muslim.uz

muslim.uz

Cавол:  НамоздаФотиҳадан сўнг замсура ўқишдан олдинБисмиллоҳни айтса намоз бузиладими?

Жавоб: Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ сўзларига кўра, “Бисмиллоҳ” намозда ҳар бир ракатнинг бошида ўқилади (“Муҳит”). Фатво ҳам шунга кўра берилган (“Татархония”). “Фотиҳа” билан замсура орасида эса “Бисмиллоҳ” айтилмайди (“Виқоя”, “Ниқоя”). Аммо айтилса, намоз бузилмайди.

 

“Ҳидоят” журналидан

Мамлакатимизга ташриф билан келган Венгрия пойтахти Будапешт шаҳри мэри Иштван Тарлош бошчилигидаги делегация Самарқандда бўлди. 

Вилоят ҳокими Т.Жўраев Венгрия делегациясини Самарқандга ташрифи билан қутлаб, вилоятнинг иқтисодий салоҳияти, туризм имкониятлари ҳақида маълумот берди. Самарқанд ва Будапешт шаҳарлари ўртасида савдо-иқтисодий, сайёҳлик ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама этилди.

– Венгрия халқи Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари, хусусан, Самарқандни яхши билади, – дейди И.Тарлош. – Самарқанд тарихий ёдгорликларга бой, чиройли, бир сўз билан айтганда, туризмни янада ривожлантириш учун улкан имкониятларга эга шаҳар экан. Келажакда бу қадимий шаҳар билан яқин алоқалар ўрнатиш ниятидамиз.

Венгриялик меҳмонлар Самарқанд шаҳридаги тарихий-маданий ёдгорликлар, диққатга сазовор жойларни томоша қилди. 

 

Манба: ЎзА

الثلاثاء, 08 أيار 2018 00:00

Ўзимиз ибрат бўлайлик

Болалигимизда катталар ёнидан ўтсак, юзимизга қараб: “Ҳой, шошмай тур, сен фалончининг ўғлимисан”, дейишарди. Улар бизни қандай танийди, деб ҳайрон қолардик. Катта бўлгач, бунинг сабабини билиб олдик. Кексалар феълимизда, юриш-туришимизда ё юз-кўзимизда ота-онамизни кўришар экан. Албатта, ҳар бир болада ўзи улғайиб ўсган муҳит таъсири катта бўлади. Ота-онада бор сифат албатта болага ўтади. Оддий мисол: ота-она фарзандини китобга ошно қилишни хоҳласа, уйда китоб жавони бўлиши, болалар ота ё онанинг китоб ўқиётганини доим кўриши керак.

Ёши элликларни қоралаган бир акамиз билан шу мавзуда суҳбатлашиб ўтирсак, бошидан ўтган воқеани айтиб берди:

«Мен олти ойлигимда ота-онам турмушлари бўлмай, ажрашган экан. Мени онам ёлғиз катта қилдилар. Раҳматли имон-эътиқодли аёл эди. Менга бирор марта отам тўғрисида ёмон гап айтмаган. Уйланадиган куним имом домла “фалончининг ўғли” деб отамнинг исмини айтиб никоҳимизни ўқиди. Ўшанда отанинг ҳурмати қанча баланд эканини яна бир бор ҳис қилдим.

Орадан йиллар ўтди. Бир ҳолат мени ҳайратга соларди. Ётар пайтим ёстиқдан ташқари бирор дўмбоқ нарсани бўйним остига ҳам қўйиб оламан. Шундай қилмасам, ҳеч уйқум келмайди. Бу одат менда қачон пайдо бўлган – билмайман.

Бир гал отамнинг тез-тез касал бўлаётганини эшитдим. Зиёрат қилиб, дуоларини олиб келсам майлими, деб онамдан сўрадим. Онам: “У киши отангиз, хоҳиш ўзингизда”, деди. Отамни кўргани бордим, у киши даҳлизда ўтирган эканлар. Салом бериб, кирдим. Йиғлаб кўришдик, анчагача суҳбатлашиб ўтирдик. Ҳаққимга узоқ  дуо қилди. Толиққан эди, ўрнига олиб кирдим. Ёпинчиқни очсам, ўралган сочиқ турибди. Ҳайрон бўлиб отамга қарасам, изоҳлаб: “Шуни бўйнимга қўйиб ётмасам, ҳеч уйқум келмайди...” деди. Таажжубдан қотиб қолдим».

Дарҳақиқат, фарзандлар ота-оналарини такрорлашади. Ҳар бир сифатимиз, феълимиз, ҳатто айрим одатларимиз ҳам улар назаридан четда қолмайди. Оилада муомаламиз қанча чиройли, маънавиятимиз гўзал бўлса, фарзандларимиз ҳам эсли-ҳушли, одобли, диёнатли бўлиб камолга етади.

 

Усмонхўжа САИДОВ,

Ўзбекистон тумани

“Ҳидоят” журналидан

 

Мўминлар онаси Хадича бинти Хувайлиднинг  жияни Ҳаким ибн Ҳизом ибн Хувайлид Каъбаи муаззама ичкарисида туғилган ягона инсондир. 

* * *

Ҳаким ибн Ҳизом обрўли, бадавлат оилада оқил, яхши хулқли бўлиб улғайди. Қавми уни ҳурмат қилиб, рифодат (жоҳилия даврида муҳтож ҳожиларга овқат улашувчи) мансабини беришган эди.

Ҳаким ибн Ҳизом Муҳаммад Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам билан пайғамбарлик келмасидан олдин қалин дўст эди. Беш ёш катта бўлса ҳам оламлар Сарвари уни ўзларига яқин тутар, дўстлигига дўстлик, муҳаббатига муҳаббат билан жавоб қилардилар.

Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам Ҳакимнинг аммаси Хадича бинти Хувайлидга (розияллоҳу анҳо) уйланганларидан кейин ўрталаридаги алоқа қариндошлик билан янада мустаҳкам бўлди.

* * *

Пайғамбар соллалоҳу алайҳи васаллам Ҳакимдек эсли-ҳушли, ақл-фаросатли одамнинг ишларидан ҳайрон бўлардилар. У ва у каби бир неча кишиларнинг тез кунда Исломни қабул қилишига умид боғлардилар.

Макка фатҳидан бир кун олдин Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам  саҳобаларга:

– Маккада тўрт киши бор, уларнинг мусулмон бўлмай, мушриклигича қолиб кетиши ақлга сиғмайди, – дедилар.

Саҳобалар:

– Улар кимлар, ё эй Аллоҳнинг Расули? – деб сўрашди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Аттоб ибн Усайд, Жубайр ибн Мутъим, Ҳаким ибн Ҳизом ва Суҳайл ибн Амр, – деб жавоб бердилар.

Аллоҳнинг фазли билан барчаси Исломни қабул қилди.

* * *

Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам Макка фатҳ этилганидан сўнг ҳам Ҳаким ибн Ҳизомга ҳурмат кўрсатдилар ва жарчиларга бундай дейишни буюрдилар:

“Ким шериги бўлмаган Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад Унинг қули ва элчисидир, деб гувоҳлик келтирса, молию жони омонда.

Ким Каъбага кириб, қуролини топширса, молию жони омонда.

Ким уйига кириб, эшигини беркитиб олса, молию жони омонда.

Ким Абу Суфённинг уйига кирса, молию жони омонда.

Ким Ҳаким ибн Ҳизомнинг уйига кирса, молию жони омонда...”

Ҳакимнинг уйи Макканинг қуйи, Абу Суфённики эса юқори қисмида эди.

* * *

Ҳунайн ғазотидан сўнг Ҳаким ибн Ҳизом Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурига бориб, ўлжадан улуш сўради. Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам  сўраганини бердилар. Яна сўради. Сарвари олам яна улуш ажратдилар. Сўрай-сўрай Ҳакимнинг улуши юзта туяга етди. Шунда Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам:

– Эй Ҳаким, дунё ширин ва мафтункор. Ким ундан қаноат билан фойдаланса, баракага эришади. Очкўзлик билан ҳаракат қилган, ундан маҳрум бўлади. Тепадаги қўл пастдагисидан яхшироқдир, – дедилар.

Буни эшитган Ҳаким:

– Ё Расулуллоҳ, Буюк Зотга қасам, энди ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрамайман, – деди ва умрининг охиригача шу сўзида турди.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу даврида бир неча  марта хазинадан улушини олишга чақиришди, аммо у ҳеч нарса қабул қилмади.

 “Ҳидоят” журналидан

Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ўткир зеҳн – заковат, фаҳм – фаросат, юксак фазилат эгаси бўлганлар. У зотнинг ўта аниқ ва теран фикрларидан кўплаб одамлар хабардор эди. Кунлардан бирида кечга яқин бир киши Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг ҳузурларига келиб ўзининг шикоятини арз қилди:

  • Мен пулларимни қаерга беркитиб қўганимни унутиб қўйдим. Илтимос, менга пулларимни топишимда ёрдам беринг, - деди.
  • Шунда Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ:
  • Яхши, аслида бу иш билан шуғулланиш менинг вазифам бўлмаса-да уруниб кўраман, - деб жавоб бердилар.
  • Сўнгра, узоқ ўйлаб Абу Ҳанифа бундай дедилар:
  • Уйингизга бориб Аллоҳнинг ибодати билан тонггача машғул бўлинг, ажаб эмас шунда Аллоҳнинг инояти ила пулларингизни қаерга қўйганингиз ёдингизга тушса.
  • Ҳалиги киши Абу Ҳанифа айтганларидек уйга бориб эндигина намоз ўқишни бошлаётганида бирдан пулини қаерга қўйгани ёдига тушди. Тезда намозини ўқиб, пулини олиш учун шошилиб чиқиб кетди. Эртаси куни яна Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг ҳузурларига ўзининг қувончи ва ташаккурини изҳор қилиш учун ташриф буюрди. Абу Ҳанифадан қандай қилиб намоз ўқишни бошлаганда пулини беркитган жой ёдига тушишлигини билганлиги ҳақида қизиқиб сўради. Шунда Абу Ҳанифа:
  • Шайтон сени то тонггача намозда қоим туришда кўришни истамайди, шу сабабли, намозни тезда тугатишинг учун сенга пулингни турган жойини эслатди, сен эса намозни тарк этиб пул томон шошиб кетдинг, деб жавоб бердилар.

Даврон НУРМУҲАММАД

Top