muslimuz

muslimuz

الجمعة, 07 حزيران/يونيو 2024 00:00

Аллоҳ ризқ беради

Банданинг ризқини Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло томонидан ўлчаб қўйилган. Шу ризқ бандага етиб келгай. Ҳолбуки сон-саноқсиз жониворларнинг ризқини етказган Аллоҳ таъоло инсоннинг ризқини ҳам бергай. “Ўз ризқини кўтара олмайдиган қанчадан-қанча жонзотлар бор. Уларга ҳам, сизларга ҳам Аллоҳ ризқ берадир. Ва У ўта эшитгувчи ва ўта билгувчи зотдир” (Анкабут, 60).

Ривоят қилибдиларки, басралик бир савдогар Чин мамлакатига тижорат учун йўлга чиқди. Йўлга тушиб, энди кемага чиқаётганида бир кекса оқосқол қўлида бир қоп юк билан келиб савдогарга илтимос қилди:

“Мен шу қопдаги қалайларни денгизга ташлайман деб назр қилган эдим. Агар малол келмаса шуни олиб кетсанг, денгизнинг ўртасига келганда сувга ташлаб юборарсан.

Савдогар қопдаги қалайларни олиб қолди ва эҳтиёт шарти ила чолнинг кимлиги ва турар жой манзилини суриштириб олди. Йўлга тушиб денгизнинг ўртасига яқинлашганида бирдан қаттиқ шамол бўлиб тўфон кўтарилиб, қопни сувга ташлаш ёдидан кўтарилиб қолди. Манзилга етиб бориб савдо-сотиғини бошлаган эди, бир йигит келиб унинг қаердан келганини сўраб билганидан кейин:

Басранинг қалайлари сифатли бўлади, мабодо олиб келмадингизми? деб сўраб қолди. Шунда савдогар мўйсафиднинг илтимосини унутганини билди. Ўзича мулоҳаза қилиб, қалайни сотиб, пулини эгасига топширишни маъқул кўрди.

Басрага қайтгач, мўйсафид яшаган маҳаллага бориб, уни суриштирса, вафот этган экан. Меросхўрларига берай, деса ўзи ёлғиз яшаган экан. Айтишларига қараганда бир камбағалроқ жияни бор экан, лекин у билан ҳам: “Сен мерос олиш учун менинг ўлимимни кутиб юрибсан”, деб ранжитаверганидан йигит шаҳардан бош олиб кетиб қолган экан.

Савдогар яна бошқа меросхўр чиқиб қолар, деган ниятда пулини асраб қўйди. Орадан кўп ўтмай Чин мамлакатида ундан қалайни сотиб олган йигит келиб қолди.

Мен қалайини уйга олиб бориб синдириб кўрсам, орасидан олтин чиқди. Мен сиздан олтин эмас, қалай сотиб олган эдим, бу олтинлар мен учун ҳаромдир, деб ортингиздан суриштириб юриб топиб келдим”, деб келганининг сабабини тушунтирди йигит.

Савдогар ҳам унга қалайни қандай қилиб олиб, унга нима учун сотганини, чолнинг меросхўри кетиб қолгани ҳақида батафсил гапириб берди. Бу сўзларни эшитган йигит кулиб юборди.

“У мўйсафид менинг амаким бўлади. Мен ўша ёлғиз меросхўрман. Амаким бойлигини сувга ташлашидан мақсад мени меросдан маҳрум қилиш эди. Лекин Аллоҳ таоло уни менга насиб қилган экан, ўзим ҳам билмаган ҳолда менга етказди”, деди.

Йигитнинг чиндан ҳам мўйсафидга жиян экани тасдиқлангач, савдогар унга омонатни топширди.

Ҳа банданинг тақдирда ёзилган ризқи қандай бўлмасин келади. Фақат кимлардир шошиб, ўша ризққа ҳаром йўл орқали етишади.

Улуғбек қори ЙЎЛДОШЕВ

Баъзи зираворлар турли бактерия ва инфекцияларга қарши курашувчи, организмни ҳимоя қилувчи хусусияти билан ажралиб туради. Улардан бири — зарчава (куркумин) дир.

 

Зарчава занжабиллар оиласига мансуб ўсимлик бўлиб, кўпинча турли нон, смузи, шўрва ва барча турдаги фойдали таомлар, шунингдек, паловга қўшилади. Зарчава яллиғланишга қарши восита ҳисобланади. Сўнгги тадқиқотларга кўра, мазкур зиравор саратон касаллигига қарши курашади, хусусан, простата саратони хавфини камайтиради. Унинг таркибидаги куркумин организмда ўсимта пайдо бўлиш хавфини камайтиради.

Куркума моддалар алмашинувини яхшилайди, иммунитетни мустаҳкамлайди ва ҳатто антидепрессантлар ўрнини босади.

Бундан ташқари, аччиқ қалампир таркибидаги капсаицин моддаси қон томирларида атеросклеротик қуйқалар шаклланишидан ҳимоя қилади. Пиёз ва саримсоқ таркибидаги фитонсид эса бактерияларнинг пайдо бўлиши ва ривожланишининг олдини олади.

 

Ҳозирда кўплаб замонавий парҳезлар асосида зарчава ҳам мавжуд, чунки у овқат ҳазм қилиш жараёнига ижобий таъсир кўрсатади, ичакларни даволайди ва диарея ҳамда қорин дам бўлиши учун самарали ҳисобланади. Зиравор брокколи каби сабзавот, кўкатлар билан истеъмол қилинганда, янада фойдали бўлади.

 

الجمعة, 07 حزيران/يونيو 2024 00:00

Етти мартадан кам тавоф қилиш

Cавол: Умрада бетаҳорат тавоф қилиб қўйган бўлса ёки еттитадан кам тавоф қилган бўлса, жиноят қилган бўладими?

 

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Умра тавофи умранинг рукни ҳисобланади. У бетаҳорат қилинса, жиноят бўлиб, жаримасига қўй сўйиш вожиб бўлади. Ҳали Маккада турган бўлса ва шу тавофини қайта қилса, қўй сўйиш соқит бўлади. Масалан, бир киши тавофда бир айланани бетаҳорат қилди ёки бир айланани қилмай, олти айланада тугатиб қўйди. Бунинг жоиз эмаслигини эҳромдан чиққандан кейин билди. Масжидул ҳарамга кириб ўша бир айланани қилиб қўйса, жарима соқит бўлади. Бу тавофни одатий тикилган кийимида қилаверади. Мийқот ёки Оиша розияллоҳу анҳо масжидига бориб эҳром боғлаб келмайди. Агар ватанига қайтиб кетган бўлса, қўй сўйиш вожиб бўлади. Қўй ҳарамда сўйилиши шарт бўлгани учун пулини юбориб, вакил орқали сўйдиради. Уйида сўйиши ҳисобга ўтмайди.

Бу ҳақда фиқҳий манбаларимизда келган маълумотларни тақдим этамиз: “Агар умра тавофининг ҳаммасини ёки кўпроғини ёки озини, гарчи бир айлана бўлса ҳам жунуб, ҳайз, нифос, бетаҳорат ҳолатда қилган бўлса, зиммасига қўй сўйиш вожиб бўлади. Бунда оз ёки кўп, жунуб ёки бетаҳорат бўлишнинг фарқи йўқ... Шунингдек, умра тавофининг озини, гарчи бир айланасини бўлса ҳам тарк қилган бўлса, қўй сўйиш вожиб бўлади. Агар шу тавофни қайта қилса, қон соқит бўлади” (Раддул муҳтор китоби).

Аллома Ибн Моза раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Агар умра тавофини бетаҳорат ёки жунуб ҳолда бажарса, модомики Маккада турган бўлса, қайта тавоф қилади. Тавоф умрада рукн ҳисобланади” (Муҳити Бурҳоний китоби).

Аллома Мулла Али Қори раҳимаҳуллоҳ бу борада бундай дейдилар: “Шунингдек умра тавофининг озини гарчи бир айланасини бўлса ҳам тарк қилса, қўй сўйиш вожиб бўлади. Агар ана шу тарк қилган тавофини, яъни ўша озининг ўзини қайта қилса, қўй сўйиш соқит бўлади. Агар тавофнинг ҳаммаси ёки кўпи (масалан, тўрттаси)ни тарк қилса, ўша тарк қилинган тавофларни адо қилиши вожиб бўлади. Унинг ўрнига бошқа амал ўтмайди” (Иршодус сорий китоби). Валлоҳу аълам.

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Ҳар йил тугаганда ичимизда ўзимизга савол берайлик: “Мана бир йил ўтиб, кейинги йил келди. Хўш биз қаердамиз? Ҳаётимиз давомида тўғри йўлда бормоқдамизми? Оламлар Робби билан қандай муомаладамиз? Алоқамиз қандай? Агар алоқамиз яхши бўлмаса бу йил яхшилайлик. Агар одамларга ўз хулқимиз билан намуна бўлмаётган бўлсак, энди бўлайлик! Агар ҳар куни ўзимиздан қандайдир садақаи жория қолдирмаётган бўлсак, энди ҳар куни шундай қилайлик. Ота-онамизни хурсанд қилмаётган, уларга яхшилик қилмаётган бўлсак, энди қилайлик! Агар ўтган йилимизда уммат ғамида яшамаган бўлсак, бу йилдан шундай яшайлик. Доим яхши ишларга қўл уриш билан банд бўлмаган бўлсак, энди шундай бўлсин. Ҳаётда ҳали мақсадимизни топиб улгурмаган бўлсак, шу йили топайлик! Ўтган йили вақтимизни ғанимат билмаган бўлсак, энди ғанимат билайлик! Шулар ҳақида ўйлаб, амалга оширишга ҳаракат қилиб қолмасак, йиллар тобаро ўтиб бормоқда. Бу кетишда имкониятни қўлдан бой бериб қўйишимиз ҳеч гап эмас!”.

Ҳар биримиз янги йилимиз учун мақсадларимизни белгилаб олайлик. Катта-катта режаларни олдимизга қўяверайлик. Зеро, инсон зотида чегараланмаган имконият, катта иқтидор мавжуд. Агар кучли иродага ва олдинга қўйилган аниқ мақсадларга эга бўлсак, ҳаммамиз ҳам бу иқтидордан фойдаланишга қодирмиз!

Ҳақиқий, тўлалигича муваффақиятга эришиш калити – сайъ-ҳаракатни икки карра кўпайтиришингиз, мутахассислигингиз ва ишингизни аниқлаштириб олишингиз ҳамда замон билан ҳамнафас бўлишингиздадир.

Саҳобий Рабийъа ибн Каъб Асламийнинг Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бўлган қиссасида ҳимматни олий қилиш ва шунга яраша ҳаракатни кўпайтириш кераклигига далил бор. У киши айтади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга тунаб қолдим, уйғонгач у зотга таҳорат суви ва бошқа эҳтиёжларини олиб келдим. Шунда у зот алайҳиссалом: “Сўра”, дедилар. Мен: “Жаннатда сиз билан бирга бўлишни сўрайман”, дедим. У зот алайҳиссалом: “Бошқа ҳеч нарсами?” дедилар. Мен: “Фақат шу”, дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Унда бу ишда менга сен ўзинг кўп сажда қилиш ила ёрдам бер”, дедилар.

Мулоҳаза қилайлик, у фақат жаннатни хоҳлайман, демади, балки Ҳабибуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қўшни бўлишни сўради. Олий ҳиммат мана шундай бўлади. Кейин Пайғамбаримиз алайҳиссалом қисқа жавоб қайтардилар: “Унда бу ишда менга сен ўзинг кўп сажда қилиш ила ёрдам бер”.

Бунда “Ҳаракатингни кўпайтир” деган зўр стратегияни асослаш бор.

Ҳаётда муваффақиятга эришишни истасангиз, ҳаракатингизни икки ҳисса оширинг, ниятингизни холис Аллоҳ учун қилинг, шунда Аллоҳ сизга барака беради!

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг Метин қоялар китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

  1. Фарзандларингизга исмининг биринчи ҳарфи туширилган ёки ёқтирган сурати тасвирланган кружка ёки футболка совға қилинг.
  2. Фарзандларингизга табрикнома ёзиб уни хонасига қўйиб қўйинг.
  3. Ўғлингизни ҳозирдаги ва чақалоқлигидаги суратини бир рамкага жойлаб, унга ҳадя қилинг.
  4. Ўғилларингиз билан компьютер ўйинлари мусобақасини уюштиринг.
  5. Фарзандларингиз ўзлари ёқтирган машғулотлари билан шуғулланишлари ва ҳордиқ чиқаришлари мумкин бўлган бир кунни тайинланг. Шунингдек, фарз амалларини ўз вақтида бажаришларини (намоз, рўза каби), динда тақиқланган ишларга қўл урмасликларини ва кун давомида нималар билан шуғулланаётганликларини назорат қилинг.
  6. Ҳар бир фарзандингизга қоғоз ва қалам бериб, бир-бирлари ҳақидаги ижобий фикрларини ёзишларини ҳамда буни бир-бирларига ўқиб беришларини айтинг. Шунингдек, бир-бирларига билдирмасдан совғалар беришларини та­йинланг.
  7. Ўғлингиз билан сув бўйида ўтириб дилдан узоқ суҳбатлашинг.
  8. Узоқ сафарда бўлганингизда фарзандларингизга қўнғироқ қилиб уларни жуда соғинганингизни айтинг.
  9. Фарзандингиз илк маротаба мактабга борган кунини тас­вирга олишни унутманг. Чунки бу унинг ҳаётидаги энг муҳим кунлардан биридир.
  10. Гоҳ-гоҳида фарзандингизнинг қулоғига шивирлаб бирор муҳимроқ гап айтинг. Бу билан фарзандингиз ўзини сизга яқин деб ҳис қилади.
  11. Бир неча кунлик сафарга чиққанингизда фарзандларингизга сафар кунлари ададича сирли қутичалар қолдиринг. Қутичалар ичига кичкинагина совғаларни жойланг. Улар ҳар куни биттадан қутичани очиб кутилмаган совғалардан ҳайратлансинлар.
  12. Кийим-кечак харид қилганингизда фарзандларингизни ҳам фикрини сўранг. Кийим танлашда улар сизга ёрдам берсинлар.
  13. Фарзандларингиздан бахтиёр оилани ифодаловчи бирор рамз чизишларини сўранг.
  14. Оилавий ҳашарлар уюштириб туринг. Биргаликда қилинган меҳнат мароқли бўлади, кайфиятни кўтаради.
  15. Фарзандларингиз билан барчага ўрнак бўладиган, ҳамма ҳавас қиладиган бахтиёр оила ҳақида суҳбат қуринг.
  16. Бирор байрам муносабати билан фарзандларингизга совғалар номи ёзилган рўйхат беринг, улар ўзларига ёқадиган совғаларни танласинлар.
  17. Ҳар ой (ёки йил) охирида умумий сарҳисоб уюштиринг. Барчанинг биргаликда эришган ютуқлари ва ҳар бир оила аъзосининг эришган муваффақиятларини бирма-бир кўриб чиқинг ва уларни муносиб рағбатлантиринг.
  18. Фарзандларингизни ёшлик чоғларидан китобни севишга ўргатинг. Ҳар бир ўқиган китобларини улар билан биргаликда мушоҳада қилинг. Шунингдек, уйингизда китоб жавони ташкил қилинг.
  19. Фарзандларингизни кичик ёшларидан бошлаб спорт билан шуғуллантиринг.
  20. Фарзандларингизга дўст бўлинг. Уларни ҳаётда ўз ўринларини топишларида, айниқса, касб танлашларида иқтидорларига қараб тўғри йўналтиринг.

 

Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътийнинг "Меҳр ойи" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Ҳикматуллоҳ Рўзалиев таржимаси.

Top