muslim.uz
Гина қалбни қорайтиради
Инсон қалби доимо меҳр-муҳаббатга муштоқ бўлади. У кичик ё катта ёшда бўлсин, ўз яқинлари ва атрофдагиларнинг меҳридан руҳий қувват олади. Аллоҳ учун ўзаро меҳр-муҳаббатли бўлиш савобли амаллардандир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Иймон келтирмагунингизча жаннатга кирмайсизлар, ўзаро бир-бирларингизга муҳаббат қўймагунингизча имонли бўлмайсизлар. Сизларни, агар амал қилсангиз, ўзаро муҳаббат пайдо қиладиган ишга далолат қилайми? Саломни ораларингизда ёйинглар” (Имом Муслим ривояти).
Ҳадис шарҳини Имом Нававий бундай изоҳлаган: “Фақат ўзаро меҳр-муҳаббат сабаб ҳолингиз яхшиланади, иймонингиз комил бўлиб, меҳр-муҳаббат сабаб вужудга келишини инобатга олишимиз керак”.
Инсонларни бир-бирига яқинлаштирадиган, гўзал хислатлардан бири кечиримлилик ва гина сақламасликдир. Аллоҳ таоло бандаларини шундай огоҳлантиради: “(Ҳар қандай) ёмонликнинг жазоси худди ўзига ўхшаш ёмонликдир. Бас, кимки афв этиб (ўртани) тузатса, бас, унинг мукофоти Аллоҳнинг зиммасидадир...” (Шўро сураси, 40-оят).
Демак, инсон бошқаларнинг айбини авф қилиб кечирса, Аллоҳ таоло ҳам унинг гуноҳларини кечиради. Афсуски, орамизда бир-бирлари билан аразлашиб, сўнг ойлаб, ҳатто йиллаб гаплашмай юрадиган инсонлар бор. Инсоннинг ўзига хос заифликлари ҳисобга олиниб, 3 кунгача аразлашишга рухсат берилган. Бундан ортиқ аразлашиб юриш ҳалол эмас. Бир йилгача ярашмай, аразлашиб юриш эса, билиб туриб ҳаром ишда бардавом бўлиш демакдир. Бу ишда эҳтиёт бўлиш, аразлашган инсон билан тезроқ ярашиш чораларини излаб, буни амалга ошириш лозим. Айниқса, низолашиб қолганлар рамазон ойи олдидан билиб билмай қилган хатолари учун бир-биридан биринчи бўлиб узр сўраса, беҳад савоби каттадир.
Абу Ҳирош Асламий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ким биродари билан бир йил аразлашиб юрса, унинг қонини тўккан билан баробардир”, деганларини эшитган экан.
Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. “Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмонга ўз биродаридан уч кундан ортиқ аразлаб юриши ҳалол эмас. Учрашганларида униси ҳам юз ўгиради, буниси ҳам юз ўгиради.Уларнинг яхшиси аввал салом берганидир”, дедилар”. Мана шу икки кишининг қай бири аввал салом берса, шуниси Аллоҳ таолога ҳам суюклироқ бўлади.
Яна бошқа бир ҳадисда, Ҳишом ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитдим: “Мусулмон кишининг бошқа бир мусулмондан уч кечадан ортиқ аразлашиши ҳалол эмас. Икковлари уч кечадан ортиқ аразлашиб юрса, ва шу ҳолда давом этишса, иккови ҳам ҳақдан четлаган бўлади. Улардан қай бири биринчи бўлиб (араздан) қайтса, бу унинг гуноҳларига каффорат бўлади. Агар улар аразлашган ҳолида вафот этса, икковлари ҳам жаннатга кирмайди”, дедилар. Агар мўмин-мусулмонлар аразлашиб қолса, тезда ярашиб олмаса, икки томонга ҳам оғир оқибатлар етади.
Аразлашиш ҳолати фақат дўстларда эмас, балки опа-сингиллар, ака-укалар ўртасида ҳам содир бўлиши мумкин. Бундай вақтларда нафақат ўзаро муносабатлар, балки оилавий муносабатларга ҳам путур етиши эҳтимоли бор. Агар ака-укалар, опа-сингиллар қуда бўлишса, тақдир тақозоси билан фарзандлариниг тақдир йўллари айро бўлса, бир-бирлари билан силаи-раҳм алоқаларини узадилар, турли давраларда кўришишса ҳам бир-бирларига салом ҳам бермасликларининг гувоҳи бўлиб қоламиз. Ахир улар бир ота-она фарзандлари-ку, барча ишни Аллонинг тақдиридан деб билиб, бир-бирларидан гина сақламасдан, ўзаро муносабатларни ислоҳ қилишса, гўзал иш бўлар эди. Аллоҳ таоло: “Агар (имондан) бош тортсангиз, аниқки, сизлар ерда бузғунчилик қилурсизлар ва қариндошларингиз (билан ҳам алоқаларингиз)ни узасиз, албатта. Ундай кимсаларни Аллоҳ лаънатлагандир, бас, уларнинг (қулоқларини) “кар”, кўзларини “кўр” қилиб қўйгандир” (Муҳаммад сураси, 22-23-оятлар).
Яъни, яқин қариндошлар билан алоқани узганлардан Аллоҳ рози бўлмайди. Бу ишни қанчалик гуноҳ эканини чуқур англаб етишимиз лозим ва бундан узоқ бўлишимиз керак.
Инсонлар бир-бирини кечирса, гина сақламаса, меҳр-муҳаббат янада зиёда бўлиб, бундан бутун жамият манфаатли бўлади. Бағритош инсонларни эса ҳеч ким ҳушламайди. Келинг, меҳр-шафқатли бўлиб саодатга эришайлик. Инсонларга илиқлик улашувчи гўзал қалб эгалари бўлиш барчага насиб етсин!
Жозиба ЖАМОЛ қизи,
“Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти мударрисаси
Бошқа диндагилар билан никоҳ масаласи
Cавол: Мусулмон эр ёки аёл билан бошқа динга эътиқод қилувчи шахс никоҳланиши мумкинми?
Жавоб: Мусулмон эркак фақат аҳли китоб (насроний ёки яҳудий) аёл билан никоҳланиши жоиз, аммо муслимага уйлангани яхшидир. Чунки кўпчилик фақиҳлар, жумладан, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ бундай никоҳни макруҳ деганлар. Ушбу динлардан бошқасига эътиқод қилувчилар билан никоҳланиш тақиқланган. Муслима аёлнинг бошқа диндаги эр билан никоҳланиши мутлақо мумкин эмас. Яъни никоҳланиши учун у эрлар Ислом динини қабул қилишлари шарт
(“Фатовойи Ҳиндия”)
СЎРАГАН ЭДИНГИЗ
«Hidoyat» jurnalidan
Улар учун жаннатда “Ҳамд уйи” барпо этилади
САВОЛ: Ассалому алайкум! Устозлар, ҳали 4 ёшга тўлмаган ўғлим бу ёруғ оламни тарк этди. Илтимос ёш болаларнинг ўлимдан кейинги ҳолатлари ҳақида маълумот берсангизлар.
ЖАВОБ: Ва алайкум ассалом!
عَنْ أَبِي مُوسَى رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِذَا مَاتَ وَلَدُ الْعَبْدِ قَالَ اللهُ لِمَلَائِكَتِهِ: قَبَضْتُمْ وَلَدَ عَبْدِي؟ فَيَقُولُونَ: نَعَمْ، فَيَقُولُ: قَبَضْتُمْ ثَمَرَةَ فُؤَادِهِ؟ فَيَقُولُونَ: نَعَمْ، فَيَقُولُ: مَاذَا قَالَ عَبْدِي؟ فَيَقُولُونَ: حَمِدَكَ وَاسْتَرْجَعَ، فَيَقُولُ اللهُ: ابْنُوا لِعَبْدِي بَيْتًا فِي الْجَنَّةِ وَسَمُّوهُ بَيْتَ الْحَمْدِ. رَوَى هَذِهِ الثَّلَاثَةَ التِّرْمِذِيُّ
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Бир банданинг боласи ўлса, Аллоҳ фаришталарига:
“Бандамнинг боласини қабз қилдингизми?” дейди.
“Ҳа”, дейдилар.
“Унинг дил мевасини қабз қилдингизми?” дейди.
“Ҳа”, дейдилар.
“Бандам нима деди?” дейди.
“Сенга ҳамд ва истиржоъ айтди”, дейдилар.
Шунда Аллоҳ:
“Бандамга жаннатда бир уй бино қилинглар ва уни “Ҳамд уйи” деб номланглар”, дейди”.
Ушбу уч ҳадисни Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Фарзанднинг ўлими ота-она учун чексиз мусибат эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Чунки фарзанд ота-онанинг бир бўлаги, юрагининг парчаси, жигаргўшаси, кўз қувончи бўлади.
Шунинг учун ҳам фарзандининг ўлимига сабр қилган ота-оналарга катта ва улуғ мартабалар ваъда қилинган.
Булардан баъзи намуналарни юқорида келган ҳадиси шарифлардан ўргандик. Мусулмонлар ушбу таълимотларни ўзларига сингдириб олиб, ҳаётларига татбиқ қилганлар. Мусулмонлар фарзанд ўлимига сабр қилишнинг инсоният тарихидаги нодир намуналарини кўрсатганлар.
Биргина мисол келтирайлик:
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Умму Сулайм розияллоҳу анҳо Абу Анаснинг олдига келиб:
“Бугун сен ёмон кўрган нарса ила келдим”, деди.
“Сен доимо ҳузуримга анави аъробийнинг олдидан мен ёмон кўрган нарсани олиб келаверасан!” деди Абу Анас.
“У аъробий эди. Лекин Аллоҳ уни танлаб олиб, ихтиёр этиб, Пайғамбар қилди”.
“Келтирган нарсанг нима?!”
“Ароқ ҳаром қилинди”.
“Бу сен билан менинг ажрашишимиз”, деди. Сўнгра мушрик ҳолда ўлиб кетди.
Сўнгра Абу Талҳа розияллоҳу анҳу Умму Сулаймнинг олдига келди. Умму Сулайм унга:
“Модомики мушрик экансан, сенга тегмайман”, деди.
“Йўқ. Бу сенинг истагинг эмас”.
“Менинг истагим нима?”
“Сенинг истагинг сариқ (олтин) билан оқ (кумуш)да”.
“Албатта, мен гувоҳлик бераман ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳам гувоҳ қиламанки, агар сен мусулмон бўлсанг, сенинг Исломинг туфайли розиман. Эй Анас, тур! Амакингни бошлаб бор!” деди Умму Сулайм.
У (Абу Талҳа) туриб, қўлини елкамга қўйди. Бориб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга яқинлашганимизда у зот бизнинг гапларимизни эшитдилар ва: “Мана, Абу Талҳа ҳузурингизга пешонасида Ислом нури порлаб келди!” дедилар. У Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга салом берди ва: “Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳу ва анна Муҳаммадан абдуҳу ва Расулуҳу”, деди.
Шундан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ислом учун уни уйлаб қўйдилар. Аёли унга ўғил туғиб берди. Бола катта бўлиб, йўлга кирди. Отаси уни жуда ҳам яхши кўрар эди. Бир куни Аллоҳ таборака ва таоло болани қабз қилди.
Абу Талҳа келиб:
“Ўғлимнинг ҳоли қандай, эй Умму Сулайм?” деди.
“Жуда яхши. Тушлик қилиб олмайсанми? Бугун тушлигинг кеч қолиб кетди”, деди ва унга таом тақдим қилиб туриб:
“Эй Абу Талҳа, бир қавм бошқасидан вақтинчаликка бир нарсани олиб турса, у уларда Аллоҳ хоҳлаганича қолсада, кейин эгалари қайтариб олса, вақтинчалик олиб турганлар хафа бўлиши керакми?” деди.
“Йўқ”, деди Абу Талҳа.
“Ўғлинг дунёни тарк этди”, деди Умму Сулайм.
“Қани у?!”
“Ана, ётоқхонада”.
У кириб, боланинг юзини очди ва истиржоъ айтди. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, Умму Сулаймнинг гапини айтиб берди. Шунда у зот:
“Мени ҳақ ила юборган Зотга қасамки, Аллоҳ бу кеча боласига сабр қилганлиги учун унинг раҳмига бир ўғил бола илқо қилди”, дедилар…
У болани туғди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Анасга дедилар:
“Эй Анас, онангнинг олдига бориб, “Ўғлингнинг киндигини кесганингдан кейин унга ҳеч нарса егизмай туриб, менга юбор”, дедилар, дегин”.
У (онам) болани икки қўлимга қўйди. Мен уни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келтириб қўйдим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Менга учта ажва (хурмо) келтир”, дедилар. Мен келтирдим. У зот уларнинг данагини олиб ташлаб, оғизларига солиб, чайнадилар ва боланинг оғзини очиб, солдилар, бола тамшана бошлади.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Ансорийда, хурмони яхши кўради!” дедилар. Сўнгра:
“Онангга бориб, “Аллоҳ сенга бундан барака берсин ва уни яхши ҳамда тақводор қилсин”, деб айт”, дедилар”.
Имом ал-Баззор ривоят қилган.
“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан
ЎМИ Матбуот хизмати
Ғусл қилиш қоидаларини биласизми?
Динимизда покликка алоҳида эътибор қаратилади. Қуръони каримнинг бир неча ўринларида қалб, тана, кийим ва таомлар поклиги масаласига оид оятлар нозил бўлган. Жумладан, Бақара сурасининг 222-оятида: “Албатта, Аллоҳ чин тавба қилувчиларни ва обдон покланиб юрувчиларни севади”, дейилади.
Шунингдек, Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Пок бўлинглар, пок бўлмаган киши жаннатга кирмайди”, деб огоҳлантирганлар. Биз бугун покланишнинг асоси – ғусл ҳақида тўхталамиз. “Ғусл” сўзи арабча бўлиб, “ювмоқ” маъносини англатади.
Аллоҳ таоло “Моида” сурасининг 6-оятида шундай мархамат қилади:
وَإِنْ كُنْتُمْ جُنُبًا فَاطَّهَّرُوا
Агар жунуб бўлсангиз, обдон покланингиз (чўмилингиз)!
Келинг, энди ғуслни вожиб қиладиган нарсаларни билиб олсак. Улар қуйидагилар:
- манийнинг ўрнидан шахват ва қувват билан отилиб чиқмоғи;
- эрнинг олати аёлнинг фаржи ё дубурига алоқа қилмоғи;
- эҳтилом (яъни уйқудан уйғонган эр ва аёлнинг ўз баданида ё ич кийимида нам куриши) бўлиши;
- ҳайз курган аёлда ҳайзнинг тўхташи;
- нифосдан халос бўлмоғи.
Демак, шулардан биронтаси бўлиши билан имкон борича тезроқ ғусл қилиш керак бўлади. Ғуслда дастлаб қўллар яхшилаб ювилгач, бадандаги нажосатлар ювилади, сўнгра қўлларни ювиб, таҳорат қилинади. Яъни оғиз, бурун сув билан кейин юз-қўллар тирсақлари билан қўшиб уч мартадан ювилади. Қўллар сув билан намланиб, бошга масҳ тортилади. Агар сув тўпланадиган жой бўлса оёқ ювилмайди.
Ғуслнинг фарзи 3 та бўлиб, улар қуйидагилар:
- Оғизга сув олиб уч марта яхши ғарғара қилиш;
- Бурунни уч марта ювиш(ачиштириб);
- Аввал бошдан, кейин ўнг ва чап елкадан уч мартадан сув қуйиш. Ҳар қуйганда баданнинг сув тегмай қолиш эҳтимоли бўлган (киндик, қулоқ, қўлтиқ ости, тирсак, тўпиқ, қобоқ, қўлдаги узук остлари каби) жойларига ишқалаб сув етказилади.
Ғусл охирида оёқлар ювилиб, пок нарса устига қўйилади. Агар аёллар сочларини ўрган бўлсалар, ўримини ечиши шарт эмас, балки ўша ўрим устидан сув қўйиши кифоя. Агар ўрмаган бўлсалар, албатта ювишлари шарт. Ғуслни мукаммал қилиш керак. Чунки Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Ҳар бир сочнинг ва ҳар бир терининг устида жанобат бор”, деб огоҳлантирганлар. Демак, эркакми-аёлми, бошими ё бошқа аъзоларими – бутун танага сув теккизиши шарт. Тирноқларда лак бўлса, уни кетказиш лозим. Агар эркак ё аёл оғир хаста ҳолида жунуб бўлиб, сувда чўмилганда хасталиги ортиб кетадиган бўлса ёки мутлақо имкониятсиз бўлса, бундай кишилар иложи борича нажосатлардан тозаланиб, таяммум қилишлари дуруст.
Хулоса қилиб айтганда, ибодатлар қабул бўлишининг муҳим шартларидан бири, бу поклик ва озодалик экан. Жунубликни кетказиш учун, покиза бўлиб ибодатларни адо этиш учун қилинадиган ғусл ҳам шуларнинг энг асосийси экан.
Ойбек МАЪРУПОВ
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти талабаси
Афшонада Абу Али ибн Сино мероси мажмуаси барпо этилади
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси фармойишига мувофиқ, Бухоро вилоятининг Пешку туманидаги Афшона қишлоғида халқ табобати маркази, экобоғ (қишки боғ), ҳовуз, миллий чойхона, табиий гиёҳлар, дориворлар, аллома ижоди ва табобатга оид адабиётлар савдо шохобчаси, кутубхона ҳамда замонавий меҳмонхонани ўз ичига олган Абу Али ибн Сино мероси мажмуаси барпо этилади. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» каналида хабар берилган.
Мажмуа маҳаллий ва хорижий инвесторлар маблағларини жалб этилган ҳолда 2019 йилнинг август ойига қадар ишга туширилади.
Бухоро аэропорти ва темир йўл вокзалидан Афшона қишлоғига хавфсизликни таъминлаган ҳолда туристик автобус, микроавтобус ва такси хизматлари ташкил этилади.
Фармойишда шунингдек, Абу Али ибн Сино довруғини жаҳон миқёсида янада кенг тарғиб қилиш бўйича мунтазам равишда хорижий мамлакатлар, айниқса буюк олим ҳайкали ўрнатилган Франция, Австрия, Бельгия, Туркия, Эрон ва Тожикистон давлатлари делегацияларининг Ўзбекистонга ташрифларини ташкил этиш ҳам назарда тутилмоқда.
ЎМИ Матбуот хизмати