РЎЗА

Шайхи фоний саналувчи эркак ва аёллар рўза тутмасдан ҳар бир кун учун бир мискин таоми миқдорида фидя тўлайдилар. «Шайхи фоний» деб кундан-кунга жисмонан заифлашиб бораётган кексаларга айтилади. Фидяни рамазон ойининг бошида ёки охирида бериш мумкин.

«Оламгирия», «Ҳидоя», «ал-Баҳр»

 

Касаллик ёки сафар туфайли рўза тутмай юрган киши соғаймай ёки уйга қайтмай туриб вафот этиб қолса, зиммасидан қазо соқит бўлади. Лекин шунда ҳам ўлими олдидан меросхўрларига фидя беришни васият қилган бўлса, уни ижро этиш жоиз. Қолдирган меросининг учдан бири ҳисобидан фидя ажратилади. Аммо касал соғайгандан кейин ёки мусофир уйига қайтгандан кейин қазо қилган рўза кунлари миқдорича яшаса, қазоларини ўзи тутади. Агар тутмасдан ўша миқдордаги кунларни ўтказиб юборгандан кейин ўлим тўшагида ётиб қолса, фидя беришни меросхўрларига васият қилиб қўйиши вожибдир. Фидя ҳар бир кун учун 2 кг буғдой ёки 4 кг арпа ёки уларнинг қиймати миқдоридаги пул маблағи. Агар васият қилмаган бўлса-ю, варасалар ўзларича фидя берсалар ҳам жоиз. Аммо вожиб эмас. Фидя ўрнига бошқаларнинг рўза тутиб бериши жоиз эмас.

«Оламгирия», «Бадое», «Ҳидоя», «Қозихон»

 

Қазо рўза тутишнинг ниятини тонг отгандан кейин қилса, дуруст эмас. Лекин нафл рўза деб ният қилса, имом Насафий (р.ҳ.) сўзларига кўра, жоиз. Агар шундай ният қилгандан кейин рўзасини очиб юборса, қазосини тутиб бериши вожибдир.

«Оламгирия», «Хулоса»

Рамазон ойида тутолмай қолган қазо рўзалари зиммасида туриб, нафл рўза тутиши макруҳ эмас.

«Оламгирия», «Меърож»

Қасддан рўза тутмаган куни ногоҳ хизмат сафарига чиқиб кетган бўлса, каффорат зиммасидан соқит бўлмайди. Зеро, сафар кейин маълум бўлди.

«Оламгирия», «Муҳит»

Бемор киши ҳалок бўлишидан ёки касали кучайиб кетишидан қўрқса, рўза тутмаслиги мумкин. Кейин қазосини тутиб беради. Ҳатто соғлом ҳолатдаги одам ҳам агар рўза тутса, касал бўлиб қолишини билса, тутмаслиги жоиз.

«Оламгирия», «Муҳит», «Мухтасар», «Табйин»

 

Агар рўза тутса, очлик ва ташналикдан ҳалок бўлиши ёки ақлдан озишининг хавфи бўлса, шунингдек, ҳавонинг юқори ҳароратида қурилиш ишларида ишлашликка подшоҳлик томонидан буюрилган бўлса ва бундай шароитда рўза тутиш ҳалокатга ёки ақлдан озишликка олиб келиши мумкин бўлса, буларнинг ҳар бири рўза тутмасликка узр бўлади. Кейин каффоратсиз қазосини тутиб берилаверади.

«Оламгирия», «Фатҳул-Қадир»

Read 23669 times

Мақолалар

Top