muslim.uz

muslim.uz

وَٱلَّذِينَ ٱسۡتَجَابُواْ لِرَبِّهِمۡ وَأَقَامُواْ ٱلصَّلَوٰةَ وَأَمۡرُهُمۡ شُورَىٰ بَيۡنَهُمۡ وَمِمَّا رَزَقۡنَٰهُمۡ يُنفِقُونَ

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
“Улар Парвардигорларига ижобат этган ва намозни баркамол адо этган зотлардир. Уларнинг ишлари ўзаро маслаҳат (билан) бўлур ва Биз уларни ризқлантирган нарсалардан (муҳтожларга) эҳсон қилурлар”
(Шўро сураси, 38-оят).

Тошкент шаҳар, Яшнабод тумани "Ал-ҳудайбия" жоме масжиди имом хатиби Муродуллоҳ домла Ғойибназар ҳожи ўғли бошчиликларида кенг кўламли хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Ана шундай эзгу ишлардан бири бугун Тошкент шаҳар Яшнобод туманидаги 30-меҳрибонлик уйида ҳам ташкил этилди. Тадбирдан кўзланган асосий мақсад, ота-онасини йўқотган болалар қалбига ҳурсандчилик бахш этиш, маънавий-маърифий тадбирлар асносида ёшларга тўғри тарбия бериш, юртга садоқат, ватанга муҳаббат руҳида тарбиялашдир. Бугун бўлиб ўтган бу тадбир жуда чиройли ташкил этилган бўлиб, унга Яшнобод туман ҳокимлигидан, Яшнобод туман Ички ишлар бўлимидан меҳмонлар ташриф буюрди.
Бундан ташқари тадбирда Тошкент шаҳар Яшнобод тумани "Холид ибн Валид" жоме масжиди имом хатиби Исроилжон домла Исмоилжон ўғли ҳам қатнашиб, тадбирнинг янада файзли ўтишига кўмак бердилар.
Тадбирда Муродуллоҳ домла болалар ва уларнинг меҳрибон тарбиячилари учун илмий-маърифий суҳбат қилиб бердилар. Уларга Мустақил ватанимиз учун муносиб хизмат қилиш энг олий мақсад эканини тушунтириб бердилар. Суҳбатдан сўнг болаларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди. Давра қизиқарли бўлиши учун савол-жавоб викторинаси ташкил этилди. Унда болажонларга диний-маърифий, илмий-адабий ва тарихий-маънавий саволлар берилиб, саволларга тўғри жавоб берган болаларга эсдалик совғалари, китоблар ҳадя этилди. Болажонлар учун ёзилган дастурхон ҳам уларни жуда мамнун этди. Бу орада бизни ҳам бениҳоя ҳурсанд этган нарса, болаларнинг аксари рус миллатига мансуб бўлсада, уларнинг ўзбекона урф-одатларга кўра, миллий қадриятлар асосида тарбия топаётгани бўлди. Болаларнинг бари қўллари кўксиларида салом беришар, одаб-ахлоқнинг юқори намунаси сифатида муомалада бўлишди. Бу бизни жуда ҳурсанд қилди, ҳайратландик. Шундай фарзандлар тарбия қилаётганларга раҳмат айтар эканмиз Аллоҳ таолога бениҳоя шукурлар қилдик. У ердаги болаларнинг деярли барчаси ислом динида улғаймоқда. Улар биз берган қисқа диний саволларга ҳам тўғри ва аниқ жавоб беришди. Келажакда ана шундай болалардан яна имом Бухорийлар, имом Термизийлар, имом Абу Мансур Мотуридий ва имом Насафийлар чиқишига ишонамиз.
Ана шундай тадбирлар билан инсонларнинг кўнглини кўтариш савобли ишлардан бўлиб, Аллоҳ бундай хайрли ишларни янада бардавом айласин.


Жамшид НАЗАРОВ.

22 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Россия Федерациясида бўлиб ўтадиган халқаро анжуман ва унинг доирасидаги тадбирларда иштирок этиш учун Москва шаҳрига етиб бордилар.
Ўзбекистон делегациясини Москва шаҳрида Россия Федерацияси мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Рушан ҳазрат Аббасов кутиб олди.
Шу йилнинг 23 сентябрь куни Москва шаҳрида Россия Федерацияси мусулмонлари идорасининг қурултойи бўлиб ўтади. Ушбу халқаро нуфузли тадбирда муҳокама қилинган масалалар сайтимиз орқали ёритиб борилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

بسم الله الرحمن الرحيم

اَلْحَمْدُ للهِ الَّذِي رَفَعَ مَنْزِلَةَ الْعِلْمِ وَالْعُلَمَاء، وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى سَيِّدِنَا مُحَمَّدٍ الَّذِي رَغَّبَ أُمَّتَهُ عَلَى تَحْصِيْلِ الْعِلْمِ وَتَوْقِيْرِ الْعُلَمَاء، وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ أجْمَعِينَ، أَمَّا بَعْدُ.

УСТОЗЛАРГА ЭҲТИРОМ ‒ ВОЖИБ!

(1-октябрь – Устоз ва мураббийлар куни)

Муҳтарам жамоат! Маълумки, муқаддас динимизда устоз ва мураббийларга эҳтиром беқиёсдир. Муаллимлик, мураббийлик ва устозлик мартабаси ‒ буюк шарафдир. Зеро, башариятнинг энг афзал вакиллари бўлмиш пайғамбарлар ҳам муаллим ва мураббий қилиб юборилганлар. Дарҳақиқат, бу соҳа вакиллари жамиятимизга сув ва ҳаводек зарурдир. Бу муҳтарам зотларни бамисоли ўз нурини атрофга сочаётган қуёшга ўхшатсак бўлади. Қуёшнинг нуридан барча мавжудот фойдаланганидек, уларнинг маърифат зиёларидан бутун башарият манфаатланади. Бу сўзимизга ҳазрат Абдураҳмон Жомийнинг қуйидаги байтлари яққол мисол бўлади:

Устоз, мураббийсиз қолганда замон,

Зулумотдан қора бўларди жаҳон.

“Муаллим” сўзининг маъноси “илм берувчи, таълим берувчи, ўргатувчи” демакдир. Пайғамбарлар инсониятга эзгуликни таълим берганлар, шунингдек,  яхшиликка чақирганлар. Мана шунинг ўзи ҳам бу соҳа вакилларининг мартабалари нақадар юксак эканига далолат қилади.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг бутун башариятга Устоз қилиб юборилганлари ҳақида Қуръони каримда бундай дейилади:

هُوَ الَّذِي بَعَثَ فِي الْأُمِّيِّينَ رَسُولًا مِنْهُمْ يَتْلُو عَلَيْهِمْ آَيَاتِهِ وَيُزَكِّيهِمْ وَيُعَلِّمُهُمُ الْكِتَابَ وَالْحِكْمَةَ

وَإِنْ كَانُوا مِنْ قَبْلُ لَفِي ضَلَالٍ مُبِينٍ

яъни: “У (Аллоҳ) омилар (саводсиз кишилар) орасига ўзларидан бўлган, уларга (Унинг) оятларини тиловат қиладиган, уларни (ширк ва жаҳолатдан) поклайдиган ҳамда уларга Китоб (Қуръон) ва Ҳикмат (Ҳадис)ни ўргатадиган (бир) пайғамбарни (Муҳаммадни) юборган зотдир. Ҳақиқатан, (улар пайғамбар келишидан) илгари аниқ залолатда эдилар” (Жумъа сураси, 2-оят).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Муаллим қилиб юборилганликларини ўзлари очиқ-ойдин баён қилганлар:

إِنَّ اللهَ لَمْ يَبْعَثْنِي مُعَنِّتاً وَلاَ مُتَعَنِّتاً، وَلَكِنْ بَعَثَنِي مُعَلِّماً مُيَسِّراً 

رواه الإِمَامُ مسلم عن جابر بن عبد الله رضي الله عنه

яъни: “Аллоҳ мени қийновчи ва қийинлаштирувчи қилиб эмас, балки муаллим ва осонлаштирувчи қилиб юборди”, ‒ дедилар (Имом Муслим ривояти).

Ҳар қандай фойдали илм ўргатувчи шахс муаллим бўлишини унутмаслигимиз лозим. Чунки муқаддас динимиз ‒ Исломда илмлар диний, дунёвийга ажратилмайди. Балки фойдали ва фойдасизга тақсимланади. Инсоният учун фойдали бўлган ҳар қандай илм Исломда ардоқланади.

Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан шундай деганлари ривоят қилинади: “Устозим Ҳаммоднинг ҳурматлари учун у зотнинг уйлари томонга оёғимни узатмаганман. Ҳолбуки, у зотнинг уйлари билан менинг уйим орасида еттита кўча бор эди. Ҳаммоднинг вафотларидан сўнг қачон намоз ўқисам, ҳар сафар албатта ота-онамга қўшиб, у зотга ҳам Аллоҳдан мағфират сўраганман. Нафақат у зот, балки кимдан нимадир ўрганган бўлсам ёки кимдир менга нимадир ўргатган бўлса, албатта ўша кишилар учун ҳам доим Аллоҳдан мағфират сўрайман”.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга эзгулик ва яхшиликни ўргатадиган кишиларни мақтаб, шундай деганлар:

"إِنَّ اللَّهَ وَمَلائِكَتَهُ وَأَهْلَ السَّمَوَاتِ وَالأَرْضِ حَتَّى النَّمْلَةَ فِي جُحْرِهَا وَحَتَّى الْحُوتُ فِي الْبَحْرِ لَيُصَلُّونَ عَلَى مُعَلِّمِ النَّاسِ الْخَيْرَ" 

(رَوَاهُ الإِمَامُ التِّرْمِذِيُّ عن أبي أمامة الباهلي رَضِيَ اللهُ عَنْهُ)

яъни: Албатта, Аллоҳ таоло, Унинг фаришталари, осмонлару ер аҳли, инидаги чумоли,  ҳаттоки денгиздаги балиқ ҳам одамларга яхшиликни таълим берувчининг ҳаққига  дуо қиладилар (Имом Термизий ривояти).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг таълим услублари шу қадар мукаммал ва манфаатли бўлганки, У Зот берган таълимни ўзлаштирган толиби илмлар бутун жаҳонга машҳур бўлиб, етук зотлар бўлиб етишган. Буюк саҳобаи киром Муовия ибн Ҳакам ас-Суламий разияллоҳу анҳу Пайғамбаримизнинг муаллимликларини мақтаб шундай деган:

...فَبِأَبِيْ هُوَ وَأُمِّيْ مَا رَأَيْتُ مُعَلِّمًا قَبْلَهُ وَلَا بَعْدَهُ أَحْسَنَ تَعْلِيْمًا مِنْهُ فَوَاللهِ مَا كَرِهَنِيْ وَلَا ضَرَبَنِيْ وَلَا شَتَمَنِيْ...

(رواهُ الإِمَامُ مسلمٌ)

яъни: “Ота-онам У Зотга фидо бўсин! У Зотдан олдин ҳам, кейин ҳам У Зотдан яхшироқ муаллимни кўрмадим. Аллоҳга қасамки, У Зот мени жеркимаганлар ҳам, урмаганлар ҳам ва сўкмаганлар ҳам!” (Имом Муслим ривояти).

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам энг яхши муаллим бўлганликлари учун бугунги кунимизда барча муаллимлар У Зотдан ўрнак олишлари айни муддаодир.

Муҳтарам жамоат! Маълумки, юртимизда ҳам устоз ва мураббийларга эҳтиром кўрсатиш, уларни эъзозлаш, ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қуватлаш борасида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Жамиятнинг кўп қисмини ташкил қилувчи ёшларимизга таълим-тарбия бериб келаётган устоз ва мураббийларимизни ҳар вақт ҳурматлашимиз ва эъзозлашимиз лозим. Зеро, келажак авлод баркамол, етук ва маърифатли бўлиб етишишида уларнинг хизматлари каттадир. Ўзбекистон бугунги дунё ҳамжамиятида таълим, маданият, спорт ва бошқа соҳаларда ўз мавқеъига эга бўлишида устоз ва мураббийларнинг ўрни беқиёсдир. Шу муносабат билан юртимизда ҳар йили 1 октябрь кунини “Устоз ва мураббийлар куни” сифатида нишонланади. Бу кунда устозларга янада кўпроқ ҳурмат-иззат кўрсатилади ва уларга хурсандчилик бахш этишга ҳаракат қилинади.

Ватанимизда амалга оширилаётган кенг ислоҳотлар таълим тизимини ҳам четлаб ўтгани йўқ. Таълим сифатини ошириш, ўқитувчиларнинг жамиятдаги обрў-эътиборини кўтариш, уларнинг ойлик маошларини кўпайтириш каби ишлар изчиллик билан амалга оширилмоқда. Хусусан, диний таълим тизимида ҳам кун сайин ижобий ўзгаришлар рўй бермоқда. Масалан, 2018 йил 17 апрелда “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент фармони чиқди, жорий йилдан “Ҳадис мактаби” ишга тушди. Келажакда бу мактаб етук ҳадис илми мутахассисларини етиштириб беради. Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва барча диний-маърифий ташкилотларда фаолият кўрсатаётган нафақадаги ходимлар ойликлари билан бирга нафақа пулларини тўлиқ оладиган бўлди.

Ҳукуматимиз томонидан таълим соҳаси ва ўқитувчи-мураббийларга кўрсатилаётган бундай эътибор таҳсинга лойиқдир. Зеро, улар тарбиялайдиган билимли, ҳам маънавий, ҳам жисмоний кучли фарзандларимиз давлатимиз келажаги бўлади. Бизнинг мусулмонлик бурчимиз ‒ ҳар бир яхшиликка шукр айтиш ва бу хайрли ислоҳотларда фаол бўлиб, имкон борича қўллаб-қувватлашимиз мақсадга мувофиқ бўлади.

Ислом таълимотига кўра, устоз нафақат дунёда иззат-ҳурматда бўлади, балки, вафотидан кейин ҳам қолдирган манфаатли илми, таълим берган шогирдларининг хизмати, ёзган асарларидан ўзгаларнинг фойдаланиши туфайли номаи аъмолига савоб тўхтовсиз бориб туради. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

إِذَا مَاتَ الْإِنْسَانُ انْقَطَعَ عَنْهُ عَمَلُهُ إِلَّا مِنْ ثَلَاثَةٍ: إِلَّا مِنْ صَدَقَةٍ جَارِيَةٍ، أَوْ عِلْمٍ يُنْتَفَعُ بِهِ

أَوْ وَلَدٍ صَالِحٍ يَدْعُو لَهُ

(رواهُ الإِمَامُ مسلمٌ عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ)

яъни:  “Инсон вафот этганда унинг амали тўхтайди, фақат уч нарса туфайли (унинг номаи аъмолига савоб ёзилиб туради): садақаи жория, фойдали илм, дуои хайр қилувчи солиҳ фарзанд” (Имом Муслим ривояти).

Шундай экан, ҳар бир шогирд устози вафот этган бўлса, устозидан олган билимини бошқаларга тарқатиши ва устозини ҳаққига дуо қилиб туриши шогирдлик бурчларидан ҳисобланади.

Муҳтарам азизлар! Маърузамиз давомида марҳумларга Қуръон савобини бағишлаш масаласи ҳақида суҳбатлашамиз. Сабаби ‒ бу масала ҳанафий мазҳабимизда ҳеч қандай ихтилофсиз жоиз бўлса-да, ҳозирги кундаги сохта салафий ва бемазҳаблар ўзларининг илмсизлиги туфайли берган фатволари билан бу масалада халқимиз орасида ҳар хил ихтилофларни чиқармоқда. Шунинг учун қуйида бу масалага боғлиқ баъзи ҳукмларни айтиб ўтамиз. 

Ислом асослари ва манбаларини синчиклаб ўрганилса, Қуръон тиловати, қилинган хайр-эҳсон ва садақалар савобини марҳумларга бағишлаш дуруст экани маълум бўлади. Қуйидаги ҳадислар ҳам айнан Қуръон тиловат қилиб ўтганларга бағишлаш эзгу ишлардан эканини кўрсатади.

عَنْ عَلِيِّ بْنِ أَبِي طَالِبٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَنْ مَرَّ عَلَى الْمَقَابِرِ وَقَرَأَ قُلْ هُوَ اللَّهُ أَحَدٌ إِحْدَى عَشْرَةَ مَرَّةً، ثُمَّ وَهَبَ أَجْرَهُ لِلأَمْوَاتِ أُعْطِيَ مِنَ الأَجْرِ بِعَدَدِ الأَمْوَاتِ

(رواه الإِمَامُ الدارقطني)

яъни:  Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Ким қабристондан ўта туриб, Ихлос сурасини ўн бир марта ўқиб, савобини вафот этганларга бағишласа, вафот этганлар сонича унга савоб берилади” (Имом Дорақутний ривояти).

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَنْ دَخَلَ الْمَقَابِرَ، ثُمَّ قَرَأَ فَاتِحَةَ الْكِتَابِ وَقُلْ هُوَ اللَّهُ أَحَدٌ وَأَلْهَاكُمْ التَّكَاثُرُ، ثُمَّ قَالَ إنِّي جَعَلْتُ ثَوَابَ مَا قَرَأْتُ مِنْ كَلَامِكَ لِأَهْلِ الْمَقَابِرِ مِن الْمُؤْمِنِينَ وَالْمُؤْمِنَاتِ كَانُوا شُفَعَاءَ لَهُ إلَى اللَّهِ تَعَالَى

(رواه الإِمَامُ الطبراني)

яъни: Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким қабристонга кириб, Фотиҳа, Ихлос ва Такасур сураларини ўқиса, сўнг “Каломингдан тиловат қилган сураларимнинг савобини қабрда ётган мўмин ва мўминаларга бағишладим” деса, улар Аллоҳ таоло ҳузурида унга шафоатчи бўладилар”, ‒ дедилар (Имом Табароний ривояти).

Ҳанафий мазҳабимизнинг барча мўътабар манбаларида садақа, намоз, рўза, тиловат ва бошқа яхши амалларни бошқанинг номидан қилиш мумкинлиги, савоби етиши ҳақида алоҳида тўхтаб ўтилган. Жумладан, “Раддул муҳтор” китобида бу мавзуда қуйидаги маълумотлар мавжуд: “Уламоларимиз “Бошқанинг номидан ҳаж қилиш” бобида инсон қилган амали савобини хоҳ у намоз бўлсин, хоҳ рўза бўлсин, хоҳ садақа ёки бошқа ибодатлар бўлсин, бошқа инсонга бағишлаши жоиз”.

Ибн Ҳажар Маккийдан: “Биров қабристон аҳлига “Фотиҳа” сурасини ўқиса, савоб уларнинг ўртасида тақсимланадими ёки ҳар бирига унинг савобича тўлиқ бериладими?”, ‒ деб сўралганда, у зот: “Бир жамоа уламолар иккинчисига фатво беришган ва Аллоҳнинг фазлига шуниси лойиқроқ”, ‒ деб жавоб берганлар
(2-жилд, 243-бет).

Кўпчилик аҳли сунна олимлари ҳам марҳумларга савобнинг етиши мумкинлигини айтадилар. Жумладан “Ақидаи таҳовия” китобида: “Тирикларнинг дуо ва садақаларида маййитлар учун фойда бордир” дейилган.

Ҳанафий олимлардан Бадриддин Айний раҳматуллоҳи алайҳ: “Ўтганларга намоз, рўза ва садақанинг савоби етишининг ўзи Қуръон тиловатининг ҳам савоби етишини билдиради”, ‒ дейдилар.

Закариё Ансорий раҳматуллоҳи алайҳ “Ал-Лубоб”да: “Бунга (тиловатнинг савоби ўлганга етишига) далолат қиладиган нарсалардан бири шуки, мусулмонлар барча асрларда Қуръон ўқиб, ўтганларига бағишлаганлар ва буни ҳеч ким инкор этмаган. Демак, бунга ижмоъ ҳам далил ҳисобланади”, ‒ дейдилар.

Юқорида ўтган ҳадислар ва умумий шаръий ҳукмлар шуни кўрсатадики, Қуръон тиловат қилиб, вафот этган кишига унинг савобини бағишлаш ‒ шаръан дуруст. Нафақат шаръан дуруст, балки мустаҳаб ва энг савобли амаллардан ҳисобланади.

Шундай экан, ҳар хил илмсизлик билан фатво берадиган кимсаларнинг гапларига қулоқ солмасдан, неча асрлардан бери ота-боболаримиз амал қилиб келаётган Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг мазҳабларида мустаҳкам турайлик!

Аллоҳ таоло барчамизни аҳли сунна вал-жамоа эътиқоди ва ҳанафий мазҳабида собитқадам қилиб, тўғри ва ҳидоят йўлида бардавом қилсин! Омин!

 

Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “САХОВАТ ‒  ЖАННАТГА ЕТАКЛОВЧИ ФАЗИЛАТ” мавзусида бўлади.

 

vendredi, 20 septembre 2019 00:00

Шу ҳақида ўйлаб кўрайлик!

Қуёш Ердан (яхлит қилиб олганда) 150 миллион километр узоқликда жойлашган. Шу узоқликдан келган иссиғига “Вой, ёмон исиб кетдим. Ока, муздек коладан очинг!” деб беҳаловат бўламиз.

Миқдод бин Асвад шундай дейдилар: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитдим: “Қиёмат кунида қуёш халойиққа бир мил қадар яқин келади. У кунда инсонлар қилган амалларига яраша ўз терларига ботадилар, уларнинг баъзилари тўпиқларигача, баъзилари тиззаларигача, баъзилари белларигача ва яна баъзилари тумшуқларигача ўз терларига ботадилар”. (Муслим тахриж қилган).

Ҳа, Қиёмат куни Қуёш инсонларнинг боши тепасига олиб келинади. Ҳар ким дунёдаги аҳволига қараб турли даражада терга ботади. Айримлар бутунлай терига кўмилади. У Кундаги Қуёш шу дунёдаги нур сочиб турган Қуёшми ёки Аллоҳ таоло бундан-да иссиқроғини яратадими, буни фақат Ўзи билади.

Ёзнинг жазирамасида куннинг ўртасида, тахминан соат 14-17 оралиғида бўладиган иссиқ ҳавони, машинанинг ойнасидан ҳам юзга қайноқ ҳаво урилишини кўз олдимизга келтирайлик! Ўша ҳолатни тасаввур қилдик-а?! Энди охиратдагиси қандай иссиқ экан?!

Кўзимизни очайлик! Гуноҳларимизга тавба қилайлик! Солиҳ амалларга шошилайлик! Вақтни ғанимат билайлик! Намозларимизни вақтида ўқийлик! Қазо намозларимиз бўлса, уларни ҳам ўқиб боришни йўлга қўяйлик! Қарзларимизни узайлик!

Аллоҳ таоло гуноҳларимизни мағфират этсин! Охиратда Аршининг соясида турадиганлардан бўлишимизни насиб этсин, омин!

 

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Top