muslim.uz

muslim.uz

Ўғирлик барча жамият ва тузумларда қораланган, инсоният ҳаёти ва мулкига зарар етказувчи ижтимоий хавфли қилмиш – жиноят ҳисобаланади. Халқимиз азалдан ҳалолликни улуғлаб, ўғрилик, қўли эгриликни қоралаган. Эгасидан сўроқсиз ҳеч бир нарсага ҳатто қўл теккизишга ботинмаган.

Афсуски, бу иллат сўнгги пайтларда ёшлар орасида тез-тез содир этилаётгани қулоғимизга чалинади. Нафс ортидан қувиш, билимсизлик, содир этаётган қилмишининг дунё ва охиратдаги азобини ўйламаслик баъзи кишиларни шу кўчага олиб кирмоқда. Жойларда имом-хатиблар гуноҳи кабиралар ҳақида тушунтириб, динимиз таълимотидан хабар бермоқдалар.

Навоий вилояти “Дўрмон” жоме масжиди имом-хатиби Музаффар Раҳмонов Навоий кон металлургия комбинатига қарашли 1-сонли ётоқхонада  истиқомат қилаётган 50 дан ортиқ ишчи-ходимлар билан ўтказилган учрашувда "Ўғирлик - гуноҳи кабира" мавзусида маъруза қилди. 

Имом-хатиб ўз сўзида қуйидагиларни айтиб ўтди:

“Аллоҳ таоло ўғирлик ва унинг жазоси ҳақида Қуръони каримда шундай дейди:“Ўғри эркак ва ўғри аёлнинг қўлларини кесинглар. Бу Аллоҳдан бездирувчи иқоб ўлароқ, касб қилган нарсаларига яраша жазодир. Аллоҳ ўта иззатлидир, ўта ҳикматлидир” (Моида, 38).

Уламолар айтадиларки, ўғирлаган нарсани эгасига қайтармас экан, ўғрининг тавбасидан ҳеч наф йўқ. Агар ҳеч вақоси бўлмаса, молнинг эгасидан розилик олиши шарт.

Мол – мулк эгасининг ёки бошқаларнинг йўқлигида ёки улар бор бўлса-да, уларга билдирмасдан ўзганинг мол-мулкини яширин талон - тарож қилиш ўғирлик ҳисобланади.

Ўғирлик содир этган одам ишончни йўқотади. Агар у қилган иши учун тавба килмаса, Қиёмат кунида жавоби бундан-да қаттиқроқ бўлади. Ўғирлик моли ўғрининг зиммасига тўланиши керак бўлган қарз бўлиб туради”. 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими 

     Умавийлар даврида  Росулуллоҳ соллаллоҳу аълайҳи васалламнинг улуғ саҳобийларидан, ашараи мубашшаралардан бири, Саид ибн Зайд билан Мадина аҳли уни узоқ вақт гапириб юрадиган ҳодиса содир бўлди. Арво бинти Увайс Саид ибн Зайд унинг ерини бир қисмини босиб олиб ўзининг ерига қўшиб олди деб даъво қилди. Аёл гапини мусулмонлар орасида тинмай қайтарар ва ҳаммага айтиб берар эди. Сўнгра ишини Мадинаи мунаввара волийси Марвон ибн Ҳакамга олиб чиқди. Марвон бу ҳақида гаплашиш учун Саид ибн Зайднинг олдига бир қанча одамларни юборди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг соҳобасига бу иш жуда оғир ботди ва уларга шундай деди: “Мени у аёлга зулм қилаяпди деб ўйлаяпсизларми !! Қандай қилиб унга зулм қиламан ?! Ахир мен Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ким бир қарич ерни зулм билан эгалласа, қиёмат куни бўйнига етти қават ер тавқи лаънат қилиб осилади” деганларини эшитганман. Эй Аллоҳ у аёл мени унга зулм қилди деб даъво қилаяпди. Агар ёлғончи бўлса унинг кўзини кўр қилгин ва уни мен билан талашаётган ердаги қудуғига улоқтиргин. Мен унга зулм қилмаганимни мусулмонларга баён қиладиган ҳужжатни зоҳир қилгин”.

     Орадан кўп ўтмай Мадинанинг Ақиқ водийсида олдин унинг мисли кузатилмаган кучли сел оқди. Сел иккаласи ихтилоф қилаётган чегарани очиб ташлади. Шунда барча мусулмонларга Саид ибн Зайдни ростгўй эканлиги равшан бўлди. Шундан кейин бир ой ўтмасдан аёл кўр бўлиб қолди ва ўша ерини айланиб юрганида қудиғига йиқилди. Абдуллоҳ ибн Умар айтади: Биз ёшлигимизда бир инсон бошқаси билан уришиб қолса: “Аллоҳ сени Арвони кўр қилганидек кўр қилсин” деганини эшитар эдик.

     Буни ҳеч ажабланарли жойи ҳам йўқ. Чунки Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мазлумнинг дуосидан сақланинг, чунки у билан Аллоҳнинг ўртасида парда йўқ” дер эдилар. Агар бу мазлум тириклигида жаннат башоратини олган ўнта саҳобийдан бири Саид ибн Зайд бўлсачи ?! [1]

Манбалар асосида

Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти ўқитувчиси,

“Ислом нури” жоме масжиди имом хатиби

 А. Собиров.

 

[1] Доктор Абдурроҳман Раьфат. Суварун мин ҳаятис саҳаба 233-239-бет

 

Бугунда  Фарғона вилоятининг маркази ҳисобланган Фарғона шаҳрида 18 нафар имом-хатиб ва имом-ноиблари, 36 нафар отинойилар фаолият олиб бормоқда. Улар ҳудудда истиқомат қилаётган аҳолининг диний-маърифий ва ижтимоий кўмакка оид тадбирларида доимо кўмак бериб келаётганлари эътиборга моликдир.

Жорий йилнинг 22 июнь куни Фарғона шаҳрида фаолият олиб бораётган имомлар ва отинойилар ташаббуси билан 10 нафар боқувчисини йўқотган ва имконияти чекланган болалар учун хатна тўйи ташкил этилди. Тадбирда вилоят бош имом-хатиби ўринбосари А.Наимов ҳамда қатор ҳамкор ташкилотлар мутасаддилари иштирок этди.

Абу Умомадан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай марҳамат қилганлар: “Ким Аллоҳ учун бир етимнинг бошини силаса, қўли нечта сочнинг устидан ўтса, шунча ҳасанот ёзилади. Ким ўз ҳузуридаги етим қизга ёки болага яхшилик қилса, мен ўша одам билан жаннатда мана бундай бўламан”, деб икки бармоқларини яқинлаштирдилар. 

Тадбирда сўзга чиққанлар тўй болаларни келажакда юксак иймон-эътиқод соҳиби, Ватанига садоқатли фарзанд бўлиб камол топишини тилаб, дуога қўл очдилар. Бир қатор ҳомий ташкилотлар болаларга ўзларининг эсдалик совғаларини топширдилар.

Дунёда бола кулгуси, шодлигиданда ширин манзара йўқ. Унинг беғубор табассуми ҳар қандай тош қалбни ҳам эритиб юборади. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳудек зотлар мурғак қалб соҳибларидан дуо олар эди. Бу кеча қилинган ишларнинг ҳамма-ҳаммаси Раҳмонга суюкли амал – болага табассум, меҳр-муҳаббат улашиш ниятида бўлди.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

Президент Шавкат Мирзиёев ўтган йили июнда Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази қурилишига рамзий тамал тоши қўйган эди. Ўтган вақт давомида бу ерда кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Иншоот ертўласи ва деворлари қурилди, айни пайтда том қисми конструкциялари монтаж қилинмоқда.  

Қарийб 10 гектарни эгаллаган муассаса илмий-маърифий марказ бўлади. Бино ертўласида музей омбори, қадимий қўлёзма ва осори-атиқаларни реставрация қилиш хоналари бўлади. Биринчи қаватда кутубхона, анжуманлар зали, аждодларимизнинг илм-фан ривожига қўшган улкан ҳиссаси ва меъморлик анъаналарига бағишланган кўргазма заллари жойлашади. Марказий фойега Усмон Қуръони қўйилади. Иккинчи қаватдан ахборот-ресурс маркази, илмий кафедралар ва бошқа хоналар ўрин олади. 

Давлат раҳбари қурилиш жараёнини кўздан кечирди, бинонинг ички ва ташқи кўриниши, гумбаз ранглари юзасидан ўз тавсияларини берди.

 

-  Бу марказ орқали илм, маърифат, маданият ривожига миллатимиз қўшган ҳиссани муҳрлаб қўймоқчимиз, бу улуғ меросни халқимизга, ёшларимизга етказмоқчимиз. Ислом цивилизацияси маркази шу йўналишдаги илмий муассасалар учун фундаментал база бўлиши лозим. Ўзбекистон халқаро ислом академиясидаги ўқув ишлари бу марказ билан ҳамоҳанг бўлиши, талабалар юқори курсларни шу ерда ўқиб, ўқитувчилар малака ошириши керак, - деди Шавкат Мирзиёев.

Президентимиз Усмон Қуръонини безавол сақлаш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Уни талабга мос ҳарорат ва ёруғлик даражасини таъминлаган ҳолда сақлаш, зиёратчилар учун қулай шароитлар яратиш бўйича давлатимиз раҳбари кўрсатмалар берди.

Манба:  https://president.uz

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган.

 

Агар кўз шаҳват билан қараса, қалб оқибатни кўришдан кўр бўлиб қолади.

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу

*****

Бузғунчини фақат бузғунчи ҳимоя қилади. Йиқилганни фақат йиқилган ҳимоя қилади. Ҳурриятни фақат озод инсонлар ҳимоя қилади. Ҳар бир одам нимани ҳимоя қилаётганини яхши билади.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Бу ҳаётда бирор инсонга суянма. Ҳатто соянг ҳам қоронғу жойларда сени тарк этади-ку!

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Маймунлар машинани эгаллаб олди. Лекин улар ўша машинани ҳайдашни эплолмайдилар. Эгаллаб олиш дегани бошқара олиш, етакчилик қила олиш дегани эмас. Инсонлар ҳаётидаги ҳолатларни ҳам бунга мисол қилсак бўлади. Эгаллаб, босиб олувчилар кўп, лекин етакчилик қиладиганлар, бошқара оладиганлар жуда камдир.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Ғарб дори сотиш учун инсонларнинг касал бўлишларини истайди. Таом сотиш учун фақир бўлишларини истайди. Қурол сотиш учун уларнинг урушишларини истайди. Эгалик қилиш, мустабидлик давом этиши учун халқларнинг парчаланган, бўлинган ҳолда бўлишини истайди.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Бир шахсга ҳеч қандай шак-шубҳа қилмай ишонч билдирсанг, охир-оқибат икки натижадан бирига эришасан:

Ё бир умрлик шахс (дўст)га;

Ёки бир умрлик дарсга.

Иброҳим Фиқий

*****

Қўйлар умрини бўридан қўрқиб ўтказади. Охирида эса чўпоннинг ўзи уларни ейди.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Диплом, аттестат – сенинг таълим олганингни исботлайдиган қоғоздир, ўқиганларингни тушунганингни эмас.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Мудир – сен ишга эрта келганингда кеч келадиган, кеч қолиб келганингда эса эрта келадиган кишидир.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Агар тузган режангнинг самарасини 1 йил кўрмоқчи бўлсанг, гурунч эк.

Агар тузган режангнинг самарасини 10 йил кўрмоқчи бўлсанг, мевали дарахт эк.

Агар тузган режангнинг мевасидан 100 йил баҳраманд бўлмоқчи бўлсанг, болаларга таълим бер.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

 *****

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи Нозимжон Иминжонов

Top