muslim.uz
Биз Рамазонни нега яхши кўрамиз?
Рамазон ойи ойларнинг ичидаги энг улуғидир. Биз мўмин-мусулмонлар бу ойни бошқа ойлардан кўра кўпроқ яхши кўрамиз. Хўш, нега шундай? Бунга қуйидаги матнларда жавоб бериб ўтамиз.
Рамазон Қуръон ойи!
Аллоҳ таоло Ўзининг сўнгги Расули соллаллоҳу алайҳи васалламга Ўзининг охирги Каломини шу ойда нозил қила бошлаган.
Аллоҳ таоло Қуръон каримнинг Бақара сурасининг 185-оятида “Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб ва ҳидоят ва фурқон (ҳақ билан ботилни ажратгувчи)нинг очиқ оятлари бўлиб Қуръон нозил қилинган” деган.
Қуръон инсониятга икки дунё саодат йўлини кўрсатиб берувчи Китобдир. Биз бахт-саодатимиз гарови бўлган бу Китобнинг нозил этилган мавсумини яхши кўрмасак, бошқа қайси ойни, қайси мавсумни яхши кўрамиз?!
Рамазон раҳмат ойи!
Бу ойда Аллоҳнинг раҳмати бошқа ойлардагидан кўра кўпроқ ёғилади. Масжидлар, уйлар, кўчаларни раҳмат чулғаб олади. Атроф бошқа ойлардагидан кўра ўзгача файзли кўринади.
Рамазон савоблар кўпайтириб бериладиган ой!
Бу ойда қилинган солиҳ амалларнинг савоби бошқа ойлардагидан кўра кўпайтириб берилади. Ривоятларда келишича, бу ойда қилинган бир нафл амалга бошқа ойлардаги фарз амалнинг савоби, бу ойда қилинган бир фарз амалга эса бошқа ойлардаги етмишта фарз амалнинг савоби берилади. Шунинг учун барча мусулмонлар бу ойда солиҳ амал қилишга ўзларини урадилар. Кўплаб савоб олишнинг ҳаракатида бўладилар.
Рамазон мағфират ойи!
Аллоҳ таоло бу ойда кўплаб бандаларини мағфират қилади. У Зотнинг мағфирати кенгдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Рамазон рўзасини иймон билан, савоб умидида тутса, унинг олдинги (ўтган) гуноҳлари мағфират қилинади” дедилар . Имом Бухорий ривоят қилганлар.
Рамазон дўзахдан қутулиш ойи!
Аллоҳ таоло бу ойда кўплаб бандаларини дўзахдан озод қилиши хабарларда айтилади. Шунинг учун бу ойда дўзахдан қутулишга сабаб бўладиган амалларни кўпроқ қилишимиз керак.
Рамазон меҳр-мурувват, саховат ойи!
Бу ойда барчамиз ён-атрофимиздаги инсонларга, етимлар, бевалар, камбағаллар, қариндошлар, қўшниларга тилимиз билан ҳам, қўлимиз билан ҳам яхшилик қилишга уринамиз. Эҳсон-садақларимиз кўпаяди. Закот берамиз. Диндошларимизнинг кўнглини кўтаришга, Рамазонни хушкайфиятда ўтказишлари учун шароит қилиб беришга ҳаракат қиламиз.
Рамазон солиҳ амаллар кўпаядиган ой!
Бу ойда Қуръони Каримни кўп тиловат қиламиз, Аллоҳ таолони зикр қиламиз, нафл ибодатларни кўпайтирамиз, таровеҳларда иштирок этамиз, хатми Қуръонга қулоқ тутамиз, олимлар, фозилларни зиёрат қилиб, дуосини оламиз, мискинларга садақа берамиз, ифторликлар ташкил этамиз ва ҳоказо. Савоблар кўпайтириб бериладиган ойда солиҳ амаллар ҳам кўпаяди.
Рамазон тақво ойидир!
Аллоҳ таоло бизга рўзани фарз қилишининг ҳикматларидан бири – бизда тақвони шакллантиришдир. Рўза айнан тақвони ўргатадиган, сабрни шакллантирадиган, қалбда меҳрни уйғотадиган ибодатдир. Шунинг учун ҳам бу ойда кўп диндошларимиз ўзларини солиҳ амалларга урадилар, бошқа ойлардагидан кўра тақволироқ бўладилар. Буларнинг барчаси Аллоҳнинг фазли ва рўзанинг самарасидир.
Рамазон фаришталар нозил бўладиган ойдир!
Бу ойда раҳмат фаришталари Аллоҳнинг изни билан Ерга тушадилар. Масжидларга, Қуръон тиловат бўлаётган, зикр мажлислари ўтаётган жойларга келадилар. Мусулмонлар билан бир сафда туриб ибодат қиладилар. Масжидларда хатми Қуръон пайтида кўзларга ёш келиши ўша фаришталарнинг ўша мусулмоннинг қалбини силаши сабабидандир.
Рамазон қадр кечаси ўрин олган ойдир!
Бу ойда бир кеча борки, у минг ойдан яхшироқ кечадир. Бу – қадр кечасидир. Бу кечада қилинган бир ибодатга бошқа минг ойда қилинган ибодатга бериладиган савобдан ҳам кўпроқ савоб берилади. Қуръони Карим шу кечада нозил бўла бошлаган. Уламоларимиз бу кечани Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг тоқ кунларидан излаш кераклигини айтишган.
Рамазон шайтонлар кишанланадиган ойдир!
Бу ойда шайтонлар кишанланади. Инсоннинг солиҳ амал қилиши осон бўлади. Биз мўмин-мусулмонлар Рамазонда тақво малакасини кучайтириб, кейин бутун йил давомида шу малакани зиёда қилиб боришга, амалларга ғайратли бўлишга интилишимиз лозим. Душманимизнинг кишанлаб қўйилиши биз учун катта имкониятдир. Тавба қилишга, ибодатни кўпайтиришга, Аллоҳга яқин банда бўлиб олишга имкониятдир.
Рамазон тавба ойидир!
Бу ойда гуноҳларимизга кўпроқ тавба қилишимиз лозим. Зеро, Аллоҳ таоло мағфирати кенгдир. Рўзани ихлос билан тутиб, ўтган гуноҳларимиз кечирилишига эришишимиз билан бирга, ўзимиз ҳам кўпроқ тавба ва истиғфорда бардавом бўлишимиз даркор. “Астағфируллоҳ ал-Азийм” деб айтишни ўзимиз учун ҳар кунлик вазифа қилиб олишимиз керак. Айниқса, саҳарликка турган пайтларимизда истиғфорга берилишимиз лозим. Чунки, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда саҳар пайтида истиғфор айтувчиларни мақтаган.
Рамазон гўзал хулқлар билан безаниш ойидир!
Ҳадислардан бирида рўза тутган одам ёлғон гапиришдан ва гуноҳ иш қилишдан тимйилмаса, тутган рўзасидан унга фақат очлик ва чанқоқлик қолиши айтилган. Шунинг учун қорнимизни таом ва ичимликдан, фаржимизни шаҳватдан тийиш билан бир қаторда бутун тана аъзоларимизни гуноҳ, ҳаром ишлардан сақлаб боримшимиз шарт. Бошқача айтганда, ҳамма аъзоларимиз ҳам рўза тутиши керак. Шунда рўзадан кўзланган улкан фойда ва самараларга, беҳисоб савобларга эришамиз.
Рамазон дуолар ижобат бўладиган ой!
Бу ойда кўпроқ дуо қилишимиз керак. Айниқса, Қуръони Каримни хатм қилганимиздан сўнг дуога ҳарис бўлишимиз керак. Саҳарликка турган чоғимизда, ифторлик асносида кўпроқ дуо қилишга интилишимиз айни муддаодир.
Юқоридаги ва бошқа кўплаб ишлар сабабидан биз Рамазон ойини яхши кўрамиз, соғинамиз, кутамиз, бу ойдан чиқсак, маҳзун бўламиз.
Аллоҳ таоло барчамизга кириб келаётган Рамазон ойини муборак қилиб, бу ойда кўп ибодат қилишимизни, гуноҳлари кечирилган, дуолари ижобат этилган, мартабаси кўтарилган, Аллоҳга қурбат ҳосил қилган бандалардан бўлиб чиқишимизни насиб этсин, омин!
Нозимжон Иминжонов
Ҳазрати Имомда таровеҳ таровати
Раҳмат ойида яна бир мега лойиҳа
Ҳурматли порталимиз мухлислари. Бошланган Рамазони шариф барчамизга муборак бўлсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг muslim.uz портали ижодкорларидан Раҳмат ойида яна бир мега лойиҳа.
Навбатдаги лойиҳамиз “Онлайн ифторлик суҳбатлари” деб номланади. Ушбу лойиҳамизда юртимизнинг кўзга кўринган уламоларининг ифторлик маросимларидаги мавъизаларини ижтимоий тармоқ саҳифамиз орқали тўғридан тўғри узатилади.
Маълумки, ифторликка яқин рўзадорнинг дуоси қабул бўлиши ҳадисларда келтирилган. Буни англаган аксарият инсонлар ана шу ғанимат дамларда дуо ва зикр билан машғул бўлади. Энди Сиз ҳам илоҳий раҳмат ёғилиб турган маҳалда уйингизда туриб, Фейсбукдаги саҳифамиз орқали ҳар куни бир олимнинг Рамазонга оид манфаатли маърузасидан баҳраманд бўласиз. Маъруза якунида кўпчиликнинг дуосига қўшилиб, савобга шерик бўласиз.
Ушбу лойиҳани ишга туширишимиздан кўзланган асосий мақсад – Рамазон ойининг ҳар дақиқасини ғанимат билиб, ажру савобга эга бўлиш ва вақтни мазмунли ўтказишдир. Шунингдек, ҳукуматимизнинг тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисидаги қарорига мувофиқ ифторлик маросимини ҳам ихчам, оила даврасида ўтказишни тарғиб қилишдир.
Янги лойиҳа барчамиз учун манфаатли бўлсин!
Эслатиб ўтамиз, бугун “Ҳазрати Али” жоме масжиди имом-хатиби Салоҳиддин домла Шариповнинг ифторлик суҳбатларидан баҳраманд бўласиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Туркия элчиси Диний идорага ташриф буюрди
Бугун, Туркиянинг Ўзбекистондаги элчиси Ахмед Башар Шен Диний идорага ташриф буюрди. Меҳмон муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари билан мулоқот ўтказди.
Муфтий ҳазратлари элчи жаноблари ва Туркия халқини муборак Рамазон ойи кириб келиши муносабати билан табриклаб жумладан шундай дедилар:
– Бу йилги Рамазони шариф ҳар қачонгидан ҳам сермазмун бўлади, иншоаллоҳ. Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг Ўзбекистонга ташрифи жуда ҳам самарали ўтди. Айниқса, Эрдўған жанобларининг Бухоро шаҳридаги Баҳоуддин Нақшбанд, Мир Араб мадрасасига ташрифлари ва ушбу мадрасага дафн этилган Амир Убайдуллохоннинг руҳига бағишлаб, Президент жаноблари томонларидан ўқилган Қуръони карим тиловати кўпчилигимизни таъсирлантирди, қироатлари тажвид қоидаларига тўла мос ва хушсавт экани барчамизни ҳайратлантирди.
Элчи жаноблари Рамазон ойи билан муфтий ҳазратлари ва бутун Ўзбекистон халқини табриклаб, Ислом оламига тинчлик-осойишталик ва нохуш ҳолатларнинг тезроқ барҳам топишини тилади. Ахмед Башар Туркия Президентининг Ўзбекистонга ташрифи бутун дунёда ижобий акс садо бергани, ҳақиқатан самарали бўлганини таъкидлади. Айниқса, Бухоро шаҳрига ташриф жуда ҳам кўтаринки руҳда ўтгани, у ердаги юқори савиядаги тайёргарлик ишлари учун миннатдорлик билдирди.
Ахмед Башар Туркия Диёнат ишлари бошқармаси раиси Али Эрбош жанобларининг салом ва Рамазон табрикларини етказиб, икки мамлакат мусулмонлари идоралари ҳамкорлигида Рамазон ойи давомида тадбирлар ўтказишдан бахтиёр эканини изҳор қилди. Муфтий ҳазратлари ҳам Туркия Диёнат ишлари бошқармаси билан ҳамкорлик қилиш жуда ҳам фойдали эканини билдириб, яхши натижалар беришини таъкидладилар. Ҳар икки томон ҳам ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олишди.
Учрашув дўстона ва самимий руҳда ўтди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Кўзи ожиз йигит: Исломнинг гўзаллиги етказиб берилса, ҳек ким адашмайди
Бугун, 17 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида имконияти чекланганлар билан ишлаш бўйича ҳайъат аъзоларининг илк йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбир Қуръони карим тиловати ва эзгу дуолар билан бошланди.
Йиғилишда имконияти чекланганлар билан ишлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 августдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармоннинг 4-банди ижросини таъминлаш, шунингдек имконияти чекланганлар орасида турли секталарга, миссионерликка кириб кетиш ҳолатларининг олдини олиш, соф ислом динини тўғри етказиш борасида тарғибот-тушунтириш ишларини ташкил этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳамда мавзуга оид учраётган муаммолар ва ҳайъат аъзоларининг таклифлари кўриб чиқилди.
Дастлаб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов ҳайъат раиси сифатида барчани муборак Рамазони шариф билан қутлади. Шундан сўнг, динимизнинг инсонпарвар, меҳр-оқибат, бағрикенглик ғояларини одамларга етказишда аждодларимиз тутган йўл: содда ва тушунарли қабилида иш тутиш лозимлигини айтди.
Йиғилишда сўзга чиққан “Исломобод” жоме масжиди имом-хатиби Абдулҳамид домла Жуманов имконияти чекланганлар билан ишлаш узлуксиз давом этаётгани, улар билан “Ислом дини”, “Поклик”, “Намоз”, Ота-онага ҳурмат–олий фазилат”, “Оилада эркак ва аёлнинг вазифалари”, “Миссионерликдан огоҳ бўлайлик” каби мавзуларда жами 30 га яқин маърифий суҳбатлар ташкил этилгани, дастлабки мулоқотларда бир неча ўн киши қатнашган бўлса, ҳозирда уларнинг адади 300 кишига яқинлашгани билдирди. Асосийси, ушбу суҳбатлар натижасида тингловчилар дуч келаётган кўпгина муаммолар, уларнинг айрим оилавий низолари барҳам топаётгани қувонарли, деди Абдулҳамид домла. Ўз навбатида, айрим таклиф ва мулоҳазаларни билдириб шундай деди: “Ҳозирда тингловчилар учун шароитларга эга бўлган алоҳида жойга эҳтиёж сезилмоқда. Ва бу бўйича ишлар ҳам олиб бориляпти. Агар ушбу масала ҳал этилса, тингловчилар билан гуруҳ-гуруҳ бўлиб, вақтларини белгилаб суҳбатлар ўтказилса, самараси яхши бўларди”.
Йиғилишда сўзга чиққан Ўзбекистон кар-соқовлар жамияти вакиласи кўрсатилаётган ёрдам ва ташаббуслар учун Диний идора раҳбариятига миннатдорлик билдирди. У ўз сўзида давом этиб, қуйидаги таклифларни киритиб, шундай деди: “Бу каби маърифий суҳбатлар вилоятларда ҳам ташкил этилса мақсадга мувофиқ бўларди, чунки вилоятлардаги имконияти чекланган бир қанча танишларим биз учун ташкил этилаётган мулоқотларга қизиқиши ортаётгани уларда ҳам бунга эҳтиёж юқори эканини айтишмоқда. Шунингдек, керакли мавзуларда ўзбек ва рус тилларида китоблар нашр этиш, бу йўналишда сурдо таржимонларини жалб этиш яхши самара берар эди”.
Ҳайъат аъзоларининг биринчи йиғилишида Ўзбекистон кўзи ожизлар жамиятидан ҳам вакиллар иштирок этишди. Жумладан, жамиятдан сўзга чиққан Улуғбек исмли йигит шундай деди: “Очиғини айтсам, бу каби учрашувларга биз йиллар давомида ташна бўлиб келдик. Бугун ана шундай имконият яратилганидан бағоят мамнунман. Бу йўналишда бизга берилаётган эътибор кўнглимизни тоғдек кўтарди. Фурсатдан фойдаланиб айтмоқчиманки, аввало, одамларимизнинг имконияти чекланганларга нисбатан муносабатини ўзгартириш керак. Аслида, муносабат ёмон эмас, буни яна ҳам яхшилаш керак, уларга эътиборни кучайтириш ва улардан меҳрни қизғанмаслик керак. Эътибор берсак, миссионерлар имконияти чекланганларга кўп нарса бермаган, меҳр, эътибор берган, уларни эшита олган холос. Мана шу – уларнинг иш услуби. Бугун бу йўлда диний соҳа ходимларидан кўп нарса талаб қилинмайди, бир нарса: Исломнинг гўзаллиги етказиб берилса, ҳек ким адашмайди. Агар сўқир кўзли инсонинг қалби очилса, ишонинг, у масжидга ҳамроҳсиз, ҳасса билан пайпаслаб бўлсада масжидни топиб боради. Ўз навбатида, сиз азизлардан Брайл ёзувидаги китоб нашрига ҳам алоҳида эътибор қаратишингизни сўраган бўлардим”.
Шунингдек, йиғилишда диний идоранинг Хотин қизлар билан ишлаш бўлими мутахассиси Мунира Абубакирова, Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси Абдул Азим Зиёвуддин ва бошқалар ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
Йиғилиш эзгу дуолар билан якунланди.
ЎМИ Матбуот хизмати