muslim.uz

muslim.uz

Миср Араб Республикасидаги “Ал-Азҳар” университети ректори Доктор Муҳаммад ал-Маҳрусовий терроризмнинг дини ва ватани йўқлигини айтиб, Исломнинг тинчлик, меҳр-мурувват ва бағрикенглик дини эканини таъкидлади.

Бу баёнот “Ал-Азҳар” университети ректорининг жорий йилнинг 15-17 сентябрь кунлари Испания пойтахти Мадрид шаҳридаги анжуманлар залида “Тинчлик саноқсиздир” шиори остида ўтказилаётган Умумжаҳон тинчлик форумидаги нутқида маълум қилинди. Доктор Муҳаммад ал-Маҳрусовий агар терроризм черковлар ва ибодатхоналарга зарар етказган бўлса, унинг масжидларга ҳам салбий таъсирини ўтказишини маълум қилиб, шундай деди: “Биз Миср Араб Республикасининг Шимолий Синай вилоятининг “Бир ал-Абед” қишлоғидаги “Ар-Равза” масжидида жума намозида содир бўлган теракт воқеасини эслайлик. Унда 305 киши ҳалок бўлган эди, чунки бу қишлоқнинг умумий аҳолиси 750 киши эди холос. Кўп сонли эркаклар йўқ қилинди, аёллар ва ёш болалар қолди. Барча динларда терроризм қораланади,  тинчлик барча динларнинг, шу жумладан Ислом динининг ҳам асл негизидир. Исломнинг меҳр-мурувват, тинчлик ва тўғрилик дини эканлиги хусусида Қуръони каримнинг бир қанча ояти карималарида таъкидлаб ўтилган. “Ас-Салам” яъни “Тинчлик” сўзи Қуръони каримда 140 марта зикр қилинган”.

“Ал-Азҳар” университети ректори Доктор Муҳаммад ал-Маҳрусовий ўз нутқида тинчлик турларини батафсил баён қилиб, жумладан кишининг ўзи билан, оиласи билан, жамияти билан ва бутун дунё билан тинчлиги бўлишини таъкидлади.

 

Халқаро алоқалар бўлими ходими

Илёс Аҳмедов тайёрлади.     

 

Қуйида келтириладиган ҳадис, турли фикрлар ва ҳикматлар сайтлардан ҳамда ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

«Роббини зикр қиладиган билан Уни зикр қилмайдиганнинг мисоли тирик билан ўлик кабидир».

Бухорий ривояти

*****

Ҳар бир нарса Аллоҳнинг қадари билан бўлади. Аллоҳ таоло банда учун бахтлилигини, бадбахтлигини, ризқини, умрини тақсим қилиб қўйган. Сенга ёзилган нарса, заифлигингга қарамай, сенга келади. Сендан бошқага ёзилган нарсага қувватинг билан ҳам етолмайсан.

Али Тантовий раҳимаҳуллоҳ

*****

Ҳаёт велосипедга ўхшайди. Мувозанатни сақлашинг учун ҳаракатда бардавом бўлишинг керак.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Келишмовчилик оловини пуфлаб, алангалатишга уринаётган кимса, агар ўша оловдан бир чўғ учиб келиб юзига урилса, шикоят қилишга ҳаққи йўқ.

 “Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Одамлар, улар учун қилаётган ишларингни, то ўша ишларни тўхтатмагунингча тушунмайдилар, сезмайдилар.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

 

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

Ироқнинг Мосул шаҳрида жойлашган ва XII асрда барпо этилган “Ан-Нури” масжидини қайта тиклаш учун ЮНЕСКО томонидан 100 миллион доллар ажратилиши кутилмоқда. Бу ҳақда IslamToday нашри хабар бермоқда.

2014 йилда айнан шу масжидда ИШИД етакчиси Абу Бакр ал-Бағдодий “халифалик” тузилганини эълон қилган эди. 2017 йилда жангарилар масжидни вайронага айлантирди.

ЮНЕСКО бош директори Одри Азулайнинг айтишича, қадимий масжидни қайта тиклаш жадвали ишлаб чиқилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

14 сентябрь куни «Hilol-nashr» нашриётида фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг навбатдаги китоби тақдимоти ўтказилди. У кишининг қаламига мансуб ушбу китоб «Олам ва одам, дин ва илм» деб номланган.

Тақдимот тадбири анъанага мувофиқ Қуръони карим тиловати ва дуои хайрлар қилиш билан бошланди. Сўнгра сўзга чиққанлар мазкур китобнинг ёзилиш тарихи, унда кўтарилган масалалар, жамият ва инсон ҳаётидаги аҳамияти ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

«Олам ва одам, дин ва илм» муаллифнинг вафотидан кейинги нашр қилинган тўртинчи китоби.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг ўғли Исмоил Муҳаммад Содиқ муаллиф ҳаётлигида таълиф ва таржима қилган ва вафотидан кейин нашр этилаётган китоблар ҳақида маълумот берди.

Шунингдек, 2 та таржима китоблари ҳам нашр қилинган. Бундан ташқари ҳали нашр қилинмаган 2 та таълиф ва 13 та таржима — жами 15 та китоблари бор. «Исломда уч бало: Ислом гиёҳвандлик, ароқхўрлик ва кашандаликка қарши» номли китобни ўзлари таълиф қилган. Шунингдек, умрлари охирида қазо ва қадар номли китоб ҳам ёзган. Таржима китоблардан аксари уламоларнинг асарларидан қисмларни масжид имомлари, мадраса мударрисларига ўтилган дарслар асосида тузилган. Хусусан, улардан бири Ҳаким Термизийнинг «Нодир асарлар» ва «Янги ҳаёт» деб таржима қилинган «Муридлар одоби» китобларидир. Шунингдек, замонамиз уламоларидан бўлган шайх Тақий Усмонийнинг «Замонавий фиқҳий муомалалар баҳслари» деб номланган китоблари ҳам ҳазрат томонидан таржима қилинган.

Ҳазрат бу китобни 2014 йил 4 июль жума куни ёзиб тугатган. Мана орадан беш йилдан зиёд вақт ўтиб ушбу китоб нашр қилинди».

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Тожикистон пойтахти Душанбеда барпо этилаётган ва Марказий Осиёда энг катта бўлиши кутилаётган масжид жорий йилнинг октябрида фойдаланишга топширилади. Avesta.tj нашрининг хабар беришича, қурилиш ишларига якунланиш арафасида.

Қурилиши 2009 йилнинг октябрида бошланган масжидда бир пайтнинг ўзида 120 мингга яқин киши намоз ўқиши мумкин бўлади.

Қурилиш лойиҳасини тожикистонлик ва қатарлик мутахассислар ишлаб чиқди. Масжид минораларнинг баландлиги 75 метрга, асосий гумбазининг катталиги эса 47 метрга тенг.

Масжидда кутубхона, музей ва конференциялар зали ҳам мавжуд.

Лойиҳанинг қиймати 100 миллион долларга тенг бўлиб, аввалроқ Қатар ҳукумати томонидан молиялаштирилиши айтилган эди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Top