muslim.uz

muslim.uz

Жорий йилнинг 15 май куни Тошкент ислом институтида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги ўрта махсус ислом билим юртларининг битирувчи курс талабалари ўртасида “Ягона олимпиада — 2018” нинг якуний Республика босқичи бўлиб ўтади.

Ягона олимпиада ўрта махсус ислом билим юртлари битирувчи курс талабалари орасидан умумтаълим, чет тили ва мутахассислик фанлари бўйича қобилиятли ва истеъдодли талабаларни аниқлаш, уларнинг истеъдоди ва ижодий қобилиятини намоён қилиш, ихтисослигини чуқур ўрганишга қизиқишларини ошириш ва муносиб рағбатлантириш мақсадида ўтказилди.

Эслатиб ўтамиз, олимпиада ғолиби низомга кўра Тошкент ислом институтига имтиҳонсиз тўлов-шартнома асосида ўқишга қабул қилинади.


ЎМИ Матбуот хизмати

  • Сиздан (эй, Муҳаммад!) ҳилоллар (янги ойлар) ҳақида сўрайдилар. «Улар одамларга (йил ҳисоби) ва ҳаж учун вақт ўлчовларидир», – деб айтинг. Уйларга орқа томондан киришингиз яхшилик эмас, балки яхшилик тақво қилган одам(нинг яхшилиги)дир. Уйларга (уларнинг) эшикларидан кирингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, шояд (шунда охиратда) нажот топсангиз (Бақара сураси, 189-оят).

 

  • Сиздан (эй, Муҳаммад!) қандай эҳсон қилишни сўрайдилар. Айтинг: «Ниманики хайр-эҳсон қилсангиз, ота-она, қариндошлар, етимлар, мискинлар ва мусофирларга қилингиз! Аллоҳ ҳар қандай қилган эҳсонларингизни билиб турувчидир» (Бақара сураси, 215-оят).

 

  • Сиздан «Шаҳри Ҳаром»да жанг қилиш (ҳукми) ҳақида сўрамоқдалар. Айтинг: «Унда жанг қилиш катта гуноҳдир. (Лекин одамларни) Аллоҳ йўлидан қайтариш, Унга куфр келтириш ва (ҳожиларни) Масжиди Ҳаромдан тўсиш ҳамда аҳолисини қувиб чиқариш Аллоҳ наздида (улардан ҳам) каттароқ гуноҳдир. Фитна эса қотилликдан ҳам каттароқ (гуноҳ)дир... (Бақара сураси, 217-оят).

 

  • Сиздан май (маст қилувчи ичимлик) ва қимор ҳақида сўрамоқдалар. Айтинг: «У иккисида катта гуноҳ ва одамлар учун (айрим) фойдалар ҳам бор. Иккисининг гуноҳи фойдасидан каттароқдир (Бақара сураси, 219-оят).

 

  • Сиздан яна нимани эҳсон қилишлари тўғрисида сўрамоқдалар. (Ўзингиздан) ортганини, деб жавоб беринг... (Бақара сураси, 219-оят).

 

  • Сиздан, шунингдек, етимлар тўғрисида сўрамоқдалар. Айтинг: «Уларни ислоҳ қилиш яхшидир. Агар (молларингизга) уларнинг молларини қўшиб юборсангиз (зарари йўқ), зеро, улар (бамисоли) ўз биродарларингиздир. Аллоҳ бузғунчи билан ислоҳ этувчини (фарқини) билади. Агар Аллоҳ хоҳласа, сизларни қийинчиликка солиб қўйган бўлур эди. Албатта, Аллоҳ қудрат ва ҳикмат эгасидир (Бақара сураси, 220-оят).

 

  • Сиздан ҳайз тўғрисида сўрамоқдалар. Айтинг: «У (эр ва хотин учун) азиятдир. Бас, ҳайз пайтида хотинларингиздан четланингиз ва то покланмагунларича, уларга яқинлашмангиз! Покланганларидан кейин уларга Аллоҳ буюрган равишда келаверингиз (қовушаверингиз). Албатта, Аллоҳ (шунгача билмай йўл қўйган хатоларидан) чин тавба қилувчиларни ва обдон покланиб юрувчиларни севади» (Бақара сураси, 222-оят).

 

  • Сиздан (ўзларига) ҳалол қилинган нарсалар ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «Сизларга покиза нарсалар ва Аллоҳ сизларга билдирганидан сизлар ўргатган йиртқичлар (келтирган овлар) ҳалол қилинди. Бас, улар сизлар учун тутган (овлар)идан «Бисмиллоҳ»ни айтиб еяверингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз. Зеро, Аллоҳ ҳисоб-китобни тез қилувчи зотдир (Моида сураси, 4-оят).

 

  • (Эй Муҳаммад), сиздан Соат (яъни қиёмат) қачон воқе бўлади, деб сўрайдилар. Айтинг: «Унинг билими фақатгина Парвардигорим даргоҳидадир. Вақти-соати келганида ҳам фақат Ўзи ошкор қилур. У (яъни қиёмат) самовот ва ер учун жуда оғир (даҳшатли) бир ишдир. У сизларга фақат тўсатдан — кутилмаганда келур». Гўё сиз у ҳақда яхши биладигандек сўрайдилар. Айтинг: «Унинг билими фақатгина Аллоҳ даргоҳидадир. Лекин жуда кўп одамлар уни билмайдилар» (Аъроф сураси, 187-оят).

 

  • (Эй Муҳаммад), Сиздан ўлжалар ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «Ўлжалар Аллоҳ ва пайғамбарникидир. Бас, Аллоҳдан қўрқингиз ва ўз ораларингизни ўнглангиз! Агар мўмин бўлсангизлар, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига бўйсунингиз! (Анфол сураси, 1-оят).

 

  • (Эй Муҳаммад), сиздан руҳ-жон ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «Руҳ ёлғиз Парвардигорим биладиган ишлардандир». Сизларга жуда оз илм берилгандир (Исро сураси, 85-оят).

 

  • (Эй Муҳаммад), яна сиздан Зул-қарнайн ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «Энди мен сизларга у ҳақдаги хабарни тиловат қилурман» (Каҳф сураси, 83-оят).

 

  • (Эй Муҳаммад, мушриклар) сиздан (ўша Қиёмат) соатини қачон воқеъ бўлиши ҳақида сўрарлар (Нозиот сураси, 42-оят).

 

Даврон НУРМУҲАММАД

2018 йил 12 май куни Хитой ислом уюшмаси раиси шайх Ҳасан Янг Фа Минг бошчилигидаги делегация Ўзбекистон мусулмонлари идорасига ташриф буюрди. Меҳмонларни Шайх Абдулазиз Мансур бошчилигидаги бир гуруҳ мутасаддилар кутиб олиб, ўзаро фикр алмашдилар.

Шайх Абдулазиз Мансур меҳмонларни ташриф билан қутлаб, муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан диний-маърифий соҳани ривожлантириш ва Ислом маърифатини кенг ёйиш борасида қилинаётган ишлар ҳақида гапириб ўтди. Шунингдек, Диний идора фаолияти, диний таълим муассасалари, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, жойлардаги калом, ҳадис, фиқҳ, ақида, тасаввуф илмий мактаблари фаолияти ҳақида сўзлаб берди.

Хитой ислом уюшмаси раиси шайх Ҳасан Янг Фа Минг самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, жумладан шундай деди:

– Аввало, барчангизни яқинлашиб келаётган муборак Рамазон ойи билан муборакбод этаман. Маълумки, Ўзбекистон ва Хитой халқлари азалдан ижтимоий-маданий, савдо-сотиқ масалаларида ҳамкорлик қилиб келишган. Буюк ипак йўли орқали икки мамлакат ўртасида амалга оширилган ижобий алоқалар асрлар оша бизни боғлаб келмоқда. Ҳозирда давлатларимиз ўртасидаги алоқаларни ривожланиб бораётгани – бизни янада яқинлаштирмоқда, бу эса жуда қувонарли ҳол. Ўзбекистон – Имом Бухорий, Имом Термизий, Мотурий ҳазратларини тарбиялаб, Ислом оламига тақдим этган бебаҳо замин экани маълум. Бугун, бутун ислом олами улар билан фахрланиши ҳам ҳеч кимга сир эмас.

У ўз сўзида давом этиб, ҳозирда Хитойда истиқомат қилаётган мусулмонларга ҳукумат томонидан яратилаётган шарт-шароитлар ва уларга берилаётган эътибор ва имкониятлар ҳақида ҳам тўхталиб, шундай деди:

–  Хитой кўп миллатли мамлакат бўлиб, ҳозирда 50 дан ортиқ миллат ва элат, турли дин вакиллари истиқомат қилишади. Хитойда 30 миллионга яқин мусулмон бўлиб, асосан уларни хуэй, уйғур, қозоқ, қирғиз, ўзбек, татар, тожик, дунсян, салар ва боан каби миллатлар ташкил этади. Мусулмонларнинг деярли ярми Шинжон-Уйғур автоном туманида яшайди. Бугунги кунда Хитойда 30 000 дан зиёд масжид, 10 та Ислом ўқув билим юртлари мавжуд.

Ҳукумат томонидан барча дин ва миллат вакилларига бирдек эътибор берилади. Бағрикенглик ва адолат қонунларда ҳам ўз ифодасини топган.

Барча дин вакилларининг фаолияти Дин ишлари бўйича қўмита томонидан мувофиқлаштириб борилади. Ислом дини фаолиятидаги ташкилотлар эса Хитой Ислом Ассоцацияси томонидан бошқарилади. Мазкур бошқармада 70 нафарга яқин ишчи ходимлар фаолият олиб боради. Фатво ишларида ҳанафия мазҳабига, ақидада эса мотурудия йўналишига амал қилинади. Хитой Халқ Республикасидаги  мусулмонларнинг 99 % ни ҳанафия мазҳабигилар ташкил этади.

Бугунги кунда олимларимиз халқаро анжуманларда ҳам фаол иштирок этиб келишяпти. Ўзимизда ҳам бу турдаги конференциялар ташкил этилмоқда. Масалан, 2016 20-21-июль кунлари Хитой Халқ Республикасининг Урумчи шаҳрида халқаро симпозиум бўлиб ўтди. Мазкур симпозиумда 150 дан зиёд делегатлар иштирок этишди. Жумладан, Ўзбекистон вакилларининг иштироки бизни жуда қувонтирди. Келажакда ҳам бу йўналишдаги ҳамкорликларимиз давом этади, иншоаллоҳ. Биз доим Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан ҳамкорликка тайёр эканимизни билдирмоқчиман. Ўз навбатида, Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламоларидан иборат делегацияни Хитой давлатига таклиф этаман ва кенг қамровли алоқаларни бошлаш ҳар томонлама манфаатли бўлишини билдираман. Сўзимнинг якунида бугунги самимий қабул учун барчангизга ўз миннатдорлигимни изҳор қиламан.

Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Нуриймон Абулҳасан бугунги мураккаб даврда мўмин-мусулмонлар аҳил-иноқ бўлиб яшашлари, динимизни турли таҳдидлардан ҳимоя қилиш, айниқса, экстремистик ғояларга қарши илмий-асосли раддиялар бериш зарурлигини таъкидлади.

Ислом цивилизацияси маркази директори ўринбосари Фирдавс Халилов давлатимиз Раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган Ислом цивилизацияси марказининг асосий мақсади, Ислом маданияти ва маърифатини кенг ёйиш, нодир асарларни жамлаш ва ўрганиш ҳамда мана шундай илмий-маънавий меросни тарғиб этиш орқали Ислом динининг асл моҳиятини бутун дунёга етказиш эканини қайд қилди.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси проректори Баҳром Мамадиев давлатимиз Раҳбари ташаббуси билан Ўзбекистон халқаро Ислом академияси ташкил этилгани, унда Қуръон илмлари, ҳадис, ақида, тасаввуф ва эҳтиёж мавжуд бўлган бошқа соҳалар бўйича малакали диний кадрлар тайёрланиши замирида жуда улкан натижаларни мақсад қилинганини билдирди.

Учрашув дўстона ва самимий руҳда ўтди. Мулоқот якунида меҳмонларга Диний идора томонидан совғалар тақдим этилди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Қўшни Қозоғистон Республикасида муқаддас Рамазон ойи бошланадиган санаси аниқ бўлди. Бугун, бош муфтий томонидан Қозоғистон халқига видеомурожаат йўлланди.

Унда, Қозоғистондаги астрономик тадқиқотлар билан шуғулланувчи идоралар маълумотларига асосланиб, 17 май санаси Рамазоннинг биринчи куни экани маълум қилинди.

Бу йилги Рамазон рўзасининг бошланиш санаси барча қўшни давлатларда бир кунга белгилангани қўшни республикалар уламоларининг ўзаро ҳамкорликдаги фаолиятларининг ижобий самараси, деб айтиш мумкин.

Аввалроқ, қўшни Тожикистонда ҳам Рамазоннинг 17 май куни бошланиши маълум қилинган эди.

Ушбу видеолавҳада Қозоғистон мусулмонлари идораси раиси, бош муфтий Серикбай ҳожи Ўразнинг мурожаати билан танишишингиз мумкин.

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Ўзбекистон президентининг 2018 йил 16 апрелдаги ПФ-5416-сонли «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги «Вақф» хайрия жамоат фондини ташкил этилиш билан боғлиқ тадбирлар белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар беришича, шунингдек, Фармонда тегишли идораларга фуқаролардан закот, фитр ва бошқа хайрия маблағлари сифатида тушадиган маблағлар «Вақф» хайрия жамоат фондининг алоҳида ҳисоб рақамида тўпланиши ҳамда замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган (шу жумладан, Интернет тармоғи орқали онлайн кузатиш имкониятини яратган) ҳолда маблағларнинг тушиши ва сарфланишида тўлиқ шаффофликни таъминлаш бўйича амалий кўмак бериш топширилган. 

Шу муносабат билан, Адлия вазирлиги томонидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги «Вақф» хайрия жамоат фонди давлат рўйхатидан ўтказилди.

 

Top