muslim.uz
Ҳаяжонли лаҳзалар яқинлашмоқда: ким ғолиб бўлади?
Одатда, давлат раҳбари бирор масала юзасидан қандайдир таклиф айтиб қолгудек бўлса, у ўзидан ўзи одамларга мажбуриятга айланиб қолади, айниқса, бизнинг қуллуқчи халқимиз учун. Лекин Президентимиз ўтган йили 1 сентябрда, Қурбон ҳайити куни муборак маскан – Ҳазрати Имом мажмуасини зиёрат қилиб, зиёрат асносида Қуръон мусобақаси ўтказиш ҳақида таклиф айтганида катта-ю кичик, барча хурсанд бўлиб кетди. Одамлар сабрсизлик билан ушбу мусобақанинг бошланишини кута бошладилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасида ушбу мусобақани ташкиллаштириш масаласига бағишлаб махсус йиғилиш ўтказилди. Йиғилишда мусобақани уч босқичли тарзда: туман, вилоят, республика миқёсида ўтказишга келишиб олинди ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари “Ўзбекистон Қуръон мусобақаси – 2018” ташкилий қўмитаси раиси, Абдулҳаким Матқулов домла раис ўринбосари этиб тайинланди.
Шундан сўнг мусобақа қатнашчиларини рўйхатга олиш ҳақида эълон берилганда, тўғриси, на ташкилий қўмита ва на бошқалар унга қанча одам ҳужжат топшириши мумкин эканини билмас эди. Фақат тахминлар бор эди ва ўша тахминларга кўра, беш юз, олти юз киши ҳужжат топшириши керак эди. Лекин беш мингга яқин ариза тушганини кўриб, барчамиз юртимизда шунча кўп қори бор эканига ҳам ҳайрон бўлдик ҳамда севиндик.
Ташкилий ишлар йўлга қўйилганидан сўнг 15 январь куни Зоминдаги “Маърифатли” масжидида мусобақанинг биринчи босқичи бошланди. Ўша куни нафақат Зоминда, балки бутун Ватанимизда катта шодиёна бўлгани барчамизнинг кечагидек эсимизда. Тасаввур қилинг: ахир бизнинг юртимизда Қуръон мусобақаси ростакамига бошланди...
Бунда маълумот, насаб, мақом ёки бошқа нарсаларга қараб чекловлар бўлмагани барчани мамнун қилди. Фақат ёшнинг чеклангани кўпчилик қорилар ва қорияларнинг шундай шарафли танловга қатнаша олмасдан афсус чекиб қолишига сабаб бўлди.
Танловнинг дастлабки босқичлари қишда бўлди: кун бир тутам, совуқ, изғирин. Бу футбол ёки концерт томошаси бўлса эканки, бетаҳорат ҳам кириб бораверсангиз. Аммо Аллоҳнинг Каломини таҳоратсиз тинглаб бўлар эканми?.. ўзи-ку, бўлаверади ҳам, аммо савоби ҳам ўзига яраша бўлади-да. Шу боисдан мусобақага келган кишилар совуқ кунларда ҳам таҳорат олиб покланиб тинглашди қориларимизнинг тиловатларини.
Ўша кунларда Аллоҳ таоло Ўзининг раҳматини ёғдириб тургани ҳамманинг ёдида. Қайси куни, қайси жойда Қуръон мусобақаси ўтказилган бўлса, ўша куни ўша жойга қор ёғдирди. Юз бериши муқаррар кўриниб қолган қурғоқчиликни бошимиздан бартараф этиб қўйди. Қору ёмғир ёғиб бошлаган чоқ, биласиз, осмон эшиклари очилиб дуолар қабул бўлади. Қуръон даврасида қилинган дуолар шарофати ила Ватанимиз узра файзу баракотлар ёғилиб турибди, Яратганга шукр. Ўтган куни қорилар мусобақаси ниҳоясига етган кун ҳам Раббимиз бир мулойим ёмғир берди. бундан жамики тирик мавжудотлар баҳра олди.
Баҳорнинг илк кунларида пойтахтнинг “Наврўз” ресторанида ўтказилган шаҳар босқичини эслайсизми, тумонат одам, овоз кучайтиргичлар ишга тушган. Қориларимиз овози Миллий боғдан ҳам ошиб жарангламоқда. Кўчаларда юриб кетаётган одамлар ҳам тўхтаб тиловатларни тингладилар, қаергадир шошилиб бораётган юртдошларимиз машиналарини тўхтаб озгина муддатга бўлса-да, Қуръонга сомеъ бўлдилар...
Ва ниҳоят 21-24 апрель кунлари қуйи босқичлардан сараланиб келган қорилар беллашдилар, ғолиблар аниқ бўлди. Фарғоналик Расулбек қори Йўлдошев каби қориларнинг тиловатлари қалбларни ларзага солди. Кўплаб номинациялар бўйича иштирокчилар орасидан ғолиблар танланиб уларга қимматбаҳо совғалар топширилди.
Айниқса, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти талабаси Нуриддинов Йўлдошбек қори Иброҳим ўғли "Ўзбекистон Қуръон мусобақаси – 2018"нинг мутлақ ғолиби, олий ўрин соҳиби бўлиб, унга Президент совғаси сифатида "Лаcетти" автомашинаси топширилди. У автомашина калитини устозига тутқазганда ҳамма тўлқинланиб кетди. У ота-онасига умрага йўлланма олиб бериб фарзандлик бурчини қандай чиройли адо этган бўлса, устозига машина калтини тутиб шогирдлик бурчини шундай чиройли бажарди. Бу ўринда масала устози калитни олиши ёки олмаслигида эмас. Гап Йўлдошбек қорининг устозига меҳрида, муҳаббатида. Ўзи қачонки шогирд устозини шу қадар севган тақдирдагина юксак натижаларга эриша олади.
Кеча бошланган аёллар мусобақаси бугун ҳифз йўналиши бўйича давом этмоқда. Эрталабдан мураттаб қориялар ўзаро беллашмоқдалар. Бир-биридан гўзал қироатларни онлайн эфир орқали бутун дунёдаги Қуръонга ошуфта қалблар тинглаб ўтирибдилар. Яна бирор соат ичида ғолибларнинг номи ҳам аниқ бўлиб қолади ва уларни ҳам эълон қиламиз, иншоаллоҳ.
ЎМИ Матбуот хизмати
Қуръон лафзидаги мўъжиза
Аллоҳ таоло Қуръонда مَيِّتٌ (“маййит” кўринишида бўлиб, “ё” ҳарфи ҳаракатли ва ташдидли) лафзини зикр қилганда, бунинг маъноси “Ҳали ўлмаган, аммо яқинда ўладиган тирик кимса” дегани бўлади. Ушбу сўздаги “ё” ҳарфи ҳаракатли бўлганидек, у инсон ҳам ҳаракатдадир, тирикдир. Бунга мисол:
إِنَّكَ مَيِّتٌ وَإِنَّهُم مَّيِّتُونَ
“Албатта, сен ҳам ўлгувчисан, улар ҳам ўлгувчидирлар” (Аллоҳдан бошқа ҳар бир тирик жон ўлади. Ҳамма ҳам ўлади. Ўлмайдиган ҳеч ким йўқ. Фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигина қолади.) (Зумар сураси, 30-оят).
Аммо مَيْتَ (“майта” кўринишида бўлиб, “ё” ҳарфи сукунли) лафзини зикр қилганда, бунинг маъноси “Руҳи ажраган, ўлган, вафот этган” дегани бўлади. Сўздаги “ё” ҳарфи сукунли, ҳаракатсиз бўлганидек, у кимса ёки жонзот ҳам ҳаракатсиздир, ўлгандир. Бунга мисол:
حُرِّمَتْ عَلَيْكُمُ الْمَيْتَةُ
“Сизларга ўлимтик...ҳаром қилинди” (Моида сураси, 3-оят).
Қуръон луғатидаги бу ажойибликни, ҳарф ҳаракатининг воқеликка муносиблигини кўринг!
Шайх Солиҳ Туркийнинг “Мин роваиъил Қуръан”
номли мақоласидан
Нозимжон ИМИНЖОНОВ
таржимаси
Online: Қуръон мусобақаси (Youtube)
Диний соҳа ходимларининг видео-анжумани
Бугун Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 16 апрелдаги “Диний маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифаларнинг ижросига бағишланган диний соҳа ходимларининг видеоселектори бўлиб ўтди.
Йиғилиш Қуръони карим тиловати билан бошланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари маъруза қилиб, давлатимиз Раҳбари имзолаган “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармоннинг аҳамияти, динимиз тараққиёти ва халқимиз манфаати йўлидаги ўрни беқиёслиги ҳамда диний соҳа ходимларини қўллаб-қувватлаш борасидаги муҳим бандлар уларга кўрсатилган юксак эҳтиром намунаси эканини таъкидладилар. Муфтий ҳазратлари Фармоннинг биринчи бандида қайд этилган “Жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш” ғоясига алоҳида тўхталдилар. Шунингдек, муфтий ҳазратлари ушбу тарихий Фармондан келиб чиқиб, диний соҳа ходимларининг олдида турган долзарб вазифаларни белгилаб бердилар.
Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори, академик Неъматулло Иброҳимов сўзга чиқиб, Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг ташкил этилиши юртимизда диний таълим соҳасидаги ислоҳотларнинг янги босқичга олиб чиқиши тўғрисидаги фикр-мулоҳазаларини билдирди. Шунингдек, мазкур Фармондаги “Вақф” хайрия жамоат фондини ташкил этишнинг ўзига хос жиҳатлари, мақсад-вазифалари ва афзалликлари тўғрисида сўз юритди.
Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров мазкур Фармонда жуда кўп имтиёз ва қулайликлар берилиши ўз навбатида диний соҳа ходимлари зиммасига катта масъулият юклаши, давлатимиз Раҳбари бошчилигида мўмин-мусулмонларни рози қилиш йўлида қилинаётган ишлар давомли бўлиши учун қўйилган мақсад ва вазифаларни аҳил-иноқ бўлиб, ғайрат-шижоат ва сабр-матонат билан бажариш зарурлигини алоҳида қайд этди. Шунингдек, Ислом цивилизация маркази томонидан муборак динимизнинг асл моҳиятини тушунтириш ва Ислом маданиятини кенг тарғиб этиш борасида қилинаётган ишлар тўғрисида маълумотлар берди.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов ушбу Фармонда белгиланган вазифалар ва қўмита фаолиятини такомиллаштириш тўғрисидаги бандларнинг аҳамиятини изоҳлаб берди.
Шундан сўнг ҳудудлардан видеоселектор йиғилишида иштирок этаётган Бухоро вилояти бош имом-хатиби Мансур Нуруллаев, Наманган вилояти бош имом-хатиби Абдулҳай Турсунов, Қашқадарё вилояти бош имом-хатиби Раҳматуллоҳ Усмонов, Қорақалпоғистон Республикаси мусулмонлари қозиёти қозиси Шамсиддин Баҳоуддинов сўзга чиқишди. Жумладан, бош имом-хатиб Абдулҳай Турсунов мазкур 15 та банддан иборат муҳим Фармон диний соҳа ходимларининг кўнглини тоғдек кўтаргани, уларга жуда катта эътибор ва имкониятлар берилгани, бу борада барча диний ходимлар ҳамжиҳатликда ишлашлари зарурлигини билдирди. Бош имом-хатиб Раҳматуллоҳ Усмонов мазкур Фармон талабларини ўз вақтида ва сифатли ижро этиш масадида, муфтий ҳазратлари томонидан таъкидланган 10 та банддан иборат топшириқларни изчиллик билан амалга оширишга ваъда берди.
Шунингдек, йиғилишда Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Нуриймон Абулҳасан қўмита тузилмасида янги ташкил этиладиган ахборот-таҳлил маркази фаолияти тўғрисида, Ислом цивилизацияси маркази бўлим бошлиғи Мирзо Кенжабек эса диний ходимларнинг илмий савиясини ошириш ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Йиғилиш якунида тегишли қарорлар қабул қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ҳанбалий мазҳаби
Имом Абу Абдуллоҳ Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳанбалнинг онаси Марказий Осиёнинг Марв шаҳридан бўлиб, отаси Сарахсдан экани манбаларда қайд этилган. У 164/780-йил Бағдод шаҳрида туғилган ва 241/855-йилда шу ерда вафот этган ва “Боби ҳарб” номли қабристонга дафн этилган.
Ибн Ҳанбал яшаган Бағдод шаҳри илм-фан ривож топиш баробарида турли-туман эътиқодий қарашлар маркази ҳисобланиб, унинг илмий жиҳатдан камол топиши учун замин яратди.
У 183/799-йилгача Бағдодда таҳсил олгандан кейин илмини ошириш мақсадида Куфа, Басра, Макка, Мадина, Яман, Шом ва Жазоирга сафар қилади. Яна Бағдодга қайтиб, Имом Шофеъийнинг дарс ҳалқасида ўтириб, 195/811-йилгача фиқҳ, усулул-фиқҳдан таълим олган. Имом Аҳмад умрининг аксар қисмини ҳадис тўплашга бағишлади. Машҳур муҳаддислар, жумладан, Ҳушайм, Суфён ибн Уяйна, Иброҳим ибн Саъд, Жарир ибн Абдулҳамид, Яҳё ал-Қаттон, Вакиъ, Абдураҳмон ибн ал-Ҳудо ва бошқа устозлардан сабоқ олди.
Имом Аҳмад илк марта фиқҳ илмини ҳам ривоят, ҳам дироят асосида ўрганиш учун Абу Ҳанифанинг шогирди ва суҳбатдоши, Аббосийлар буюк давлатининг қозил-қузоти Имом Абу Юсуфдан таълим олди. Лекин ундан кўпроқ фиқҳни эмас, балки ҳадисни ўрганишга қизиқарди. Унинг ўзи “мен ҳадис ёзиб олган биринчи киши Абу Юсуф эди”, деган.
У хулафои рошидин фиқҳи, саҳобалар ва тобеин фиқҳи, шунингдек, Имом Шофеъийнинг фиқҳий услубини ўзлаштирди. Аҳмад ибн Ҳанбал ўз даврида "имомул-муҳаддисин” (муҳаддислар имоми) сифатида тан олиниб, унинг “Ал-Муснад” китобини тасниф қилиш орқали ниҳоятда катта ишга қўл урганлиги ўз даврида юксак баҳоланди.
Аҳмад ибн Ҳанбал мўътазила ақидасига қарши бўлиб, Қуръонни яратилган деб эмас, балки қадим деб эътиқод қилди. Шу сабабли у халифа томонидан таъқиб остига олиниб, икки йил-у тўрт ой ҳибсда сақланди, таҳқирга учради ва 220/835- йили саройда қамчи билан саваланди.
Аҳмад ибн Ҳанбал ҳадисшунослик бўйича катта шуҳрат қозонди. Бир гуруҳ машҳур муҳаддислар, жумладан, Имом Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий, Муслим ибн Ҳажжож ундан илм олиб, ҳадис ривоят қилганлар.
Аҳмад ибн Ҳанбал ўзига хос фиқҳий қарашлари билан бошқа мазҳаб тарафдорларидан ажралиб турарди. Унинг эътиқодий қарашига биноан имон қалб билан тасдиқлаш, тил билан иқрор бўлиш ва бадан аъзолари билан амал қилишдир. Амал имоннинг жузъи бўлгани учун у кўпайиб-озаяди.
Гуноҳи кабираларга қўл урган киши ҳақидаги мўътазила қарашларига қарши туриб, бундай гуноҳни қилган киши мўмин эмас, деган фикрни рад қилади.
Аҳмад ибн Ҳанбал ўзига хос услубга таянган ҳолда Ҳанбалий мазҳабига асос солди ва уни ривожлантиришда Маккада Ибн Аббос туфайли юзага келган илк ҳуқуқий мактабдан фойдаланди. У ўз мазҳабида Қуръон, Суннат, саҳобаларнинг сўзлари ва ижмосига асосий эътиборни қаратиб, қатъий зарурат сезмаган ҳолатлардан ташқари қиёсдан фойдаланмайди. Барча ҳадисларни, ҳатто хабари воҳид ва саҳобалар қавлини қиёсдан устун қўяди.
Ҳанбалий мазҳаби тарқалган минтақаларда раъй ва қиёсга катта эътибор қаратилмагани сабабли, одамларнинг манфаатини назарда тутган ҳолда барча ҳуқуқий муаммоларга ечим топа олмади ва бошқа мазҳаблар каби оммалашмади.
Имом Аҳмад ўзидан олдинги мазҳаблар ҳақида шундай фикр билдиради:
“Кимки динда тақлид йўқ деса, у Аллоҳ ва Расулуллоҳ (с.а.в.) наздида фосиқ бўлибди. Аҳли суннадаги мазҳаб эгалари биз фойдаланаётган илмни бизга етказишган. Бу улардан ҳадисларни олиб, суннатни ўргандик. Улар ишончли, эргашишга арзийдиган одамларнинг имомларидир. Улар сизлардан олдин бўлишган, шундай экан, уларнинг йўлидан юриб ўрганинглар ва ўргатинглар ".
18 аср ўрталарида Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб (1115/1703- 1201/1787) мазкур мазҳабнинг қаттиққўллик тамойилларидан фойдаланиб, ваҳҳобийлик экстремистик оқимига асос солди.
Мазкур тўрт мазҳабдан ташқари, мужтаҳид уламолардан бир қанчаси мустақил мазҳаб таъсис этиш ҳаракатида бўлганлар, лекин уларнинг асарлари тўлиқ таҳрирдан чиқмаганлиги ва барча ижтиҳодий фатволари мукаммал топланмаганлиги боис мустақил мазҳаб муассислари сифатида эътироф этилмай қолганлар. Лекин уларнинг айрим фиқҳий масалалар бўйича билдирган фикр-мулоҳаза ва фатволари айрим ислом манбаларида келтирилган. Шундай мужтаҳидлардан Ҳасан Басрий, Мужоҳид, Ато ибн Абу Рабоҳ, Иброҳим Нахаий, Имом Бухорий, Омир аш-Шаъбий, Авзоий, Абу Сулаймон аз-Зоҳирий, Абу Жафар ат-Табарий ва бошқаларни мисол қилиб келтириш мумкин.
Манбалар асосида тайёрланди.
Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти
2-курс талабаси Абдурашидов Муҳаммаднур