Мақолалар

Таъсир қилар экан

- Етимнинг олдида ота-онангиз борлигини эслаб, мақтаниб гапирманг ёки болангизни унинг кўз ўнгида эркалаб, ўпманг.

- Беморнинг олдида соғлигингиз яхшилигини, ҳамма аъзоларингиз бус-бутун ишлаётганини айтманг.

- Уйланолмай турган кишининг олдида "Аёлим дазмол қилди", "Овқат пишириб қўйибди" каби гапларни гапирманг.

- Турмушга чиқиши кечиккан қизнинг ёнида "Эрим ундай деб эркалайди. Кеча дўкондан фалон номли атир олиб бердилар" каби гапларни гапирманг.

- Уйланганига кўп бўлган, аммо ҳали фарзандли бўлмаган кишининг олдида "Катта ўғлимнинг мактабига мажлисга бордим", "Қизимга кўйлак олиб келдим" каби гапларни айтманг.

- Турмушга чиққанига анча бўлиб, ҳали фарзанд кўрмаган аёлнинг ёнида "Дадаси ўғлимнинг мактабига мажлисга кетдилар", "Кеча болаларни ўйнатгани истироҳат боғига олиб бордик" каби гапларни гапирманг.

- Ишсиз одамнинг олдида "Кеча ойлик чиққан эди. Ярми нақд, ярми пластикка тушибди" каби гапни гапирманг.

- Моддий имконияти чекланган кишининг олдида "Якшанба куни бозор қилгани бордик. Ўзиям бозорни кўчириб келибмиз" каби гапларни гапирманг.

- Анча йиллардан бери бир-иккита кийимини алмаштириб кияётган кишининг олдида "Ўзимга бир қатор кийим қилдим. Ўзи кийимларим етарли эди, тўйларга кийгани алоҳида олиб қўйдим-да. Аёлимга кўйлак, қизимга кофта олдим" каби гапларни умуман гапирманг.

- Овқат олиб ейишга пули йўқ ёки пули кам одамнинг ёнида "Улфатлар билан "Ялпиз"га бордик. Алоҳида жой буюртма бериб қўйгандик. Ўзиям ажойиб ўтириш бўлди. Официант коланинг биттаси бўшаши билан янгисини олиб келди. Қўйни ярмини ебмиз" каби гапларни умуман гапирманг.

- Иссиқ қаттиқ бўлаётган бўлса ҳам пули камлиги, рўзғоридан орттиролмагани учун дарё бўйларига дам олишга боролмайдиган кишиларнинг олдида "Вой, бу иссиқда шаҳарда туриб бўлармиди. Чорвоққа кетдик. Оилавий ўша ерда бир ой туриб келдик. Сувиям жуда зўр-да. Ўзимиз ижарага алоҳида жой олдик" каби гапларни гапирманг.

- Уйида газ ёнмайдиган, овқатни ўчоқда пиширадиган кишининг ёнида "Кеча газни бироз пасайтириб қўйдим. Ўзиям бир метр ёняпти" деган гапни гапирманг.

Бошқаларнинг яшаш ҳолатини ҳис қилмай, ўзимиз яшаётган тўкин-сочин шароитдан келиб чиқиб фикр билдиравермайлик. Унутманг, сизнинг ҳозирги ҳолатингиз кимлар учундир катта орзу бўлиши мумкин. Юқоридаги гаплар етишмовчилиги бор инсонларга таъсир қилишини, улар қалбларида ўксик, кемтикликни ҳис қилишларини унутмайлик!

Нозимжон Иминжонов тайёрлади. 

Read 3675 times

Мақолалар

Top