www.muslimuz

www.muslimuz

 

Кейинги 5-6 йилда масжидларимиз чин маънода маърифат масканига айланди. Олдинлари имом-хатибларга ҳафтада бир марта жума куни маълум мавзу асосида мавъиза қилишга рухсат берилар эди. Ҳозирда ҳар куни 5 маҳал намознинг исталган вақтида ваъз-насиҳат қилиш имкони бор. Бундан унумли фойдаланган имом-хатибларимиз вақтли намозларда жамоатга илмий суҳбатлар қилиб, аҳолининг диний-маърифий билимларини мустаҳкамлашга ва уларнинг барча саволларига жавоб беришга ҳаракат қилмоқда. Бу жараёнда юртимиз бўйлаб таниқли уламо ва воиз имом-хатиблар иштирокида кечаётган маърифий суҳбатлар ниҳоятда самарали кечаётир.  

Бугун, 6 сентябрь куни юртимизнинг бир гуруҳ таниқли уламолари Тошкент вилоятидаги масжидларга ташриф буюриб пешин ва хуфтон намозларини жамоат билан бирга адо этиб, мўмин-мусулмонларга маърифий суҳбатлар қилиб бердилар. Ана шундай манфаатли мавъиза пешин намозидан сўнг "Фатҳ” масжидида бўлиб ўтди. Унда фазилатли устоз Иброҳимжон домла Иномов йиғилганларга долзарб мавзуда маъруза қилиб, йиғилганларга кейинги йилларда диний соҳада бўлаётган улкан ўзгаришлар ҳақида ҳам сўзлаб берди. 

Бундай илмий суҳбат “Зангиота” масжидида ҳам ташкил этилди. Унда Абдуқаххор домла Юнусов жамоатга Аллоҳнинг берган ҳар бир неъматига шукр қилиш ҳақида маъруза қилди. Абдуқаххор домла  

шукрнинг фазилатлари хусусида сўзлар экан инсон шукр қилса, ризқи яна зиёдалашишини таъкидлаб, бу ҳақда ҳазрати Али розияллоҳу анҳу қуйидаги сўзларини ўқиб бердилар: “Неъмат шукрга, шукр эса зиёдаликка боғлангандир. Модомики, банда шукр қилишда давом этар экан, Аллоҳ таоло ҳам зиёда қилишда бардавом бўлади” (Имом Байҳақий ривояти).  

Шукр қилувчи кишида меҳр-мурувват, инсоф-диёнат, қаноат, сабр каби ахлоқлар мавжуд бўлади. Бу ахлоқлар эса инсонни дунё ва охират саодатига бошлайди, дея таъкидлади домла ўз маърузасида.  

“Абдуллоҳ ибн Равоха” масжидига ташриф буюрган намозхонлар ҳам ана шундай манфаатли илмий суҳбатдан баҳраманд бўлдилар. Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасур домла Раупов йиғилганларга кибр, манманлик иллати ва камтарлик ҳислатлари ҳақида мавъиза қилиб бундай дедилар: 

– Мусулмон киши учун одамларни камситиш, уларни паст санаш жуда ёмон иллат. Ҳатто юриш-туришда ҳам кибру ҳаводан, такаббурликдан сақланиш керак. Бу бошқаларга кибр оғир ботади. Энг муҳими: «Албатта, Аллоҳ ҳеч бир мутакаббир ва мақтанчоқни севмас». Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан нақл қилинган ривоятда: «Кимнинг қалбида заррача мутакаббирлик бўлса, Аллоҳ уни дўзахга юзтубан ташлайди» дейилган. Кибр қалбдаги хасталик бўлиб, унга мубтало бўлган инсон Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг амрлари ва наҳийларини эътиборсиз қолдириб, ҳақни зое қилишдан, одамларни паст санашдан, уларни назар-писанд қилмасликдан иборатдир. Кибрланиш Аллоҳ таолога хос хислат бўлиб, банда зинҳор кибру ҳаво қилишга муносиб эмас, – дея таъкидлади домла ўз сўзида.  

Бундай жонли ва таъсирли маърузалар бошқа таниқли ва воиз имом-хатиблар Исоқжон домла Бегматов, Ҳасан домла Қодиров, Закариё домла Ҳафизуллаев, Нурали домла Мавлонов иштирокида ҳам бўлиб ўтди. 

Эътиборлиси, бундай илмий суҳбатларда жамоатга йиғилганлар ўзларини қизиқтирган барча саволларига жавоб олиш имкониятига эга бўлиб, маърифий билимларини янада мустаҳкамладилар.  

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари, таниқли уламо Ҳомиджон қори Ишматбековнинг навбатдаги долзарб мавзудаги китоби нашр этилди.

Муҳтарам устоз Ҳомиджон қори Ишматбековнинг "Ислом – маърифат дини" деб номланган янги китобига муаллиф томонидан энг долзарб мавзуларда ёзилган мақолалари жамланган.

Китобга киритилган мақолалар мавзуси ҳамда уларда кўтарилган масалаларнинг қизиқарли, ишончли баён этилгани, очиқ-ойдин ҳужжатлар билан далиллангани билан ажралиб туради.

Тўпламнинг аҳамиятли жиҳати, муаллиф илм, олимлар, рамазон, тавба, мавлид, Расулуллоҳга муҳаббат, Қуръон қиссалари, сабр, дуо, қурбонлик, закот, садақа, оила, талоқ, қиёс илми каби мавзуларни ёритишда Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифлар, ҳикматлар, уламолар сўзлари ила дақиқлик билан, атрофлича, тушунарли ҳолда баён этади. Ушбу китоб ўқувчини ҳаётни илму маърифатсиз тасаввур қилиб бўлмаслигини тушуниб етишга ундайди.

Зеро, маърифат – банданинг икки дунёсини ёритувчи нур. Исломий маърифат воситасида биз дунё ва охиратимиз нажоти сари йўл топамиз. Шу маърифат орқали Роббимизни, Унинг қудратини, махлуқотларини таниймиз, илоҳий Каломнинг ҳикматини англаймиз.

Ана шундай маърифатдан баҳраманд бўлган орифлар жамиятида нафақат инсонга, балки ҳайвонотга, жамодотга, бир сўз билан айтганда бутун жонли ва жонсиз мавжудотга гўзал муомалада бўлинади. Чунки маърифатли инсонгина ҳаётдаги ўз ўрни ва вазифасини англайди.

Аллоҳ таоло ушбу янги китобни халқимизга муборак, ўқиганларга манфаатли айласин!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

mardi, 06 septembre 2022 00:00

Устоз ким?

Ривоят қилинишича, одамзотнинг кўнглига уч нарса ҳеч урмас, яъни инсон 3 нарсадан асло безор бўлмас, доимо ардоқлар экан. Биринчиси эр учун аёл, аёл учун эр. Чунки, аёл Одам Атонинг қовурғасидан, яъни бир вужуддан яралган. Вужудда эса ошиқча аъзо йўқ. Ҳеч ким бирон аъзосидан воз кечолмагани каби аёл жинси эрдан, эр жинси аёлдан айри кеча олмас экан. Иккинчиси эса нарса – ризқ-рўзи, яшаш омили бўлган нон экан. Мана неча минг-минг йиллар ўтса ҳам Одам Ато ва Момо Ҳаво илк бор таъмини татиб кўрган буғдой ҳамон уларнинг авлодлари насибаси бўлиб хизмат килиб келаётир. Дунёдаги не бир ширинликлар, таомлар нон ўрнини босолмаслиги барчага аён. Башарият фарзанди учун учинчи улуғ  нарса бу китобдир. Зеро, Қуръондаги дастлабки оят «Иқра!»Ўқинг!») эканлиги, улуғ Пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўқишни ўрганиб, Аллоҳнинг сўзларидан хабардор бўлиб, уларни халққа етказгани, мусулмонлар дилига сингдиргани маълумдир.

Китобнинг Муқаддаслиги шундаки, одамлар у орқали фикран бойийдилар, ақлан ўсадилар, маънан соғлом бўладилар, ахлоқий камол топадилар. Шу боисдан ҳам Ислом динимиз саҳифаларидан асосий ўринни ёруғ оламнинг гултожи  – Инсон, унинг ризқ-рўзи Нон ва ақл-идроки маҳсули – Китоб одобномаси ва ибратномасининг ўрин олиши бежиз эмас.

Модомики Ислом динининг энг биринчи буйруғи «Ўқинг!» экан,  демак Ислом дини – энг аввало маърифат дини экан. «Маърифат» сўзи араб тилидан таржима қилинганда «кишиларнинг онг-билимини, маданиятини оширишга қаратилган таълим-тарбия»; «маориф» деган маъноларни англатади.

Ислом динининг асосий ва Муқаддас Китоби бўлмиш Қуръони Каримнинг еттидан бир қисми фақат илм мавзусига доир масалалардан иборатдир.

Аллоҳ таборака ва таоло Ўзининг Каломи мажиди – Қуръони каримда ва Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадиси шарифларида улуғлаб эъзозлаган етти тоифа инсонларни ҳар бир мўмин-мусулмон киши қадрлаб, ҳурмат қилиши лозим:

1) ота;

2 ) она;

3) устоз (манфаатли илм ё касб-хунар ўргатган инсон);

4) олим (фақат диний йўналишдагина эмас, балки инсон учун манфаатли барча соҳалардаги олимлар. Чунки ҳамма соҳаларнинг ҳам эгаси – Аллоҳ таолонинг Ўзидир);

5) Қуръони каримдан хабардор киши;

6) мўйсафид одам;

7) адолатли раҳбар.

Маълумки, бу дунёнинг ривожланишида, инсониятнинг тараққиёт этишида устознинг ўрни беқиёс. Чунки, ҳаммага маълумки, инсониятнинг энг биринчи Устози – бу АЛЛОҲ Таолонинг ўзидир. Бунга қуйидаги оят мисолдир:

“Аллоҳ Одамга барча яратилган ва яратилажак нарсаларга тегишли номларни ўргатди. Сўнгра уларни фаришталарга бирма-бир кўрсатиб деди: “Агар эътирозингизда ростгўй бўлсангиз, ана у нарсаларни номлари билан Менга айтиб берингиз!”  (Қуръони карим Бақара сураси 31 оят),

Мусулмонларнинг инсонлар ичида энг буюк устозиПАЙҒАМБАРИМИЗ МУҲАММАД АЛАЙҲИССАЛОМДИРЛАР!

Ҳар бир инсон зоти учун эса энг биринчи устозиунинг ОТА-ОНАСИДИР! Ундан кейингиси эса хат қаламни ўргатган, оқ-қорани танитган устозлардир.

Шунинг учун ҳам ҳар бир ақл-заковатли, фаҳм-фаросатли одам «Устозлар ва мураббийлар» байрам кунида ҳам энг биринчи бўлиб ўзининг доимий пешқадамлари бўлмиш ўз ота-онасидан бошлаб, устоз ва мураббийларини кўнгилларини шод қилиб, бебаҳо, бетакрор ва беқиёс дуоларидан баҳраманд бўлишга шошилади.  

Ўзгаларга илм ўргатиш, маърифат зиёсини тарқатиш, ниҳоятда савобли амалдур. Бундай маъсулиятли вазифага мутасадди бўлган инсонларнинг даражаси ҳам буюкдир. Дарҳақиқат, кишида илм ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмайди. Aлбатта,  бунинг учун устоз зарурдир. Илм ва уни талаб қилишнинг фазилати нақадар улуғ бўлса, илм ўргатиш, яни устозлик килишининг фазилати ундан буюкдир.

Ўқитувчи ва мураббийлар ана шундай етук мутахассис ёшларни тарбиялаб вояга етказади. Дунёда минг-минглаб касблар борки, уларнинг орасидаги буюк касблардан бири ўқитувчиликдир. Қуръони Карим оятларида ва Ҳадиси шарифларда илмига амал қилувчи олимлар, устозларни ҳурмат, қилиш, эъзозлаш ҳақида жуда кўп кўрсатмалар берилган. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади: “Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларнинг даражаларини юқорига кўтарур. Албатта Аллоҳ нима қилаётганларингиздан хабардордур”. (“Мужодала” сураси (11- оят.)

Ушбу ояти карима тафсирида Иби Аббос (р.а) бундай деганлар: “Олимларнинг даражаси илмсиз инсонларнинг даражасидан 700 даража юқоридир. Ҳар бир даражанинг ораси 500 йиллик масофага тенгдир”.

Янги ўқув йили ҳам бошланиб, фарзандларимиз улуғ ва муқаддас, машаққатли ва серсавоб иш бўлмиш – илм олишга киришдилар. Биз, ота-оналар, фарзандларимизни улғайишида, илм олиб, билимли бўлишларида кўп жиҳатларига эътибор беришни муқаддас динимиз амр-фармон қилиб буюради.

Муқаддас Ислом динимиз ҳукмлари ҳам, жаннатмакон юртимиз буюк ва маърифатпарвар, улуғвор ва донишманд халқининг Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларга уйғунлашиб кетган, ҳатто мақоллари ҳам инсонларни илм-фан тараққиётига, илмли кишиларни улуғлашга ундайди, устозларни ҳурматлашга тарғиб этади. Устознинг мақомини мутафаккирларнинг мутафаккири Алишер Навоий ҳазратлари қуйидагича тавсифлаганлар:

“Ҳақ йўлинда ким санга бир ҳарф ўргатмиш ранж ила,

      Айламоқ керак онинг ҳаққин юз минг ганж ила”.

 

Яна бир шоир «Устоз» ҳақида бундай қалам тебратади:

Кунлардан бир куни ҳазрат Навоий

Сайр айламакни қилди ихтиёр.

Мулозимлар ила чиқдилар йўлга

Ва кичик болага келдилар дучор.

Ўшанда Навоий  отидан тушиб,

Ўша ёш болага қилибди таъзим.

Мулозимлар ҳайрон, аъёнлари лол

Бундай учрашувдан қолибдилар жим.

Бир аъён қўлини кўксига қўйиб,

Сўрабди: «Ҳазратим. Бу қандайин ҳол?

Сиз болага эмас, балки у сизга қилиб таъзим,

Салом бериши душвор!»

Навоий дебдики, мен кўрган бола

Устозим боланинг бобоси эди.

Олисларда қолиб кетган дамларнинг

Узоқлардан келган садоси эди…

Устозим мен учун отадан улуғ,

Шунингчун болага қилдим мен таъзим.

Устозимдан қолган неварасига

Салом бермаслигим гуноҳу азим!

Халқимизда “Устоз отадек улуғ!” ва “Устоз отангдан улуғ!” деб айтишларида ҳам жуда кўп маънолар бор. Зеро, бу улуғ ҳикматлар элнинг неча минг элагидан ўтиб,  кейин муомалага қўйилган.

Илоҳо ўзларимизни ҳам, фарзанд-зурриётларимизни ҳам Аллоҳ таоло Қуръони каримда буюрган, Жаноб Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида тавсия этган, ўтганларимизни рухлари шод бўладиган, халқимиз хурсанд, ота-оналаримиз рози бўладиган йўллардан юришимизни насиб этсин!

Иброҳимжон ИНОМОВ, 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

 

 

 

“Халқимизнинг улуғвор қудрати жўш урган Ҳозирги замонда Ўзбекистонда янги бир уйғониш – Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилмоқда, десак, айни ҳақиқат бўлади. Чунки бугунги Ўзбекистон – кечаги Ўзбекистон эмас. Бугунги халқимиз ҳам кечаги халқ эмас.”

       Ш.М. МИРЗИЁЕВ

 

Бугун шу азиз Ватаннинг ҳар бир фарзандининг юраги ҳапқириб турибди. Негаки, биз энг улуғ, энг азиз айём – Мустақиллик байрамини, Ўзбекистон Республикаси истиқлолини қўлга киритганининг 31 йиллик шодиёналарини катта тантана қилаяпмиз. 

Ана шу қутлуғ айём арафасида дориломон кунларга етказгани учун яна ва яна шукр қилиш мақсадида диний-маърифий соҳадаги олдинги ҳолат ва бугунги ўзгаришларни таққослашга ҳаракат қилдик. Зеро, ҳақиқат қиёсда билиниши кундайин равшан. 

Бугунги кунга келиб бундай яхши ишлар, катта ўзгаришлар, янгиликлар, хайрли тадбирлар, фазилатли амаллар сони диний соҳанинг ўзида 31 мингдан ошиқ. Лекин бу йил Мустақиллигимизни 31 йиллигини нишонлаётганимиз учун диний соҳадаги мазкур 31 мингдан ортиқ ишлардан фақат 31 тасинигина зикр қилмоқчимиз. 

Зеро, Жаноб Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Одамлардан бўлган яхшиликка миннатдорчилик изҳор қила олмаган одам, Худога ҳам шукр қилмайди», деб марҳамат қилганлар.

1) 31 йил Олдин: Бир йилда 274 млн. собиқ Иттифоқ халқларидан 24 одам, Ўзбекистон дан эса 6 киши ҳаж сафарига борган.

1) Ҳозир: Бу йилнинг ўзида Ўзбекистондан 12.000 дан ортиқ киши муборак ҳаж сафарига бориб, ўн минглаб юртдошларимиз ҳеч қандай квотасиз беш юлдузли барча қулайликларга эга меҳмонхоналарда туриб, умра ибодатларини адо этдилар. 

2) Олдин: Муқаддас динимизнинг асосий китоби бўлмиш Қуръони карим китоби саноқли оилалардагина бўлган. 

2) Ҳозир: Ҳохловчилар нафақат Қуръони карим китобини ўзини, балки Қуръони каримнинг тафсирлари, таржималари, шарҳлари, изоҳлари, маъноларини ҳам хоҳлаган тилида, хоҳлаган пайтида, хоҳлаган миқдорида олишлари мумкин. 

3) Олдин: Ўзбекистон ССР ҳудудида 84 та масжид бўлган. 

3) Ҳозир: Ўзбекистон Республикасининг ҳудудида барча тегишли давлат идораларидан рўйхатдан ўтган 2100 дан зиёд расмий фаолият юритаётган жоме масжидлар халқимизга эмин-эркин хизмат қилмокда. 

4) Олдин: 2-3 та вилоят учун, кўплаб шаҳар ва туманлар учун 1 та масжид бўлган. 

4) Ҳозир: Республикамизда 2100 дан ортик расмий фаолият юритаётган, барча тегишли давлат идораларидан рўйхатдан ўтган жоме масжидлар халқимизга хизмат қилмоқда. 

5) Олдин: Муқаддас Ислом динимизнинг энг катта рукнларидан бўлган йилда икки мартагина ўқиладиган Ҳайит намозларини ҳам далаларда, кўздан йироқ жойларда, яширинча ва саноқли одамларгина ўқиган.

5) Ҳозир: Жаннатмакон юртимиздаги ҳар бир 2100 дан масжидларида ҳам барча керакли шарт-шароитлар яратилган, энг замонавий техника жиҳозлари билан жиҳозланган, ибодат учун ҳамма керакли нарсалар билан таъминланган кўркам, ёруғ, муҳташам иншоотларда минглаб-минглаб мусулмонлар ибодатларини кўнглиларидек, тинч-омон, ҳеч қандай хавф-хатарсиз, бемалол, хуш кайфиятлар ва хурсандчиликлар ила адо этмоқдалар. 

6) Олдин: СССР даврида ҳар қандай диний адабиётларни нашри ҳам, ўзи ҳам ман этилган. Фақатгина Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари идорасига ҳар чоракда чиқадиган 1 та журнал ва 1 та газетага ижозат берилган. 

6) Ҳозир: Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чоп этилаётган кундаги даврий матбуот нашрларида муқаддас Ислом динимиздаги деярли барча масалаларни тўлиқ ёритишдан ташқари, биргина Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг “Шамсуддинхон Бобохонов” нашриёти томонидан диний адабиётларнинг барча турлари: Қуръони каримнинг тафсирлари, таржималари, шарҳлари, ҳадис китобларининг ҳар хил шакллари, фиқҳ, ақоид масалаларига оид китоблар, савол-жавоб китоблари, аёлларга хос ва фарзандлар тарбияси масалаларига оид китоблар, Қуръони каримни ўқишни ўрганиш китоблари, Ислом тарихига оид китоблар, юртимиздан чиққан буюк алломаларнинг китоблари, диний ва дунёвий илмлари билан дунёга танилган ва таралган буюк аждодларимизни китоблари чоп этилмоқда. Бундан ташқари, нашриётда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ойлик диний-маърифий, илмий-адабий «Ҳидоят» ва «Мўминалар» журналлари, «Ислом нури» газетаси ҳам омма эътиборига ҳавола этилмоқда. Имом Бухорий халқаро маркази томонидан эса «Имом ал-Бухорий сабоқлари» журнали чоп этилмоқда. Шу билан бирга барча мўмин-мусулмонлар учун зарур бўлган ҳафталик, ойлик, чорак ва йиллик тақвимлар юз минглаб ададда нашр этилиб, халқимизга тарқатилмоқда.

7) Олдин: Ўзбекистон ССРнинг Конституциясининг 2-булим 6-боб 50-моддасидаги виждон эркинлиги ҳақида сўз борган ҳаётда эса амал қилинмас, балки фақатгина қоғозда ёритилган холос. 

7) Ҳозир: Жаннатмакон юртимизни, муқаддас Ватанимиз Конституциясининг 2-бўлим V боб 18-модда, 2-бўлим VII боб 31-модда, 3- бўлим XIII боб 57-модда, 3-бўлим XIII боб 61-моддалари ҳамда «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонунчилик палатаси томонидан 2021 йил 4 майда қабул қилинган, Сенат томонидан 2021 йил 26 июнда маъқулланган, 2021 йил 5 июльда қабул қилинган янги таҳрирдаги ЎРҚ-699-сонли Қонунлар билан ҳам диний эътиқод ва виждон эркинлиги кафолатланган.

8) Олдин: Янги туғилган чақалоқларни биринчи сония, дақиқалариданоқ онасидан ажратиб, ҳақиқий, меҳрли она сутидан маҳрум қилиб пастеризация қилинган, келиб чиқши ноаниқ бўлган сутлар билан эмизилган. 

8) Ҳозир: Муқаддас Қуръони карим оятларида талаб этилганидек, муборак Ҳадиси шарифларда тавсия этилганидек, муқаддас Ислом динимизда кўрсатилганидек, ота-боболаримиз, она-момоларимиз қилганларидек биринчи сония, дақиқалариданоқ бу ёруғ дунёга келган янги чақалоқларни онасини меҳр-муҳаббатига тўлган бағрига бериб, ҳақиқий, меҳрли она сутидан тўла-тўкис баҳраманд бўлиши учун, бепоён меҳрли онаси нафаси билан ҳамнафас бўлиб, меҳрибон заҳматкаш отаси тарбияси билан улғайиши учун Президентимизнинг алоҳида махсус Фармонлари, Вазирлар Маҳкамасини бир неча қарорлари чиқиб, жойларда мазкур қонунларни ижро этиш учун сидқидилдан амалга оширилмоқда. 

9) Олдин: Нафақат диний, балки миллий қадриятларимиз ҳам топталган. 

9) Ҳозир: Ота-бобокалонларимиз ва она-момоларимиздан мерос бўлиб келаётган, нафақат миллий қадриятларимиз, балки муқаддас динимиз қадриятлари ҳам Қуръони карим оятларида талаб этилганидек, ҳадиси шарифларда тавсия этилганидек, муқаддас пок Ислом динимизда кўрсатилганидай бўлиши учун Президентимизнинг алоҳида махсус Фармонлари, Вазирлар Маҳкамасини бир неча қарорлари чиқиб, жойларда мазкур қонунлар ижро этилмокда. 

10) Олдин: Шаҳар, қишлоқларда кўчалардаги ҳамда барча давлат ташкилот, корхона ва идоралардаги ёритилган ёзувларда худосизликка, динсизликка қаратилган иборалар битилган. 

10) Ҳозир: Республикамизнинг ҳамма катта-кичик шаҳарларида ҳам, чека-чека қишлоқларидаги кўчаларида ҳам ҳамда барча давлат ташкилот, корхона ва идораларида ҳам муқаддас Ислом динимизнинг ҳикматли сўзлари, Қуръони карим оятларининг мазмунлари, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ибратли ҳадиси шарифлари, буюк алломаларимизнинг доно сўзлари энг кўркам, энг ҳурматли, энг обрўли жойларда энг замонавий услублар ва мосламалар орқали халқимизни миллий ва диний қадриятларга ундамоқда.

11) Олдин: Мактаб, корхона, идораларда рўза тутмаслик учун баъзи одамларга мажбурлаб сув, чой ичказишган. 

11) Ҳозир: Давлатимиз раҳбари – Президентимизнинг алоҳида махсус қарорларида таъкидлангандек, муборак Рамазон ойининг моҳиятида мужассам бўлган инсонийлик, маънавий поклик, шукроналик фазилатларини эъзозлаш, мамлакатимизда муқаддас динимизни тиклаш, виждон эркинлигини таъминлаш, ушбу қутлуғ ойда амалга ошириб келинадиган хайрия тадбирлари, эҳтиёжманд кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, зиёратгоҳларни ободонлаштириш, оила ва маҳаллаларда меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш бўйича олиб бориладиган ишларни янада кучайтиришга алоҳида эътибор қаратиш учун, ҳамда эл-юртимиз учун асрлар давомида эзгулик, саховат, меҳр-шафқат, қаноат ва шукроналик рамзи бўлиб келаётган муборак Рамазон ойининг маънавий-руҳий ҳаётимиздаги алоҳида ўрни ва аҳамиятини инобатга олган ҳолда, жамиятимизда меҳр-оқибат, ўзаро аҳиллик ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, халқимизга хос олижаноб фазилатларни, миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш ва улуғлаш мақсадида юртимиз бўйлаб давлатимизни барча ташкилот, корхона, идораларида Рамазон ойи муносабати билан Қуръони карим оятларидаги ҳукмларни, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг хадиси шарифларини ва муқаддас Ислом динимизни талабларини амалга ошириб, беҳисоб-беҳисоб хайрли, савобли ишлар қилинмоқда. Шу билан бирга Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан мазкур қарорда Рамазон ойини жойларда миллий анъана ва қадриятлар, урф-одатларимизга уйғун ва ҳамоҳанг тарзда ўтказиш билан боғлик чора-тадбирларни амалга ошириш ҳамда Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Рамазон ойини ўтказиш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш топшириқлари берилмоқда.

12) Олдин: Диний илмларни ўрганиш учун 274 млн. халқи бўлган СССРда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари идорасига қарашли фақат 1 та Тошкент ислом институти ва 1 та Бухоро шаҳридаги мадраса бўлган.

12) Ҳозир: Республикамизда 13 та диний таълим муассасалари фаолият олиб боради. Шундан 3 таси олий таълим муассасаси бўлиб, улар Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти, Мир Араб олий мадрасаси ва Ҳадис илми мактаби, 10 та ўрта махсус ислом таълим муассасаси бўлиб, шу жумладан, 2 таси аёл-қизлар учун ихтисослашган. "Муҳаддислар султони" бўлган, "Дунё имоми" бўлмиш Имом Бухорий ҳазратлари номи билан Тошкент ислом институти ҳамда Самарқанд вилоятида жойлашган Ўзбекистон Республикаси Президент ташаббуси билан ташкил этилган Марказий Осиёда ягона ҳисобланган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолият юритмоқда. Олий диний таълим муассасаларида 820 нафар талаба таҳсил олиб, уларга 110 нафар педагог-ўқитувчи дарс бериб келмоқда, улар орасида фан докторлари, фан номзодлари, фалсафа докторлари (PhD), магистр илмий даражасига эга педагоглар мавжуд. Ўрта махсус ислом таълим муассасаларида эса жами 1511 талабага 253 нафар педагог-ўқитувчилар таълим бермоқда. Улардан 10 нафари фан номзоди, 42 нафари магистрлик илмий даражасига эга. Диний таълим муассасалари ва илмий мактаблар қошида жами 21 та жойда фуқаролар учун "Қуръони карим ва тажвид" ўқув курслари ташкил этилган бўлиб, бугунги кунга қадар 27 мингдан зиёд фуқаролар мазкур ўқув курсларида таҳсил олдилар.

13) Олдин: Масжидлар қолиб ҳамма буюк алломаларимизнинг, машҳур уламоларимизнинг, улуғ азиз-авлиёларимизнинг ҳоки поклари жойлашган азиз ва табаррук жойлар вайрон бўлиб, хор бўлиб, ташландиқларга айланиб қолган.

13) Ҳозир: Буюк аждодларимиз ўзининг ноёб асарлари билан бутун дунёга Ислом зиёсини сочган, беқиёс ижодлари билан инсониятга машъал бўлган, бемисл илмий-маърифий кашфиётлари билан жаҳон аҳлини ҳайратга солган, илмий-ижодий хизматлари билан дунёни лол қолдирган, бебаҳо мерослари билан башарият дунёқараши ва маънавиятига беқиёс таъсир кўрсатган, ўз салоҳиятлари билан буюк илмий мактаблар яратиб, ўз диёрларини жаҳонга тараннум этган, муқаддас ва илохий китоб бўлмиш Қуръони каримдан кейинги иккинчи муқаддас манба, башарият томонидан битилган китобларнинг энг улуғи ҳисобланадиган китоб муаллифи, ақл-заковати ва матонати билан ислом оламида «Мусулмонларнинг эътиқодини тузатувчи» деган улуғ шарафга сазовор бўлган. Шу билан бирга энг нуфузли ва мукаммал ҳуқуқий манба муаллифи бўлган, ўлмас мерослари билан «Дин ва миллатнинг ҳужжати» деган юксак унвонга сазовор бўлган. Булар қаторида улар беназир илм-маърифатлари билан дунё тараққиётини ривожлантиришга улкан таъсир кўрсатган, теран билимлари ва илмий салоҳиятлари билан Ислом олами учун «Маънавий етуклик тимсоли» бўлган. Айни вақтда башариятнинг бугунги тараққиёт саҳифаларида ҳам ўчмас из қолдирган улуғ алломаларимизни, буюк мутафаккирларимизни, муфассиру муҳаддисларимизни, фақиҳу фуқаҳоларимизни, олиму уламоларимизни, пиру устозларимизни, азизу авлиёларимизни нафақат номлари тикланиб танилди, нафақат ётган қабрлари обод бўлди, балки ётган жойлари улуғ қадамжоларга айланиб, Ўзбекистон диёрининг мўъжизалари бўлган мазкур табаррук жой ва муқаддас зиёратгоҳларга Ер куррасининг ҳар қандай жойидан келган ҳар қандай ўта юқори мартабали меҳмонлардан тортиб оддий сайёҳгача бўлган ҳар қандай инсон лол бўлиб, тасаннолар айтмоқда. Бундай табаррук ва улуғ зотларнинг асарларидан эса Ўзбекистонда яшаётган ҳар бир фуқаро энди бемалол баҳраманд бўлиши мумкин. 

14) Олдин: Диний ходимлар, хусусан имом-хатиблар, домлалар, отинойилар доим таъқиб остида бўлганлар. 

14) Ҳозир: Олий маълумотларга, юқори савияга, бой тажрибага, ҳам диний, ҳам дунёвий илмларга, замонавий пухта билимларга эга бўлган муҳтарам ва ҳурматли динимиз пешволари, малакали имом-домлаларимиз ва отинойиларимиз Қуръони карим оятларида талаб этилганидек, Ҳадиси шарифларда тавсия этилганидек, муқаддас Ислом динимизни кўрсатмаларини ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан тақдим этилаётган фатво, буйруқ, топшириқ ва кўрсатмаларини бемалол, очиқ-ойдин ҳар жума барча жоме масжидларда ўтказиладиган жума намозларидан Олдинги маърузаларда батафсил ва атрофлича изоҳлаб, мусулмонларимизга кенг тушунчалар бермоқда. Шунингдек, маҳаллаларда ўтказиладиган турли йиғинларда ҳам, халқимизни ҳамма тадбирларида ҳам, фуқароларимизни барча шаръий маросимларида ҳамда барча давлат ташкилот, корхона ва идораларидаги йиғилиш ва мажлисларида ҳам Қуръони карим оятларида талаб этилганидек, Ҳадиси шарифларда тавсия этилганидек, муқаддас Ислом динимизни кўрсатмаларини бутун оммага етказиб тушунтириб, миллий ва диний қадриятларимизни кенг тарғиб этмоқдалар. 

15) Олдин: Уйда Қуръон китоби бўлишини ҳар бир қалбида мусулмон инсон орзу-ҳавас қилган. 

15) Ҳозир: Қуръони карим китобининг ўзини, Қуръони каримнинг тафсирларини, Қуръони каримнинг таржималарини, Қуръони каримнинг шарҳларини, Қуръони каримнинг изоҳларини, Қуръони каримнинг маъноларини хоҳлаган тилда, хоҳлаган пайтда, хоҳлаган миқдорда олиш мумкин. Бундан ташқари Ўзбекистон мусулмонлари идораси Республика Кўрлар жамияти билан ҳамкорликда чиқарган кўзи ожизлар учун махсус тайёрланган Брайл ёзувидаги Қуръони карим китоби ҳам мавжуд. Ўзбекистон мазкур хайрли амалиётни амалга оширган жаҳоннинг учинчи мамлакати бўлди. 

16) Олдин: Дунё халқлари нафақат Ўзбекистон ССРдаги мусулмонларни, балки Ўзбекистон деган жой борлигини ҳам билмаган. 

16) Ҳозир: Халқаро алоқалар кенгайиб, мамлакатимиз ҳақида йирик конференяилар ташкил этилмоқда. Жумладан, АҚШнинг пойтахти Вашингтонда АҚШнинг собиқ президенти Ричард Никсон маркази томонидан ташкил этилган «Давлат ва дин, конфессиялараро бағрикенглик: Ўзбекистон мисолида» мавзусида конференция;

Буюк Британиянинг пойтахти Лондон шаҳрида «Уч дин форуми» халқаро ташкилоти томонидан ташкил этилган «Конфессиялараро тотувликка эришишда Ўзбекистон тажрибаси» мавзуидаги семинар;

АҚШнинг пойтахти Вашингтонда АҚШнинг Олий Ислом Кенгаши ва Америка-яҳудий комитети томонидан ташкил этилган «Ҳозирги Марказий Осиёда ислом» мавзуидаги халкаро конференцияда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий хазратлари иштирок этдилар;

АҚШнинг Олий Ислом Кенгаши раиси Мираҳмадий бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга ташриф буюриб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий хазратлари билан учрашди;

Миср Араб Республикасининг пойтахти Коҳирада бўлиб ўтган Ислом Олами Кенгашининг халқаро конференциясида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий ҳазратлари иштирок этиб, «Асрлар оша диний уламоларнинг илм-фан ривожига қўшган хиссаси» мавзуида маъруза қилдилар;

Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган диний ва руҳоний лидерларнинг тинчлик масалалари бўйича минг йиллик саммитида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий ҳазратлари иштирок этдилар;

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) нинг Таълим, илм-фан ва маданият буйича ташкилоти (UNESCO)нинг «Жаҳон динлари: тинчлик маданияти йўлида» халқаро конференцияси Тошкент шаҳрида бўлиб ўтди;

Бу рўйхатни давом эттирсак, бир неча томли китоб бўлади. 

17) Олдин: Кундаги оддий ҳаётда «Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим», «Худога шукур!», «Алҳамдулилло мусулмонман!», «Илоҳим», «Худо ҳохласа», «Худо насиб қилса», «Худо раҳмат қилсин!», «Жойлари жаннатда бўлсин!», «Охиратлари обод бўлсин!» деган ибораларни сўзлаб қўйса, «динга ташвиқот қилди» деб, «қора рўйхат»га киритилган.

17) Ҳозир: Халқимизни кундаги маросим-тадбирларидаги қизиқарли маърузалари ва чиройли амру-маъруфлари билан кифояланиб, чегараланиб қолмасдан, давлатимиз томонидан диний идорамизнинг раҳбарларига, машҳур ва таниқли уламоларимизга, муҳтарам ва ҳурматли динимиз пешволарига, жойлардаги имом-хатибларимизга ота-боболари буюк имомлар ва алломаю замонлар, табаррук зотлар ва улуғ инсонлар бўлган, неча йиллар давомида ўз миллий ва диний қадриятларидан бебаҳра қолиб кетган чанқоқ халқимизга муқаддас Ислом динимизни тўлиқ ва батафсил ёритиб бериш учун, дину-диёнатимизни соф ва мукаммал билдириш учун ҳамма даврий матбуот нашрларида ҳам, барча давлат телеканалларида ҳам, ҳамма радиоэшиттирувларда ҳам, вилоят, шаҳар, туманлардаги маҳаллий телекўрсатувларида ҳам жуда катта аҳамият берилиб, чегарасиз вақт ажратилиб, алоҳида эътибор қаратилиб, ҳар кун, ҳар хафта, ҳар ой чексиз-чегарасиз ва улкан имкониятлар берилмокда. Ўзбекистон Республикаси бўйлаб Қуръони каримни тўлиқ ёд қилганлар ичида эркаклар орасида алоҳида, хотин-кизлар орасида алоҳида қорилар мусобақалари ўтказилмоқда. Ҳар йили Ўзбекистон Республикаси бўйлаб имом-хатиблар ичида туман, шаҳар, вилоят ва республика босқичларидан иборат «Йил имоми» кўрик танловлари қизғин ўтказилиб, ғолиблари муносиб тарзда тақдирланмоқдалар.

18) Олдин: Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак замонларидан бошлаб, Ер курасининг ҳар бир маконида, ҳар бир замонида, ҳар бир мўмин-мусулмон ҳеч бўлмаса бир мартагина бўлса ҳам кўришни орзу-ҳавас қилган “Усмон Мусҳафи” неча-неча йиллар бегона юртларда қолиб кетиб, бировларнинг қўлларида турган.

18) Ҳозир: Мўмин-мусулмонларни хоҳиш-истакларини инобатга олиб, мусулмон дунёсининг энг муқаддас ёдгорликларидан бири бўлган “Усмон Мусҳафи”ни Ўзбекистон давлатимиз томонидан жаннатмакон юртимизни ҳар бир одами, муқаддас Ватанимизни ҳар бир фуқароси, доно халқимизни ҳар бир мўмин-мусулмон фарзанди хоҳлаган пайтида хоҳлаганича кўриб, бемалол истеъфода қилиши учун Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ихтиёрига топширилди. Нафақат юртимиз фуқаролари, балки Ўзбекистонга ташриф буюрган ҳар инсон ушбу буюк ва ноёб тарихий ёдгорликни бемалол кўриши мумкин. 

19) Олдин: Ҳайит намозларига борганларни яширинча расмга олиб, газета, журналлар орқали ва ишхонасидаги деворий газеталари орқали уларни ҳақорат қилиб, шарманда қилиб, хорлаб, инсоний обрўларини поймол қилишган.

19) Ҳозир: Тарихдаги аждодларимиз доимо интилган, ўтмишдаги бобо-калонларимиз орзу-ҳавас қилиб кутган, бундай кунларни кўра олмасдан юракларидаги армонлар билан, дилларидаги ғамлар билан, ҳаёлларидаги умидлар билан, қалбларидаги ўкинчлар билан тун-саҳарларда Худодан сўраб, кечаларию-кундузлари Парвардигорга илтижо этиб, кўзларида ёшлар билан Яратганга дуолар қилиб, ожизона Аллоҳ таолога муножотлар қилиб ўтиб кетган ота-оналаримиз интилиб кутган кунлар келди – икки ҳайит айёмлари дам олиш кунларига айланди. Бундай кунларни кўра олмасдан ўтган боболаримизни-момоларимизни, оталаримизни-оналаримизни яхши ниятларини амалга ошириш учун, ушалмаган орзуларини рўёбга чиқариш учун муҳтарам Юртбошимиз энг биринчилар қаторида чиқарган махсус Фармонлари билан қонунийлаштириб, Ўзбекистон диёридаги халқимизга икки ҳайитни дам олиш кунлари қилиб, ҳар бир мўмин-мусулмонга икки қанот қилиб бердилар.

20) Олдин: Давлат ишчи ва хизматчилари нафақат турли маърака-маросимларга боришдан қўрққан, балки ўз ота-онасининг жаноза ва таъзия маросимларида ҳам қатнаша олмаган. «Худога шукур!» ёки «Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим» деган ибораларни айтишдан ҳам, хатто юзига фотиҳа тортишдан ҳам қўрққан. Жазоси – партия сафидан ўчирилиш ёки эгаллаб турган лавозимидан бўшатилиш бўлган. Ўз фарзандларига суннат тўйи қилиб, хатна қилишдан ҳам, келин-куёвларга никоҳ ўқитишдан ҳам қўрққан.

20) Ҳозир: Халқимизни барча тадбирларида, турли шаръий маърака-маросимларида давлатимизни барча ташкилот, корхона ва идораларидаги раҳбариятидан тортиб ҳамкасблари ва меҳнат жамоалари ҳам фаол иштирок этмоқдалар. Бевосита ва билвосита раҳбарларининг иштирокларида давлатимизни барча ташкилот, корхона ва идоралари томонларидан халқимизни тўй-ҳашам кунларидаги хурсандчиликларига ҳам хурсанд бўлиб, ҳар хил иссиқ-совуқ кунларидаги ташвишларида ҳам шерик бўлиб, қийин кунларидаги дардларига ҳам ҳамдард бўлиб, оғир пайтларидаги мусибатларини баҳам кўриб, ночор ҳолатларидаги ғамларини бирга енгиб, керакли даражада ҳар хил маънавий ва беҳисоб даражада турли хил моддий ёрдамлар кўрсатилмоқда. Маҳаллалар хонадонларидаги ва тўйхоналардаги халқимиз ўтказаётган турли йиғинларида ҳам, ҳар бир фуқароларимизни барча шаръий маросимларида ҳам диний уламоларимиз, жоме масжидларимизнинг муҳтарам ва ҳурматли имом-хатиблари ўзларининг сермазмун маърузаларида энг замонавий ахборот воситалари орқали муқаддас Ислом динимизни кўрсатмаларини батафсил ва атрофлича ёритиб, Қуръони карим оятларини маъноларини шарҳлаб, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларини мазмун-моҳиятларини изоҳлаб, шариатимизда талаб этилганидек, мусулмонларимизга кенг тушунчалар бериб, миллий ва диний қадриятларимизни бутун оммага етказиб тушунтириб, кенг баралла тарғиб этмоқда.

21) Олдин: Диндорларни, айниқса, имом ва отинойиларни давлат ташкилот, корхона, идораларнинг раҳбарлари ҳам, ходимлари ҳам назарига илмасдан, менсимасдан, камситиб, давлат эътиборидан четга чиқариб, халқдан ҳам қоралаб ажратиш учун турли хил найранг услублар қўлланилган. 

21) Ҳозир: Юртимиздаги ҳар бир масжидлардаги ўтказиладиган маърузаларидан ташқари, ҳар бир фуқароларимизни барча шаръий маросимларидаги амр-маъруфларидан ташқари, давлатимизни барча ташкилот, корхона ва идораларидаги йиғилиш ва мажлисларида ҳам энг юқори, энг ҳурматли ва энг эътиборли жойларда ўтириб, юқори лавозимдаги масъул шахслар ҳузурларида, энг катта минбарлардан туриб, дин пешволаримиз, муҳтарам ва ҳурматли имом-хатибларимиз Қуръони карим оятларини ҳукм-аҳкомларини шарҳлаб, ҳадиси шарифларни мазмун-моҳиятларини ёритиб, муқаддас Ислом динимизни кўрсатмаларига мувофиқ батафсил ва атрофлича изоҳлаб, халқимизга кенг тушунчалар бериб, бутун оммага етказиб тушунтириб, миллий ва диний қадриятларимизни кенг тарғиб этмоқдалар. 

22) Олдин: Оммавий ахборот воситаларида ҳатто Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари идораси тасарруфида хизмат қилган диний ходимларга ҳеч қачон имкон берилмаган. 

22) Ҳозир: Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чоп этилаётган кундаги ҳамма даврий матбуот нашрларида ҳам, Ўзбекистон Республикасидаги барча телеканаллари орқали ҳам, Ўзбекистон Республикасидаги ҳамма радиоэшиттирувлари орқали ҳам, Ўзбекистон Республикасининг вилоят, шаҳар, туманларидаги маҳаллий телекўрсатувлари орқали ҳам муҳтарам ва ҳурматли имом-хатибларимиз муқаддас Ислом динимиздаги барча масалаларни тўлиқ ва батафсил ҳамда эмин-эркин ёритишдан ташқари, Республикамиздаги давлат нашриётларидан, теле ва овоз ёзиш студияларидан, интернет тармоқларидан ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг “Шамсуддинхон Бобохонов” нашриётидан сермаҳсул фойдаланиб, ўзларининг китобларини, рисолаларини, видео ва овоз ёзилган дискларини халқимиз манфаати учун тарқатмоқдалар. 

23) Олдин: Халқимизга Ислом динининг асосий манбасини ўрганиш учун биронта расмий даргоҳ йўқ эди. 

23) Ҳозир: Олий ва ўрта-махсус диний таълим муассасалари ҳамда ихтисослашган илмий мактабларда халқимизга “Қуръон ва тажвид” курслари фаолият юритмоқда.

24) Олдин: Ислом дини манбаларини тадқиқ этадиган ҳеч қандай жой йўқ эди.  

24) Ҳозир: Самарқанд вилоятида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Сурхондарё вилоятида Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, мамлакатимиз ҳудудларида ихтисослашган ҳадис илми, калом илми, тасаввуф илми, ақоид илми ва фиқҳ илми мактаблари ташкил этилди.

25) Олдин: Бутун дунё таниган ва тан олган улуғ алломаларнинг табаррук қадамжолари мутлақо қаровсиз ҳолатда эди.  

25) Ҳозир: Буюк мутафаккирларимизнинг ҳоки поклари қўним топган жойлар обод масканларга айлантирилди. Жумладан, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Баҳоуддин Нақшбанд, Имом Мотуридий, Имом Бурҳониддин Марғилоний, Етти пир зиёратгоҳлари гўзал гўшаларга айлантирилди.

26) Олдин: Улуғ алломалар, буюк мутафаккирлар ва беназир уламоларнинг нодир асарлари ўз она тилимизга таржима қилинмаган эди.

26) Ҳозир: Дунё бешигини тебратган улуғ алломалар, мислсиз буюк мутафаккирлар ҳамда бетакрор ва беназир уламоларнинг кўплаб нодир асарлари ўз она тилимизга таржима қилиниб, халқимизга туҳфа этилмоқда.

27) Олдин: Имом-хатиблар, уламолар ва диний соҳа ходимлари хорижий давлатлардаги нуфузли тадбирларда иштирок этмас эди. 

27) Ҳозир: Муҳтарам ва ҳурматли имом-хатибларимиз, кўплаб уламоларимиз ва диний соҳа ходимлари хорижий давлатлардаги анжуманлар, семинарлар ва йиғинларда мунтазам ва фаол иштирок этмоқдалар. Шунингдек, хорижий давлатларнинг диний идоралари билан ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланмоқда.

28) Олдин: Диний соҳада хизмат қилаётган ходимлар ва диний-маърифий лойиҳаларни ижтимоий ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлайдиган муассасалар йўқ эди.

28) Ҳозир: Ўзбекистон тараққиётининг янги даврида диний соҳада хизмат қилаётган ходимлар ва диний-маърифий лойиҳаларни ижтимоий ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш учун “Вақф” хайрия жамоат фонди фаолияти йўлга қўйилди.

29) Олдин: Мамлакатимизнинг Ислом дини маданиятида тутган ўрнини кенг кўламда намоён этадиган мажмуа ташкил этиш инсон хаёлига ҳам келмаган эди.

29) Ҳозир: Юртимизнинг Ислом дини маданиятида тутган ўрнини ва буюк алломаларимизнинг жаҳон тамаддунига қўшган ҳиссасини бутун дунёга намоён этиш, диёримизда муборак динимизнинг ҳақиқий мақомини тарғиб қилиш мақсадида, Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилди.

30) Олдин: Миллий ва диний қадриятларимизга “эскилик сарқитлари” деб қаралган.

30) Ҳозир: Оммавий ахборот воситаларида ҳам, турли катта-кичик ташкилотларда ҳам халқимизнинг барча миллий-диний қадриятлари эъзозланмоқда.

31) Олдин: Оммавий ахборот воситаларининг биронтасида ҳам биронта диний нарса берилмаган.

31) Ҳозир: Ўзбекистон Республикасининг оммавий ахборот воситаларининг барча-барча турларида Қуръони карим оятларини ҳукм-аҳкомларини шарҳлаб, муборак ҳадиси шарифларни мазмун-моҳиятларини ёритиб, муқаддас Ислом динимизнинг кўрсатмаларига мувофиқ батафсил ва атрофлича изоҳлаб, халқимизга кенг тушунчалар бериб, бутун оммага етказиб тушунтириб, миллий ва диний қадриятларимиз кенг тарғиб этилмоқда.

Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Бироқ фикримизни мухтасар қилган ҳолда Аллоҳдан бундай хайрли ишлар янада кўпайишини, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, халқимизга сиҳат-саломатлик, оилаларимизга бахт-саодат, тўкин-сочин дастурхонлар насиб қилишини сўраб қоламиз. 

Иброҳимжон ИНОМОВ

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

 

 

 Бундан беш йилча олдин муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятига ташриф буюрганларида “Қуръонни эшитиш, эшита олиш юксак маънавият, маърифат. Қуръон ҳеч қачон ёмонликка даъват қилмайди. Агар Қуръони каримни эшита олсак, эшиттира олсак, бу муваффаққият бўлади, элимизга нур келади”, дея таъкидлаган эдилар.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда барча соҳалар қатори диний-маърифий йўналишда амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар юртимиз мўмин-мусулмонларини беҳад қувонтиряпти. Фойдаланишга топширилаётган янги масжидлар намозхонларнинг баҳридилини очаётган, янги мадрасалар ёшларга илм ўчоғи бўлаётган бўлса, “Қуръони карим ва тажвид” ўқув-курслари халқимизга зиё таратишда муҳим аҳамият касб этяпти.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастури”нинг 6-банди ижросини таъминлаш ҳамда фуқароларнинг Қуръони каримни тажвид билан ўқишга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида Тошкент вилоятининг Ангрен, Бекобод, Чирчиқ, Нурафшон ва Янгийўл шаҳарларида Қуръони карим ва тажвид бўйича ўқув-курслари фаолияти йўлга қўйилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 01А/117-сонли буйруғи асосида ташкил этилган мазкур ўқув-курсларида эндиликда малакали мутахассислар, Қуръони карим ходимлари юртдошларимизга Каломуллоҳни ўргатадилар.

Қуръони карим – Аллоҳ таолонинг инсониятни дунё ва охират саодатига элтувчи муқаддас каломидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қуръони каримни Аллоҳ таолодан қабул қилиб олиб, умматларига омонат ила етказганлар, уни ўзлари ҳаётга татбиқ этиб кўрсатганлар.

Пайғамбарларнинг меросхўрлари бўлган уламоларнинг вазифаси ушбу илоҳий омонатни – Қуръони каримни халққа етказиш бўлиб келган ва келмоқда. Қуръони каримни ўрганиш, ёд олиш ва ўргатиш Исломда ажри улуғ амал саналади. Шу боис қадим тарихимиз давомида Қуръони карим ўқилмаган, Мусҳафи шариф кирмаган хонадон бўлмаган.

Аллоҳга шукрки, яна хонадонларимизга, қалбларимизга, кўнгилларимизга Қуръони карим кириб боряпти.

Қуръони каримни ўрганиш ва ўргатишнинг савоби жуда улуғ. Каломуллоҳда мўминларни Аллоҳнинг оятларини тадаббур қилишга, ҳукмларнини теран англашга, тиловат қилинаётганда тинглаш ва жим туришга буюрилган.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Албатта, Аллоҳнинг китобини тиловат қиладиганлар, намозни тўкис адо этиб, Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора инфоқ қилганлар, ҳаргиз касодга учрамайдиган тижоратдан умидвор бўлурлар» (Фотир сураси, 29-оят).

Бошқа бир оятда эса: «Қуръон тиловат қилганда уни тингланглар ва жим туринглар, шояд раҳматга эришсангиз» (Аъроф сураси, 204-оят), деб марҳамат қилинган.

Ҳадиси шарифларда ҳам инсонларнинг энг яхшиси баён қилина туриб, бу борада ҳам Қуръони каримни ўрганган ва ўргатган кишилар башариятнинг энг хайрлиси экани эътироф этилади.

Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: “Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганганларингиз ва ўргатганларингиздир” (Имом Бухорий ривояти).

Қуръон кириб борган, ўқиладиган ҳар бир хонадонга Аллоҳ таолонинг файз-баракоти, нури ёғилиб туради. Қуръони бор хонадонда тарбияланган фарзандлар динига, эл-юртига, миллатига содиқ ватанпарвар, чинакам авлод сифатида камол топади. Зеро, башарият тамаддунига беназир ҳисса қўшган буюк мутафаккир алломаларимизнинг қай бири ҳаётига назар солсак, албатта, уларнинг барчаси ёшлигиданоқ Қуръони каримни ёд олганига гувоҳ бўламиз.

Бугун биз Янги Ўзбекистонда муҳтарам Юртбошимиз бошчилигида Учинчи ренессанснинг пойдеворини қўяётган эканмиз, албатта, бу жараёнда фарзандларимизнинг Қуръони каримни ўрганишини таъминлашимиз керак. Шунда яна Бухорийлар, Хоразмийлар, Берунийлар, Навоийлар туғилажак, иншоаллоҳ.

Аллоҳ таоло азиз диёримизни Қуръон нури билан мунаввар айласин, бу буюк хизматга бел боғлаб, хайрли ишларга бош-қош бўлаётган Президентимиз Шавкат Мирзиёевни Ўзининг ҳифзу ҳимоясида асраб, кўзлаган барча эзгу мақсадларига етказсин, ниятларини рўёбга чиқариб, ўйлаганларидан ҳам зиёда натижаларга эриштирсин.

Янги очилган Қуръони карим курслари фаолияти бардавом бўлсин. Бундай нур таратадиган масканлар сони кўпайсин. Бу масканларда таълим олган юртдошларимиз элимизга, Ватанимизга хизмат қилсин.

 

Жасурбек РАУПОВ,

Тошкент вилояти бош имом-хатиби

 

Page 60 sur 637
Top