www.muslimuz

www.muslimuz

Юртимизда ёши асрларга тенглашадиган мадрасалар сони жуда кўп. Уларнинг ҳар бири ўз вақтида етакчи таълим даргоҳи вазифасини бажарган. Аммо, улар орасида бугунгача фаолият юритаётгани бармоқ билан саноқли. XVI асрда бунёд этилиб собиқ иттифоқ давридаги узулишни ҳисобга олмаганда фаолияти қарийб 6 асрдан буён давом этаётган "Кўкалдош" мадрасаси эса айни дамда ҳам мамлакатимиз ва Ислом олами учун етук мутахассисларни тайёрлаб, диний илмлар тараққиётига улкан ҳисса қўшиб келмоқда. Бу даргоҳдан жуда кўп ислом оламига хизмат қилган уламолар ва имомлар етишиб чиққан.

Айни кунларда "Кўкалдош" ўрта махсус ислом билим юртининг 6 нафар битирувчиси "Ҳадис илми мактаби"га кириш имтихонларини муваффақиятли топшириб ажратилган 10 та ўриннинг асосий қисмини эгаллади ва олийгоҳга ўқишга қабул қилинди. Бу эса мадрасада таълим бераётган устозлар ва мударрисларнинг навбатдаги ютуғидир. Шу муносабат билан, Ҳадис илми мактаби раҳбарияти томонидан "Кўкалдош" ўрта махсус ислом билим юрти жамоасига махсус ТАШАККУРНОМА топширилиб ҳамкорлик янада мустаҳкам бўлишини тилаб қолди.

Ният қиламизки мазкур зиё маскани нафақат юртимизда балки, дунё мусулмонлари орасида ҳам шуҳрат қозониб, жаҳоннинг етакчи ўқув муассасасига айланади деган умиддамиз.

Маълумот учун бу йил Ҳадис илми мактабига имтихоналрдан муваффақиятли ўтиб ўқишга қабул қилинган абитуриентларнинг 6 нафари "Кўкалдош", 2 нафари "Хожа Бухорий", 1 нафари "Саййид Мухиддин махдум" ва 1 нафари "Ҳидоя" ўрта махсус ислом билим юрти битирувчиларидир.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 
 

Жорий йилнинг сентябрь ойида Болгар ислом академиясида олтита диссертация ишининг ҳимояси ўтказилади. Бу ҳақда академиянинг ўқув ишлар бўйича проректори Абдулла Адигамов маълум қилган. Ҳозирги вақтда Ислом олий ўқув юртида ёзги мактаб фаолият юритмоқда.

«Ушбу ёзги мактаб асосида 10 нафар докторант, 25 нафар магистрант қабул қилинади. Жорий йилнинг сентябрида эса академиянинг 6 нафар докторанти "Ислом фанлари доктори" даражасини олиш учун ҳимояга чиқади», — дейди проректор.

Ушбу докторантларнинг ишлари асосан татар халқи маърифати билан боғлиқ бўлиб, Шиғобуддин Маржонийни ўрганиш уларнинг бирига топширилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Татаристон Республикасида "Зиёратчилар учун йўлкўрсатгич" деб номланган расмли материал икки минг ададда чиқарилди. Татаристон мусулмонлари идорасининг маълум қилишича, ушбу қўлланма Ҳаж зиёратига йўл олаётган ҳар бир татаристонликка тақдим этилади.

Ушбу қўлланма суратлар асосида ибодат жараёнлари тушунтирилгани билан эътирофга лойиқ. Унда қандай қилиб Ҳаж зиёратини амалга ошириш босқичма босқич тушунтирилган. Унда зиёратчилар йўл қўядиган хатолар борасида ҳам тушунтиришлар келтириб ўтилган.

Маълумот учун, татаристонлик зиёратчиларнинг дастлабки гуруҳи жорий йилнинг 25 июль санасидан бошлаб Ҳаж зиёратини адо этиш учун Саудия Арабистонига учиб кетадилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

vendredi, 26 juillet 2019 00:00

Ҳажнинг нозик сирлари

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таолога етишиш учун бутунлай Унинг Ўзини кўзлаган ҳолда ажраб чиқмоқ керак бўлади. Шунинг учун ҳам қадимги роҳиблар Аллоҳ таолога етишиш мақсадида ҳамма нарсадан ажраб, тоғларга чиқиб кетар эдилар.

Исломда роҳиблик йўқ. Аммо таққослаш учун айтадиган бўлсак, Ислом умматининг роҳиблиги ҳаждир. Ҳаж ибодатини адо этмоқчи бўлган банда барча шаҳватлар, лаззатлардан, алоқа ва машғулотлардан, ҳатто одатдаги кийимларидан ҳам ажрайди.

Ҳаж ибодатини адо этмоқчи бўлган ҳар бир киши иложи борича қуйидаги нозик сирлардан хабардор бўлгани мақсадга мувофиқ. Аввало, ҳажнинг моҳиятини фаҳмлаб етмоғи лозим. Яъни ҳажнинг диндаги ўрнини фаҳмлаган одамнинг унга шавқи ортади ва ҳаж қилишга азму қарор қилади.

Ҳажнинг ҳар бир амалида эслатма ва ибрат бор:

1. Ҳажга керак бўладиган нарсаларни жамлаганда охиратга керак бўладиган нарсаларни эсига олсин.

2. Оддий кийимларини ечиб, эҳромга кираётганида кафанни ва Роббига бу дунё кийимларидан бошқача кийим ила рўбарў бўлишини эсга олсин.

3. «Лаббайка»ни айтишни бошлаганида Аллоҳ таолонинг чақириғига жавоб бераётганини эсга олсин ва қабулни орзу қилиб, қабул бўлмай қолишидан қўрқсин.

4. Ҳарамга етганда уқубатдан омон қолишни орзу қилсин ва яқинлардан бўлмай қолишдан қўрқсин. Аммо умидворлик ғолиб бўлсин.

5. Байтуллоҳни кўрганида қалбида унинг улуғворлигини ҳозир қилсин ва Аллоҳ таолога ўзини меҳмонлари мартабасига эриштиргани учун шукр қилсин ҳамда Байтуллоҳни тавоф қилиш нақадар улуғворлигини ҳис этсин.

6. Ҳажарул асвадни истилом қилган (уни қўли билан ушлаган ёки ишора қилган) пайтида Аллоҳ таолога итоат қилишга байъат қилганига эътиқод қилсин ва бу байъатга вафо қилишга азму қарор қилсин.

7. Каъбаи Муаззаманинг пардасига осилганида ва Мултазамда турганида гуноҳкор ўз хожасининг паноҳига қочганини эсласин.

8. Сафо ва Марва орасида саъйи қилаётган пайтида уларни «тарозининг икки палласи» деб ўйласин. Уларнинг орасида бориб-келишини «қиёматнинг аросати» деб ўйласин.

9. Арафотда турганида, одамларнинг издиҳомини кўрганида, овозларининг кўтарилишини эшитганида, тилларининг турли-туманлигини билганида қиёмат мавқифини, унда халойиқнинг жамланишини ва шафоат сўрашларини эсга олсин.

10. Тош отиш пайтида қулликни намоён қилишни ва фармонга бўйсуниб, уни сўзсиз бажо этишни қасд қилсин.

11. Қурбонлик сўйиш пайтида бу ишнинг Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилишнинг энг муҳим турларидан бири эканини, қурбонликнинг ҳар бир бўлаги эвазига қурбонлик қилувчининг бир бўлаги дўзахдан халос бўлишини эсласин.

 «Руҳий тарбия» китобидан олинди.

Ўтган куни бир гуруҳ ўзбекистонлик зиёратчилар ҳаж ибодатини адо этиш учун Саудия Арабистонига жўнаб кетган эдилар. Ҳаж амалларини адо этиш ниятида муборак заминга етиб борган фуқароларимиз Мадинаи Мунавварадаги 5 юлдузли “Pullman Zamzam” меҳмонхонасига жойлаштирилди.
Мадина шаҳридаги ишчи гуруҳи аъзоси Бобуржон Тошпўлатовнинг билдиришича, бу йил ҳаж зиёратчилари учун илк бор Мадинаи мунавварада 5 юлдузли, замонавий меҳмонхона ўзбекистонлик зиёратчилар хизматида бўлмоқда.
Ушбу меҳмонхона Масжиди Набавийнинг шундоққина ёнгинасида жойлашган, зиёратчиларимиз беш маҳал намозларини ушбу табаррук масжидда адо этиш саодатига етишмоқдалар. Айни кунда, зиёратчилар ибодатларини чиройли ва мукаммал адо этишлари учун меҳмонхонада барча шарт-шароитлар муҳайё қилинган.
Меҳмонхонанинг кенг зали киши диққатини ўзига тортади. У ерда янги, қулай ўриндиқлар жойлаштирилган бўлиб, ибодатлардан толиқиб келган одам учун салқинланиб олишига мўлжалланган.
Зиёратчи ўз хонасига кўтарилмоқчи бўлса, бир нечта лифтлар ишламоқда. Ҳар бир хонада озода кўрпа-ю чойшаблар тўшаб қўйилган. Хонадаги телевизор орқали Каъбаи муаззама ёки Масжидун Набавийни тўғридан-тўғри томоша қилиб ўтиришлари мумкин. Шунингдек, ҳар бир хонада барча қулай шарт-шароитлар ҳозирланган.
Меҳмонхонада тиббиёт бўлими ва Ўзбекистон Ишчи гуруҳи штаби ташкил этилган бўлиб, тиббиёт бўлими ҳам керакли ўриндиқ ва ётоқ мебеллари билан таъминланган. Шунингдек, зиёратчиларимизга ошпазлар томонидан лазиз ва миллий таомлар тортиқ қилинмоқда.
Бир сўз билан айтган-да, бу йил олдинги йиллардан фарқли ўлароқ зиёратчиларимизга барча шарт-шароитлар ва қулайликлар энг юқори даражада муҳайё қилинган, фақат зиёратчиларимиз шарт-шароитлар шукронасини қилиб, ибодат ҳаловатини тотиб, дуои хайрлар қилишлари қолди, бу эса, улкан бахтдир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Мақолалар

Top