muslim.uz
Тезкор хабар: Ҳаж-2020 мавсуми ҳақида
Саудия Арабистони Ҳаж ва Умра ишлари вазирлиги, бу йилги Ҳаж мавсумини фақат Саудия Арабистони ичида бўлиб турган фуқаролардан иборат зиёратчилар учун чекланган миқдорда ташкил этиши ҳақида қарор қабул қилди. Хорижий мамлакатлардан зиёратчилар қабул қилинмайди.
Дин ишлари бўйича қўмита
Матбуот хизмати
«Жамиятда диний бағрикeнгликни сингдиришда исломнинг тутган йўли»
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
(Мозийга назар)
“Роббингнинг йўлига ҳикмат ва яхши мавъиза ила даъват қил. Ва улар ила гўзал услубда мунозара қил”, деган Аллоҳ таолога ҳамд-саноларимиз. “Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматли бўлганингиз, Ундан энг кўп қўрқадиганингиздир”, дея инсонларга илоҳий мезонни кўрсатиб берган Пайғамбаримиз Муҳаммадга, дуруд-саловатларимиз. Аллоҳ ва Расули йўлига оғишмасдан амал қилиб келган ва қиёматгача келадиган барча инсонларга, Аллоҳ таолонинг раҳмати бўлсин!
Бугунги ҳар бир соҳада ишлар шиддат билан ривожланиб кетаётган даврда, динимизга тегишли бўлган, юзага келган савол ва ҳолатларга тезкор, асосли жавоблар бериш, диний ходимларимиз ва уламоларимиз зиммаларидаги шарафли ва масъулиятли вазифага айланиб бормоқда. Дунёда ахборот алмашуви шу даражада тезлашдики, бу борада масофанинг аҳамияти қолмади. Ҳар қандай маълумот, сониялар ичида дунёнинг турли нуқтасига етказилиши мумкин. Бу бир томондан яхши бўлса, иккинчи томондан салбий ҳолатларга ҳам сабаб бўлмоқда. Бу ўринда гап, ўша маълумотни тўғри ёки нотўғрилигига боғлиқ.
Мавзуга қайтадиган бўлсак, нафақат бу мавзу, балки барча динга тегишли масала ва ҳолатларни ечимини ўтган улуғларимиз илмлари ва ҳаётларидан олиб, ўрганишимиз ва татбиқ қилишимиз айни муддао саналади. Илмий томондан тўрт мазҳабнинг қайсига бўлса ҳам амал қилиниши, қарийб ўн беш асрдан бери уммат якдиллигининг омили вазифасини ўтаб келаётган бўлса, ижтимоий-сиёсий ҳолатларга, ўтган улуғларимиз ҳаётидан ибрат ва ўрнак олишимиз, мақсадимизга қоқилмасдан, тойилмасдан етиб боришимиз гарови бўлади. Чунки бу йўл ҳар бир иши илоҳий ваҳий билан йўғрилган ва ҳар бир сўзи ҳикматдан иборат пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг, саҳобаларининг ҳамда уларга яхшилик ила эргашган уламоларнинг йўлидир.
Бағрикенглик ҳақида сўз кетар экан, ислом уммати бугунлик кунда бу масалага қандай ёндошмоғи лозим. Қайси жойдадир мусулмонлар хўрланмоқда. Қайси жойдадир масжидлар вайрон қилинмоқда ва яна қайси жойдадир мусулмонларга, улар мусулмон бўлганликлари учун тазиқлар ва адолатсизликлар амалга оширилмоқда. Бунга жавоб ўлароқ, улар томонидан ҳам шунга ўхшаш жавоблар қайтарилмоқда. Бу воқеълик. Бундан ҳеч ким кўз юма олмайди ва инкор ҳам қила билмайди. Бунда мусулмон шахс қандай йўл тутади? Фақат сабр қиладими ёки ўзини ҳимоя қиладими? Агар ҳимоя қилса, у қайси кўринишда амалга оширилади?
Бу саволнинг жавобини мен қуйидаги икки масалада кўраман. Улардан биринчиси: дунё, барча инсонларнинг дини, миллати ва ирқидан қатъий назар, умумий уйимизга айланиб бўлган. Ҳар бир давлат қонунчилигида инсон ҳуқуқлари, унинг ҳурмати бош масала қилиб белгиланган. Агар уларга инсон ҳуқуқлари бўйича қонуний мурожаат қилинса, (гарчи, баъзи давлатларда буни амалга ошириш қийин бўлсада) натижа беради, иншааллоҳ.
Иккинчиси: юқоридаги ҳолатларда ўтган салафи солиҳларимиз қандай йўл тутишган? Албатта, қилганига яраша жавоб қайтарилса, буни ҳеч ким қораламайди. Чунки бу адолатдан бўлади. Аммо, мақсадга яъни, қалбларни Исломга моил қилиш учун, баъзан мусулмон кишидан сабр ва фазл кўпроқ талаб қилинади. Буни эса қуйида келтирмоқчи бўлган мисолимизда кўриб ўтамиз. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ислом умматига қиёматгача ўрнак бўлган зот эканликлари шубҳасиз. Шу сабаб, барча ишларда у зотга эргашиш, ўша ишнинг энг манфаатли ҳолда юзага келиши кафолатидир, десак муболаға бўлмайди. Макка фатҳи воқеасини ёдга олайлик. Қодир бўла туриб афв этиш, барча имкониятга эга бўла туриб, қасос олмаслик, энг ашаддий душманларни ҳам дўстга айлантириш: бу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг хушмуомалалиги, мулойимлиги ва раҳмдиллигининг шарофатидир. Бу хусусда «Оли Имрон» сурасида шундай марҳамат қилинган:
فَبِمَا رَحْمَةٍ مِّنَ اللَّهِ لِنتَ لَهُمْ وَلَوْ كُنتَ فَظًّا غَلِيظَ الْقَلْبِ لَانفَضُّوا مِنْ حَوْلِكَ فَاعْفُ عَنْهُمْ وَاسْتَغْفِرْ لَهُمْ وَشَاوِرْهُمْ فِي الْأَمْرِ
“Аллоҳнинг раҳмати билан сен уларга мулойим бўлдинг. Агар қўполлик, бағритошлик қилганингда, яқинингга йўламай тарқаб кетишарди, уларни афу эт, улар учун мағфират тила, улар билан кенгашиб иш қил”[1].
Аллоҳ таолонинг ёрдами ила Макка фатҳ қилинди. Бир неча йиллар давом этган жабр-ситамлар ва ўн йиллик Ватан соғинчига ўша кунда нуқта қўйилди. Ўша кун, шунча йиллар бошдан кечирилган аламли қийинчиликлар ва йўқотишларга ўч, қасос олишга энг яхши имкон бўлган кун эди. Агар бу имкон мушрикларда бўлганида, улар бу фурсатни ҳеч ҳам қўлдан бой бермасликлари барчага кундек аён. Зеро, уларнинг шу вақтгача бўлган саъй-ҳаракатлари ҳам бундан ўзгача бўлмаган ва улар қилган ишлари учун жазо муқаррарлини ҳам яхши билишарди.
Аммо, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу борада тутган йўллари афвдан иборат бўлди. Аллоҳ таолонинг оламларга раҳмат пайғамбари Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам ўша куни йиллар мобайнида мўминларга азоб бериб келган кофирларни жазолашга қодир бўла туриб, уларни афв қилиб юбордилар. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам Каъба эшиги олдида туриб шундай дедилар:
يَا أَهْلَ مَكَّةَ، مَاذَا تَرَوْنَ أَنيِّ فَاعِلٌ بِكُمْ؟ قَالُوا: خَيْرًا، أَخٌ كَرِيْمٌ وَابْنُ أَخٍ كَرِيْمٍ، قَالَ: إِذْهَبُوا فَأَنْتُم الطُّلَقَاء فَأَعْتَقَهُم رَسُولُ اللهِ صَلىَّ اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ
«Эй маккаликлар! Нима деб ўйлайсиз, мен сизларга қандай муомала қиламан?» дедилар. Улар: «Олийжаноб биродар! Олийжаноб биродарнинг фарзанди! Яхшилик!» дедилар. Расу-луллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кетаверинглар, ҳаммангиз озодсиз!» дея, барчалари-ни озод қилиб юбордилар” [2].
Бас, улар (у ердан) чиқдилар ва исломни қабул қилдилар”[3].
Тарих давомида мусулмонликни қабул қилган инсонларнинг аксарияти гўзал даъват билан исломни танлашган. Мисол учун, Индонезия, Малайзия, Шарқий Африка каби юртлар айнан гўзал мавъиза, чиройли ибрат воситаси ила Исломни қабул қилганлар.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг динга бўлган чақириқлари сўз ва феъллари билан бўлган. Аллоҳ таоло у зотни динга чақиришдаги тутган йўли лутф, ҳикмат ва гўзал мавъиза билан бўлишига буюрган. Чунончи, Аллоҳ таоло:
ادْعُ إِلَىٰ سَبِيلِ رَبِّكَ بِالْحِكْمَةِ وَالْمَوْعِظَةِ الْحَسَنَةِ وَجَادِلْهُم بِالَّتِي هِيَ أَحْسَنُ إِنَّ رَبَّكَ هُوَ أَعْلَمُ بِمَن ضَلَّ عَن سَبِيلِهِ وَهُوَ أَعْلَمُ بِالْمُهْتَدِينَ
“Роббингнинг йўлига ҳикмат ва яхши мавъиза ила даъват қил. Ва улар ила гўзал услубда мунозара қил. Албатта, Роббинг Ўз йўлидан адашганларни ўта билгувчи ва ҳидоят топгувчиларни ҳам ўта билгувчидир”[4] деган.
Илк оятлари «Ўқи»[5] дея нозил бўлган Қуръон оятларидан ва “Кимки илм олиш учун йўлга отланса, қадам босмасидан турибоқ (унинг кичик) гуноҳлари кечирилади”[6] деган Набавий сўзлардан ҳам, Ислом таълимоти бошидан охиригача илмга асосланганини билиб олишимиз мумкин.
Шундай экан, Исломнинг асл моҳияти инсонларга гўзал суратда етказилса ва улар билан гўзал услубда мунозара олиб борилса, ҳеч шубҳа йўқки, соғлом қалб эгалари Исломни қабул қилишга рағбат уйғонади. Чунки Ислом, Аллоҳ таолонинг энг охирги илоҳий таълимоти ўлароқ, унинг қаршисида ер юзидаги ҳар қандай фикрий курашлар, тортишувлар ва ғоялар ҳам ожиз қолиши шубҳасиз.
Ҳозирда турли-туман оқим ва секта аъзолари ўз гуруҳлари сонини кўпайтириш учун жидду жаҳд қилиб турган бир вақтда ер юзининг турли минтақаларида ўзга дин вакилларининг Исломни қабул қилишлари гўзал услубда етказилган даъват натижаси бўлмасдан яна нима ҳам бўлиши мумкин?!
Ҳаттоки, насроний дини етакчиларидан бир қанчаси Исломни қабул қилиб, ҳозирда уларнинг ўзлари кишиларни Исломга даъват қилаётганларини нима билан изоҳлаш мумкин? Бу Исломнинг ҳақиқий илоҳий таълимот эканини тан олишдан ўзга нарса бўлиши мумкинми? Бу инсонларга ҳеч ким миссионерлар[7] сингари моддий нарсалар ваъда қилмаган ёки издошларига «биз ҳақмиз», дея, илмий мунозараларни четга суриб, уламоларни бу ботқоқдан наригисига улоқтирмаган ҳам.
Уларнинг Исломни қабул қилишлари, энг аввало, уларга Аллоҳ таолонинг фазли-марҳамати ва Исломнинг гўзаллиги чиройли суратда етказилганлиги натижасидир. Дарҳақиқат, Ислом инсонларни ҳаётдаги турли бидъат-хурофотлар, ортиқча сарф-харажатлардан иборат асирлик исканжасидан озод қилиб, турмуш тарзини енгиллаштирди ҳамда уларнинг ҳаётларига мазмун олиб кирди. Пировардида эса гувоҳи бўлганимиздек, мусулмон бўлмаган юртларда исломни қабул қилганлар сони тобора ортиб бормоқда. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз ва Абу Мусо розияллоҳу анҳуларни Яманга жўнатаётганда у иккисига қарата:
يَسِّرُوا وَلَا تُعَسِّرُوا وَبَشِّرُوا وَلَا تُنَفِّرُوا
“Енгиллаштиринглар, қийинлаштирманглар. Мамнун қилинглар (одамларни хурсанд қиладиган сўзлардан айтинглар), нафратлантирманглар”[8], деганлар.
Имом Нававий мазкур ҳадиси шарифнинг шарҳида қуйидагиларни айтган: “Бу ҳадисда Аллоҳ таолонинг фазли, савобининг кўплиги, мукофотининг мўллиги ва раҳматининг кенглиги билан мамнун қилишга буйруқ ва хушхабар қиладиган сўзларни айтмай, фақат қўрқитиш ва турли даҳшатли жазоларни айтиб нафратлантиришдан қайтариқ мавжуд. Шунингдек, ушбу ҳадисда исломни қабул қилишга кўнгли мойил бўлиб турганларга, балоғатга етган ва етиб қолган ўспирин болалар ҳамда гуноҳлардан тавба қилганларга нисбатан қаттиққўлликни тарк қилиб, улар билан юмшоқ муомалада бўлишга ишора бор. Буларнинг барчасига лутф кўрсатилади.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, барча ишларимиз каби, бағрикенгликда ҳам пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам каби йўл тутилса ва шахсий намуна кўрсатилса, мақсадимиз — исломнинг гўзаллигини намоён қилган, унинг маърифатини кенг тарқатган ва Аллоҳнинг фазли, марҳамати билан, кишиларнинг ҳидоятларига сабабчи бўлган бўлар эдик.
Ва ахиру даъвана анилҳамдулиллаҳи роббил аламийн!
Олимхон Исахон ўғли ЮСУПОВ
Ҳадис илми мактаби ректори.
20.06.2020 йил
[1] «Оли Имрон» сураси, 159-оят мазмуни.
[2] Абу Муҳаммад Ҳусайн ибн Масъуд Бағавий. Маолим ат-танзийл. Ж. 8. Дор тоййиба, 1997. – Б. 574.
[3] Имом Насаий. Сунан ан-Насаий. Ж. 6. – Байрут. Дору-л-кутуб ал-илмийя. 1991. – Б. 382.
[4] «Наҳл» сураси,125-оят мазмуни.
[5] «Алақ» сураси, 1-оят мазмуни.
[6] Муҳаммад Нававий ибн Умар Бантаний. Танқиҳ ал-қавла-л-ҳасис. – Миср. Дор иҳё ал-кутуб ал-арабий, Б. 8.
[7] Маълумотларга кўра, ҳозирда миссионерларнинг биргина «Иегово шоҳидлар»ининг бош ташкилоти томонидан адабиётлар нашр этиш, черковлар фаолиятини таъминлашга кетадиган сарф-харажатлардан ташқари йилига 100 миллион АҚШ долларга яқин маблағ сарфланади.
[8] Бухорий ривояти.
Аллоҳдан қўрқишнинг аломатлари
Аллоҳ азза ва жалла Ўз каломи Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
“Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳдан қўрқинглар! Ҳар ким эрталик кун (қиёмат) учун нима қилганига назар солсин. Аллоҳга тақво қилинглар! Албатта, Аллоҳ нима қилаётганингиздан хабардордир” (Ҳашр сураси, 18-оят).
Бутун вужуди, барча аъзолари билан Аллоҳдан қўрққан кишилар мўминлардир. Бу борада Имом Абу Лайс Самарқандий шундай дейди: “Аллоҳдан қўрқишнинг аломати етти нарсада намоён бўлади”:
- Тилда: Аллоҳдан қўрққан одам тилини ёлғондан, ғийбатдан, бошқаларга бўҳтон қилишдан ва бекорчи сўзлар айтишдан тияди. Уни Аллоҳни зикр этувчи, Қуръон ўқувчи ва илмий музокаралар билан машғул аъзо ҳолида шай тутади.
- Қалбда: Аллоҳдан қўрққан одам қалбида мусулмон қардошларига душманлик хис қилмайди. Ёлғон, бўҳтон ва ҳасад қилиш каби ғайриинсоний туйғуларни қалбидан йўқ қилади. Чунки ҳасад кишининг гўзал амалларини маҳв этади. Шунга кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буюради: “Олов ўтинини еб битиргани каби, ҳасад ҳам инсоннинг гўзал амалларини еб битиради”. Эй ўқувчи, билки ҳасад қалбларга жойлашган ва жамият ҳаётида катта зарарларга йўл очувчи ёмон бир касалликдир. Қалблардаги хасталиклар, яъни ёмон туйғулар, ёмон феъллар фақат илм ва амал билан даволаниши мумкин.
- Кўзда: Аллоҳдан қўрққан одам ейишда ҳам, ичишда ҳам, кийишда ҳам ва бошқа хусусларда ҳамкўзини ҳаромдан эҳтиёт қилади. Дунёга ҳирс билан ва ҳар нарсани кўлга киритиш иштиёқи билан эмас, ибрат назари билан қарайди. Ҳалол бўлмаган нарсаларга қарашдан тийилади. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрдилар: “Ким кўзини ҳаром нарсалар билан тўлдирса, Аллоҳ ҳам қиёмат куни унинг кўзини олов билан тўлдиради”.
- Меъдада: Аллоҳдан қўрққан одам меъдасига ҳаром луқма бермайди. Чунки ҳаром луқма ейиш энг катта гуноҳлардан биридир. Шу боис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрадилар: “Инсон зотининг меъдасига бир луқма ҳаром тушганда бу луқма меъдасида қанча вақт турса, еру кўқдаги фаришталар ҳам шунча вақт унга лаънат ўқийдилар”.
- Қўлда: Аллоҳдан қўрққан одам қўлини ҳаромга узатмайди, аксинча Аллоҳнинг ризосига уйғун нарсаларга узатади. Каъбдан қуйидаги ривоят нақл қилинган: Аллоҳ яшил зумраддан бир бино яратган. Бу бинода етмиш минг доира ва ҳар доирада минг хона бор. Бу ерга фақатгина ўзига ҳаром нарса инъом этилганда ёлғиз Аллоҳдан қўрққани учун уни рад этган кишилар
- Оёкда: Аллоҳдан қўрққан одам исён йўлида эмас, Аллоҳга итоат йўлида одимлайди. Илммаърифат ва яхши ахлоқ ўрганиш мақсадида олимлар ва солиҳ кишилар мажлисига боради.
- Итоатда: Аллоҳдан қўрққан одам ёлғиз Аллоҳ ризоси учун унга итоат этади. Риёдан, инсонларга ўзини ва ё ишларини кўз-кўз қилишдан ва иккиюзламачиликдан сақланади.
Абу Ҳомид Ғаззолийнинг
“Мукошафатул қулуб” китобидан
Аллоҳ ва Унинг Расулидан 100 ўгит: 2-ўгит: Ғазаб қилманг!
Аллоҳ ва Унинг Расулидан 100 ўгит
2-ўгит: Ғазаб қилманг!
Аллоҳ таоло айтади: “Улар енгилликда ҳам, оғирликда ҳам нафақа қиладиганлар, ғазабини ичга ютадиганлар ва одамларни авф қиладиганлардир. Аллоҳ яхшилик қилувчиларни ёқтирадир”. (Оли имрон сураси, 134-оят)
Абу Ҳурайра (р.а.) айтадилар: “Бир одам: “Эй Аллоҳнинг расули! Менга қисқача насиҳат қилинг, узайтириб юборманг, унутиб қўйишим мумкин” деди (ва бу сўзини бир неча марта қайтарди). Расулуллоҳ (с.а.в.) (бир сўз билан) “Ғазабланма!” деб жавоб бердилар” (Бухорий ва Термизий ривояти).
Хулоса:
- “Улар”дан мурод тақводорлардир. Чунки, бундан олдинги оятда Аллоҳ таоло тақводор бандалари ҳақида сўз бошлаган.
- Тақводор бандалар яхши кунида ҳам, ёмон кунида ҳам, борида ҳам, йўғида ҳам нафақа қиладилар.
- Тақводор кишилар Аллоҳ таолога маъсият бўлмайдиган ҳар қандай ҳолатда ғазабларини жиловлай биладилар.
- Тақводорлар ўзгалардан хато содир бўлганда ёки улардан кечирим сўралганда уларни авф этадилар.
- “Ғазабланма” деган сўз бу бизга Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан энг қисқа ва лўнда насиҳатдир.
Аллоҳ таоло барчамизни Ўзи сифатлаган тақводор бандаларидан қилсин ҳамда Росулимизнинг насиҳатларига амал қилишга тавфиқ берсин!
Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом ноиби:
Ёрбек Исломов
Диний таълим муассасаларида абитуриентларни онлайн рўйхатга олиш бошланди
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларида абитуриентларнинг ҳужжатларини онлайн қабул қилиш бошланди.
Диний таълим муассасаларида 2020-2021 ўқув йили учун абитуриентларни онлайн рўйхатга олиш Ҳадис илми мактаби ва ўрта махсус ислом таълим муассасалари бўйича 2020 йилнинг 20 июнидан 10 июлигача (шу куни ҳам), Тошкент ислом институти ва Мир Араб олий мадрасаси бўйича 2020 йилнинг 20 июнидан 20 июлигача (шу куни ҳам) давом этади.
Мазкур тизим мамлакатимизда пандемия шароитида карантин тартибларидан келиб чиқиб, абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарига қулайликлар яратиш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг muslim.uz сайтида qabul.muslim.uz сайти орқали онлайн шаклда амалга оширилмоқда.
Қабул жараёнлари ва қабул имтиҳонлари бўйича абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарини қизиқтирган саволларга батафсил маълумот бериш мақсадида ҳар бир таълим муассасасида “Кол-марказ”лар ташкил этилди. “Кол-марказ”лар душанбадан шанбагача ҳар куни соат 09:00 дан 17:00 гача фаолият олиб боради.
Шунингдек, таълим йўналишлари, қабул имтиҳонлари ва таълим муассасалари фаолияти тўғрисида таълим муассасаларининг интернет сайтлари ва телеграм каналлари орқали маълумотлар бериб борилмоқда.
Таълим муассасаларида абитуриентларни онлайн рўйхатга олиш
2020-2021 ўқув йилидан бошлаб илк бор жорий қилинган бўлиб, абитуриентлардан фақатгина маълумоти тўғрисидаги ҳужжати ва паспортининг электрон нусхаси талаб этилади.
Абитуриент томонидан сайт орқали тўлдирилган аризалар таълим муассасалари Қабул ҳайъати томонидан кўриб чиқилади ҳамда абитуриентнинг ҳужжатлари қабул қилингани ёки маълум сабабларга кўра рад этилгани тўғрисида “СМС” хабарнома жўнатилади ёки сайтни ўзида “Ариза ҳолатини текшириш” қисмига паспорт серияси ва рақами ҳамда туғилган санасини киритиш орқали билиб олади.
Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими