Рамазон

ҒАФЛАТДА ҚОЛМАНГ! Бу кеча тақдирлар, воқеа-ҳодисалар, қисматлар белгиланади

  ЭСЛАТМА!   

Ҳижрий сана ҳисобида кеча кундуздан аввал келишини инобатга олсак, 27-кеча Рамазон ойининг 26 дан 27-куни ўтар кечасидир. Жорий милодий 2017 йил ҳисоби бўйича Қадр кечаси 21 июндан 22 июлга ўтар кечасига тўғри келади. Иншоаллоҳ. 

   “Лайлатул Қадр” – қандай кеча?  

Бу кеча – “белгилаш кечаси”, яъни йил давомида турли амал, ҳукм, ризқ, тақдир белгиланадиган кечадир.

Бу кеча «... минг ойдан яхшироқдир» (Қадр, 3).

1000 ой – 84 йилга тенг.

84 йил – 30000 кунга тенг.

Қадр кечасининг бир соати – 3780 кунга тенг.

Бу кечанинг бир дақиқаси – 63 кунга тенг. 

   “Лайлатул Қадр” кечаси қачон бўлади?   

Абул Олия (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Бир аъробий кимса Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳузурларига келиб, “Лайлатул қадр қачон бўлади?” деб сўради.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Лайлатул қадрни Рамазоннинг илк ва энг сўнгги ҳамда тоқ кечаларидан изланглар!” дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).

Ойша (розияллоҳу анҳо) ривоят қилган ҳадисда эса Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Лайлатул Қадрни Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг тоқ кунларида кутинглар”, деганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қадр кечаси борасида: “У 27 ёки 29-кечадир. ушбу кеча ерда фаришталар сони тошчалардан ҳам кўп бўлади”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти). 

   Бу кечанинг қандай аломатлари бор?   

Ибн Хузайма Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади: Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “У очиқ ва иссиқ ҳам, совуқ ҳам бўлмаган кеча. Унинг тонгида қуёш қизғиш, заиф бўлиб чиқади”, дедилар.

Бу кеча Аллоҳ таолонинг амри билан фаришталар ҳар бир осмондан ва “Сидратул мунтаҳо”дан (яъни, Жаброил (алайҳиссалом) масканидан) ерга тушишади, тонг отгунча инсонлар ҳақига дуо қилишади. 

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу кечани қандай ўтказар эдилар?

Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Рамазоннинг охирги ўн кунлиги келса, кечалари ухламас эдилар ва уйдагиларни ҳам ибодат қилишга уйғотар эдилар”, дедилар. 

   Бу кеча қандай амалларни адо этиш лозим?   

  1. Хуфтон ва бомдод намозларини жамоат билан ўқинг.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким хуфтонни жамоат билан ўқиса, у туннинг биринчи ярмини қоим қилибди, ким бомдодни жамоат билан ўқиса, қолган қисмини ҳам қоим қилибди”, деганлар. Шунга кўра, қадр кечаларида ушбу икки намозни жамоат билан ўқишга астойдил ҳаракат қилиши даркор.

  1. Дуо қилинг.

 Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо) ривоят қилади: “Ё Расулуллоҳ агар Қадр кечасини топишга муваффақ бўлсам нима деб дуо қилай”,  дедилар. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) “Ё Аллоҳ, албатта, Сен кечиргувчисан, кечиришни яхши кўрасан. Мени (гуноҳларимни) кечиргин, деб айтгин дедилар” (Имом Термизий).

  1. Нафл намоз ўқинг.

Бу намознинг энг ози икки ракат, ўртачаси 100 ракат, кўпи эса тоқат етгунича ўқилади. “Аллоҳ ризоси учун нафл намоз ўқишни ният қилдим”, деб ният қилинади.

1-ракатда бир марта Фотиҳа ва уч марта Қадр сураси ўқилади.

2-ракатда бир марта Фотиҳа, уч марта Ихлос сураси ўқилади. “Аттаҳиёту”, саловат ва дуолардан сўнг салом берилади.

3- ва 4-ракатлар ҳам айни шаклда ўқилади. 100 ракат ўқиладиган намоз ҳам худди шундай ўқилади.

Намоздан сўнг бир марта ташриқ такбири айтилади: “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар. Аллоҳу акбар ва лиллаҳил ҳамд”. Сўнгра юз марта Қадр сураси, 100 марта “Алам нашрок...” сураси ўқилади. Бундан кейин эса “Қадр” дуоси 100 марта қайтарилади. 

   Бу кеча гуноҳлар мағфират қилинади?  

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қиладилар. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):  “Ким Лайлатул Қадр кечасини имон ва ихлос билан бедор ўтказса, унинг шу кечагача қилган гуноҳлари мағфират қилинади”, дедилар. 

Аллоҳ таоло бу ойда холис ниятлар билан тутаётган рўзаларимизни, кечалари қоим туриб адо этаётган таровеҳ намозларимизни ва хатму Қуръонларимизни Ўзининг лутфу карами ила қабул қилсин. Ўзи дуоларни ижобат қилувчи ва гуноҳларни мағфират қилувчи Зотдир.

   Дуоларингизда бизни ҳам унутманг.    

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади

Read 107509 times

Мақолалар

Top