِينَ مِنْ قَبْلِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ
(سورة البقرة/183)
яъни: “Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз” (Бақара сураси, 183-оят).
Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада “Эй, инсонлар” деб эмас, балки “Эй, имон келтирганлар” деб хитоб қилди. Бу шаклдаги хитобда уламоларимиз “Эй, менга имон келтириб, мени яхши кўрган бандаларим! Сизларга рўза тутишни фарз қилдим” деган маъно борлигини айтадилар.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойи ҳақида шундай деганлар:
قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "مَنْ فَرِحَ بِدُخُولِ رَمَضَانَ حَرَّمَ اللهُ جَسَدَهُ عَلَى النِّيْرَانِ"
(الجامع الكبير للإِمام السيوطى)
яъни: “Кимки Рамазон ойи келишидан шодланса, Аллоҳ таоло унинг жисмини дўзах ўтига ҳаром қилади”.
Рамазон ойида ҳар бир киши қалбини поклаши, ўзаро хусумат ва гиналарни йўқотиш, қўни-қўшнилар ва қавму қариндошлар орасида ёрдамга мухтожларга мурувват кўрсатиш, қариндошларга силаи раҳм қилиш, беморларни зиёрат қилиш, етимлар бошини силаш, ёлғиз кексалар ва имконияти чекланган шахсларни (ногиронларни) ҳолидан хабар олиш каби савобли ишларга шошилиши ва бировнинг дилига озор етказиш, ҳаққига тажовуз қилиш каби барча гуноҳ ишлардан ўзини тийиши лозим бўлади.
Рўза ва Қуръон қиёмат куни ўз соҳибини шафоат қилади. Бу ҳақда Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عَمْرٍو رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا، أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، قَالَ: "الصِّيَامُ وَالْقُرْآنُ يَشْفَعَانِ لِلْعَبْدِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ: يَقُولُ الصِّيَامُ: أَيْ رَبِّ، مَنَعْتُهُ الطَّعَامَ وَالشَّهَوَاتِ بِالنَّهَارِ فَشَفِّعْنِي فِيهِ، وَيَقُولُ الْقُرْآنُ: مَنَعْتُهُ النَّوْمَ بِاللَّيْلِ فَشَفِّعْنِي فِيهِ، قَالَ: فَيُشَفَّعَانِ"
(رَوَاهُ الإِمامُ أَحْمَدُ)
яъни: “Рўза ва Қуръон иккиси Қиёмат куни бандани шафоат қилади: рўза: “Эй, Роббим, мен буни кундузлари таом ва шаҳватлардан тўсган эдим, унинг ҳақида шафоатимни қабул қил”, дейди. Қуръон: “Мен уни кечалари уйқудан тўсган эдим, унинг ҳақида шафоатимни қабул қил”, дейди. Бас, иккови ҳам шафоати қабул қилинади” (Имом Аҳмад ривояти).
Имом Насаий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилганлар:
عن ابْنِ عَبْدِ الرَّحْمَنِ، عِنْ أَبِيكَ، رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُما قال: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "إِنَّ اللهَ فَرَضَ صِيَامَ رَمَضَانَ وَسَنَنْتُ لَكُمْ قِيَامَهُ فَمَنْ صَامَهُ وَقَامَهُ إِيْمَاناً وَاحْتِسَابًا خَرَجَ مِنْ ذُنُوبِهِ كَيَوْمٍ وَلَدَتْهُ أُمُّهُ"
(رواه الإِمامُ النسائى)
яъни: “Аллоҳ таоло Рамазон рўзасини фарз қилди ва мен унинг қиёмини сизлар учун суннат қилдим. Кимики имон ва ишонч билан савоб умидида рўза тутса ва кечалари қиёмда турса, онадан туғилган кунидагидек гуноҳлардан пок ҳолда чиқади” (Имом Насоий ривояти).
Ушбу ҳадисда Рамазондек буюк фазилатларга бой ойда фақат рўза тутибгина кифояланмасдан, балки кечалари қоим бўлиб, Аллоҳнинг буюк ваъдаларига сазовор бўлишликка тарғиб қилинмоқда.
Алҳамдулиллоҳ, бугунги кунда диний соҳада бўлаётган ислоҳотлар натижаси ўлароқ юртимиздаги барча масжидларда таровиҳ намозлари ўқилмоқда. Бу йил бир минг икки юз (1200)га яқин масжидларда хатми қуръонлар ўтказилмоқда. Уларда икки мингга яқин (2000) Қуръони карим ҳофизлари Аллоҳнинг каломини бошидан охиригача хатм қилмоқдалар. Мўмин-мусулмонлар бу кунларни қадрига етиб, Аллоҳ таолога шукроналар қилиб, ибодатларини эмин-эркин, ҳаловат билан адо этмоқдалар.
Рўза ибодати Жаннатдаги Райён эшигининг калитидир. Жаннатга киришнинг ўзи катта бир саодат. Аммо ўша жаннатга Парвардигори оламнинг алоҳида эътиборига сазовор бўлиб, махсус тайёрлаб қўйилган эшикдан кириш яна бир ўзгача бахт ва шарафдир. Бу эшикдан эса фақат рўзадор бўлганлар кира оладилар. Бу ҳақда Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
عَنْ سَهْلِ بْنِ سَعْدٍ رَضِىَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "إِنَّ فِى الْجَنَّةِ بَابًا يُقَالُ لَهُ الرَّيَّانُ، يَدْخُلُ مِنْهُ الصَّائِمُونَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ لاَ يَدْخُلُ مَعَهُمْ أَحَدٌ غَيْرُهُمْ، يُقَالُ: أَيْنَ الصَّائِمُونَ؟ فَيَدْخُلُونَ مِنْهُ فَإِذَا دَخَلَ آخِرُهُمْ أُغْلِقَ فَلَمْ يَدْخُلْ مِنْهُ أَحَدٌ"
(رَوَاهُ الإِمامُ مُسْلِمٌ)
яъни: “Жаннатда бир эшик бор, у Райён деб аталади. Қиёмат кунида ундан фақат рўзадорларгина кирадилар, улардан ўзга бирор киши ҳам (ўша эшикдан) улар билан бирга кирмайди. “Рўзадорлар қани?” дейилади. Улар ундан (ўша эшикдан) кирадилар, уларнинг охиргиси кириб бўлганда (эшик) беркитилади. Бошқа ҳеч ким ундан кирмайди” (Имом Муслим ривоят қилган).
Ифторликлар ҳам ижтимоий алоқаларни кучайтиришда, мусулмонларнинг ўзаро бир-бирлари билан борди-келди қилишларида муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Шу боис динимизда бу ишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Бу ҳақда Зайд ибн Холид розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:
عَنْ زَيْدِ بْنِ خَالِدٍ الْجُهَنِيِّ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : "مَنْ فَطَّرَ صَائِمًا كَانَ لَهُ مِثْلُ أَجْرِهِ غَيْرَ أَنَّهُ لا يَنْقُصُ مِنْ أَجْرِ الصَّائِمِ شَيْئًا"
(رواه الإِمامُ الترمذي)
яъни: “Ким бир рўзадорни ифторлантирса, унга ўшанинг ажрича ажр берилади, лекин рўзадорнинг ажридан бирор нарса камаймайди” (Имом Термизий ривояти).
Рамазон истиғфор ойидир. Яъни бу ойда фаришталар рўзадорлар учун Аллоҳдан мағфират талаб қилишади. Бу ҳақда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:
عن أبي هريرة رضي الله عنه أنَّ النبيَّ صلى الله عليه وسلّم قال: "أُعْطِيَتْ أمَّتِي خَمْسَ خِصَالٍ فِي رَمَضَانَ لَمْ تُعْطَهُنَّ أُمَّةٌ مِنَ الْأُمَمِ قَبْلَهَا؛ خُلُوفُ فَمِ الصَّائِمِ أَطْيَبُ عِنْدَ اللهِ مِنْ رِيْحِ الْمِسْكِ، وَتَسْتَغْفِرُ لَهُمْ الْمَلَائِكَةُ حَتَّى يُفْطِرُوا، وَيُزَيِّنُ اللهُ كُلَّ يَوْمٍ جَنَّتَهُ وَيَقُولُ: يُوْشِكُ عِبَادِي الْصَالِحُونَ أَنْ يُلْقُواْ عَنْهُمْ الْمُؤُونَةَ وَالْأَذَى وَيَصِيرُوا إِلَيْكَ، وَتُصَفَّدُ فِيْهِ مَرَدَةُ الشَّيَاطِيْنِ فَلَا يَخْلُصُونَ إِلَى مَا كَانُوا يَخْلُصُونَ إِلَيْهِ فِي غَيْرِهِ، وَيُغْفَرُ لَهُمْ فِي آخِرِ لَيْلَةٍ،"
(رَوَاه الإِمامُ أحمدُ)
яъни: “Умматимга Рамазонда беш хислат берилди, улар олдинги бирор умматга берилмаган: рўзадорнинг оғзини ҳиди Аллоҳнинг наздида мушкдан хушбўйдир; уларга фаришталар мағфират талаб қилишади; Аллоҳ ҳар куни жаннатни безаб, солиҳ бандаларим устиларидан меҳнат ва азиятлар улоқтирилиб, сенинг олдингга келишларига оз қолди, дейди; унда бебош шайтонлар кишанланади, натижада улар ундан бошқа пайтларда эришадиган нарсаларига эриша олмай қолишади; охирги кечада рўзадорлар мағфират қилинади” (Имом Аҳмад ривояти).
Мўҳтарам жамоат! Мавъизамизнинг давомида рўзанинг баъзи фойдалари ҳақида сўҳбатлашамиз. Жумладан:
- Рўза тутган кишининг тақводорлиги ошади. Аллоҳ таоло Бақара сурасиниг 183-оятида шундай деди: “Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз”, деб марҳамат қилади.
- Рўзадор шайтонга қарши курашади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Сафийя розияллоҳу анҳо ривоят қилган ҳадисда: “Шайтон инсоннинг қон томирида юради. Очлик билан унинг йўлларини торайтиринглар”, деганлар.
- Рўза инсон шаҳватини синдиради. Ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй йигитлар жамоаси, сизлардан ким уйланишга қодир бўлса уйлансин. Зеро у кўзни тўсувчироқ ва фаржни сақловчироқ. Ким унга қодир бўлмаса рўза тутсин. Чунки рўза унинг учун бичилишдир”, дедилар.()
- Рўзадорнинг қалби покланади. Рўза тутган инсон кун давомида Аллоҳ таолонинг назоратида турганини ҳис қилиб яшайди. Доимий равишда Аллоҳни ҳис этиб туриш киши қалбини мусаффо қилади.
- Рўза тутган кишиларнинг гуноҳлари мағфират қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким иймон билан, савоб умидида Рамазон рўзасини тутса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, деганлар. (Муттафақун алайҳ).
- Рўза тутган киши фаришталарнинг сифатига киради. Маълумки, емаслик, ичмаслик ва жинсий яқинлик қилмай, доимо тоатда бўлиш фаришталарга хос сифатлардир.
- Рўзадорнинг сабр-бардоши ортади. Ўз ихтиёри ила ўттиз кун кўнгил хоҳлаган нарсалардан ўзини тийган киши керагича сабр-бардошга эга бўлади.
- Рўза раҳм-шафқат сифатини шакллантиради ва мустаҳкамлайди. Рўза туттан киши ўз ихтёри ила оч қолиб, чанқаб, турли кўнгил хоҳишларидан, лаззатли нарсалардан вақтинча маҳрум бўлиш билан бирга, муҳтожликдан оч қолиб, чанқаб, дунё лаззатларидан бебаҳра бева-бечора, камбағал фуқароларга нисбатан раҳм-шафқатли бўлади.
- Рўза соғликни тиклайди. Рўза нафақат соғликни сақлаш учун, балки беморликларни даволаш учун ҳам ўта зарурлиги илмий исботини топган даво усулидир. Ҳозирги кунда кенг тарқалган беморликларнинг кўпларини мусулмон бўлмаган юртларнинг тиббиёт мутахассислари ихтиёрий очлик йўли билан даволамоқдалар. Мазкур илмий тадқиқотлар натижасида рўза ҳозирги энг кўп тарқалган дардларга даво экани, киши доим соғ юрай деса, ҳар йили 28-30 кун ихтиёрий оч қолиши зарурлиги таъкидланган. Рўзага оид ушбу ҳақиқатлар бундан 14 аср аввал Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Рўза тутинглар, саломат бўласизлар” (Имом Табароний ривояти), деб айтган ҳадиси шарифларининг илмий тасдиғидир.
Аллоҳ таоло Рамазон ойини барчаларингизга муборак айлаб, бу ойдан онадан янги туғулгандек гуноҳлардан фориғ бўлиб чиқишларимизни насиб айласин. Омин!
Саратовдаги Қуръон мусобақасида ўзбекистонлик қори иштирок этади
Россия Федерациясининг Саратов шаҳрида Рамазон ойида давомида I Евросиё Қуръони карим тиловати халқаро мусобақаси бўлиб ўтади. Ушбу мусобақа 2018 йилнинг 19 – 20 май кунлари ўтказилиши кўзда тутилган.
Мусобақага Европа ва Осиё мамлакатларидан 11 нафар, шунингдек Россия Федерациясининг 12 вилоятидан 30 та қори иштирок этиши қайд этилди.
Ушбу мусобақада иштирок этиш учун “Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний” ислом билим юрти 4-курс талабаси Пирхонов Насибулло қори бугун, 18 май куни Саратов шаҳрига жўнаб кетaди.
Ўзбекистонлик қори “Қуръон ҳофизи” йўналишида ғолиблик учун беллашувга киришади.
Мусобоқа мухлислар орасида ҳам қизғин бориши учун мусобақа чипталарига “Муборак Ҳаж зиёрати” соврини қўйилган.
Мусобақа ҳақида хабарларни muslim.uz сайтида кузатиб боринг.
Абдуллоҳ Парпиев,
Халқаро алоқалар бўлими мутахассиси
Жаннатда ҳаёт қандайлигини биласизми?
Раҳмон инсонни яратди, Қуръонни ўргатди. Унга баённи (ўқиш ва ёзишни) ўргатди. (Кунларнинг ҳисоби) Қуёш ва ой ҳисобидадир. Осмонни баланд кўтарди ва тарозуни ўрнатди деб ўз каломи Ар-Роҳманда ҳабар берган, энг буюк илм соҳиби бўлган Муаллим ва Адолатда одил Зот бўлган Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамд ва саноларимиз бўлсин.
«Сизларга жаннатнинг тахтларидан хабар берайми?» деб ўз умматларини қувонтирган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавоту саломлар бўлсин.
Инсон бу дунё ҳаётида яшар экан, ўзининг келгуси ҳаёти охират дунёси ҳақида қизиқишлари ортиб боради. Айниқса, жаннатдаги ҳаёт қандай бўлишига ҳар бир мўмин киши қизиқиши табий ҳол. Шунинг учун жаннат ҳаёти қандай экани ҳақида Аллоҳ таолонинг каломи Қуръони каримга мурожаат қилиб, ундаги жаннат ҳаёти ҳақидаги хабарларни билишимиз мумкин.
Аллоҳ таоло айтади: "Раббиси ҳузурида туришдан қўрққанлар учун икки жаннат бор". (Қиёмат куни Парвардигорининг ҳузурида бўладиган ҳисоб-китобдан қўрқиб, тириклигидаёқ тайёргарлик кўриб, яхшилик билан кун кечирганларга икки жаннат бор экан. «Икки жаннат»нинг бир неча шарҳлари бор. Жумладан, инсга алоҳида жаннат, жинга алоҳида жаннат ёки икковларидан ҳар бирларига иккитадан жаннат. Гуноҳкорлар жаҳаннам билан ўта қайноқ сув ўртасида айлансалар, тақводорлар биринчи жаннатлари, яъни, боғлари билан иккинчи жаннатлари – боғлари орасида сайр қиладилар) (Ар-Роҳман сураси, 46-оят).
«Икковларида ҳам мевадан жуфт навлар бор» (Ар-Роҳман сураси, 52-оят).
«Ипак астарли тўшакларга ёнбошлаган ва икки жаннат мевалари яқин бўлган ҳоллари бор» (Ар-Роҳман сураси, 54-оят).
«Уларда кўзлари тийилган, аввал инс ҳам, жин ҳам тегмаган (ҳур) лар бор» (Ар-Роҳман сураси, 54-оят).
«Эҳсоннинг мукофоти, фақат эҳсондир».
«У икковидан пастроқда яна икки жаннат бор» (Ар-Роҳман сураси, 62-оят).
«Икковлари ям-яшилдир. Икковларида отилиб турувчи икки булоқ бор» (Ар-Роҳман сураси, 64-66).
«Чодирларни лозим тутган ҳурлар бор» (Ар-Роҳман сураси, 72).
«Яшил болишларга ва гўзал гиламларда ёнбошлаган ҳоллари бор» (Ар-Роҳман сураси, 76).
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Қуръони каримда жаннат тарифини гўзал тарзларда тавсифлаган. Хусусан, Имом Ғаззолий айтади: «Ҳар қачон сен жаннатда ҳаёт қандайлигини билмоқчи бўлсанг, Қуръонни ўқи Аллоҳнинг изоҳлашидан ортиқроқ шарҳни бошқа ҳеч қаердан топа олмайсан. Улуғлик ва икром эгаси бўлмиш. Раббинг исми муборак бўлди».
Аллоҳ таоло барчамизни Қуръони каримда гўзал таърифлар билан баён қилган икки жаннатига мушарраф қилсин.
Одилжон РАСУЛОВ,
Марҳамат туманидаги «Бозор боши» жоме масжиди имом-хатиби