www.muslimuz
Ўзбeкистонлик ҳожиларга яратилган шарт-шароитга бутун дунё мусулмонлари ҳавас қилди
Президент Шавкат Мирзиёевнинг
Ўзбекистон халқига Қурбон ҳайити табригидан.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Ҳаж мавсуми — улуғ амаллар адо этиладиган, олий мақсадлар, эзгу ниятлар ушалиши сўраладиган, дуо-тилаклар ижобат бўладиган палла. Шу боис, ҳар бир мўмин-мусулмон киши умри давомида бир марта бўлса-да, Каъбатуллоҳни тавоф қилишни, Арафотда туришни, Сафо ва Марва тепаликларида саъй қилишни орзу этади. Зотан, ҳаж инсон ҳаётини яхшиликлар сари тубдан ўзгартирадиган, бир сўз билан айтганда, Жаннат мукофоти ваъда қилинган буюк ибодатдир.
Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мабрур ҳажнинг мукофоти фақат жаннатдир”, “Ким Аллоҳ учун ҳаж қилиб, фаҳш сўз айтмаса ва фисқу фасод қилмаса, худди онасидан янги туғилгандек бўлиб қайтади”, деб марҳамат қилганлар. Демак, гўзал одоб, чиройли хулқ ва чин ихлос ила қилинган ҳажнинг мукофоти жаннатдир.
Табиийки, ана шундай буюк ибодатни адо этиш учун юртимиз мўмин-мусулмонларига давлатимиз томонидан яратиб берилаётган шарт-шароитларни, бу борада амалга оширилаётган улкан ислоҳотларни эътироф этиш зарур.
Кейинги йилларда Ҳаж ва Умра сафарларини юқори даражада ташкил этишга катта эътибор қаратилмоқда. Натижада юртимиздан умрага чекланмаган миқдорда зиёратчилар юборилди ва ҳаж қилувчилар сони 2016-йилда 5200 нафар, 2017-йилда 7200 нафарни ташкил этган бўлса, бу йил 12 минг нафардан ошди.
Бутун дунёда кузатилган пандемия туфайли икки йил ҳаж ибодати адо этилмади. Ўтган давр мобайнида давлатимиз раҳбари илгари сурган “Инсон қадри учун” тамойили асосида зиёратчиларимизга янада мукаммал шароитлар яратиш бўйича пишиқ-пухта ишлар қилинди. Ҳаж зиёратини адо этиш учун йўлга чиққан юртдошларимизни кузатишдан тортиб, то кутиб олишгача бўлган жарайонларнинг барчаси юқори даражада ташкил этилди. Бу эса ҳожилар кайфиятига кўтаринкилик, шижоатига жўшқинлик ва рисоладагидек ибодат қилишлари учун куч бағишлади.
Бу йилги ҳаж мавсумида ўзбекистонлик ҳожилар учун яратилган шарт-шароитларга бутун дунё мусулмонларининг ҳаваси келди. Гап шундаки, юртдошларимиз учун барча имкониятлар ишга солинган, ҳаммаси ҳожилар манфаатига хизмат қиладиган, барча шароит яратилган жойларда ибодат қилишди.
Давлатимиз раҳбари илгари сурган инсон қадри ва манфаатлари ҳар нарсадан устунлиги тамойилининг амалдаги ифодасини фуқароларимиз бу муборак заминда ҳам ҳис этдилар.
Мадинаи мунаввара зиёрати
Ҳожиларимиз ибодатларини хотиржам бажаришлари учун Мадинаи мунавварада барча қулайликларга эга беш юлдузли “Замзам Пуллман” ва “Cроwн Плаза” меҳмонхоналари ўзбекистонликлар хизматида бўлди. Ушбу турар жой мажмуаларининг Масжиду Набавийнинг шундоққина ёнгинасида жойлашгани юртдошларимизнинг намоз ва зиёратларни кўпроқ адо этишига имкон берди. Ушбу меҳмонхоналарда уч маҳал иссиқ таомдан тортиб, 24 соат узлуксиз тиббий пунктларгача барча шароитлар муҳайё қилинди.
Одатга кўра, ҳамюртларимиз зиёратни Мадина шаҳридан бошладилар. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки ушбу муборак кент ислом оламининг маркази, пайғамбарлик ери, ваҳий манзили сифатида алоҳида қадрланади. Шу боис, дунё мусулмонлари табаррук зиёратгоҳларни ўз бағрига олган, кўплаб оятлар нозил бўлган мазкур шаҳар томон талпинадилар.
Юртдошларимиз дастлабки уч кун давомида Пайғамбар алайҳиссалом равзаларини зиёрат қилиб, Уҳуд тоғи, ислом оламида биринчи қурилган масжид — Қубода, кейин эса Қиблатайнда бўлдилар. Асосий вақтларини эса Расул алайҳиссаломнинг муборак Масжид ан-Набавийида тоат-ибодатда ўтказдилар.
Буюк ибодат
Мадинаи мунаввара зиёратини тамомлаган ҳамюртларимиз Макка шаҳрида иззат-икром ила кутиб олинди. Икки шаҳарнинг ораси 460 километрни ташкил этади. Ушбу масофа автобусда ўртача тезликда 5-6 соатда босиб ўтилади. Тилидан “лаб-байка” тушмаган йўловчилар муборак шаҳарга оҳисталик ила кириб келдилар.
Зиёратчиларимиз 25 қаватли, шаҳар кафтдек кўриниб турадиган, барча шарт-шароитларга эга “Аброж ал-Ҳидоя”да жойлашдилар. Меҳмонхонанинг кираверишидаги “Ўзбекистон” ёзуви ва давлатимиз байроғи ҳар бир ўзбекистонлик ҳожига ўзгача ғурурбағишлади.
Каъбатуллоҳга 24 соат давомида узлуксиз автобус қатнови қўйилгани ҳожиларга кўп бор Байтуллоҳга бориш учун имкон берди. Ватандошларимиз шу аснода зулҳижжа ойининг саккизинчи кунида ҳаж амалларини бажаришга киришиб, оппоқ эҳромларини боғлаган ҳолда “лаббайка” айтиб, Мино водийси томон йўл олдилар. Ният билан эҳромга кириш, Арафотда туриш ва Байтуллоҳни тавоф қилиш ҳажнинг фарзлари саналади.
Бу йил Мино водийсида ўзбекистонлик ҳожилар учун шинам чодирлар ажратилди. Кенг ва текис ҳудудда қад кўтарган чодирлар ҳар йилгидан фарқли равишда юмшоқ ўринлар, ёстиқ-чойшаблар, махсус совиткичлар билан жиҳозланди. Озода, саранжом-саришта ушбу масканда салқин ичимликлар ҳозирланди ва самоварларда чой қайнаб турди. Таомлар эса уч маҳал ҳар бир чодирга етказиб берилди. Аллоҳга шукрки, Арафот ва Муздалифа водийларида ҳам кенг ва қулай жойлар ҳозирлашга эришилди.
Юртимиз зиёратчилари арафа куни эрта тонгдан ҳажнинг яна бир фарзини бажариш мақсадида Арафот томон йўл олдилар. Ҳадисларда келтирилишича, Арафот энг улуғ манзиллардан бири. Бу ерда қилинган дуолар шак-шубҳасиз қабул бўлади. Буни яхши англаган ҳожилар ҳар дамни ғанимат билиб, ундан оқилона фойдаланишга интилдилар.
Ислом манбаларида Арафот дуолар қабул ва ниятлар ижобат бўладиган улуғ макон экани баён этилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дуоларнинг энг яхшиси Арафотда қилинган дуодир”, деб хушхабар берганлар (Имом Термизий ривояти).
Ҳақ таоло ушбу табаррук жойда илтижо қилаётган бандалари ила фахрланади ва сўраганларини ато этади. Шундоқ муродбахш кунларда инсонлар ота-онаси, қариндоши, дўсту биродари ва бутун мусулмонлар ҳақига дуо қилишга бор куч-қувватларини сарф этадилар.
Юртдошларимиз бу йил ҳажи акбар бўлишини эшитиб, ибодатда янада собит турдилар. Ҳажи акбар — энг улуғ ҳаж, катта ҳаж маъносини англатади. Мўтабар китобларимизда бу ҳажнинг ажри ва фазилати катта экани, хусусан, 70 та ҳожининг савоби берилиши айтилган.
Ҳожиларимиз Арафот водийсига чиққанларида Аллоҳдан, аввало, ўзларининг гуноҳларини мағфират қилишни, дилларига тугиб қўйган ниятларини, юртимизни самовий, арозий балолардан сақлашини сўраб, чин дилдан дуолар қилишди.
Арафот водийсида Президентимизнинг Ўзбекистон халқига Қурбон ҳайити байрами муносабати билан йўллаган табригини эшитиб, ҳожиларимизнинг қувончлари чексиз, кайфиятлари ниҳоятда чоғ бўлди. Зеро, табрикни юртда эшитиш бошқа, мусофирчиликда, узоқ жойлардан туриб эшитиш бошқа экан. Табрикни Муҳаммад алайҳиссалом туғилиб ўсган, Қуръони карим нозил бўлган улуғ жойларда эшитиш инсонга ўзгача руҳ бахшида этаркан. Ҳожиларимизнинг қайси бири билан гаплашманг, мамнунликларини ифода қилди. Давлатимиз раҳбарининг юртимиз мўмин-мусулмонларига кўрсатаётган бундай юксак эътибори ва эҳтироми ҳожиларимизни руҳлантириб юборди.
Ҳожиларимиз Арафот водийсида кун ботгунга қадар дуо-ю тазарруларда бўлиб, Муздалифа водийси томон йўл олдилар. Улар Қурбон ҳайитининг учинчи кунига қадар муборак жойларда тоат-ибодатда бардавом бўлдилар, ҳажнинг шайтонга тош отиш, тавофи ифоза каби қолган рукнларини ҳам адо этдилар.
Аллоҳнинг меҳмонларига хизмат қилиш — катта шараф
Ҳаж қилувчи киши Аллоҳ таолонинг меҳмонидир. Ҳаж амалини бажараётган кишига кўмак берган, унинг оғирини енгил қилган инсон улуғ савобларга ноил бўлиши ҳақида кўплаб далиллар бор. Шу маънода, “Ҳаж — 2022” ташкилотчилари ва ишчи гуруҳ аъзолари ана шундай улуғ даражаларни мақсад қилиб, Раҳмоннинг меҳмонларига Ўзи рози бўладиган даражада сидқидилдан хизмат этишга ҳаракат қилдилар. Хусусан, “Ҳаж — 2022” делегацияси, ишчи гуруҳлар, элликбошилар доимо уларнинг ёнида, шифокорлар соғлиқларидан хабардор бўлиб турди. Ошпазлар эса ибодатга қувват бўладиган тансиқ миллий таомлардан тайёрлаб берди.
Уламоларимиз, аҳли илмларимиз ва элликбошилар зиёратчилар билан доимий суҳбатлар ўтказиб, ибодатларини чиройли адо этишларига яқиндан кўмакчи бўлдилар.Ҳожиларга сифатли транспорт хизматларикўрсатиш, уларни белгиланган манзилгакечиктирмасдан етказиб қўйиш мақсадида кўплаб автобуслар ҳам жалб этилди. Бизнинг бош мақсадимиз зиёратчиларнинг ҳар бир қадамини осонлаштириб, кўп вақтини ибодатга сарфлаш эди ва бунга Аллоҳ муваффақ қилди.
Эътироф...
Аллоҳ назари тушган муқаддас манзил — Маккага ҳар йили зиёратчилар оқиб келади. Бир хил либос, бир мақомдаги инсонларга муносабат ҳам бир хил. Аммо биз, ўзбекистонликлар нафақат маҳаллий аҳоли, балки хорижликларнинг ҳам ўзгача меҳрини ҳар қадамда туйдик. Бинобарин, мусулмон оламида улуғ муҳаддис Имом Бухорий авлодларининг ҳурмати баланд бўлиб, уларга ўзгача ҳавас билан қарашади, алоҳида иззат-икром кўрсатилади. Ана шундай кезда улуғ муҳаддис ва алломаларга бешик бўлган замин фарзанди эканингдан фахрланиб кетаркансан.
Ўзбекистонданлигимизни билганлар дарҳол ёнига чорлаб, жой беради. Улуғ алломалар етишиб чиққан юртимизга бориш, Имом Бухорий мангу қўним топган манзилни зиёрат қилиш истагини айтади. Демак, Ўзбекистон яқин келажакда мусулмон дунёсининг диққат марказидаги мўтабар манзилга айланиши шубҳасиз.
Юртимиз ҳожилари ислом динининг бешинчи фарзини бажариш чоғида давлатимизнинг кўмагини, беқиёс ғамхўрлигини ҳис қилиб турдилар. Зотан, тараққиётимизнинг янги даврида динимиз арконларини адо этиш учун барча шарт-шароитлар ҳозирланмоқда. Пировардида, ҳожиларимиз тартиб, одоб жиҳатидан, амалларни бажариш бўйича ҳам кўпчиликка ибрат бўлдилар.
Саудия Арабистонининг етакчи ОАВлари — “Ҳарамаин Арчивес”, “Ҳарамаин сервант”, “Алриядҳ” ва “Иқра” кабилар ўзбекистонлик зиёратчилар ҳақида кўп бор лавҳалар намойиш этди. Уларда ҳожиларнинг ҳусни хулқи, ўзларини тутишларига алоҳида тўхталинар экан, улар муносиб иззат-икром қилингани юқори баҳоланди. Бу Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг муносиб эътирофи бўлди, десак айни ҳақиқат.
Буларнинг барчаси одамларни рози қилиш йўлида олиб борилаётган хайрли ишлар мевасидир. Аҳолиси рози юртга Яратган ҳам неъматларини ёғдиради, иншааллоҳ.
Ҳожилик — ибрат мактаби
Ҳаж қилган кишининг юзида нур пайдо бўлади. Ҳаёти фаровон ва осуда, яхши ишларга рағбати ошади. Шундай қилиб, юртдошларимиз ҳаж ибодатининг барча рукнларини бажариб бўлдилар. Зиёратчилар сафар якунида тавофи видони бажариб, жорий йилнинг 14-июлидан 4-августига қадар навбатма-навбат она Ватанга қайтиб келдилар.
Табаррук жойларда гуноҳдан пок бўлиб, юртимизга соғ-омон қайтган ватандошларимиз ибратли фазилатлари, жамият ҳаётидаги фаол иштироки билан барчага намуна бўлиб, ўсиб келаётган ёш авлодни ватанпарвар, маънавиятли, маърифатли, ота-онасига, юртига хизмат қиладиган содиқ, солиҳ фарзандлар бўлишига ўз ҳиссаларини қўшадилар. Ёрдамга муҳтож кишилар, камбағаллар, мискин ва фақирларнинг ҳолидан хабардор бўлишга кўпроқ ҳисса қўшишга ҳаракат қиладилар.
Ҳақ таоло ҳамюртларимиз ҳажларини мабрур, дуоларини мустажоб айласин. Юртимизни офат-кулфатлардан ўзи асрасин. Ўзбекистонимизнинг дунё майдонида номи ва ўрни бундан-да сарбаланд бўлсин!
Дил изҳорлари
Музаффар ЭШМУРОДОВ,
Навоий вилояти:
— Аллоҳга беҳисоб ҳамду санолар бўлсинки, ҳажи акбар бўлишдек улуғ мақом бизга насиб этди. Бу учун, аввало, Яратганга шукроналар айтамиз ва бу йилги ҳаж мавсумини ташкиллаштирган барча мутасаддиларга миннатдорлик билдирамиз. Чунки сафар чоғида юртдошларимизга хизмат кўрсатиш учун катта тайёргарликкўрилгани шундоқ сезилди. Ҳатто бошқа мамлакат фуқаролари бизга ҳавас билан қаради.
Барча қулайликларга эга меҳмонхонада яшаб, масжидда жамоа бўлиб намоз ўқишимиз, Масжидул Ҳарамда ибодат қилмоқчи бўлсак, тун-у кун автобуслар қатнови ташкил этилгани ҳукуматимиз кўмаги, республика раҳбарияти ғамхўрлиги деб Ҳақ таолога шукроналар айтдик. Албатта, бундай қулайликлар ибодатларни мукаммал адо этишга омил бўлди.
Қайд этиш жоизки, Ҳаж ва Умра амалларини бажаришдан тортиб, муборак жойларда киши ўзини қандай тутишигача бўлган барча амаллар гуруҳ раҳбарлари томонидан доимий тарзда ўргатилди. Тақдим этилган “Ҳаж — буюк ибодат” китобида амаллар бажарилиши жарайонида ўқиладиган дуолар, уларнинг талаффузидан тортиб, мазмун-моҳиятигача тушунтирилган.
Бундай сидқидилдан қилинган меҳнат зиёратлар, ибодатларни рисоладагидек бажариб хотиржам бўлишга замин ҳосил қилди. Меҳрибон Аллоҳ таоло ибодатларимизни қабул айлаб, ҳожиларимизнинг ҳажини мабрур айлаган бўлсин!
Дилафрўз ЭГАМБEРДИЕВА,
Наманган вилояти:
— Биз яқин бир ой давомида Саудия Арабистонининг муқаддас икки шаҳри — Мадина ва Маккада бўлиб, исломнинг бешинчи арконини юксак савияда адо этдик. Минг карра шукр! Табаррук масканлар, улуғ зиёратгоҳларда Ўзбекистонимизга тинчлик ва офият, Президентимиз томонидан олиб борилаётган хайрли ва савобли ишларга юксак марралар, халқимизга эса омонлик тилаб, дуо қилдик.
Албатта, бундай муборак жойларда бўлиш ҳар кимга ҳам насиб этавермайди. Буни яхши англаган юртдошларимиз ҳар дамни ғанимат билиб, ҳар сониядан унумли фойдаланиш ҳаракатида бўлиб, ҳаж амалларини мукаммал адо этишга интилдилар. Уларнинг ибодатларини Аллоҳ ўз даргоҳида қабул айлаган бўлсин.
Нуриддин домла ХОЛИҚНАЗАРОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий.
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси 2022-йил 6-август, 159-сон.
Муфтий ҳазратлари жума мавъизасида омонатдорлик ҳақида суҳбат қилдилар (фотолавҳа)
Ҳадис илми мактабида ижодий имтиҳонлар бошланди
Бугун, 3 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Ҳадис илми мактаби 2022-2023 ўқув йили учун қабул имтиҳонлари бошланди.
Қабул имтиҳонлари очилиш маросимида Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Даврон Мақсудов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилояти вакили Зайниддин Эшонқуловлар иштирок этди.
Абитуриентлар бугун “Араб тили” ва “Ҳадис ва мусталаҳул ҳадис” фанларидан ижодий имтиҳон топширади.
Қабул жараёнларини юқори савияда ташкил этиш, имтиҳонларни шаффоф, очиқ ва ошкора ўтказилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Тошкент ислом институтининг тажрибали педагог-ўқитувчилари, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Олий ва ўрта таълим вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлигининг масъул ходимлари жалб қилинган.
Қабул жараёнлари оммавий ахборот воситалари томонидан ёритиб борилмоқда ҳамда Ҳадис илми мактабининг интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларида онлайн тарзда узатиб борилмоқда.
Маълумот учун, қабул жараёнларининг “Ўзбекистон тарихи” фани бўйича тест синовлари 2022 йил 4 август куни бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Ҳадис илми мактаби Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги
2018 йил 21 апрелдаги ПФ-5416-сон Фармони ижроси бўйича ташкил этилган. Таълим муассасасига 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб “Ҳадисшунослик” йўналиши бўйича талабалар қабул қилиб келинмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Хушхабар: Муфтий ҳазратлари "Усмон ота" масжидининг янги биносини очиб бердилар
Олдинлари республикамиз бўйлаб сайру саёҳатга ёки сафарга чиқилса, мўмин-мусулмонларни бир масала – намозни қазо қилиб қўймаслик муаммоси ўйлантирар эди. Чунки масжидларнинг ораси узоқ, борлари ҳам катта йўл бўйидан олисда, таҳоратхоналар талабга жавоб бермас эди.
Бугун, алҳамдулиллаҳ, қай томонга юрсангиз, олисдан чиройли гумбазли ёки минорали масжидларга кўзингиз тушади. Намоз вақти кириши билан бемалол жомеларда ибодатларни адо этишингиз мумкин.
Бугун, 2022 йил 2 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари ҳамда Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманидаги “Усмон ота” жоме масжидининг янги биноси очилиш маросимида иштирок этди.
Маҳалла фаоллари, имом-хатиблар, нуронийлар, жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этган тадбирда муфтий ҳазратлари пешин намозидан сўнг жамоатга гўзал мавъиза қилиб бердилар.
– Туманимизда масжидлар кўп. Шулардан “Усмон ота” жомеси қадимийларидан, – дейди Ўрта Чирчиқ тумани бош имом-хатиби Жамолиддин домла Туронов. – Бу маърифат маскани ўз тарихи давомида тўрт марта қайта қурилган. Маҳаллий аҳолининг маълумотларига кўра, 1930 йилларга қадар ҳозирги ҳудуд атрофида карвон йўли бўлиб, кўплаб йўловчилар шу масжидда ибодат қилишган.
Масжиднинг “Усмон ота” деб аталишига сабаб шуки, қадимда ушбу масканда Усмон ота деган авлиё киши яшаб, ҳудуднинг обод бўлишига жуда катта ҳисса қўшган.
Масжид “Аранчи”, “Ёмғирчи”, “Оққутай”, “Кучлик” ва Усмон ота номидаги маҳалларнинг 12 мингдан зиёд аҳолисига хизмат қилади.
Уч юз кишилик эски масжид биноси намозхонларга торлик қилиб қолган эди. Шуни инобатга олиб, раҳбарият розилиги билан масжиднинг янги биносини қуришга 2020 йил март ойида киришилган эди. Икки йилда ҳудудда гўзал жоме барпо этилди.
Янги масжид ертўласи билан қўшиб ҳисоблаганда икки қават бўлиб, бу ерда бир вақтнинг ўзида 2 минг киши намоз ўқиши мумкин. Жоменинг 50 метрлик минораси йўловчилар учун маёқ вазифасини ўтайди. Кутубхона, маъмурият хоналари эса намозхонлар ва меҳмонларнинг маънавиятини ва маърифатини юксалтиришга хизмат қилади.
Янги масжидга мос тарзда 30 кишига мўлжалланган замонавий таҳоратхона ҳам фойдаланишга топширилди.
Аллоҳ таоло янги масжиднинг ҳар жиҳатдан обод бўлишини насиб этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Тошкент вилояти вакиллиги матбуот хизмати
Ҳижрий 1444-йил муборак!
Ислом тақвими ўн икки ойдан иборат. Аммо биз бу ойларнинг баъзилари ҳақидагина маълумот биламиз, холос. Аксарият одамлар Рамазон ойида рўза тутишни, Зулҳижжада эса қурбонлик қилишни билади. Лекин муҳаррам ойи гўёки унчалик машҳур эмасдек. Ваҳоланки, ҳадиси шарифларда бу ой – Аллоҳ таолонинг ойи деб аталади, бошқа ҳеч бир ойга бундай шараф берилмаган.
Муҳаррам ойи мусулмонлар учун ҳам диний, ҳам тарихий аҳамиятга эга. Бу ой Аллоҳ таоло томонидан нафақат муқаддас деб белгилаб қўйилган, балки Ислом тақвимининг биринчи ойи бўлиб, мусулмонлар бу ойда Мадинага ҳижрат қилганлар.
Ҳазрат Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: "Ё Аллоҳнинг Расули, Рамазондан кейин қайси ойда рўза тутишимга буюрасиз", деб сўради. Шунда у зот алайҳиссалом: "Агар Рамазондан кейин рўза тутмоқчи бўлсанг, муҳаррам ойида тутгин. Чунки у Аллоҳнинг ойидир, унда бир қавмнинг тавбасини қабул қилган яна бошқа қавмларнинг ҳам тавбасини қилади", деб жавоб бердилар (Имом Термизий ривояти).
Муҳаррам қандай ой?
Муҳаррам ойи Ислом тақвимининг биринчи ойи бўлиб, янги йил бошланишини англатади. Муҳаррам ойи уруш ҳаром қилинган тўрт ойдан бири саналади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло: “Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида ойларнинг сони Аллоҳнинг осмонлару ерни яратган куни ўн икки ой қилиб белгиланган. Улардан тўрттаси (уруш қилиш) ҳаром (ойлар)дир. Мана шу тўғри диндир. У(ой)ларда ўзингизга зулм қилманг” деб марҳамат қилган (Тавба сураси, 36-оят).
Муҳаррам ойининг асосий саналари:
- 1-Муҳаррам: Исломий янги йил.
- 9-Муҳаррам: Ашуро куни учун қўшимча тавсия этилган рўза тутиш куни.
- 10-Муҳаррам: Ашуро куни.
- 11-Муҳаррам: Агар 9 кунни ўтказиб юборганлар учун қўшимча тавсия этилган рўза тутиш куни.
Муҳаррам ойи қачон кириб келади?
Муҳаррам ойининг биринчи куни 2022 йилда 30 июлдан бошланади.
Муҳаррамнинг аҳамияти нимада?
Муҳаррам кўплаб диний ва тарихий сабабларга кўра йилнинг энг муҳим вақтларидан биридир:
- Бу уруш ҳаром қилинган ой бўлиб, йил ойлари орасидаги аҳамияти юқорилиги учун Аллоҳ таолонинг ойи деб аталади.
- Бу мусулмонларнинг Мадинага ҳижрат қилганларини ва Ислом янги йилининг бошланишини англатади.
- Бу ойда мусулмонлар катта ажрга эга бўладиган рўза тутишга даъват этилган Ашуро куни бор.
Ашуро кунининг рўзаси
Муҳаррам ойининг 10 куни – Ашуро куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларни рўза тутишга даъват этганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу шундай яхши кундирки, бу кунда Аллоҳ Бани Исроилни душманларидан қутқарган. Шу боис Мусо алайҳиссалом бу кунда рўза тутган. Мен Мусога кўпроқ (яқин бўлишга) ҳақлироқман”, дедилар ва у кунда рўза тутиб, одамларни ҳам унинг рўзасини тутишга буюрдилар (Имом Бухорий ривояти).
Муҳаррам ойининг 9 куни рўза тутиш
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўзасини тутиб, бошқаларни ҳам унинг рўзасини тутишга буюрганларида, саҳобалар: "Ё Аллоҳнинг Расули, ахир, бу – яҳудийлар ва насронийлар улуғлайдиган кун-ку?", дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Агар келаси йили бўлса, албатта, тўққизинчи куни ҳам рўза тутамиз", дедилар (Имом Муслим ривояти).
Уламоларимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ниятларига эътиборан, Ашуро кунига қўшиб бир кун олдинги ёки бир кун кейинги кунда ҳам рўза тутмоқ афзал дейдилар.
Ашуро куни аҳли-аёлга кенгчилик қилиш, бир йиллик кенгчиликка сабаб бўлади.
Абу Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Ашуро куни аҳли аёлига кенглик яратса, Аллоҳ унга йил бўйи кенглик яратади”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
Суфён ибн Уяйна раҳматуллоҳи алайҳ: “Бу ҳадисни олтмиш йил тажриба қилдим ва фақатгина яхшилик кўрдим”, деганлар.
Аллоҳ таоло ушбу ойнинг фазилатларидан барча мўмин-мусулмонларни тўлиқ баҳраманд этсин. Ўзининг розилигини топадиган амалларда бардавом қилсин.
Даврон НУРМУҲАММАД