muslim.uz

muslim.uz

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрининг Олмазор туманига ташриф буюради.

«Xabar.uz» манбасининг хабарига кўра, мазкур ташриф бугун, 29 июнь куни амалга оширилади.

Ташрифнинг асосий мақсади жойлардаги бунёдкорлик ишлари билан танишиш, аҳоли билан мулоқот қилишдан иборат бўлиб, куннинг иккинчи ярмида фаоллар билан йиғилиш ўтказилиши ҳам кутилмоқда.



ЎМИ Матбуот хизмати

Эрон Ислом Республикасининг Ҳаж ва зиёрат ташкилоти раҳбари Ҳамид Муҳаммадий чоршанба куни жорий йилда ҳаж амалини бажариш учун 85 200 эронлик зиёратчи боришини маълум қилди. Бу ҳақда "Mehr News" нашрига таяниб "azon" хабар берди.

Гулистон провинциясида чиқиш қилган Ҳамид Муҳаммадий эронлик зиёратчилар тақвим бўйича 18 июлдан сафар қилишларини ва улар Саудия Арабистонида 31-40 кун оралиғида бўлишларини билдирди.

Эроннинг Ҳаж ва зиёрат ташкилоти раҳбари эронлик зиёратчилар учун тақдим этиладиган объектлар ва хизматлар ҳақида ҳам фикр билдирди. Унинг айтишича, зиёратчилар қулайлиги учун барча чоралар кўрилади.



ЎМИ Матбуот хизмати

vendredi, 29 juin 2018 00:00

Фарзанд – кўз қувончи

         Зурриёт кишининг насли, хаёти маъносидир. Фарзанд авлодлар давомчиси. Ота - она наздида фарзанд ҳар қанча улғайса ҳам, неча ёшга кирса ҳам, хар қанча юқори лавозимда ишласа ҳам барибир фарзандлигича қолади, унга меҳрибонлик, ғамхўрлик  қилаверади. Фарзандининг камолини, роҳатини кўришни ҳохлайди. Ота – она ҳеч қачон фарзандига ёмонликни раъво кўрмайди.

         Қалбимиз қўри, умримиз маъноси, келажак хаётимиз давомчилари, борлиғимиз – Аллоҳ берган фарзандларимиздир. Ота – онасининг кўз қувончи эканини билган фарзанд уларнинг дуосини олишга, ғанимат даврда розилигини олишга харакат қилмоғини англаб етмоғи лозимдир. Зеро пайғамбаримиз (с.а.в) «Жаннат – оналар оёғи остидадир» деб марҳамат қилганлар. Ҳалқимизда эса Ота рози – худо рози деган нақл ҳам бежиз эмас.

         Ақлли фарзанд ўз муваффақиятини аввало ота – онасига кўрсатади, уларни қувонтиргиси келади. Ота – она эса фарзандининг муваффақиятини ўз муваффақияти деб билади. Фарзанди билан фахрлангиси, дўсту биродарлари олдида мақтангиси келади. Лекин фарзандига заррача озор етса қалбига ниш ургандек озор чекади.

Ҳужжат-ул ислом – Имом Ғаззолий ўзининг Тавба китобида қуйидаги ривоятни келтиради:

"Жаброил алайҳиссалом зиндонга Юсуф алайҳиссалом олдига кирдилар. Юсуф алайҳиссалом сўрадилар:

- Ғамларга чўкиб қолган чолнинг (оталари Ёқуб алайҳиссалом) аҳволи қандай?

- Фарзанди доғида куйган юзта онанинг қайғуси нечоғли бўлса, шунча ҳасрат билан сенга

қайғуряпти.

- Аллоҳ ҳузурида унга ажр борми?

- Юзта шаҳиднинг ажри бор, - деб жавоб бердилар Жаброил алайҳиссалом.

         Аллоҳ таоло фарзандларимизни имонли, солиҳ- оқибатли ва ота- оналарига меҳрибон қилсин.

 

Избоскан туман «Бобур» жоме масжиди имоми  А. Саттаров

vendredi, 29 juin 2018 00:00

Замондан ўзган адиб

Вақт шиддат ила ўтиб бораётгани рост. Улуғ адиб Чингиз Айтматовнинг вафот этганига ҳам 10 йил бўлибди, бир пасда.

2008 йил 10 июнь куни адабиёт ихлосмандлари беназир ёзувчи Чингиз Айтматовдан айрилди. Ундан ажойиб романлар, қисса ва ҳикоялар қолди. Бу асарлар дунёнинг қайси тили (адиб асарлари 157 тилга таржима қилинган)да, ким томонидан мутолаа қилинмасин, ўқувчини ўйга толдиради ва бехосдан адибни эслашга ундайди.

Баъзан кишининг хаёлига ёзувчининг асарларини (айниқса «Охирзамон нишоналари»ни) ўқиганда адиб замондан ўзиб кетмаганмикан деган ҳақли савол келади.

Буюк ёзувчининг вафоти жуда кўп мухлисларни қайғуга солди. Дунё адабиётида бир тоғ қулади, бир юлдуз сўнди. Унинг ўлими мухлисларига «Она тупроқ» китобида ўғлини сафарга кузатаётган Тўлғаной онани яна бир бор эслатади: вокзалда ўғлини кузатган онанинг кўзига дунё қоронғи, ёлғизлик изтироби унинг ич-ичидан ўтиб кетган. Унинг бу ҳолати гўё жигарим келаркан деб вокзалга чиққан, йўловчиларнинг ҳаммаси ҳар ёққа тарқаб кетгач, ёлғиз ўзи темир девор ёнида қолган киши сингари эди. Бу ҳолатларни сўз билан ифодалаш қийин. Лекин буюк ёзувчи «Она тупроқ» романида бунинг уддасидан чиққан: ҳар ким кун келиб бу фоний дунёни ёлғиз тарк этишини она образида аниқ ифодалаб берган.  

Чингиз Айтматов асарларини ўқиган киши унинг сўнгги юз йилдаги энг буюк ёзувчилардан бири эканига шубҳа қилмайди. Адиб асарлари тилининг равонлиги, образларининг мукаммаллиги, воқеалар ривожининг изчиллиги, афсоналар ва ҳикояларнинг ўз ўрнида ишлатилгани билан қадрлидир.   

Ҳар бир ўқувчи Чингиз Айтматов асарларини мутолаа қилганда руҳий кечинмаларини жиловлай олмайди, асарга шунчалар берилиб кетадики, натижада  кўз ўнгида асар қаҳрамонлари бирма-бир гавдаланади. Мутолаа чоғида беихтиёр Помир тоғида кезишни, Тяншан тоғига чиқишни хоҳлаймиз, «Жамила ва Дониёр»нинг драматик севгисига маҳзун бўлиб, «Соҳил бўйлаб чопаётган олапар»га титраймиз, «Алвидо, Гулсари»га исён қиламиз. «Асрга татигулик кун»ни ўқиб манқурт ҳикоясини, Найман она афсонасини ёдламаган, Райимали оғанинг азоб-уқубатларига шерик бўлмаган ким бор?! Зарифанинг қора кўзларини ким ҳам унута оларди? Бундайин қийноқ ва изтиробларга бардош бериб, улкан қоялардан ошиб ўтган ҳақиқий севгининг тақдири яна ва яна ўқувчининг ҳукмига ҳавола қилинаверади. «Эрта келган турналар» хабари, «Қизил олма» ҳикоясидаги миллат ҳасрати, жудоликнинг чидаб бўлмас азоблари олдида ҳайқирмаган ким бор?!

«Биринчи муаллим» китобида 1920-йиллар идеалист бир қишлоқ ўқитувчисининг тақдирини ҳикоя қилар экан, бу асар ўқувчисини  йўлсиз, сувсиз тоғли қишлоқлар сари етаклайди. Ҳуқуқи поймол қилинган ўқувчиси Олтинойни деб таёқ еган муаллимнинг тақдирини ўқиган кишининг ҳам сиртига калтак излари тушади.

«Оқ кема»ни ўқиган ҳар бир киши ўзини у кемага отади...

«Кассандра тамғаси» асарида башариятни «ахлоқий буҳронлар қаршисида огоҳ бўлинг!» деган ҳайқириқлар билан огоҳлантирган эди буюк адиб.

Ўз қадриятларини унутган, манқуртга айланган, ўз онасини отиб ташлашгача бориб етган нотавон инсонларга Наймон она тилидан насиҳат беради «Асрга татигулик кун» асарида.

«Отингни унутма! Отангни унутма, ўғлим! Сенинг отинг Дўнанбой!..». Яна нима десин, нималар десин Айтматов?

Ҳаётининг сўнгги йилларида ёзган охирги китобининг номи «Тоғлар қулаганда» эди. Аслида тоғлар адиб вафоти туфайли йиқилди. Ҳар бир асари каби Айтматовнинг охирги китоби ҳам ҳасрат ва ҳаяжон билан, туну кун демасдан, чегара билмасдан, ҳар ерда севиб ўқилди. Аслида китобнинг номи унинг ҳайбати ва салобати учун етарли эди: «Тоғларнинг йиқилиши не демак? Ким кўрибди уларни?»...

Китоб муаллифининг бу сатрлари кишига беихтиёр Қуръони каримнинг: «...тоғлар (қумлар каби) сочилгач...» (Мурсалот сураси, 10-оят) ва «...тоғлар ҳам (ўз жойларидан) жилдирилганида...» (Таквир сураси, 3-оят) оятларини эслатади.

Асар ваҳший бир ҳайвон – барснинг бошидан ўтган ибратли воқеалар билан бошланади. Бу ҳайвонларнинг бошқаларникига ўхшамаган, ўзларига хос ҳаётлари бор. Уларга фақат улкан тоғларгина бошпана бўла олади. Бу тоғлар Тяншан тоғларидир.

«Тоғлар текисликларга нисбатан яна ҳам ҳур ва яна ҳам чуқур тафаккур қилинадиган жойлардир», — дейилади асарда.

Дарҳақиқат, шундай. Улуғ Аллоҳ Мусо (алайҳиссалом)га Тур тоғида, Исо (алайҳиссалом)га Табур тоғида, ҳақиқат намояндаси Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га Нур тоғида ваҳийлар юборган.

Буюк адиб бу асари охиргиси бўлишини билмагандир эҳтимол. Лекин бир нарса равшанки, ҳақиқий тоғ 10 йил аввал қулаган эди. Бу айрилиққа Тяншан тоғи қандай бардош бера олар экан?..

Ёзувчининг охирги асарида «Дунё ўрнидами?» деган бир савол бор. Ҳа, дунё ўз ўрнида. Лекин дунёдан яна бир улкан тоғ кетди, бир юлдуз сўнди...

 

Толибжон НИЗОМОВ

Ўзбекистон халқаро ислом академияси очилиши нафақат бизнинг юртимиздаги илм аҳлларини, халқимизни қувонтирди, балки хориждаги тараққийпарвар инсонларни ҳам мамнун этди. Чунки хорижий мамлакатлардаги муқаддас динимиз тарихидан озгина бўлса-да, хабари бор одам борки, Ислом равнақида юртимиздан чиққан алломаларнинг хизмати катта бўлганидан хабардордир.

Наинки, бутун дунё мусулмонлари пешволари, балки Ислом тарихини ўрганган бошқа илоҳиётшунос ва тарихчи олимлар ҳам бизнинг уламо аждодларимиз динда мўътадилликни, васатияни одат қилгани ва шунга ҳеч қайси замонда оғишмасдан амал қилиб келганларини эътироф этади.

Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг ташкил этилиши дунё мусулмонлари, хусусан, яқин қўшниларимиз – Катта Марказий Осиё халқлари қалбида яна ўша анъаналар давом этиб, устоз-шогирдлик муносабатлари янгича босқичда давом этишади деган умидни уйғотди.

Академия – ўз оти билан халқаро академия. Бу даргоҳда таълим берувчилар ва таълим олувчилар учун макон унчалик аҳамият касб этмайди. Бунда муҳими, толиби илмнинг қалбида чўғ бўлсин!

Халқаро ислом академиясининг Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси муассислигида ташкил этилиб, диний ва дунёвий билим беришга ихтисослашган етакчи таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси мақомига эга бўлгани айни муддао бўлди.

Бинобарин, диний илмни пухта билиб, дунёвий илмида кемтиклик бўлган ёки дунёвий илмни яхши ўзлаштириб, диний илми саёзроқ бўлган олимлар ҳеч қайси замонда жамиятни илгари бошловчи, халқнинг онгу шуурида катта ўзгаришлар ясовчи авангардга айлана олмаган. Аксинча, айнан ўшалар жамиятнинг турғун, мутаассиб бир жамиятга айланиб қолишига сабабчи бўлган.

Кейинги вақтларда илмни дунёвий ва динийга ажратиш урфга айланиб кетди-да, аслида дунёвий илм моҳиятан диний илмнинг бир йўналиши саналади. Чунки дунёвий илмни билмаган – табиат қонунлари, моддаларнинг хоссаларини... ўрганмаган одам ояти каримада нима ҳақида гап бораётганини қаёқдан билсин!

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Қарорида  Халқаро ислом академияси Тошкент ислом университети ва Ўзбекистон ислом академияси негизида ташкил этилгани муносабати билан ушбу даргоҳларнинг профессор-ўқитувчилари ва ходимларини аттестациядан ўтказиш; Тошкент ислом университетида тегишли таълим йўналишлари ва мутахассисликлар бўйича таълим олаётган талабалар 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб академияда ташкил этилаётган таълим йўналишлари (зиёрат туризми, халқаро муносабатлар, мумтоз шарқ филологияси, ислом тарихи ва манбашунослиги)нинг тегишли равишда 2, 3 ва 4-курсларида ўқишни давом эттиришларини таъминлаши масаласи назарда тутилгани; Ташқи ишлар вазирлиги, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги ҳамкорлигида дунёнинг донгдор олимларини академияда маъруза ўқишга, илмий-тадқиқот ишларини ўтказишга жалб қилиши; Академия профессор-ўқитувчиларининг хорижий давлатларнинг таълим ҳамда илмий-тадқиқот муассасаларига илмий-тадқиқот ишларини ўтказиш, малака ошириш ҳамда тажриба орттириш учун юбориш чораларини кўриши масалалари кўрсатилгани катта ҳодиса бўлди. Чунки илм чинакам маънода камол топиши учун ҳамкорлик алоқалари бағоят муҳим. Шунинг баробарида илм аҳлларининг вақти-вақти билан манзилларини ўзгартириб туриши ҳам илмнинг равнақига хизмат қилади.

Ҳосили калом, Ўзбекистон халқаро академияси  бутун дунё мусулмонлари олимлар йиғиладиган, илм мажлислари ташкил этиладиган устоз-шогирдлик анъаналари янгича босқичда давом этадиган гўшага айланади, халқларни, инсонларни  яқинлаштиради, уларни Ислом – тинчлик ва маърифат дини ғояси атрофида жипслаштиради.

 

Дамин ЖУМАҚУЛ,

ЎМИ Матбуот хизмати

Мақолалар

Top