Қуйидаги шахсларга рўза тутмасликка рухсат берилган:
1. Касал киши. Касал кишига рўза тутмасликка рухсат этилган. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Кимки бемор ёки сафарда бўлса, (тута олмаган кунларининг) саноғи бошқа кунлардандир” (Бақара, 185).
Киши рўза тутиш сабабли касаллигининг кучайиши ёки тузалишининг секинлаши ёки бирор аъзосига талаф етишидан қўрқса, рўза тутмаслиги мумкин.
Касал киши касалидан тузалганидан сўнг Рамазон ойида тутмаган кунларининг рўзасини қазо қилиб тутиб беради.
2. Сафардаги киши. Сафардан мурод – намоз қаср ўқиладиган узоқликдаги масофани кўзлаб чиқишдир. Мусофир агар рўза тутиши машаққат бўлмаса, рўза тутгани яхши. Киши агар сафарга тонг отгандан сўнг чиқса, ўша куни оғзини очмаслиги керак.
Мусофир сафарда тутмаган кунлари рўзасини кейин тутиб беради.
3. Ҳомиладор ва эмизикли аёл. Фақиҳлар ҳомиладор ёки эмизикли аёл рўза тутиш ўзи ёки боласига зарар етказишидан қўрқса, рўза тутмаслиги мумкинлигига иттифоқ қилишган.
4. Кекса кишилар. Бунга кексайиб қувватдан қолган кишилар, тузалишига умид қолмаган беморлар, кекса кампирлар киради. Бундай кишилар кейинчалик ҳам рўза тута олмаганлари сабабли қазо қилмайдилар, балки тутмаган ҳар кунлари учун фидя берадилар. Аллоҳ таоло айтади: “Мадори етмайдиганлар зиммасида бир мискин кимсанинг (бир кунлик) таоми фидядир” (Бақара, 184). Фидя миқдори фитр садақаси миқдори билан баробардир.
5. Ўта қаттиқ очиққан ва чанқаган киши. Агар рўзадор рўзасини очмаса, ҳалок бўлишига ёки ақли кетишига ёки баъзи сезгилари ишламай қолишига гумони ғолиб бўлса, рўзасини очиши мумкин. Сўнг ана шу тутмаган кунлари рўзасини қазосини ўташи лозим.
6. Ҳайз ва нифос кўрган аёллар. Ҳайз ва нифосдаги аёллар рўза тутишлари мумкин эмас. Улар покланганларидан сўнг қазосини тутиб берадилар.