Рамазон-2018

Рамазон ойи фазилатлари

Кўкни қизартирган сўнгги шафақлар.
Уфқ ортига ниҳон бўлган бу замон.
Соғинч кўзларидан тўкилган ёшлар
Бир-ла безалганда гардиши осмон.
Раҳмат хазинасин очқичи бўлиб,
Кўкка кўтарилди мисоли камон.
Феруза гумбазли осмон тоқига,
Чиқибдур муборак моҳи Рамазон!

Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсинки, ўн бир ойга чўзилган соғинч ва иштиёқдан сўнг ниҳоят ойларнинг султони, эзгулик ва хайр мавсуми, тоату ибодат фасли, саховату дуо, таровеҳу Қуръон ойи бўлмиш муборак моҳи Рамазон ўзининг таровати, саховати ва баракоти билан оламга ташриф буюриб, бошимиз узра раҳмат соябони бўлиб турибди.

Жаннатмакон ўлкамизнинг мўмин-мусулмонлари ойларнинг энг улуғи ва энг фазилатлиси бўлмиш бу ойни бир олам шодлигу қувонч билан кутиб олмоқдалар. Ҳамма бир-биридан ширин, бир-биридан эзгу орзу умидлар оғушида. Кимдир Рамазон рўзасини бу йил тўлиқ тутиб, ўттиз кун мобайнида таровеҳларда Қуръон хатмига сомеъ бўлиб, кўплаб савоб орттириш ниятида бўлса, кимдир бу саноқли кунлар мобайнида Қуръони каримни тўлиқ ўқиб тушириш илинжида. Кимдир, бу бебаҳо ва бетакрор тоат мавсумида ўзини ҳартомонлама ислоҳ этиб, хатоларини тузатиш, ҳасад, гинаю кудурат, хусумат каби маънавий иллатлардан қалбини мусаффо этиб, ўзи учун покиза ҳаёт саҳифасини очишни қасд қилган бўлса, яна кимдир хайрли ишлар учун бошқа вақтлардагидан кўра кўпроқ ажру савоблар бериладиган бу қимматли фурсатларни ғанимат билиб, меҳру мурувват, саховат ва силаи раҳм каби олийжаноб ишлардан имкон қадар кўпроқ захира тўплаш мақсадида рамазоннинг келишига интиқ.
Ҳа, азизлар, Рамазон мана шундай ўхшаши йўқ, фазилатда тенги йўқ муборак ой. У эзгулик сайли, тоат мавсуми, яхшиликлар мусобақасидир. Ўтган улуғларимиз Рамазонга шундай интиқ бўлишар эдики, ҳатто ойлар давомида “Эй Аллоҳ, бизларни Рамазонга эсон-омон етказ!”, дея Яратганга илтижолар қилардилар. Рамазон келиб, унинг ҳар лаҳзасини эзгу амаллар учун захира қилишгач, яна бир неча ойлар давомида “Эй Аллоҳ, биздан Рамазондаги амалларимизни қабул эт!”, дея тинмай дуода бўлардилар.


Солиҳ салафларимизнинг Рамазонга муносабатлари ана шундай эди. У зотлар бутунбошли йилга Рамазон орқали назар солганлар. Рамазонни йилнинг асоси ва меҳвари деб билганлар. Шу боис ҳам ярим йил давомида Парвардигордан Рамазондаги ибодатларини қабул қилишни сўрасалар, қолган ойларни “Рамазонга етказ!” деган илтижо тилларидан тушмаган.
Зеро, Аллоҳ таоло Ўзининг буюк иродаси ва чексиз ҳикмати тақозоси билан ўзи яратган махлуқотларини фазл ва устунликда бир-биридан фарқли ва тафовут қиладиган қилиб яратган. Баъзи маконларни бошқасидан, айрим замонларни ўзгасидан ортиқ ва афзал қилиб қўйган. Ою кунлар орасидан баъзиларини танлаб олиб, уларни эзгулик мавсумлари, тоат ва ибодат кунлари, қурбат ҳосил қилиш вақтлари қилиб белгилаган. Булар йил мобайнида ҳадя тариқасида берилган раҳмат нафҳаларидир. Ким уларга эътибор бериб, яхшиликларидан баҳраманд бўлиб қолса, ўша ҳақиқий бахтиёр кишидир.
Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилиб дедилар: "Бутун умрингиз давомида яхшилик талабгори бўлиб, Аллоҳ азза ва жалланинг раҳмат шабадаларига йўлиқинг! Зеро, Аллоҳнинг раҳмати жумласидан бўлган шабадалари борки, уларни бандаларидан хоҳлаганига насиб қилади" (Табароний, Байҳақий, Ибн Абдул-Барр, Абу Нуайм, Ибн Асокир ва бошқалар ривояти).
Ана шундай раҳмат нафҳаларидан бири Рамазон ойидир. Бу ой бошқа ойларга нисбатан фазилату устунликда бамисоли қуёшнинг бошқа сайёраларга нисбатан устунлиги кабидир. Аллоҳ таоло Рамазон ойини бошқа барча ойлардан олий ва муфаззал қилди. Уни кўплаб буюк фазилатлар ва улуғ имтиёзлар билан хослади. Имом Табароний Ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинган ҳадисда Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Ойларнинг энг афзали Рамазон ойидир», деганлар.

Рамазон ойининг фазилатларини санаб тугатиб бўлмайди. Исломнинг бош манбаи, инсониятнинг қиёматгача ҳаёт дастури Қуръони карим шу ойда нозил бўлгандир. Ушбу ойда Ислом тарихига зарҳал ҳарфлар билан ёзилган жуда кўп оламшумул воқеалар содир бўлган. Шу боис бутун дунё мусулмонлари ушбу табаррук ойни солиҳ амаллар ва Аллоҳ розилиги йўлидаги ибодатлар ойига айлантиришади.
Рамазон Қуръон ойидир. Қуръон билан рўза ойи орасидаги мустаҳкам алоқа ва боғлиқликни Рамазоннинг илк куни кириши биланоқ ҳар бир мусулмон киши ўз қалбининг туб-тубидан ҳис этади. Ва ўта кучли муҳаббат ва қизқиш билан Раббисининг Китобини мутолаа қилишга киришади. Унинг оятлари борасида тафаккур юритади, Унда келтирилган қиссалару хабарлардан ибрат олади. Масжидлар намозхонлар ва Қуръон тиловат қилувчилар билан тўлиб кетади. Дунёдаги бор масжидларда Қуръони карим хатми бошланади. Ва бу ҳолат ўзининг лисони ҳоли ила бутун оламга бу ой Қуръон ойи эканлигини баралла эълон қилади.
Аллоҳ таоло деди: “Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир” (Бақара сураси, 185-оят).
Тафсир китобларида келишича, Қуръони карим Рамазон ойининг Қадр кечасида Лавҳи маҳфуздан дунё осмонига туширилган. Сўнгра, йигирма уч йил давомида воқеа ҳодисалар ривожига мувофиқ равишда бўлиб-бўлиб Пайғамбаримизга индирилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ойда Қуръонни Жаброил алайҳиссалом назоратларидан тўлиқ ўтказиб олар эдилар. Бу улуғ фаришта билан биргаликда Қуръони каримни дарс қилардилар. Вафот топадиган йилларида эса, Қуръонни бу улуғ фариштадан икки марта ўтказиб олганлар.
Салафи солиҳларимиз ҳам бу муборак ойда Қуръони карим учун алоҳида эътибор ва вақт ажратганлар. Фақиҳ олимлар ҳам бу ойда илм билан шуғулланишни бутунлай йиғиштириб ёки камайтириб, Қуръон мутолаасига иқбол этганлар. Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳу) Қуръони каримни ҳар куни ўқиб туширар эдилар. Бошқа баъзилар Қуръони карим қироатини уч кунда ниҳоясига етказар эдилар. Яна бирлари бир ҳафтада хатм қилсалар, бошқалар ўн кунда ўқиб битирар эдилар. Қатода (раҳимаҳуллоҳ) Қуръонни доимо ҳар етти кунда хатм қилсалар, Рамазон келганда ҳар уч кунда ўқиб туширар, охирги ўн кунлик кирганда эса ҳар кечада хатм қилардилар. Имом Шофеий (раҳимаҳуллоҳ) Қуръони каримни Рамазонда олтмиш марта хатм қилардилар. Имом Молик (раҳматуллоҳи алайҳ) Рамазон ойи кирганда ҳадис илми ва уламолар билан бўлган илм мажлисларини тўхтатиб, Қуръон қироатига юзланар эдилар. Суфён Саврий эса Рамазон кириб келганда ҳамма қўшимча ибодатларни йиғиштириб, ўзини Қуръон тиловатига бағишларди.

Рамазон хайр-саховат ойидир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу ойда бошқа ойларга қараганда янада сахийроқ бўлиб кетардилар.
Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо) айтадилар: "Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) одамларнинг энг саховатлиси эдилар. Ул зотнинг саховатлари рамазон ойида – ҳар кеча Жаброил (алайҳис салом) Ул зотга Қуръонни таълим бериш учун ҳузурларига ташриф буюрадиган пайтларда – айниқса чўққисига чиқарди. Дарҳақиқат, Аллоҳнинг Расули (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) одамларга яхшилик билан мурувват кўрсатишда шиддат билан эсаётган шамолдан-да учқурроқ эдилар" (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).
Шунинг учун ҳам қадимдан мусулмонлар Рамазон кирганда ҳар галгидан саховатлироқ бўлишга одатланганлар. Давлатманд кишилар закотларини ҳам айнан Рамазонда адо этишлари ҳам шундан. Бу ойнинг баракасидан ҳар бир уй баҳараманд бўлиб, мўминлар қалбига хурсандлик ва шодлик кирсин учун одамлар алоҳида Рамазонга хос хайру эҳсонлари билан бир қаторда закотларини ҳам шу ойда чиқарадилар.
Бу ой тунгги намозлар ва нафл ибодатлар ойи ҳамдир. “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон кечаларини ибодат билан ўтказиб чиқардилар. Қачон ойнинг охирги ўн куни келса, оила аъзоларини ва намозга кучи етадиган катта-ю кичикни уйғотардилар (Имом Муслим ривояти).

Рамазон ойидаги тунгги намозлар фиқҳ истилоҳида “таровиҳ” дейилади. Бу намозни ўқиш барча мусулмонлар учун суннат ҳисобланади. Мусулмонлар ғофил қолиб, бу намозни ўтказиб юбормасликлари керак. Чунки Рамазондаги нафл намозлар учун бериладиган улуғ савоблар бошқа ойларда берилмайди.
“Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Рамазон кечаларини ибодат билан ўтказиб чиқардилар. Қачон унинг охирги ўн кунлиги келса, оила аъзоларини ҳамда намозга кучи етадиган каттаю кичикни уйғотардилар” (Имом Муслим ривояти).
Бу ойда жин-шайтонларнинг энг ёмонлари занжирбанд қилинади. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) айтади: “Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобаларига хушхабар бериб, айтардилар: “Сизга муборак Рамазон ойи келди. Аллоҳ сизга унинг рўзасини тутишни фарз қилди. Бу ойда жаннат дарвозалари очилур, жаҳаннам қопқалари ёпилур, итоатсиз жин-шайтонлар занжирбанд қилинур. Бу ойда бир кеча бўлиб, у минг ойдан яхшироқдир. Ким ўша кечанинг яхшилигидан маҳрум бўлса, кўп яхшиликдан маҳрум бўлибди” (Аҳмад ибн Ҳанбал, Насоий, Байҳақий, Ибн Абу Шайба ва Исҳоқ ибн Роҳавайҳлар ривояти, исноди саҳиҳ).
Рамазон раҳмат ойидир. Рамазонда Аллоҳ таолонинг раҳмати жўш уради. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда: «Рамазон бўлганда раҳмат эшиклари очилади», дейилган. Рамазоннинг аввалги ўн кунлиги нафақат ойнинг, балки йилнинг «раҳмат кунлари» ҳисобланади.

Рамазон мағфират ойи. Унинг ўртадаги ўн куни нафақат ойнинг, балки йилнинг «мағфират кунлари» ҳисобланади. Рамазон фазилати ҳақида Салмон (розияллоҳу анҳу) қилган ривоятда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «У аввали раҳмат, ўртаси мағфират ва охири дўзахдан озод бўлиш фурсати бўлган ойдир», деганлар.
Рамазоннинг охирги кечаси мағфират кечасидир. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) айтади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: «У (Рамазон)нинг охирги кечасида рўзадорларнинг гуноҳлари кечирилади», дедилар. Улар: «Эй Аллоҳнинг Расули, у Қадр кечасими?», деб сўрашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йўқ, лекин ишчи ишини адо этганидан сўнг ажри – ҳақи тўла қилиб берилади», дедилар (Имом Аҳмад ривояти).
Рамазон дўзахдан озод бўлиш ойидир. Рамазон ойида жаннат дарвозалари очилиб, дўзах эшиклари ёпилади. Чунки, бу ойда жаннатга кириш учун сабаб бўлган хайрли ишлар ва солиҳ амаллар кўпроқ бажарилади, дўзахга кириш учун сабаб бўлган гуноҳ-маъсиятлар ва ярамас, жирканч, уятли ишлар камроқ содир этилади. Жаннат дарвозалари мусулмонларни хайрли ишларга шошилишга тарғиб қилиб ҳам очилади. Дўзах эшиклари эса, гуноҳлардан қайтган, истиғфор айтган, афсус-надомат чеккан, қайта қилмасликка ният қилган ҳолда тавба қилишга тарғиб қилиб ёпилади. Натижада, бу ойда вафот этган ва руҳи дўзахга маҳкум қилинган кимсалар, бу ойнинг шарофати ила шу ойнинг охиригача дўзахга киритилмай туради. Жаннатнинг барча дарвозалари очилиши Рамазон ойида ер юзига Аллоҳнинг раҳмати кўп нозил бўлишига ҳам ишорадир. Унинг охирги ўн кунлиги «дўзахдан озод бўлиш» кунлари саналади. Шу билан бирга, Рамазонда ҳар кеча сон-саноқсиз кишилар дўзахдан озод қилинади. Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рамазонда ҳар кеча Аллоҳнинг дўзахдан озод қилинадиган бандалари бор», деганлар.
Рамазон дуо ойи. Рамазон ойининг ҳар кунида қабул бўладиган бир дуо бор. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилиб дедилар: “Албатта, Рамазоннинг ҳар кунида барча мусулмонлар учун қабул бўладиган бир дуо бор” (Имом Аҳмад, Баззор ва бошқалар ривояти).

Агар бу дуо рўза пайтида, айниқса, ифтордан салгина олдин қилинса, мақсадга мувофиқ бўлади. Яна Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Уч кишининг дуоси қайтарилмайди: адолатли имом, рўзадор то ифтор қилгунича ва мазлумнинг дуоси” (Ибн Можа, Термизий, Аҳмад ибн Ҳанбал, Байҳақий, Ибн Ҳиббон, Таёлисий, Ибн Хузайма ва Исҳоқ ибн Роҳавайҳлар ривояти).
Бу зикр қилинганлар Рамазон ойининг барча фазилатларини тўла қамраб ололмайди, балки, мазкур фазилатлар олдида дарёдан айрим томчилар холос. Йўқса, унинг фазилату хусусиятларини санаб адоғига етказиш мушкулдир. Аллоҳ таолодан ёлбориб сўраймизки, бу муборак ойни, раҳмат ва мағфират ойини, дўзахдан нажот бериладиган, дуолар ижобат қилинадиган Рамазон ойини барчамизга хайрли ва баракотли қилсин! Уни тақво неъматига эришишимиз учун васила қилсин! Омин!

 

Раҳматуллоҳ Сайфуддинов
Тошкент шаҳридаги “Мирза Юсуф”
жоме масжиди имом хатиби

 

Read 43007 times

Мақолалар

Top