muslim.uz

muslim.uz

Айни вақтда Ўзбекистон делегацияси ишчи ташриф билан Миср Араб Республикасида бўлиб турибди.

Ўзбекистон делегацияси мазкур Марказ фаолиятининг халқаро ҳамкорлигини кенгайтириш мақсадида Ал-Азҳарнинг “Экстремизмга қарши курашиш обсерваторияси ва электрон фатволар бўйича халқаро марказ” фаолияти билан яқиндан танишди.

Маълумот учун, Мисрдаги мазкур марказ террористик гуруҳлар томонидан оммавий ахборот воситаларида тарқатилаётган экстремистик ғоя ва мафкуралар билан боғлиқ жараёнларни мониторинг қилиш, уларга ал-Азҳар халқаро фатво маркази орқали илмий раддиялар бериш, шунингдек, соф исломий тушунчаларни ёйиш ва унинг инсоний қадр-қийматини қўллаб-қувватлашдаги ролини кўрсатиш ҳамда ёшларни ёлғон тасаввурлар орқали турли оқимларга қўшилиб қолиш сабабларини ўрганиб чиққан ҳолда бунинг олдини олиш чораларини ишлаб чиқади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

“Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Ҳукумат қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларига борадиган фуқаролар туман (шаҳар)лар тиббиёт бирлашмаларида, мураккаб ва зиддиятли ҳолатларда марказий поликлиникалардан бирида бепул тиббий кўрикдан ўтказилади.

Илгари тиббий кўрикнинг барча босқичлари фақат Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларида, шунингдек Тошкент шаҳрида марказлаштирилган ҳолда битта тиббиёт муассасасида бепул ўтказилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Беморни зиёрат қилиш мусулмоннинг мусулмон биродари зиммасидаги ҳақларидан биридир.  Бу ҳақни адо этиш билан банда кўплаб яхшиликлар, ажру савобларга эришади. Биринчидан, бемордан ҳол-аҳвол сўраб, яхши ниятлар билдириш билан дардманнинг кўнгли кўтарилиб, хурсанд бўлади. Дарди енгиллашади. Иккинчидан, беморнинг ҳузурида дуолар қабул бўлиши ҳақида саҳиҳ ҳадисларга кўра беморнинг ҳаққига ва бемор зиёратчиларининг ҳаққига дуода бўлади. Энг муҳими бу билан Аллоҳ ризолигига эришилади.

Динимизнинг ана шундай мўтабар, инсонпарвар одобларини жамоасига ўргатиб келаётган  Самарқанд вилояти Нарпай тумани “Қориравот” жоме масжиди имом-хатиби Сайдулло Рўзиев маҳалла аҳли билан биргаликда “Ўзбеккент” маҳалласида яшовчи, кўпдан бериб дардманд бўлиб ётиб қолган А.Файзиев зиёратида бўлдилар. Бемор ҳузурида Қуръони карим тиловат қилинди. Онахондан кўнгил сўраб, шифо дуолари айтилди. Дори даармон ва бошқа харажатлари учун бир миллионга яқин моддий ёрдам кўрсатилди.

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

Жорий йилнинг 30 июнь куни эшитиш ва нутқида имконияти чекланганлар учун “Шайх Зайниддин” масжиди имом-хатиби Яҳё Абдураҳманов “Ғийбат ҳақида” маъруза қилиб берди.

Ғийбат ҳар бир жамият учун ёмон иллатлардан бўлиб, гуноҳи кабиралар қаторига киради. Инсон бошқаларни тили билан ғийбат қиладими, қўли билан кўрсатибми ёки имо-ишора биланми барибир гуноҳ қилган бўлади.

Имом Абу Довуд Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар айтилади:

«Эй Аллоҳнинг Расули, ғийбат нима?» деб сўрашди. «Биродарингни ўзига ёқмаган нарса билан эслашинг», дедилар. Шунда: «Биродаримда мен айтган нарса бўлса-чи, бунга нима дейсиз?» дейишди. «Агар айтганинг унда бўлса, ғийбат қилган бўласан, аммо айтганинг унда бўлмаса, бўҳтон қилган бўласан», деб жавоб қилдилар.

Ғийбатнинг ҳаром, гуноҳи кабиралардан эканини ҳамма уламолар бир овоздан таъкидлаганлар. Ғийбат ҳақида “Ҳужурот” сурасида баён қилинади:

«Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилмасин. Бирортангиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрурми? Ҳа, ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ тавбани кўплаб қабул қилувчидир, ўта раҳмлидир» (12-оят).

Абу Барза Асламийдан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй тили билан иймон келтириб, дилида иймон келтирмаганлар, мусулмонларни ғийбат қилманг ва уларнинг камчиликларини қидирманг. Кимки уларнинг камчилигини қидирса, Аллоҳ таоло ўша одамнинг камчилигини қидиради. Аллоҳ кимнинг камчилигини қидирса, уни уйида шарманда қилади», дедилар». Абу Довуд ривоят қилган. Охиратда ҳам ғийбатчилар жазосиз қолмайдилар.

Тадбир сўнггида имконияти чекланганлар томонидан берилган саволларга имом-хатиб томонидан жавоблар берилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2019 йилнинг 1 июль куни Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳар Кимёгарлар маданият саройида Ангрен, Олмалиқ, Оҳангарон шаҳар ва Пискент, Оҳангарон туманида фаолият олиб бораётган отинойилар учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилоят вакиллиги ҳамда Тошкент вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан ўқув семинари ташкил этилди.

Семинарни Тошкент вилояти бош имом-хатиби Х.Турматов ҳамда Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари А.Қўчқоровлар кириш сўзи билан очиб бердилар ва амалга оширилаётган ислоҳотлар, бугунги кунда диний соҳа ходимларининг, хусусан, отинойиларнинг олдида турган вазифалар ҳақида тўхталиб ўтдилар, қўйилган вазифаларни бажаришда, жамиятда юзага келаётган муаммоларни ҳал қилишда отинойиларнинг малакаси ва масъулиятини янада ошириш борасида фикр юритдилар, шунингдек, мана шу каби ўқув семинарлари отинойиларнинг фаолиятини янада яхшилашга, улар дуч келаётган масалаларга жавоб топишга хизмат қилажагини таъкидладилар.

Ўқув семинари давомида мутахассислар томонидан қилинган «Исломдаги ақидавий ва фиқҳий йўналишлар», «Мумтоз тасаввуф ва замонавий тариқатчилик», «Аёлларга хос фиқҳий масалалар, меъёрий ҳужжатларга риоя этилишини таъминлаш», «Ислом асосларини ғаразли мақсадларда бузиб талқин қилиш» мавзулари доирасида маърузалар тингланди, шундан сўнг отинойилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар, фаолиятлари давомида дуч келаётган масалалалар юзасидан ўзаро фикр алмашдилар.

Таъкидлаш жоизки, бу каби ўқув семинари ҳафта охиригача 5 та ҳудудга бўлинган ҳолда Тошкент вилоятининг барча туман ва шаҳарларида фаолият олиб бораётган отинойилар учун ўтказилиши режалаштирилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Top