muslim.uz.umi

muslim.uz.umi

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига матбуот котиби тайинланди.
Олимов Фаррухбек Султонмуродович марказнинг Жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи – матбуот котиби этиб тайинланди. У кўп йиллар Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг “Yoshlar”, “Dunyo bo‘ylab” телеканалларида бош муҳаррир сифатида фаолият юритган. Тайинловга қадар филология фанлари доктори (DSc) Фаррухбек Олимов Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети катта ўқитувчиси лавозимида ишлаган. Унинг “Миллий сўз”, “Тамаддун”, “Навоий наздида комил инсон”, “Алишер Навоий маноқиб-ҳолотларида бадиий-публицистик маҳорат” китоблари чоп этилган.
Тайинлов Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги хулосасига кўра амалга оширилди.

Шу йил 19 сентябрь куни Имом Термизий ўрта-махсус ислом таълим муассасасида педагог-ўқитувчиларнинг йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда ташкилий масала кўрилди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими Музаффар домла Жабборов Имом Термизий мадрасаси директори лавозимига тайинланди.

Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Уйғун домла Ғафуров таълим сифатини ошириш, педaгог-ўқитувчиларга муносиб шароитлар яратиш, талаба-ёшларни билим ва кўникмаларини янада ошириш ишларига алоҳида урғу қаратиш зарурлигини таъкидлаб, бу борада янги раҳбарга мадраса жамоаси ҳам елкадош бўлиши, ҳамжиҳатликда бир ёқадан бош чиқариб иш юритиш катта ютуқларга омил бўлишини таъкидлади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Шу йил сентябрь ойидан бошлаб Малайзиянинг “Aстро” телекомпанияси платформаларида жаҳонга машҳур телебошловчи, ошпаз, реставратор ва пазандалик блогер Чеф Ваннинг Ўзбекистоннинг туризм ва гастрономик салоҳиятига бағишланган муаллифлик дастурлари намойиш этилмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” ахборот агентлиги.

Телекўрсатувлар мамлакатимизнинг Куала-Лумпурдаги элчихонаси, Ўзбекистон Туризм қўмитаси ва “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси ҳамкорлигида амалга оширилган қўшма медиалойиҳа самарасидир.

Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларида туркум телекўрсатувлар ва пазандачилик маҳорат дарсларини суратга олиш ишлари олиб борилди.

Ушбу лойиҳа Ўзбекистонни сайёҳлик йўналиши сифатида оммалаштириш ва ўзбек гастрономик брендларини хорижда жойлаштириш орқали Малайзиядан келаётган сайёҳлар оқимини кўпайтиришга хизмат қилади.

Телевидение ҳикоялари, шунингдек, 100 миллиондан ортиқ аудиторияга эга бутун дунё бўйлаб машҳур стриминг платформаларида намойиш этилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Сариқ ранг. Бу Қуръони каримда биринчи зикр қилинган ранг бўлиб, беш ўринда учрайди:

«(Мусо) деди: “У айтмоқдаки, у ярқироқ, сарғиш рангли сигир бўлиб, кўрганларни қувонтирур”» (Бақара сураси, 69-оят).

Бу оятда сариқ ранг кўзни қувонтирадиган деб хабар берилмоқда.

«Борди-ю, шамолни юборсак ва уни (экинни қуриб) сарғайган ҳолда кўрсалар, ...» (Рум сураси, 51-оят).

Бу ерда сариқ ранг бузилиш, емирилиш маъноларини ифода этмоқда.

«(У) бамисоли бир ёмғирки, унинг (сабабидан униб чиққан) гиёҳ кофирларни таажжубга солур. Сўнгра у қуригач, уни сарғайган ҳолда кўрасиз. Сўнгра у ўтин бўлиб қолур...» (Ҳадид сураси, 20-оят).

Бу ерда ҳам туташ, қуриш-қовжираш маъноларида келмоқда.

Оқ ранг. Бу ранг Қуръони каримда ўн икки марта зикр қилинган.

«Шунингдек, тонггача, яъни оқ ипнинг қора ипдан (тонгнинг тундан) ажраладиган вақтигача еб-ичаверингиз...» (Бақара сураси, 187-оят).

Оятдаги оқ ранг ёруғлик, тонг отишини ифодалаб келган.

«Юзлари оқарган зотлар эса Аллоҳнинг раҳматида (жаннатида)дирлар. Улар у ерда абадий қолувчилардир» (Оли Имрон сураси, 107-оят).

Оқ ранг жаннат аҳлига хос бўлган белги-аломатдир.

«Кейин улардан юз ўгириб: “Эсизгина Юсуф!” деди. Ғам-ғуссадан унинг кўзлари оқариб (ожиз бўлиб) қолди ва у энди маҳзундир» (Юсуф сураси, 84-оят).

Бу ўринда эса, оқ ранг дард-иллат маъносида ифодаланган.

«Қўлини (қўйнидан) чиқарган эди, бирдан у қараб турганларга оппоқ (нурли) кўринди» (Аъроф сураси, 108-оят).

Бу ерда оқлик Мусо алайҳиссаломнинг мўъжизаларини тасвирлаб бермоқда.

«Аллоҳ осмондан сув (ёмғир, қор) ёғдириб, у билан ранглари турли бўлган меваларни чиқарганимизни кўрмадингизми?! Яна тоғларнинг оқ, қизил, ранг-баранг йўл(лиси) ҳам, тим қораси ҳам бордир» (Фотир сураси, 27-оят).

«Оппоқ ва (май тўла қадаҳлар) ичувчилар учун лаззатлидир» (Соффот сураси, 46-оят).

Қора ранг. У Қуръони каримда саккиз марта зикр қилинган:

«Шунингдек, тонггача, яъни оқ ипнинг қора ипдан (тонгнинг тундан) ажраладиган вақтигача еб-ичаверингиз...» (Бақара сураси, 187-оят).

«Баъзи юзлар оқарадиган ва баъзи юзлар қораядиган кунни (қиёматни) эсланг: юзи қорайганларга (ҳужжат исботи учун шундай дейилур): “Иймон келтиргандан кейин яна куфрга қайтган эдингизми? Куфрингиз туфайли мана шу азобларни тотиб кўринг, энди!”» (Оли Имрон сураси, 106-оят).

«Қайси бирларига қиз (кўргани ҳақида) хушхабар берилса, ғазаби келиб, юзлари қорайиб кетади» (Наҳл сураси, 58-оят).

«Сўнгра уни қорамтир хазон қилиб қўйган зотдир» (Аъло сураси, 5-оят).

«Яна тоғларнинг оқ, қизил, ранг-баранг йўл(лиси) ҳам, тим қораси ҳам бордир» (Фотир сураси, 27-оят).

Яшил ранг. Бу ҳам Қуръони каримнинг саккиз ўрнида келади:

«Шоҳ (бир куни) деди: “Мен тушимда еттита озғин сигир еттита семиз сигирни еяётганини ва еттита яшил бошоқ билан бирга бошқа (еттита) қуриган бошоқларни кўрдим. Эй аъёнлар! Агар туш таъбирини айтувчи бўлсангиз, тушим тўғрисида фатво (жавоб) берингиз!”» (Юсуф сураси, 43-оят).

«Устиларида яшил ипак ва шойи либослар бўлиб, улар кумуш билакузуклар билан безанган бўлурлар ва Парвардигорлари уларга пок шароб ичирур» (Инсон сураси, 21-оят).

«(Жаннат аҳли) яшил ёстиқлар ва гўзал гиламлар узра ястанган ҳолларида (ўтирурлар)» (Ар-Роҳман сураси, 76-оят).

Кўк ранг. У Қуръони каримда бир марта зикр қилинган:

«(У) сур чалинадиган кундир. У кунда Биз жиноятчиларни кўзлари (қўрқувдан) кўк (нурсиз) бўлиб қолган ҳолларида йиғурмиз» (Тоҳо сураси, 102-оят).

Қизил ранг. Бир марта зикр қилинган:

«Аллоҳ осмондан сув (ёмғир, қор) ёғдириб, у билан ранглари турли бўлган меваларни чиқарганимизни кўрмадингизми?! Яна тоғларнинг оқ, қизил, ранг-баранг йўл(лиси) ҳам, тим қораси ҳам бордир» (Фотир сураси, 27-оят).

Пушти ранг. Бир марта зикр қилинган:

«Бас, қачонки, (қиёмат қойим бўлгач) осмонлар ёрилиб (жаҳаннам ҳароратидан) ёғнинг дурдаси каби бўлур (қизариб қолур)» (Ар-Роҳман сураси, 37-оят).

Тўқ яшил ранг. Унинг зикри Қуръони каримда бир марта келади:

«Иккиси (серсув ва серсояликдан) тўқ яшилдирлар» (Ар-Роҳман сураси, 64-оят).

 

 

Олимжон ОБИДЖОНОВ,

Қувасой шаҳар “Ислом” жоме

 масжиди имом ноиби

Шукр фақат тил билан бўлмайди, балки у, аввало, чин қалбдан неъматни эътироф этиб рози бўлишдир. Сўнг уни тил билан ифода этиш ва қолган аъзолар билан ушбу неъматни ҳаққини адо этиш лозим. Бу ҳақда шоир бундай дейди: “Аллоҳ таолонинг неъматларига шукронани менинг уч нарсам: қўлим, тилим ва кўринмас қалбим ифода қилди”.

“Шукр” сўзи луғатда раҳмат айтмоқ ва миннатдорчилик билдирмоқ маъноларини билдиради, шаръий истилоҳда эса: “Шукр дегани – қилинган яхшиликка муносиб жавоб қайтариш ва яхшилигу эҳсон қилувчига чиройли ташаккур билдиришдир”, дея таъриф берилган.

Аллоҳ таоло фазлу карами ила инсон зотини ақл ва идрок соҳиби қилиб яратди ва унга беҳисоб неъматларни ато этди ва Ўзининг неъматларига шукр айтишга ҳам буюриб, шукр қилувчиларга неъматларини кўпайтиришини ваъда қилди: “Яна Раббингиз эълон қилган (бу сўзлар) ни эслангиз: «Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир”(Иброҳим сураси, 7-оят).

Ислом таълимотида неъматларга шукр қилиш улуғ фазилат ва юқори даража деб алоҳида қайд қилинган. Бу ҳақда Абдуллоҳ ибн Аббос разийаллоҳу анҳу: “Шукр қилиш иймоннинг яримидир”. Бошқа ўринда эса: “Иймон – сабр ва шукрдан иборат”, деб ҳам айтилган.

Шу боис Аллоҳ таоло барчамизни шукр қилишга амр қилиб, ношукрликдан қайтарган. Буюк бобокалонимиз “Ҳазрати имом” дея улуғланувчи Абу Бакр Қаффол Шоший “Жавоми ул-калим” китобида келтирилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай деганлар: Неъматлар ҳақида сўзлаш шукр қилишдир ва аксинча улар ҳақида гапиришни тарк қилиш, ношукрликдир. Зеро, Ҳақ таоло Каломи шарифида ҳабибига буюриб, бундай марҳамат қилган: “Аммо Пaрвaрдигoрингизнинг (сизгa aтo eтгaн бaрчa) нeъмaти ҳaқидa эсa (oдaмлaргa) сўзлaнг!” (Зуҳо сураси, 11-оят).

Яратган бизларга ато этган беҳисоб неъматларни ёдда тутиш, уни ўз вақтида қадрлай олиш ўша неъматларнинг давомийлигига сабаб бўлади. Шайх Саъдий айтганлар: “Ҳар нафаски, ичкарига киради, у ҳаётни бир нафасга чўзувчидир. Олинган нафаснинг қайтиб чиқмоғи эса эгасини хурсанд қилувчидир. Шундан маълум бўладики, ҳар бир нафасда икки неъмат бор. Бири нафасни саломат ютиш ва иккинчиси олинган нафасни қайтариб чиқариш ва ҳар иккиси учун алоҳида-алоҳида шукр келтириш вожибдир”.

Аллоҳ таоло неъматларига шукр айтувчиларни, албатта, мукофотлаши ва уларга улуғ ажру савоблар беришини ҳам кафолатлагандир. У зот айтади: “... Шукр қилувчиларни эса, албатта, мукофотлаймиз” (Оли Имрон сураси, 145-оят).

Ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Ким озига шукр қилмаса, кўпига ҳам шукр қилмайди. Ким инсонларга ташаккур айтмаса, Аллоҳ таолога ҳам шукр қилмайди. Неъматлар ҳақида гапириш шукрдир. Уни гапирмаслик эса ношукурликдир. Жамоат билан юриш раҳматдир.  Ёлғизлик эса азобдир”, дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

Ҳадиси шариф мазмунига мувофиқ биз юртимизда халқимиз бахту саодати, фаровонлиги, осойишталиги ва тинчлиги йўлида қилинаётган барча хайрли ва эзгу амалларига ҳам ўз ўрнида миннатдорчилик билдиришимиз лозим экан.

Аллоҳ таоло барчамизни борига шукр айтувчи ва ҳар бир ҳолимизда сабр қилувчи, Ўзидан ёрдам кутувчи ва шукримиз эвазига улкан ажр-мукофотларга ноил этсин!

 Ислом шиорларидан бири

Маълумки, Ислом тинчлик ва тотувлик дини ҳисобланади. Хусусан, динимизда суннат ҳисобланган саломлашиш бунга далил бўлади. Салом берувчи “Ассалому алайкум”, яъни “Мен сизга тинчлик тилайман”, алик олувчи эса “Ва алайкум ассалом”, яъни “Мен ҳам сизга тинчлик тилайман”, дейди. Бу иборалар орқали жамият аъзолари бир-бирларига тинчлик-тотувлик сўрайдилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Иймон келтирмагунча жаннатга киролмайсизлар, ўзаро муҳаббатли бўлмагунингизча (комил) мўмин бўла олмайсизлар. Сизларга бир нарсани ўргатайми? Агар шуни қилсангиз, ўзаро муҳаббатли бўласиз: ораларингизда саломни кенг ёйинглар!” деб марҳамат қилдилар (Имом Муслим ривояти). Демак, саломлашиш мусулмон кишининг ҳаётида ўта муҳим амал ҳисобланиб, иймоннинг комиллиги ва одамлар орасидаги муҳаббатга сабаб бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: «Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни яратганидан сўнг у кишига: “Анави ўтирган фаришталарнинг олдига боргинда, салом бер. Сўнг уларнинг сенга берадиган алиги (жавоби)ни яхшилаб эшитиб ол, чунки бу сенга ва сендан тарқаладиган зурриётларинг учун саломлашиш бўлади!” деди. Одам алайҳиссалом бориб, “Ассалому алайкум”, дедилар. Фаришталар: “Ассалому алайка ва раҳматуллоҳи!деб алик олишди» (Имом Бухорий ривояти).

Қуръони каримда марҳамат қилинади: «... Бас, қачонки, уйларга кирсангиз, бир-бирларингизга Аллоҳ ҳузуридан бўлган муборак, покиза саломни айтингиз (яъни “Ассалому алайкум” денг!). Сизлар ақл юргизишларингиз учун Аллоҳ ўз оятларини сизларга мана шундай баён қилур» (Нур сураси, 61-оят).

Ҳақ таоло салом ва унинг жавоби чиройли суратда бўлиши ҳақида бундай дейди: «Қачон сизларга бирор саломлашиш (ибораси) билан салом берилса, сизлар ундан чиройлироқ қилиб алик олингиз ёки ўша (ибора)ни қайтарингиз...» (Нисо сураси, 86-оят). Ушбу ояти каримадан салом берилганда унга саломнинг ўзидек ёки ундан-да чиройлироқ жавоб қайтариш лозимлиги келиб чиқмоқда.

Қуйидаги ҳолатларда салом бериш, алик олиш жоиз эмас: қазойи ҳожат ёки ғусл пайтида;

намоз ўқиётган ёки азон айтаётган кишига; уйқуда ёки мудроқ босган кишига; таомланаётган кишига (агар луқма оғзида бўлмаса, салом бериш мумкин. Саломга жавоб қилиш эса вожиб бўлади); Қуръон тиловат қилаётган кишига (мабодо, салом берилса, унга жавоб қилиб, сўнг тиловатни давом эттиради); дуо қилаётган ёки талбия (лаббайкаллоҳумма) айтаётган эҳромдаги кишига.

Жаннатда фаришталарнинг мўминларга хитоби ҳам “салом” ҳисобланади. Каломуллоҳда бундай дейилади: «(У) абадийлик боғлари бўлиб, (улар) у жойларга ота-боболари, жуфти ҳалоллари ва зурриётларидан иборат солиҳ (банда)лар билан бирга кирурлар. Сўнгра уларнинг ҳузурларига ҳар (бир) эшикдан фаришталар кириб (дерлар): (Аллоҳ йўлида турли машаққатларга) сабр қилиб ўтганларингиз сабабли (энди бу ерда) сизларга салом (тинчлик) бўлгай. Дунё оқибати (жаннат) нақадар яхши!» (Раъд сураси, 23-, 24-оятлар).

Саломлашишда салом берувчига тегишли бир қанча одоблар бор:

– “Ассалому алайкум” деб тўлиқ ва чиройли шаклда салом бериш лозим. “Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ” деб айтса янада яхши. Унинг ўрнида бошқа сўзларни қўллаш саломлашиш одобига зиддир.

– Киши доимо аввал салом беришга интилиши керак. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу борада чиройли намуна бўлганлар. У зот йўлиққан ҳар бир кишига биринчи салом берганлари ҳадисларда келтирилади.

– Инсонларнинг ҳолатларига қараб ҳам ким кимга салом бериши кераклиги баён қилинган. Масалан, уловдаги киши пиёдага, пиёда ўтирганга, ёшлар катталарга, озчилик кўпчиликка ва юқори мавқедаги киши пастроқ мавқедагига аввал салом бериши фазилат ҳисобланади.

 

Абдувоҳид домла АҲМАДАЛИЕВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво маркази мутахассиси

Page 95 sur 301

Мақолалар

Top