muslim.uz

muslim.uz

Пандага ўхшаган бу ёқимли мўйнали чумоли аслида арилар оиласига мансуб бўлиб, унинг илмий номи Euspinolia militaris. Аниқроқ қилиб айтганда, у 8000 турдаги арилардан биридир. Савол туғилиши мумкин: “Нега у чумолига ўхшайди? Унинг қанотлари қани?”

Аниқланишича, бу турдаги ариларнинг эркаги билан урғочиси орасида фарқлар катта ва шу қадар кўпки, баъзида олимлар уларнинг қайси турга мансублигини аниқлолмайдилар. Фақатгина уларни жуфтлашиш мавсумида жуфти билан ушлаб олганларидагина аниқлай оладилар. Демак, уларнинг орасидаги асосий фарқ шундаки, урғочиларининг қанотлари бўлмайди. Шунингдек, улар эркакларига қараганда анча кичик ҳам бўлади.

Сиз расмда кўраётганингиз мафтункор қанотсиз урғочисидир. Уларнинг танаси тук билан қоплангани ва чиройлилиги учун баъзан “Тукли чумолилар” деб ҳам аталади. Улар ўзларига теккан қўлни қичитадилар ва жуда қаттиқ тишлайдилар. Уларнинг танасини майдалаш ҳам осон эмас. Урғочи ҳашарот қобиғини метал игна билан ҳам тешиш қийин.

Улар жамоа бўлиб яшамайдилар ва йилига 2000 дона тухум қўядилар.

Бу жонзотлар Чили, Аргентина, АҚШ ва Мексикада яшайди.

Бу арилар бошқа ариларга нисбатан узоқроқ умр кўриб, 2 йилга яқин яшар эканлар. Солиштириш учун айтамиз: қорамтир ва сариқ оддий арилар 10 ой, ишчилари эса 4 ҳафта умр кўради.

Эркакларининг кўзлари аниқ билиниб турса, урғочиларида кўз камроқ сезилади. Ушбу ҳашаротлар қуруқ, иссиқ иқлимли очиқ чўл ҳудудларида яшайди.

“Панда-чумоли” заҳарли бўлиб, тахминан ўн марта чақиши туфайли сигир ҳалок бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам маҳаллий аҳоли уларни “сигир қотиллари” деб атайди. Ҳатто бу ҳашаротлар чақиши одамларга ҳам кўп муаммолар келишига сабаб бўлиши мумкин.

Эркак чумолилар кечаси, урғочилари эса кун давомида фаол бўлади. Бу ҳашаротлар кўпинча қум ёки қуруқ тупроққа кўмилиб кетишади.

Улар ўсимликлар ширасини сўриб озиқланишади. Баъзан урғочи чумолилар бошқа ҳашарот турларининг жасадларини сўриб кун кўради. Ҳақиқий чумолилардан фарқли ўлароқ бу “панда-чумоли”да турли вазифаларни бажарадиган, ишлайдиган чумолилар йўқ. Тукларнинг мавжудлиги намликни сақлаб туришга ёрдам беради, бу эса уларнинг қуруқ шароитда яшашига имкон беради.

Аллоҳ таоло ҳар бир нарсани улкан ҳикматга кўра яратган. У Зот Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

وَرَبُّكَ يَخْلُقُ مَا يَشَاءُ وَيَخْتَارُ مَا كَانَ لَهُمُ الْخِيَرَةُ سُبْحَانَ اللَّهِ وَتَعَالَى عَمَّا يُشْرِكُونَ

“Ва Роббинг хоҳлаганини яратиб, хоҳлаганини ихтиёр қилур. Уларда ихтиёр ҳаққи йўқдир. Улар ширк келтираётган нарсалардан Аллоҳ пок ва юксакдир” (Қасас сураси, 68-оят).

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин!

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

XXI  аср том маънода ахборот асри. Ахборот олами эса фақат яхши манбадан иборат эмас. Бу оламни ҳар ким ўз мақсади йўлида эркин бошқариши, ҳеч қандай таъқиқ ва тўсиқларсиз фойдаланиши мумкин. Шунинг учун фойдаланувчи онгида ахборот истеъмоли маданиятини шакллантириш лозим. Шундагина оқни қорадан, маърифатни жаҳолатдан ажрата олиш мумкин.

 

 

Сир эмаски давримизда келтириб чиқарилаётган низолар, фитна-фасодларнинг аксарият манбаи дин омилидир. Дин жамиятда барча шароит ва ҳар қандай ҳолатда ҳам кишиларга тасалли берувчилик, кишиларни ўз эътиқоди доирасида бирлаштириб, уларнинг ҳаётини бошқариб турувчилик вазифасини бажариши бизга маълум. Айни мана шундай энг нозик ва муқаддас туйғулар номидан инсониятни ўз йўлидан чалғитиш, эътиқод асосига йўғрилган асоссиз (ақидапараст оқиимларнинг даъво қилаётган “ҳақиқий ислом арконлари” ҳеч қандай илмий ва шаръий асос ва далилларга эга эмаслиги , балки, ислом дини таълмотига бутунлай зид эканлигини дунё уламолари исботлаб бўлди) ақидаларни инсонлар онгига “жойлаштириш” бу - энг катта хавф-хатардир. 

 

 

Имом-хатиблар, диний соха ходимларининг турли ташкилотлар, таълим муассасаларида ўтказилаётган тарғибот тадбирларида Исломнинг илм-маърифат дини экани, динимиз фақат яхшилик ва мурувватга, ўзаро ҳамжиҳатликка чақиришини мўътабар манбалар, тарихий мисоллар билан етказилмоқда.

 

 

Қашқадарё вилоятида фаолият юритаётган 145 нафар имом-хатиб жорий ўқув йили бошидан 201 та мактаб, лицей ва институтларда “Ёшлар терроризмга қарши”, “Терроризм – тарққиёт душмани” каби мавзуларда ўтказилаётган учрашувларда нутқ сўзлади.

Суҳбатлар ёш авлод вакиллари учун анча манфаатли бўлиб, исломни, ундаги икки дунё бахт-саодатига эриштирувчи гўзал ҳаёт йўлини ўрганмоқдалар.

Мазкур тадбирларда 40 мингдан ортиқ талаба ёшлар, мактаб ўқувчилари  қамраб олинди. Демак, шунча киши тўғри йўлда камол топади, адашиш эҳтимолидан йироқ бўлади, иншааллоҳ. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

ЎМИ Матбуот хизмати

Расмлар муаллифи Шаҳзод Шомансур

Сайдулло домла Рўзиев 16 йилдан бери Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳридаги “Қориравот” жоме масжидида хизмат қилиб келади. Маҳалла аҳлини яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтаришда, ислом маърифатини етказишда холис меҳнат қилади. Яқинда унинг ҳузурига масжидни замонавий қайта таъмир қилиш таклифи билан бир киши келганида, имом-хатиб: ҳозирча масжид ҳолати таъмирга муҳтож эмас, бунинг ўрнига маҳалламиздаги муаммолари мавжуд хонадонларга ёрдам берсангиз унданда кўпроқ савобга эришасиз, дея мурувват кўрсатишга тарғиб этди. Ва бунинг учун ижтимоий муҳитни соғломлаштириш бўйича тузилган 2-ҳудудий ишчи гуруҳининг навбатдаги йиғилишига таклиф этди. Йиғилишда фуқароларнинг турли мурожаатлари ўрганилмоқда. Муаммолар кўп: уларнинг аксари қарздорлик, моддий етишмовчилик билан боғлиқ. Жараённинг бевосита гувоҳи бўлган меҳмон иккита оиланинг муаммоларини ўзи ҳал этиб беришини зиммасига олди. Бир кишининг тўғри тадбир билан яхшиликка далолати сабаб қайсидир хонадоннинг мушкулотлари ариди. 

Толҳа ибн Убайдуллоҳ ибн Курайздан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир маъруф садақадир. Яхшиликка далолат қилувчи худди уни қилувчи кабидир», дея марҳамат қилганлар.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

mardi, 24 septembre 2019 00:00

ТАЪЗИЯ БИЛДИРАМИЗ

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Фарғона вилояти бош имом-хатиби Убайдулло домла Абдулллаевнинг қайнонаси Заҳрохон она Абдусамадованинг вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло охират сафарига кузатилган марҳуманинг барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин.
Ҳақ таоло марҳуманинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларга ажру мукофотлар ато этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Убайдулло домла Абдулллаевга ва марҳуманинг яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Top