muslimuz
Араб тили мусобақасида талабалар ўзаро беллашди
Тошкент Ислом институтида “Январь – Араб тили ва балоғат” фанлари ойлиги муносабати билан “Араб тили – Қуръони карим тили” шиори остида Араб тили фанидан талабалар ўртасида мусобақа ўтказилди.
Қуръони карим тиловати билан бошланган тадбирни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ректори Муҳаммадолим домла Муҳаммадсидиқов кириш сўзи билан очиб берди.
Мусобақада ҳар бир курс талабаларидан ташкил топган гуруҳларда 4 тадан иштирокчи қатнашди. Уларнинг чиқишини институтнинг малакали устозларидан иборат ҳакамлар 20 баллик тизимда баҳолаб борди.
Иштирокчилар мусобақанинг 5 шарти, яъни матн ўқиш, таржима ва таркиб қилиш; Араб тилидаги исмлардан охири тугаган ҳарфга луғат айтиш; қўйилган овозсиз видеони шарҳлаш; ҳикмат айтиш беллашуви ва саҳна кўриниши бўйича ўзаро беллашди.
Якуний натижалар эса қуйидагича бўлди:
1-ўрин: 2 курснинг Мулла Жомий жамоаси;
2-ўрин: 4 курснинг Замахшарий жамоаси;
3-ўрин: 1 курснинг Журжоний жамоаси;
4-ўрин: 3 курснинг Саккокий жамоасига насиб этди.
Тошкент Ислом институти
Матбуот хизмати
Брайл алифбосидаги Қуръон тақдим этилди
24 январда бошланган Қоҳирадаги 55-халқаро китоб кўргазмасида Қуръони карим ва брайл алифбосида ёзилган кўплаб диний китоблар намойиш этилди.
Кўргазмада Қуръон нусхалари ва брайл алифбосида ёзилган кўплаб диний китоблар намойиш этилди, дея хабар беради “IQNA” сайти “Youm7” нашрига таяниб. Ушбу асарларнинг аксариятини кўзи ожизлар учун махсус ёрдам уюшмаси тақдим этган.
Кўзи ожизлар стендида кўргазмага қўйилган китоблар орасида Қуръони карим ва унинг турли тафсирлари, замонавий мисрлик Қуръон мутафаккирларининг атеистлар билан мунозаралари ва аёллар ҳуқуқларига оид ёзувлари ўрин олган.
Қуръони каримни кўзи ожизларга ўргатиш Мисрда анъанага айланган ва мисрликларнинг энг машҳур қори ва ҳофизлари кўзи ожиз бўлган. Бироқ илгари бу тадқиқотлар фақат анъанавий ва эшитиш усулида олиб борилган. Сўнгги йилларда янги технологиялардан, айниқса, Брайл алифбоси ва Қуръон алифбосидаги ўқув китобларидан фойдаланишга ҳам катта эътибор қаратилмоқда.
Миср пойтахти Қоҳирада бўлиб ўтаётган кўргазмада 70 дан ортиқ давлатдан 1 200 та нашриёт иштирок этмоқда.
Бу йилги Қоҳира кўргазмасининг Олий қўмитаси Мисрнинг ўзига хослигини мустаҳкамлашдаги муҳим роли туфайли таниқли тарихчи олим Салим Ҳасанни 55-Қоҳира кўргазмасининг асосий қаҳрамони сифатида танлади.
Кўргазма 6 февралгача давом этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Модуль таълим тизими талабалари билан очиқ мулоқот
Шу йил 25 январь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, Тошкент Ислом институти ректори Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов, Дин ишлари бўйича қўмита бошқарма бошлиғи Муҳиддин Ҳакимов ва Диний идора бўлим мудири Музаффар Камолов ва институтнинг Модуль таълим тизими талабалари билан очиқ мулоқот ўтказилди.
Тадбирни ректор Муҳаммадолим домла кириш сўзи билан очиб, Модуль таълим тизими фаолияти, ўқув дастурлари, ўтилаётган фанлар ва ташкилий масалалар юзасидан маълумот берди.
Соҳа масъуллари ҳозирда институтда таълим олаётган 360 дан зиёд масжид ходими бўлган талабалар билан мулоқотда уларнинг ўқиши, дарсларда қатнашиши, уларга яратилган шароитлар, шартнома тўловлари, дарслар билан узвий давом этаётган имомлик фаолиятлари борасида ўзаро фикр алмашилди.
Маълумот ўрнида Тошкент ислом институтида 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб ўрта махсус маълумотга эга имом-хатиб ва имом ноибларни олий маълумотли кадрлар қилиб тайёрлаш мақсадида Модуль таълим тизими жорий қилинган.
Модуль таълим тизимига абитуриентларни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қорақалпоғистон Республикаси қозиёти ва вилоятлар вакиллари тавсия этади. Улар масжиддаги иш фаолиятидан ажралмаган ҳолда 3 йил мобайнида тўлов-шартнома асосида таҳсил олади.
Бу тизимга Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги ўрта махсус ислом таълим муассасаларини тамомлаган, 4 йил ва ундан ортиқ муддат давомида Диний идора тизимидаги масжидларда фаолият олиб бораётган имом-хатиб ва имом ноиблари имтиҳон асосида ўқишга қабул қилинади.
Модуль таълими учун олий маълумотли диний кадрларга бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб вилоятлар кесимида квоталар ажратилган.
Вилоятларга ажратилган квотага кўра энг юқори балл тўплаган 60 нафар имом-хатиб ва 60 нафар ноиб имом жами 120 нафар абитуриент Олий Маъҳад талабаси бўлади.
Тошкент Ислом институти
Матбуот хизмати
Тошкент Ислом институти ва “Ат-Танал ал-арабий” ўртасида меморандум имзоланди (Фотолавҳа)
Шу йил 27 январь куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ва Иордания Ҳошимийлар Қироллигининг “Ат-Танал ал-арабий” – التّنال العربيّ “Араб тилини билиш халқаро сертификати”ни берувчи таълим ва тест ташкилоти ўртасида Англашув меморандуми имзоланди.
Маросимда хорижий ташкилот мутасаддилари, институт ректори Муҳаммадолим домла Муҳаммадсидиқов, проректор Соатмурод Примов ва профессор-ўқитувчилари иштирок этди.
Маълумот учун, “Ат-Танал ал-арабий” التّنال العربيّ – “Араб тилини билиш халқаро сертификати” тест тизими араб тили она тили бўлган мамлакатларда ишлаш, ўқиш, саёҳат қилишга ёрдам беришга мўлжалланган.
Тест давомида араб тилида тинглаш, гапириш, ўқиш ва грамматикани билиш қобилияти баҳоланади. Араб тилини билиш бир неча стандартлар бўйича, хусусан, араб тилини она тилида сўзлашувчиларга ўргатиш стандартлари ва тиллар учун умумий Европа маълумотномаси (CEFR) стандартлари билан таснифланган.
Мулоқот якунида икки муассаса ўртасида Англашув меморандумини имзолаш баробарида “Ат-Танал” ташкилоти мутасаддилари Олиймаъҳадда тест имтиҳонларини ўтказиш учун шароитлар билан яқиндан танишди.
Мазкур сертификат институтдаги устоз ва талабалар ўртасида араб тили илмий муҳитини жонлантириш, талабаларнинг дарсга бўлган қизиқиш ва рағбатини кучайтириш, олийгоҳнинг салоҳиятини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Қабрлар устига Қуръон ўқийдиган электрон жиҳозларни ўрнатиш
Cавол: Баъзи инсонлар ўтганларининг қабрлари устига доимий Қуръон тиловат қилиб турувчи чипларни ўрнатиб қўймоқдалар. Шу иш жоизми, ушбу тиловатлардан маййитга савоб етадими?
Жавоб: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Ушбу саволнинг жавобида иккита муҳим жиҳатни мулоҳаза қилиш лозим. Биринчиси Қуръони каримни улуғлаш ва тиловат қилинганда унга қулоқ тутиш. Иккинчиси тиловатдан маййитларга манфаат етиши.
1. Қуръони карим мўмин-мусулмонларга буюк неъмат ва тенги йўқ инъомдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримни бундай сифатлайди: «… Бу (Қуръон) имон келтирадиган қавм учун Роббингиздан кўрсатмалар, ҳидоят ва раҳмат (манбаи)дир»» (Аъроф, 203). Аллоҳ таоло: «Қуръон ўқилганда уни тинглангиз ва сукут сақлангиз! Шояд (шунда) раҳм қилингайсиз!» дейди (Аъроф, 204).
Мазкур оятдан Қуръон тиловат қилинганда тинглаш ва жим туриш вожиб экани маълум бўлади. Каломуллоҳни тафаккур ва хушу билан тинглаш муқаддас динимиз талабидир. Қуръони каримни тинглаш қалбга шифо бўлиб, инсонни тоат-ибодат ва тақвога бошлайди. Натижада банда Аллоҳ таолонинг раҳмат ва мағфиратига эришади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳ таолонинг китобидан бир оят тингласа, унга битта савоб кўпайтирилиб берилади. Ким Қуръон тиловат қилса, унга қиёмат куни нур бўлади”, дедилар” (Имом Аҳмад ривояти).
2. Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига кўра тоат-ибодатларнинг савоби марҳумларга етиб боради. Хусусан, марҳумларга Қуръон тиловатининг савобини бағишлаш жоиз ва унинг савоби уларга етиб боради.
Имом Субкий бу хусусда қуйидагиларни айтади: “Қабр устида маълум муддат ёки маълум миқдор қироат қилиб бериш учун ижара келишуви жоиздир. Чунки қироат вақтида раҳмат ёғилгани учун маййит манфаат олади. Қабрдаги маййит бу борада тирик каби бўлади. Унга қироатдан кейин дуо қилинса ёки савобини бағишланса ҳам, бу ишларни қилмаса ҳам Қуръон манфаати етади... Агар савобини бағишласа бу ҳам дуога киради ва ўлик бундан фойда олади”.
Юқоридаги иборалардан қабрдаги марҳумларга тиловат савоби етиб бориши учун тиловат қилувчи киши тиловатнинг савобини унга бағишлаши керак бўлади. Электрон жиҳозлардаги тиловатда эса бу нарса топилмайди. Лекин қабр ёнида тиловат қилинса у ерга раҳмат ёғиши, шу эътибордан қабрдаги маййитга манфаат етиши умид қилинади.
Уламолар бу икки жиҳатни ҳисобга олган ҳолда бу каби жиҳозларни қўйиш Қуръон каримга ҳурматсизлик ҳолатини келтириб чиқармаслиги ҳамда одамларга ташвиш келтирмаслигини шарт қиладилар. Масалан, унинг ёнида қабр кавланса ва бошқа маййит дафн қилинса ёки одамлар зиёрат ёки бошқа юмушлари учун келиб унга қулоқ солмасалар, Қуръони каримни эшитиб жим туриш буйруғига зид иш бўлади. Натижада улар ва бунга сабабчи бўлган инсонлар гуноҳкор бўлиб қоладилар. Бундай ҳолатларда Қуръон тиловат қилиб турувчи жиҳозларни қабр устига қўйиш жоиз эмас. Бунинг ўрнига инсон ўзи тиловат қилиб бағишлаши, имкони бўлса қабристонга бориб, қабрни зиёрат қилгач тиловат қилса, мақсадга мувофиқ бўлади. Шунда ўзи учун ҳам, маййит учун ҳам савоб ҳосил бўлади. Шу мулоҳазалар эътиборидан қабрлар устига бундай жиҳозларни қўйиш тавсия этилмайди. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.