muslim.uz

muslim.uz

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги ўрта махсус ислом таълим муассасаларига ҳужжат топширган абитуриентларнинг сони кескин ошгани, қабул имтиҳонларида абитуриентларга қулай шароит яратиш, тест синовларини янада шаффоф, очиқ ва ошкора ўтишини таъминлаш мақсадида ўрта махсус таълим муассасаларининг 2019-2020 ўқув йили учун қабул имтиҳонлари Давлат тест маркази томонидан ўтказилади.

Қабул имтиҳонларининг ўтказиш санаси ўрта махсус таълим муассасалари томонидан қўшимча маълум қилинади.

ЎМИ Матбуот хизмати

 

 

"Мўмин киши жуда заковатли, қобилиятли, зийрак ва ҳушёрдир"[1].

Мўмин киши жуда ақллидир, зуккодир, зийракдир. Мактаб-мадраса кўрмаса ҳам, унинг ақли имон нури ила ҳар нарсани идрок эта олади. Айни вақтда қобилиятли, тадбирли, ўз ишининг устасидир. Баъзи докторларни маҳоратли, ўз ишининг мутахассиси деб мақтаганимиздек, мўмин ҳам шундайдир. Фатонат – Қуръоний ва маънавий сирлардан воқиф бўлиш орқали яхши-ёмонни, имонсизларнинг ақллари етмаган нарсаларни тез фаҳмлайдиган қобилият демақдир. Бу хислат фақат имон аҳлига хос. Масалан, куфр аҳли ва динсизлар ақл бовар қилмайдиган турли хил илм, санъат ва маҳоратга эга. Аммо, афсуски, ҳақ билан ботилни фарқлай оладиган қобилиятлари бўлмаганидан, кўра-била туриб ўз қўллари билан ясаганлари бут-санамларга сиғиниб, урф-одат дея қилган ботил қилмишларини англамайдилар. Улар роҳибларнинг сўзларига алданиб, Аллоҳга ибодат қилиш ўрнига, бутларга сиғинадилар. Бундан ҳам оғирроқ аҳмоқона иш бўладими? Шу боисдан мўмин киши, ўткинчи дунёси учун эмас, балки абадий бўлган охирати учун меҳнат қилади. Охиратини вайрон қилиш эвазига дунёсини обод қилишни хоҳламайди. Бинобарин, мўмин дунё неъматларидан ҳам махрум эмас. Кофир дунё учун қулдай меҳнат қилади, елиб-югуради. Бунинг устига охират саодатидан бенасиб қолади. Мўминлар охиратларини хароб қилмаган ҳолда дунё учун ҳам тер тўкиб, уни ҳам обод этадилар.

Мўмин ҳар вақт ҳазир ва ҳушёрдир. Муаммоли, ечими қийин бўлган масала ва ишларни гўзал равишда ҳал қилади. Доим сергак ва тетикдир. Оқибати хунук ишлардан ўзини сақлайди ва узоқ юради. Ақлли, заковатли, зеҳни ўткир, ҳозиржавоб, теран фикрлилик каби хислатларга эгалик ҳақиқий мўминларга хосдир. Саҳобаи киром ва тобеъин даврларида мусулмонлар на саноатда, на савдода, на ҳарб-аскарликда маҳоратлари баланд эди. Аммо у даврнинг энг мукаммал олимларига, саноатига, савдо-сотиғига ва ҳарбий кучларга эга бўлган Рум императорлиги билан улкан Эрон давлати ушбу мўмин-мусулмонлар қаршисида қандай ожизу нотавон аҳволда қолганлари, таслим бўлганлари, юртларини ташлаб қочганлари айни ҳақиқатдир.

Мўминлар басират кўзи билан боқиб, ишларини соғлом бошқариб, ақл билан ҳаракат қилувчи фаҳм-фаросатли кишилардурки, ғафлат ва тузоққа тушмайдилар. Ҳудди қуш сингари бир донни оғзига олиш учун атрофида душманим йўқми деб бир неча марта бошини кўтариб қарайди. Набиййи мухтарам (Аллоҳ ул зотга салоту салом ёғдирсин) ҳазратлари умматларини огоҳлантириб: "Мўмин киши оқибатнинг ёмонлигидан доимо сергак турмоғи лозимдир" деганлар.

Дайламий ҳазратлари "Муснади Фирдавсий" асарида шундай ҳадиси шарифни келтирадилар:

"Мўмин кишилар шубҳали нарсалардан қочадилар, сабр қиладилар, шошилмайдилар, чунки шошилиш шайтондандир. Илмли мўминлар ҳам шубҳалардан жуда узоқ юрадилар, қўрқадилар. Мунофиқ эса, тамоман бунинг аксидир, инсонларга доимо зиён етказувчи, ўйлаб-нетмай, давомли ҳаромларга қўл урувчи, тунда ўтин ташийдиганлар каби, қаердан фойда қилиб, қаерга сарфлаётганини ҳисоб-китоб қилмайдиган ва аҳамият бермайдиган кимсадир. Зинҳор сизлар бундайлардан бўлиб қолманглар!"[2].

Ҳақ жалла жалолуҳу бизларни ўзига хизмат килдириб, ботилдан узоқ юрувчи бандаларидан қилсин.

 

Шайх Муҳаммад Зоҳид Қўтқунинг

“Мўминнинг сифатлари” китобидан

 

[1] “Рамуз ал-аҳодис” 231/14, ровий ҳазрати Анас ибн Молик (р.а).

[2] “Рамуз ал-аҳодис” 231/14, ровий ҳазрати Анас ибн Молик (р.а).

samedi, 29 juin 2019 00:00

Имон ҳаловати

Нуриддин билан мактабда бирга ўқиганмиз. Одамларнинг назарида унданда безорироқ кимса йўқ эди. Энг жирканч қабиҳликларни ҳам тап тортмай қилаверганидан ҳамма ундан безор бўлган эди. Уйидаги муҳити ҳам шунга яраша, мактабда эса ҳеч кимнинг гапига кирмасди. Мактабни тамомлаб ўқишга кирди, олий маъмумотли бўлди ҳамки, олдинги  одатларидан қутула олмади. Уйланиш навбати етди. Аммо кўпчилик унинг қандайлигини яхши билгани учун унга қиз бермади.

Синфдошлар билан учрашиб қолганимизда намоз хусусида суҳбатлашдик. Нуриддин ҳам биз билан бирга эди.

Қишлоққа борганимда Нуриддин бизникига келди. У жуда катта муаммолар гирдобида қолиб кетган, қаердан нажот излашни билмай гангиб қолганди. Мен унга бу муаммоларнинг ҳаммаси Аллоҳнинг буюрганларини қилиш ва қайтарганларидан узоқлашиш билангина ҳал бўлишини имкон қадар тушунтиришга ҳаракат қилдим. Энг тўғри йўл, нажот йўли, ҳидоят йўли, дунё ва охиратдаги ягона саодат йўли шу эканини қўлдан келганча уқтирдим. Унинг бошқа юрадиган йўли қолмаган, юрилмагани биргина шу – ҳидоят кўчаси эди. Энди олдинги важоҳати ҳам сўниб қолган. Қалби юмшаб, анча эриган эди. Мен эса унинг солиҳ инсонга айланишини жуда-жуда истаб, Яратганга ёлвориб дуолар қилар эдим.

Аллоҳ таолонинг чексиз фазлу марҳамати билан у ҳам ибодатларни ўргана бошлади. Ҳар бир нарсани қунт билан ўрганишга, ўрганганларига ихлос билан амал қилишга жуда ҳарис бўлди. Қисқа вақтда Қуръондан ҳам анча ёдлаб қўйди. Энди олдинги Нуриддиндан ҳеч нарса қолмаган, у бутунлай бошқа одамга айланган эди. Бир куни:

- Яна қандай хайрли ишларни қилса бўлади? Яна қандай қўшимча ибодатлар бор?- деб қолди. Бу – олдинги билиб-билмасдан қилинган ишларнинг пушаймонлигидан, ҳақиқий тавба умидида имкон қидириб сўралган савол эди. Саволни эшитиб, ўзимдан уялиб кетдим: менда шундай ихлос борми ўзи?

Кўп ўтмай Нуриддин қўшнисининг қизига уйланди. Аллоҳ унга эгизак фарзанд ато қилди. Лекин чақалоқлар узоқ яшамади. Кўнгил сўраш учун бориб, унга тасалли берган бўлдим. У эса:

- Мен уларнинг вафотидан сиқилаётганим йўқ. Ўлим ҳамманинг бошида бор нарса. Лекин мана шу бегуноҳ норасидалар менинг касофатим туфайли ногирон туғилиб, вафот этишди. Эртага қиёматда бунга мен қандай жавоб бераман, -деб йиғларди.

Бу – имон ҳаловатига етишган инсоннинг энг гўзал ҳолати эди.

Аллоҳга илтижо қилдимки, бу биродаримизни умрининг охиригача шу ҳаловатдан айирмасин. Ҳеч биримизни имон ҳаловатидан бебаҳра қолдирмасин.

 

Сирдарё вилояти “Тавба” жоме масжиди имом хатиби

Файзуллоҳ ЭШБЕКОВ тайёрлади.

Муборак Ҳаж мавсуми яқинлашиб келмоқда. Бу йили ҳам юртимиздан 7200 нафар юртдошларимиз исломнинг бешинчи рукни бўлмиш Ҳаж амалларини адо этадилар иншааллоҳ. Ушбу улуғ сафарга боришга муносиб топилган фуқаролар жойларда суҳбатлар ўтказилиб, қизғин тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Қашқадарё вилоятидан бу йили 400 нафар фуқаро муборак сафарга йўл олади.  26 июнь куни Қарши шаҳар “Маданият саройи”да вилоят ҳокимлиги ва Диний идоранинг Қашқадарё вилояти вакиллиги билан ҳамкорлигида зиёратчилар билан суҳбат олиб борилди.

Учрашувда муборак зиёратнинг мазмун-моҳияти, сафарга бориш бўйича тартиб-қоидалар тушунтирилди. Хусусан, ҳаж мавсуми ёзнинг иссиқ кунларига тўғри келиши, мазкур сафарга ёши улуғ фуқароларимизнинг бориши қолаверса, аксарият зиёратчиларнинг илгари хорижга чиқмаганлигини инобатга олиб, зиёратчиларга вилоят бош имом-хатиби Раҳматилло домла Усмонов томонидан зарурий тавсиялар берилди.

Бундан кейин гуруҳларда йиғилиб, Ҳаж ибодати ҳақидаги билимларни янада мустаҳкамлаб бориш бўйича кўрсатма берилди. 

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

 

 

Аллоҳ таоло бандасига бу дунёни охират учун амаллар диёри қилиб берди. Банда нима қилса қилаверсин чунки нимаики қилса ўзи учундир. Истаса эҳсон қилсин, истамаса қилмасин. Истаса адолатли бўлсин, истамаса адолатли бўлмасин. Истаса сахий бўлсин, истамаса бахил, истаса савоб амал қилсин, истамаса гуноҳ. Зотан Аллоҳ таоло каломида: “Нимани хоҳласангиз, қилаверинг”, (Фуссилат сураси 40-оят) деган бўлса бошқа оятда: “Фойдаси ҳам ўз ксбидан, зарари ҳам ўз касбидан” (Бақара сураси 286-оят) дейди. Яна бир оятда: “Ким куфр келтирса, унинг куфри ўз зарарига. Кимлар яхши амаллар қилган бўлса, ўзлари учун замин тайёрларлар” (Рум сураси 44-оят) дейди.

Яъни: Хоҳласангиз, қуёшга сажда қилинг. Хоҳласангиз, ойга сажда қилинг. Хоҳласангиз, Аллоҳнинг оятлари ҳақида куфр сўзлар айтинг. Ҳар бир ишингизни Аллоҳ таоло кўриб туради, деганидир.

Демак, яшаб турган дунёйимиз охират учун захира қилиш имконини берувчи маскандир. Нимаики қилсак, уни кўриб, билиб турувчи зот ва ёзиб турувчи фаришталар бор.

Охират эса, амалларимизга яраша ё жазо, ё мукофот бериладиган диёрдир. Агар жон олувчи фаришта келса, ҳамма нарса тугайди. Ихтиёр тугуйди, амонат тугайди.

Бир ўйлаб кўрайлик! Талаба ўқишга кирса унда бир муҳлат ихтиёр бўлади. Бу даврда у истаса дарс қилади, истамаса қилмайди. Истаса тиришқоқлик билан берилган фанни ўрганади, истамаса ўрганмайди. Истаса вазифаларини ёзади, истамаса ёзмайди. Қачонки имтиҳон топшириш вақти келса, ана энди унда ихтиёр бўлмайди. Зотан унга имконият берилган ва унда муҳлат бор эди. Қани жавоб бер дея, олдига савол ташланади.

Биз ҳам хозир шу талаба кабимиз. Бизда фурсат бор. Хоҳласак илм ўрганамиз хоҳламасак ўрганмаймиз. Бу дунё бир бекат кабидир. Унда бироз дам олиб, яна юришда давом этилади.

Дунё таклиф диёри бўлса, охират ташриф диёридур. Охират ихтиёр, мукаллафлик, ҳалол-ҳаром сўзи каби ишлар тугайдиган майдонидир. Унда жаннат ва дўзох бордир. Жаннатга кирган киши учун кўзингни тий, эрта тонг бомдод намозига тур, молингни сарф қил дейиш йўқ ва инсонни қийнайдиган қуёшнинг иссиқ ҳарорати  ҳам йўқ.

Аллоҳ таоло жаннат аҳли ҳақида шундай дейди: “Албатта, жаннат эгалари у кунда завқланувчилик ила машғуллар. Улар ва уларнинг жуфтлари сояларда сўриларда ёнбошлаб ётурлар. Улар учун у ерда мевалар бордир. Улар учун у ерда истаган нарсалар бордир. (Ясин сураси 55-57 оятлар)

Азизлар! Ҳаммамизнинг умидимиз жаннатга киришдир албатта. Шундай экан унга кириш учун имконят бўлган аммаллар дунёсида бор эканмиз бизга берилган умрдан унумли фойдаланиб қолайлик. Шунда иншаоллоҳ мақсадимизга ва орзуйимизга етамиз албат.

Тошкент шаҳаридаги

“Шайх Зайниддин” жомеъ масжиди имом хатиби

Абдурахманов Яхё

Top