Мақолалар

Қўрқувни ва уятчанликни енгинг

Инсон қайси касб эгаси бўлишидан қатъи назар, ундаги энг катта муаммо ўзига ишонмаслик, эшитувчилар олдида гапиришдан қўрқиш, қаттиқ ҳаяжонланишдир. У хоҳ нотиқ бўлсин, хоҳ тажрибали одам бўлсин, хоҳ лекциячи бўлсин, хоҳ бошланғич ўрганувчи бўлсин, албатта мана шу муаммога дуч келади.

Унинг қуйидагича ечимлари бор:

- Аллоҳ таолодан ёрдам сўранг, ишингизни холис Аллоҳ учун қилинг, Ундан яна тавфиқ беришини, ишингизни осон қилишини сўранг!

- Нутққа чиқишдан олдин икки ракат намоз ўқинг ва Қуръондан бир-неча оят ёки сура ўқинг!

- Бирор солиҳ амал қилиб Аллоҳга қурбат ҳосил қилинг ва истиғфор айтинг!

- Ўзингизнинг куч-қувватингизга эмас, Аллоҳнинг қудратига суянинг!

- Ўзингиз учун тезис тузиб олинг ва нутқингиз мавзусига хос жойларини қайта-қайта ўқинг!

- Гапирадиган мавзуингизни эслаш осон бўлиши учун бир-бирига мантиқий боғлиқ ҳолда тартиблаб олинг!

- Айтмоқчи бўлганларингиз яхшилаб машқ қилинг, шунда хатоларингизни тушуниб, нутқ пайтида хатога йўл қўймайсиз!

- Фикрларингизни марказлаштириб берувчи муқаддима тайёрлаб олинг ва уни яхшилаб ёдлаб олинг.

- Ўзингизга “Сен бунга қодирсан, сен қила оласан, юта оласан”, дея хитоб қилинг, шунда иншааллоҳ Аллоҳнинг изни билан ғалаба қозонасиз!

- Ташқи кўринишингизга ҳам яхшилаб эътибор қаратинг. Табиий бўлинг, ўз ҳарактерингиз билан гапиринг, ортиқча такаллуф, кимдирга ўхшаб гапиришга ҳаракат қилиш умуман керак эмас!

- Импровизация шаклида нутқ қилишга ҳаракат қилинг, робот бўлиб қолманг! Варақага ёки планшетга қараб ўқиб берманг. Олдингизга гапларингизни сизга эслатиб турадиган умумий мавзулар сарлавҳасини қўйиб олсангиз кифоя.

- Ҳамма керакли жиҳозларни нутққа чиқишдан олдин битта ишлатиб кўриб тайёр ҳолда келтириб қўйинг.

- Гапирганингизда шижоат билан, дадил-дадил гапиринг, учраши мумкин бўлган мавзуга алоқадор қийин саволларга бир қатор тайёрланиб олинг. Ўзингизга уқтирингки, олий даражаларга қийинчиликларни енгмай эришиб бўлмайди.

- Баъзи қўрқинчларни оддий ҳолдек қабул қилинг ва ўзингизга эслатингки, ҳамма машҳур кишилар жуда кўп хатолар қила-қила ҳозирги натижаларига эришишган. Шундай экан ишда муваффақиятсизликнинг зарари йўқ!

- Ўзингизни яхши нотиқдек тасаввур қилинг ва тингловчиларни сиз қатори оддий одамлар деб билинг. Яна шуни ёдда тутингки, сизни тинглайдиган кўпчилик одамлар гапирадиганингиз мавзуда ҳали бехабар.

- Билингки, тингловчилар ҳаракатларимиз диққат билан кузатиб ўтиришибди, деган ўй-хаёл билан гапирсак, кўпинча хатога йўл қўямиз!

- Нутқ қилишни ўрганишни бошлаганингизда кичик давраларда гапириб машқ қилишдан бошланг, кейин аста-секин нотиқлик даражангизни ўстириб боринг, бир хил қотиб турманг. Ҳар хил нутқ услубларидан фойдаланиб кўринг. Агар бирданига каттароқ даврада нутқ қила олишга қобилиятингиз ва ишончингиз бўлса, марҳамат шундай қилинг!

- Имкони бўлса нутқ асносида қаттиқ бирор ашёни ушлаб олинг, масалан, ҳассаними ёки минбарними.

- Гапни Аллоҳга ҳамд-сано айтиб бошланг.

- Тингловчиларнинг кўзига қараб гапиришдан ҳаяжонлансангиз, одамларнинг бошидан бироз тепароққа ёки уларнинг пешонасига қараб гапиринг.

- Ён-атрофга хотиржам қараб, бемалол ҳаракатланиб, тайёрлигингизни, ўзингизни ишончингизни одамларга билдириб қўйинг. Оҳиста, шошмасдан гапиринг, ўзингизни бўш қўйинг.

- Сўзингиз бошида одамларга ўзингизни таништиринг ва асосий мавзуга киришишдан олдин осон, ҳамма тушунадиган мавзулардан гапириб ўтинг.

- Танангизни ҳам гапиртиринг, яъни қўлларингизни гапингизга мос тарзда ҳаракатлантиринг, баъзи-баъзида одамларга секинқадам ташлаб бироз яқинлашинг.

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Read 862 times

Мақолалар

Top