muslimuz

muslimuz

Шу йил 26-27 январь кунлари Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Баҳромиддин домла Разов Тўрткўл туманида бўлиб, масжидлар фаолияти билан танишиш, жамоатга жума мавъизасини қилиб бериш, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиш каби бир қанча ишларни амалга оширди.

Дастлаб Баҳромиддин домла “Мулла Жумабой” масжидида жамоатга “Омонатдорлик  Абу Убайда ибн Жарроҳ тимсолида” мавзусида манфаатли мавъиза қилиб берди. Суҳбат давомида элимизда ҳукм сураётган тинчлик-ҳотиржамликнинг қадрига етиш, ёшлар тарбиясига алоҳида эътибор қаратиш, уларнинг илм ва касб-ҳунар эгаллашига кўмаклаши борасида ҳам сўз юритди.   

Жума намозидан сўнг Қози домла “Меҳр ҳаракати” доирасида “Ўзбекистон” ва “Тинчлик” маҳаллаларида яшовчи эҳтиёжманд ва боқувчисини йўқотган оилалар ҳолидан хабар олиб, ҳомийлар кўмагида уларга озиқ-овқат маҳсулотларини улашди.

Ташриф давомида Баҳромиддин домла туманда қайта қурилётган “Мунтук бобо” ва “Шорахан” масжидлари қурилиш жараёнини кўздан кечириб, Қорқалпоғистон қозиёти номидан унинг қурилишига яқиндан ёрдам бераётган инсонларга миннатдорлик билдириб, ҳақларига дуои хайрлар қилди. Шунингдек, мазкур масжид ходимлари билан учрашиб, уларнинг фикр-мулоҳазаларини тинглади ва қатор топшириқлар берди.

27 январь куни эса ушбу туманнинг олис ҳудудида жойлашган “Мискин бобо” ва “Жанбасқалъа” масжидларида бўлиб, соҳа ходимлари ва намозхонларга қилинган шароитлар билан танишди.

Қози домла хизмат сафари давомида Тўрткўл тумани бош имом-хатиби Дўстназар домла Қиличовга қурилиши бўлаётган масжидлардан хабар олиб туриш, берилган вазифаларни ўз вақтида бажариш бўйича топшириқ ва тавсиялар берди

Қорқалпоғистон мусулмонлари қозиёти

Матбуот хизмати

Наъийм ибн Ҳаммод айтадилар: “Абдуллоҳ ибн Муборак бир ўзлари уйда кўп ўтирардилар. Ундан: “Ўзингизни ёлғиз ҳис этиб зерикиб қолмаяпсизми?” деб сўрашди. У зот: “Қандай ҳам ёлғизланай, ахир Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ва унинг асҳоблари билан бирга бўлсам!?” деб жавоб бердилар.

Буюк тақво соҳиби Имом Молик. Агар ҳадис айтмоқчи бўлсалар, таҳорат қилиб, ўринларига виқор билан жойлашиб, кейин ҳадис айтишни бошлар эдилар. У кишига бу ҳақда сўрашганида: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини улуғлашни яхши кўраман, шунинг учун таҳоратдан хотирим жам бўлгандагина ҳадис айтаман, деб жавоб қилган эканлар.

Суфён ибн Уяйна раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Ҳадис талаб қилаётган, ўрганаётган киши борки, унинг юзида ёрқинлик ва кўркамлик бордир”.

Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг ҳаққига бундай дуо қилганлар: “Биздан бир ҳадисни эшитиб, уни ёдлаб олиб, бошқаларга етказган одамни Аллоҳ ёрлақасин” (Имом Термизий ривояти).

Яъни, Аллоҳ унинг юзини ёруғ, кўринишини гўзал қилсин.

Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқ: “Имом Бухорий билан сафарда бирга бўлиб, бир уйда тунашга тўғри келди. Ўшанда шунинг гувоҳи бўлдимки, у киши бир кечанинг ўзида ўн беш мартадан йигирма мартагача уйғониб, ҳар гал чақмоқ тошни ишлатиб чироғини ёқар, ёдига тушган ҳадисни ёзиб қўяр эди”.

Тўғри, бу воқеани кўп бора эшитганмиз. Лекин Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ҳадис тўпламларига ҳадисларни таҳорат олиб, икки ракат намоз ўқиб киритганларини бир тафаккур қилиб кўрайлик.

Аллома Абдулфаттоҳ Абу Ғудда айтадилар: “Ҳадис илмига машғул бўлган киши ўзини Пайғамбар алайҳиссалом билан бирга яшаб, умргузаронлик қилаётгандек ҳис қилиб, умматни тўғри йўлга бошлашда у зотнинг сийратлари билан тарбияланиши лозимдир”.

ЎМИ Матбуот хизмати

 

 

 

 

 Оиланинг тинч ва барқарорлиги, турли иллатлардан саломатлиги ҳар бир инсоннинг бахти учун муҳим саналади. Бу умматни солиҳ мўмин шахс билан қўллаб-қувватлаш деган буюк орзудир.

Кўпчилик инсонлар оила саломатлиги ва барқарорлигига боғлиқ бир неча ишлардан бехабардир. Шу боис ушбу ишларни очиқ, аниқлик билан ўрганиш зарур. Ана шу ишлардан бири эр-хотин ўртасидаги келишмовчиликдир. Кўп вақтларда ота-оналар ёш фарзандларини тушунмайди, деган хаёл билан ўрталарида бўладиган можороларни уларнинг кўз ўнгида амалга оширади. Бу жуда катта хато саналади. Бола ҳали тили чиқмаган бўлса-да, лекин айтилаётган кўп сўзларни англайди ва буларни қалбининг тўрида сақлаб юради. Шунинг учун фарзандлар уларнинг ёшидан қатъий назар ота-оналар ўртасидаги можоролардан бирортасини ҳам билмаслиги, кўрмаслиги керак.

Дарҳақиқат, турмуш ҳаёти ҳар қандай муваффаққиятли ва саодатли бўлса ҳам, унда турли келишмовчиликлар бўлиб туриши аниқ нарса. Чунки ақл ва тушунчалар турлича, фел-атворлар ҳам бир хил эмас. Қандай бўлса ҳам муоммо тезда ҳал қилиниши лозим. Агар келишмовчилик сабабларини мунозара қилиш керак бўлса, фарзандлардан йироқда, тинчлик билан муҳокама қилиниши муҳим саналади. Бу нарса жуда кўп фойдаларни олиб келади. Шулардан қуйидагиларни келтириб ўтиш мумкин:

         – Болалар руҳиятини саломатлиги ва беғубор болалигини сақлаш;

         – Ота-онаси учун болалар қалбида яхши таассурот қолдириш ва уларга бўлган муҳаббатнинг давомийлиги;

         – Муоммони ўзаро розилик йўлида ечимга олиб бориш ва тез ҳал этишга ёрдамлашиш. Чунки улардан ҳар бири ўрталаридаги келишмовчиликни бирор киши билишини истамаса, бу мавзуни сир тутишга ва биров эшитиб қолмаслиги учун овозларини пасайтиришга шошилишади. Мана шу иш тинчлик билан ҳал этишга ўзаро ёрдамлашиш саналади.

Ота-оналар ушбу ҳақиқатни ҳали фарзанд кўриш вақти келмасидан аввалроқ англашлари ўта муҳим саналади. Яъни ёш келин-куёвлик пайтида ҳис этишлари зарур. Аммо ким ўз аёли билан бўладиган келишмовчилигини фарзандлари олдида бақир-чақир қилиб ҳаммага эълон қиладиган киши бунинг оқибати ёмон эканини олдингилардан дарс олсин. Шу орқали қолган турмуш ҳаётининг услубини ўзгартириб, ўзи, аёли ва фарзандлари ҳаққида Аллоҳдан қўрқсин. Чунки бундай бақир-чақирлик, аввало, ўзининг асабини қурбон қилади, сўнгра аёлига зулм қилган ва фарзандлари миясини заҳарлаган бўлади.

Албатта, биз ушбу ҳақиқатга зид иш қиладиган бўлсак, ўз асаб ва жисмимизга азият бериб, уни еб битирамиз, фарзандларимиз руҳиятини синдирамиз, турмуш ҳаётимизни ўта чигаллаштириб юборамиз.

Баъзан аёл катта хато қилиб қўяди, лекин эрнинг унга қараб қаттиқ бақириши ва фарзандлари олдида унга қаттиқ танбеҳ бериб, койиши эрнинг маслаҳатидан эмас. Ҳудди шу иш аёлга ҳам тегишли, у ҳам эрига бақириши ёки фарзандлари олдида жанжал бошлаши унинг солиҳалигидан бўлмайди. Аллоҳнинг инсонда яратган суннатларидан бири уни мойил бўлувчи қилиб яратганидир. Мазлум бўлиб кўринган кишига нисбатан инсонда раҳмдиллик мойиллиги пайдо бўлади. Фарзандлар ҳам ота-онасидан мазлум деб ўйлагани тарафига ён босиш ҳисси пайдо бўлади. Ота бақираётган бўлса, онага, она бақирса, отага мойил бўлади. Қалбида золим бўлиб кўринганига нисбатан ғазаб, мазлум бўлиб кўринганига эса шафқат, меҳр сақлаб боради. Бу эса яхшилик аломати эмас, балки бу оила фаровонлигига зарар берувчи хатарли омилдир.

Юқорида айтилган нарсалар ҳаётдаги ҳамма кўриб билиб турган ва аниқ бўлган ишлардир. Агар эр-хотин бир-бирига танбеҳ бериш ва койишни истаса, бу иш хилватда, болалар қулоғига ҳеч қандай нарса етиб бормайдиган жойда бўлсин. Эр-хотиндан бири бошқасининг ҳиссиётини риоясини қилса, уни фарзандлари олдида уни койимасин, унга танбеҳ бермасин. Тинчлик ва сокинлик билан ҳал қилсин. Муоммолар қаршисида эр-хотинлар ўзларига қуйидаги асосларни белгилаб олишлари фойдадан ҳоли бўлмайди:

– Улардан ҳар бири бошқасининг инжиқлигини кўтариши;

– Бир-бирига тенгма-тенг асабийлашиб, қизишмаслиги;

– Хато содир қилгани ўз хатосини эътироф етиши ва ўзини катта олмаслиги;

– Ўрталаридаги келишмовчилик кўп давом этмаслик. Бири-биридан бир кеча кундуздан ортиқ аразлашиб юриш мумкин эмаслиги;

– Ҳадеб бир масалада бошқасини итоб қилавермаслик (камдан-кам бўлиб туриши бошқа нарса);

– Улардан бири келишмовчиликни ҳал этиб бериши учун бошқа шахсни аралаштирмаслик, на ўз аҳли ва на дўсти ва отасини ҳеч кимни қўшмаслик лозим.

Юқоридаги ҳолатлар эр-хотин келишмовчиликларида фойдали таъсири бўлиши мумкин, айниқса, уларни бирга яшашга рағбатлари мавжуд бўлса, албатта.

Хулоса ўрнида машҳур ҳадиси шарифни эслаб ўтамиз. Расули акрам ﷺ бундай деганлар: “Ғазабланма”. Яъни ғазабланишдан сақлан, барча муоммолар шу орқали юзага келади. Бошқа ҳадиси шарифда эса: “Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхшиликни гапирсин ёки жим турсин”, деганлар. Гапирса фақат яхши гапларни сўзласин, бунга имкони бўлмаса, жим турсин, ана шу ишлар саодат калитидир, демоқчилар. Бошқа ўринда эса: “Бир мўмин эр мўмина хотинни тарк этмасин. Агар ундан бирор хулқи ёқмаса, бошқа хулқ-атвори уни рози қилар”, деганлар. Яъни эр-хотинлар ўртасидаги муоммоларда эр аёлини дарров тарк этиб кетмасин, унга ёқмаган нарсасидан бошқа бир яхши иши, хулқи ёқар, ана шу яхши хулқига қараб у билан яшайверсин. Зеро, банда камчиликдан ҳоли эмасдир.

 Саид-Муҳаммадхон Муҳибуллаев,

“Хожа Бухорий” ўрта махсус

ислом таълим муассасаси

 

Умар ибн Абдул Азиз халифалик даврларида Мисрлик бир аёл у кишини излаб Мадинаи Мунавварага келди. Одамлардан у кишини қасрлари қайерда деб сўради. Одамлар у кишини уйларини қайердалигини тушунтириб, қандай боришини айтдилар. Мисрлик аёл излай - излай, сўраб топиб келди. Амирал мўмининни уйларини кўриб дахшатга тушди. Уйга изн сўраб кирди, қараса бир  ямоқ кийимда, эски шолча устида, бир аёл ўтирибди. Мисрлик аёл бу ўтирган аёлга яқинлашиб, Абдул Малик ибн Марвонни қизи Фотима эканини таниди. Қўрқиб кетди, чунки уни Халифанинг қизи , Умар ибн Абдул Азизнинг аёли эканини  аввалдан яхши биларди. Фотима унга самимий – дўстона муносабатда бўлиб, очиқ кўнгил билан, хуш муоъмала билан кутиб олдилар ва ёнларига ўтиришга таклиф қилдилар. Ҳалиги аёл анча хотиржам бўлиб, Саййида Фотимани ёнларига ўтирди. Ҳол-аҳвол сўрагач, бир юмуш билан Амирал мўъмининни олдиларга келганини, унга айтадиган зарур гаплари борлигини айтиб туриб, кўзи деворни тузатиб, суваётган кишига тушди ва Саййида Фотимага қараб, анови лойкаш номаҳрамдан қочмайсизми, очиқ жойларингизни беркитмайсизми деди. Шунда Саййида Фотима кулиб, у лойкаш Амирал мўъминин бўладилар дедилар. Ҳалиги аёл ҳанг – манг бўлиб қолди ва У Халифани уйларини бир ҳашаматли сарой бўлса керак деб ўйлаган эди. Бу икки эр-хотинга ҳаваси келди ва қоил қолди ва икковига тасаннолар айтди.

 Тошкент ислом институти.

Тиллар кафедраси катта ўқитувчиси

Юлдашев Иззатилла.

Шайтон инсоннинг душманидир. У бандани Роббисига ибодат қилишдан тўсади. Бунинг учун одам боласини эртаю кеч тинмасдан васваса қилади. Қуръони каримда бундай дейилади: «У: “Сенинг иззатинг ила қасамки, мен уларнинг барчасини иғво қиламан. Магар, улардан халос қилинган бандаларинггина (иғвога учмас)”, деди» (Сод сураси, 82-83-оятлар).

Сеҳргар шайтонга бўйсуниши ва диндан чиқиши орқали сеҳр билан шуғуллана олади. Қуръони каримда бундай дейилади: «Икковлари ҳатто: “Биз фитна–синов учунмиз, кофир бўлмагин”, демасдан олдин ҳеч кимга ўргатмасдилар» (Бақара сураси, 102-оят).

Кимки диндан чиқар экан, жаҳаннамга тушади. Натижада, шайтон ўз мақсадига эришади. Чунки унинг асл муддаоси – инсонларни бутун оламлар Роббига ибодат қилишдан тўсиш, ўрталарига тафриқа, фитна-фасод, иғво уруғларини сочиш, оилаларни бузиш ва ҳ.к. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Иккисидан эр-хотиннинг ўртасини бузадиган нарсани ўрганар эдилар” (Бақара сураси, 102-оят).

Давоми бор...

Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар

Top