www.muslimuz
Ҳуррият бу – имкониятлар эшиги
Мустақиллик бу – ҳуррият, озодлик демакдир. Ҳуррият эса инсонга берилган энг зийнатли неъматлардан биридир. Ҳуррият учун курашган, уни кенг тарғиб қилган дин шубҳасиз Исломдир. Бу беъжиз эмас албатта. Чунки ҳурликда ҳуқуқлар кенгаяди, имкониятлар ошади. Инсоннинг қадри, ҳурмати, ўзига бўлган ишончи ортади. Шу сабаб, Ислом дини энг аввало қулдорликка барҳам бериш, кишиларни эркини ўз қўлига қайтариш учун катта тарғибот ишларни бошлади. Бу тарғибот энг аввало илоҳий калом бўлган Қуръони карим оятлари, суюкли пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг таълимотлари билан кишилар онгига сингдирила бошланди. Ҳаттоки, бир инсонни қулликдан озод қилиб, ҳурриятини ўз қўлига қайтаришни ибодат даражасига, ажри ва мукофоти улуғ бўлган амаллар сарасига киритди.
Шариати исломийяда «каффорат» деган атама бор. Яъни, қайси бир мусулмон киши шариат ман қилган баъзи гуноҳ амални содир этиб қўйса, унга жазо сифатида баъзи амаллар вожиб бўлади. Эътиборга молик жиҳати шундаки, аксар гуноҳлар учун каффорат вожиб қилинганда аввалида бир қул озод қилиш зикр қилинади. Қул озод қилишга қодир бўлмаган кишилар учун эса, бошқа амаллар буюрилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўзлари бош бўлиб, бир нечта саҳобаларни қулликдан озод қилганлар. Қолганларни ҳам қул озод қилишга тарғиб қилиб, бу амалнинг ажр-мукофотини билдириб, унга қизиқтирганлар.
Энди, айтмоқчи бўлган мақсадимни баён қилсам. Ислом тарихида бўлган бу қулдорликка қарши курашнинг асл мақсади ҳам, ҳурриятга интилиш, кишиларни мустақил ҳолда яшашига кўмаклашиш эди. Чунки мустамлакачиликнинг хилофи ўлароқ мустақиллик сабаб кишининг дини, эътиқоди, шахсий танлови ҳамда орзулари ушалади. Ҳур одам ўз эътиқоди каби ҳаёт кечиради. Фарзандларини тарбия қилади. Жамият ривожи учун ўз истаги билан ҳисса қўшади. Кимдандир эмас, балки, ягона Роббиси бўлган Аллоҳ таолога тобе бўлиб, у Зот буюрган амалларни бажариб, у Зотнинг қайтариқларидан қайтиб яшайди. Демакки, ҳурлик катта неъматдир.
Бугун бир инсон учун эмас, балки, бутун бир миллат учун ҳурлик ихтиёр қилинган кунга 31 йил тўлмоқда. Дину диёнатидан, эътиқодидан махрум бўлган ҳолда ўзлиги мажбурий унуттирилган бу халқнинг бошига бахт қуши қўнганига ҳам 31 йил бўлибди. 70 йиллик тузум даврида кимларнингдир истак-ҳохиши эвазига яшашга маҳкум бўлган бу халқ мустақиллик сабаб яна ўзлигига қайтмоқда. Аввало, унутилган диний, миллий қадриятлар тикланди. Кейинчалик эса янги янги имкониятлар эшиги очилди. Янги масжидлар, мадраса ва олийгоҳлар фаолиятини бошлади. Ва ҳозирги вақтда ҳам, қатор ислоҳотларнинг кети узилмаяпти. Буларнинг барчаси айнан мустақиллик сабаблидир деб биламан. Балки, кимдир сўзларимдан маддоҳлик сифатини излар. Лекин, дунёга мусулмоннинг нигоҳи билан қараган ҳар қандай киши бу неъматларни эътироф қилмасдан иложи йўқ.
Фурсатдан фойдаланиб, барча Ўзбекистон хақлини байрам билан муборакбод этаман. Мустақиллигимиз, ҳурриятимиз абадий бўлсин. Бу ҳурлигимизга зийнат бўлиб турган тинчлик ва хотиржамликка кўз тегмасин. Роббимиз бу неъматлар сабабли янада кўплаб неъматлари билан бизларни сийласин!
Ёрбек ИСЛОМОВ,
Олмазор туманидаги “Мевазор” жоме масжиди имом ноиби
«ОМИЛХОН ЭШОН» ЖОМЕ МАСЖИДИ ОЧИЛДИ
Хушхабар
Масжид – мўмин-мусулмонларнинг Аллоҳ таолога ибодат қилишлари учун барпо этилган табаррук маскан. Шу боис шариатимизда масжид “Байтуллоҳ”, яъни “Аллоҳнинг уйи” деб аталади. Халқимиз масжидларга алоҳида эҳтиром кўрсатади, Аллоҳнинг уйини ҳар жиҳатдан обод қилишга интилади.
“Тўйга тўёна билан” деганларидек, энг улуғ, энг азиз айём – Мустақиллик байрами арафасида Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманидаги “Омилхон Эшон” жоме масжидининг янги биноси фойдаланишга топширилди.
Қуръони карим тиловати билан бошланган тадбирда Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов, туман ҳокими Ускенбой Атемов, имом-домлалар, маҳалла фаоллари, ҳомийлар иштирок этди.
Аслида, масжидни имони мустаҳкам кишиларгина обод қиладилар. Аллоҳ таоло: «Албатта, Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига имон келтирганлар, намозни тўкис адо этганлар, закотни берганлар ва Аллоҳдан бошқадан қўрқмаганларгина обод қилурлар. Ажаб эмаски, ана ўшалар ҳидоят топгувчилардан бўлсалар» (Тавба сураси, 18-оят), деб марҳамат қилган.
Муфассирларнинг таъкидлашича, ободлик икки турдан иборат: ҳиссий – уни қуриш, тузатиш, тозалаш, таъмирлаш, вайрон этишдан сақлаб қолиш; маънавий – намоз ўқиш, зикрда бўлиш, дуо қилиш, улуғлаш ва ибодат учун қатнашдан иборат.
Ҳадиси шарифларда ҳам масжиднинг ободлигига ҳисса қўшган кишиларга улуғ ажрлар ваъда қилинган. Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Aгaр бирoв мaсжидни тaъмирлaётгaнини кўрcaнгиз, унинг мўминлигигa гувoҳ бўлинг. Чунки Аллоҳ таоло: “Аллоҳгa вa oхирaт кунигa имoн кeлтиргaн кимcaлaр мacжидлaрни oбoд қилaди”, – дeгaн», дедилар (Имом Термизий ривояти).
Дарҳақиқат, бугун юртимизда масжидларни ҳар жиҳатдан обод қилаётган азизларимиз чинакам Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган, динимиз аҳкомларини тўлиқ бажараётган солиҳ кишилардир. Уларнинг ҳар биридан Аллоҳ рози бўлсин.
“Омилхон Эшон” жоме масжиди бир асрдан зиёдроқ тарихга эга. Масжид 1900 йили қурилиши бошланиб, 1902 йил битказилган. 1992 йил бу жоме ёниб кетган ва 1993 йил қайтадан ҳашар йўли билан барпо этилган. Эски масжиднинг биноси сиғими 200–250 киши эди.
Мўмин-мусулмонлар сафи кенгайиши туфайли масжидни қайтадан қуришга 2019 йил киришилди. Уч йил давомида ҳудудда гўзал масжид қад ростлади. Янги масжидда бир вақтнинг ўзида 600 киши бемалол ибодатлари адо эта олади. Янги жомега монанд тарзда барпо этилган таҳоратхонада ҳам зарур барча шароитлар муҳайё.
Аллоҳ таоло янги масжидни мўмин-мусулмонларга муборак қилсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
V Ислом бирдамлик ўйинлари бўлиб ўтмоқда
Шу йилнинг 9–18 август кунлари Туркиянинг Кўнё вилоятида V Ислом бирдамлик ўйинлари ўтказилмоқда. Бу мусобақа коронавирус пандемияси туфайли муддатидан бир йил сўнг ташкил этилди.
Мусобақа Ислом бирдамлиги спорт федерацияси ҳамда Ислом ҳамкорлик ташкилоти ҳамкорлигида ташкил этилди, деб ёзади “Анадўлу” ахборот агентлиги.
Унда дунёнинг 56 мамлакатидан 4 мингдан зиёд спортчи 24 спорт тури бўйича жами 355 та медални қўлга киритиш учун беллашмоқда. Мазкур Ислом бирдамлик ўйинларининг сўнгги кунларига келиб Ўзбекистон медаллар жамғаришда Туркиядан кейин 2-ўринга кўтарилиб олди.
15 август кунги баҳслар якунига кўра, мамлакатимиз спортчилари қўлга киритган олтинлар 40 та, кумушлар 28 та ҳамда бронзалар 44 та, жами медаллар сони 112 та.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
“Ватанни севмоқ иймондандир” мавзусида давра суҳбатлари ўтказилмоқда
Айни кунда республикамиздаги барча ташкилоту идораларида “Ватанпарварлик ойлиги” доирасида турли учрашувлар, тадбирлар бўлиб ўтмоқда. Ана шундай учрашувлардан бири 16 август куни Тошкент шаҳар ИИББ ЖТСБ Патруль-пост хизмати бригадасида ўтказилди. “Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш - олий бурчимиз” шиори остида “Ватанни севмоқ иймондандир” мавзусида ташкил этилган давра суҳбатида ички ишлар ходимлари ва пойтахтимизнинг “Новза” жомеъ масжиди имом хатиби Жалолиддин Хамроқулов иштирок этди.
Ватанпарварлик дарсида Жалолиддин Хамроқулов йиғилганларга динимизда Ватанга бўлган муносабат ҳақида сўз юритиб, Ислом дини аввало, инсонни ўзи туғилиб ўсган она заминига муҳаббатли ва садоқатли бўлишига чақириб, сўнгра бутун дунё ва башариятга яхшилик қилишга ундашини таъкидладилар. Шунингдек, мусулмон киши ватанини севиши, унинг иқболи учун ҳаракат қилиши лозимлигини қайд этиб, ватанпарварлик ҳақидаги ояту ҳадисларни ўқиб бердилар.
Таъсирли маърузадан сўнг Жалолиддин домла иштирокчиларнинг мавзу доирасидаги барча саволларига жавоб берди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Саудия Арабистонида “Ўзбекистон – мутафаккирлар мамлакати. Имом Бухорий Ватанига саёҳат” номли китоб нашрдан чиқди
Китоб арабистонлик таниқли журналист, ёзувчи, аждодлари асли Фарғона водийсининг Қўқон шаҳридан бўлган Абдулазиз Муҳаммадамин Қосим томонидан ёзилган.
У 2019 йил ноябрь-декабрь ойларида ота-боболари юрти – Ўзбекистонга сафар қилиб, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлган, миллий урф-одатлар билан яқиндан танишиб, муқаддас қадамжоларни зиёрат қилган.
Бунинг натижасида Ўзбекистоннинг тарихи, иқтисодиёти, жўғрофий жойлашуви, этнографияси, миллий ўзига хослиги ва миллатлараро муносабатлари, халқаро алоқалари, ўзбек халқининг маданияти, урф-одат ва анъаналари атрофлича ёритилган асар дунёга келди. Муаллиф мамлакатимизнинг замонавий тараққиёти, унда ҳукм сураётган тинчлик ва тотувлик муҳити, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган тинчликпарварлик ва умуминсоний қадриятларга асосланган ташқи ва ички сиёсат, Ўзбекистонда ҳаётга татбиқ этилаётган кенг кўламли ислоҳотларни атрофлича қаламга олган. Ҳар бир бўлим буюк ва машҳур мутафаккирлар, шоирлар, ёзувчилар, журналистлар, жамоат арбоблари ижодидан иқтибослар билан якунланади. Китоб саҳифаларидан Қуръон оятлари ва ҳадислар ҳам ўрин олган.
Муаллиф жаҳон цивилизацияси, жумладан, Ислом олами ривожига беқиёс ҳисса қўшган улуғ аждодларимиз ҳаётини атрофлича тасвирлаб берган.
“Китобни ўқир экансиз, жаҳонга Ислом цивилизациясининг қатор аллома ва намояндаларини тақдим этган, тарихда ўчмас из қолдирган, адоғи йўқ муваффақиятларга эришган, тарихи бугунги кунга қадар муҳрланиб қолган кўҳна бир халқнинг буюк тарихига шоҳид бўласиз. Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, биз бу улуғ юртда яшаб ижод қилган, шуҳрати олис-олис уфқларни забт этган алломалардан айримларининг номларини, афсуски, ҳанузгача эшитмаган эканмиз, ҳолбуки Ғарбда бу сиймоларга катта қизиқиш билан қарашмоқда, инсоният маданияти ривожига уларнинг қўшган ҳиссаси ҳамда илм-фан тараққиётига хизмат қилувчи ихтиро ва асарлари эътирофи ўлароқ, юлдуз ва сайёралар уларнинг исми билан аталмоқда”, деб ёзади муаллиф.
Шу билан бирга, китобда мамлакатимиз тарихи, Ўзбекистоннинг мустақил тараққиёти йўлида эришилган муваффақиятларига оид муҳим маълумотлар келтирилган.
Муаллиф ўтган аср бошларида катта қийинчиликлар билан бир қанча давлатлар орқали Подшоҳликка келиб, жойлашиб қолган, анъанавий равишда “Бухороликлар” деб аталадиган ватандошларимизнинг бугунги авлодлари ҳақида ҳам сўз юритган.
Абдулазиз Муҳаммадамин Қосим ўз таассуротлари ва ҳикояларини сарҳисоб қилар экан, Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги сиёсий-иқтисодий муносабатларнинг замонавий ривожи, икки давлатнинг турли йўналишлардаги, жумладан, диний-маърифий соҳадаги ҳамкорлиги, ўзбекистонликларнинг Ҳаж ва Умра зиёратлари амалларини бажариш учун яратилган янги имкониятлар ҳақида ҳам тўхталган.
“Хотима ўрнида шуни ишонч билан айтаманки, Ўзбекистонга уюштирган сафарларим давомида бу юртда кўрганларим мен учун Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда тутган мавқеи, элининг ҳиммати, ақл-заковати ва улуғвор ўтмиши туфайли илдамлаб бораётган, яқин келажакда улкан шаъну шавкатга сазовор давлат даражасига қадар юксалишини бот-бот таъкидлашим учун асос бўлади”, деб ёзади Абдулазиз Муҳаммадамин Қосим.
Бир сўз билан айтганда, ушбу китоб Саудия Арабистонидаги йирик ўзбек диаспораси вакилларига ўз аждодлари Ватанининг тарихи ва замонавий ҳаёти билан яқиндан танишиш имкониятини беради. Шунингдек, Ўзбекистон ва Саудия Арабистони халқлари ўртасидаги биродарлик, дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини янада ривожлантиришга хизмат қилади.
ЎзА