muslim.uz
Ҳадис илми мактабининг янги ўқув йилининг очилиш тадбири бўлиб ўтди
Айтиш жоизки, сўнгги йилларда мамлакатимизда Мустақиллик байрами тантаналарини муайян бир ғоя, эзгу ҳаракат остида нишонлаш анъанаси халқимиз ҳаётининг маънавий юксалишида ўзига хос замин бўлиб хизмат қилмоқда.
Албатта бундайин эзгу ғоялар мамлакат аҳолисининг истиқлол йилларидаги ҳаёти, турмуш тарзи, эришган ютуқлари ва эришажак мақсадларини сарҳисоб қилишга ундайди.
2019 йил 5 сентябрь куни Ҳадис илми мактабида мамлакатимиз мустақиллигининг 28 йиллиги ва 2019-2020 ўқув йилининг бошланиши муносабати билан “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” шиори остида маънавий-маърифий тадбир ҳамда Мустақиллик дарси бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази директори Ш.Минавваров, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъул ходими, М.Жалилов, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети Илмий ишлар бўйича проректори З.Абдирашидов, Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Д.Мамадқулов, Дин ишлари бўйича қўмита бўлим бошлиғи Б.Рустамов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи С.Шерхонов, “Нуронийлар” жамғармаси Самарқанд вилояти бўлими раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Ҳ.Нормурадов, Самарқанд Давлат университети ректори тех.ф.д., проф. Р.Холмуродов шунингдек, Самарқанд вилоятидаги зиёлилар иштирок этишди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси мадҳияси билан бошланди. Анъанага кўра тадбир аввалида Ҳадис илми мактаби 1-курс талабаси Парпиев Саидмаҳмудхон Қуръон тиловат қилиб берди. Қуръон тиловатидан сўнг ушбу олий даргоҳни очилишига жонбозлик кўрсатган раҳбарлар, мактаб ўқитувчи ва талабаларининг ҳақларида ҳамда янги ўқув йилининг баракали бўлишини сўраб дуои хайрлар қилинди.
Ҳадис илми мактаби ректори О.Юсупов тадбирни очиб бериш учун нутқ сўзлаб жумладан, мазкур ўқув йили кириш имтиҳонлари жараёнлари, мактаб мутахассислик ўқув режасини такомиллаштириш юзасидан дунёдаги нуфузли ислом таълим муассасалари ва марказлари тақдим қилган хулосалари, Мактаб Ахборот-ресурс марказини мутахассисликка оид адабиётлар билан бойитиш бўйича амалга оширилган ишлаб тўғрисида қайд этди.
Шундан сўнг, Мустақиллигимизнинг 28 йиллиги ҳамда янги ўқув йилининг очилиши муносабати билан табрик учун Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази директори Ш.Минавваров, Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Д.Мамадқулов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи С.Шерхонов, “Нуронийлар” жамғармаси Самарқанд вилояти бўлими раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Ҳ.Нормурадов, Самарқанд Давлат университети ректори тех.ф.д., проф. Р.Холмуродов бошланаётган янги ўқув йилида институт жамоасига омад ва зафарлар тилаб, диний соҳа вакилларига ҳамда диний ташкилотларга, қолаверса ёшларга берилаётган имкониятлардан тўлалигича фойдаланиш ва маърифий исломни дунёга кўрсата олиш, соф исломдан оғишмасликда ва адашганларни тўғри йўлга бошлашда қатъият билан илм олиш кераклигини, илм олишда ҳаракатчан бўлишни, талабалар аввало кучли билимга эга бўлиши, бу ердаги устозлардан илм олишда ва одоб-ахлоқ сабоқларини ўрганишда тиришқоқ бўлишини таъкидладилар, шунингдек, соф исломни нафақат юртимизда балки, дунё оммасига етказа оладиган салоҳиятга эга бўлиш кераклигини қолаверса, аждодларимизга муносиб авлод бўлиш лозимлиги бўйича ўз тавсияларини бердилар.
Шунингдек, фазилатли шайх, замонамизнинг муҳаддис олими Истамбулдаги Ибн Халдун университети катта устози Муҳаммад Аввома ҳазратларининг ва Татаристон республикасидаги Булғор ислом академияси ректори Абдрахманов Данияр Мавлияровичнинг видео табрик мурожаатлари тадбир иштирокчиларига эшиттирилди.
Тадбирда Олий даргоҳнинг талабаси деган улуғ номга мушарраф бўлган талабалардан бири Иброҳимов Исмоил сўзга чиқиб, Ҳадис илми мактабининг ўқув хоналари, спорт зали, ёпиқ сув ҳавзаси, ётоқхона ва ошхонасида талабаларга яратилган шароитлар ва қулайликлар учун хусусан, Юртбошимизга ва мактаб маъмуриятига миннатдорлик билдирди.
Таъкидлаш жоизки, Ҳадис илми мактаби Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги ПФ- 5416-сон Фармонига асосан ислом дини ва ҳадис илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг бой меросини чуқур ўрганиш, улар томонидан асос солган ҳадис мактаблари фаолиятини қайта тиклаш ва ривожлантириш, улар қолдирган бой илмий меросни ўрганиш, тадқиқ қилиш орқали халқимиз ва кенг жамоатчиликка етказиш ва тарғиб қилиш, хусусан ҳадис ва унга доир илмларни чуқур ўзлаштирган етук мутахассисларни тайёрлаш мақсадида ташкил этилган эди.
Ҳадис илми мактабида ўқиш муддати 5 йил бўлиб, “Ҳадис илмлари, диний фанлар мутахассиси ва араб тилини ўқитувчиси” мутахассислиги бўйича олий маълумотли кадрлар тайёрлайди.
Мактабда матахассислик фанларини ўқитиш устоз-шогирт анъанаси асосида республикамиз ҳамда хорижий малакали педагог ўқитувчилар томонидан амалга оширилади.
Ҳадис илми мактаби биноси Самарқанд вилоятидаги Имом Бухорий мажмуаси ёни барпо этилган бўлиб, олий даргоҳда умумтаълим, хорижий ва мутахассислик фанларини чуқур ўрганиш учун барча шароитлар яратилган. Хусусан, ислом илми ривожида ўз ўрнига эга буюк аждодларимизга муносиб бўлиши учун Мактабда талабалар учун замонавий техникалар билан жиҳозланган ўқув аудиториялари, Ахборот-ресурс маркази, ёпиқ спорт зал ва сув ҳавзаси, талабалар турир жойи ва шинам ошхона мавжуд.
Нишонга урилган гаплар: “Агар Мусҳафинг устида чанг кўрсанг, аммо телефонинг устини чанг босишга улгурмаётган бўлса, аҳволингга йиғлагин!”
Нишонга урилган гаплар: “Агар Мусҳафинг устида чанг кўрсанг, аммо телефонинг устини чанг босишга улгурмаётган бўлса, аҳволингга йиғлагин!”
Қуйида келтириладиган ҳикматлар ижтимоий тармоқдаги “Ховатир роқия журнали” саҳифасидан олиб таржима қилинган.
Эй Роббим! Ота-оналаримизга сиҳат-саломатлик, офият, хотиржамлик насиб этиб, улардан оғриқ, ғам ва ташвишларни аритгин!
*****
Эй Роббим, юзида “дўстлик”, қалбида мунофиқлик бор бўлган шахсларнинг ёмонлигидан мени асрагин!
*****
Эй Роббим, нияти менга ёмонлик қилиш бўлган кимсаларни тушимда ҳам, ўнгимда ҳам мен билан бирга қилмагин!
*****
Кўпинча тунда ўқилган намоз қалб уйғонишига, айблар беркитилишига, гуноҳлар кечирилишига, мақом юксалишига сабаб бўлади. Эй Роббим! Қалбларимизни ғафлатдан уйғотгин!
*****
Агар Мусҳафинг устида чанг кўрсанг, аммо телефонинг устини чанг босишга улгурмаётган бўлса, аҳволингга йиғлагин!
*****
Юнус алайҳиссаломни Ҳутнинг қорнидан чиқарган Зот сени ҳам ғам ва ташвишлардан чиқаришга қодирдир!
*****
Кимдир сенинг устингдан Аллоҳга шикоят қилишидан эҳтиёт бўл!
*****
Умидсизликка тушма! Аллоҳ таоло сен учун ёзиб қўйган хурсандчилик насибангни унутмайди!
*****
Сизлардан ким бир гуноҳ ишни кўрса, уни ўзгартирсин! Аммо расмга олмасин! Интернетда тарқатмасин! Гуноҳ иш қилган кимсани шарманда қилмасин!
*****
Қиёмат куни ҳасанотларингни бу дунёда ёмон кўриб, ғийбат қилган одамингга тортиқ қиласан. Шу боис ғийбат, бўҳтон ва бошқа тил офатларидан узоқда бўл!
*****
Давлат университетларда ўқитилмайдиган мутахассислик – ахлоқ ва инсонийликдир! Шу боис бу мутахассисликни кўча супурувчи фаррош эгаллаган бўлиб, профессорда топилмаслиги мумкин.
*****
Бошқаларга яхшиликни раво кўрсанг, ўзингга ўйламаган томонингдан яхшилик келади.
*****
Юлдузларни фақат қоронғу пайтда кўриш мумкин бўлганидек, баъзи кишиларнинг асли бошимизга ташвиш тушган лаҳзаларда билинади. Бундай кезларда кўплаб кишилар дўстларимиз қаторидан тўкилиб қолади.
Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи
Нозимжон Иминжонов
Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари: Диний таълим соҳасида тарихий янгилик
5 сентябрь куни Тошкент ислом институтида модуль таълим тизимида янги 2019-2020 ўқув йили бошланиши муносабати билан тадбир бўлиб ўтди. Тадбир Қуръони карим тиловати билан бошланди ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари томонидан янги ўқув шаклини муваффақиятли ўтишини сўраб дуолар қилинди.
Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуров сўзга чиқиб, Тошкент ислом институтида жорий этилган Модуль таълим шакли тўғрисида маълумот бериб, янги ўқув шаклига омад ва зафарлаб тилаш учун сўзни муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларига берди.
Муфтий ҳазратлари барчани янги ўқув йили билан қутлаб, шундай дедилар:
– Аллоҳ таборака ва таолога беадад шукроналар бўлсинки, юртимизга жуда ҳам улуғ неъматларини бермоқда. Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимизда барча соҳалар қатори диний таълим соҳасида ҳам жуда катта янгиланишлар бўлди. Кейинги йилларда диний таълим муассасаларига кенг имкониятлар берилди, катта ютуқларга эришилди. Диний таълим тизимида Модуль тизими жорий этилиши тарихий воқеа бўлди. Бунинг афзалликлари жуда ҳам кўп, айниқса, масжидларда меҳнат қилаётган ўрта махсус маълумотга эга бўлган иқтидорли имом-домлаларни имтихонсиз ўқишга қабул қилиниши, йилда уч сместр давомида икки ойдан таълим берилиши ва уч йилда олий диний маълумотни қўлга киритилишини алоҳида таъкидлаш керак. Шунингдек, ушбу таълим тизимига қабул қилинган талабалар учун алоҳида бино ажратилди ҳамда синф хоналари, ўқув предметлари, замонавий педагогик ускуналар билан жиҳозланди ҳамда уч маҳал бепул иссиқ овқат ва ётоқ жойлари билан таъминланди.
Сизлар мана шундай яратиб берилган шароитлардан унумли фойдаланиш билан бирга, ўз устларингизда янада самарали меҳнат қилиб, халқимизга муносиб фидокор, юртимизга, динимизга сидқидилдан хизмат қиладиган етук инсонлардан бўлишингизни Аллоҳ таолодан сўраб дуо қиламиз, - дедилар.
Маросимда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг маслаҳатчиси Абдуҳаким қори Матқулов, Тошкент шаҳри бош имом-хатиби Нуриддин домла Холиқназаров ва ўқишга қабул қилинган имом-домлалар сўзга чиқишди.
Маълумот ўрнида, мазкур таълим тизимига 2019-2020 ўқув йили бўйича вилоятлар кесимида 120 нафар ўрта махсус маълумотли имом-хатиблар Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоят вакилликлари тавсиясига асосан ўқишга қабул қилинди.
Модуль таълим тизими талабаларига қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида, “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги собиқ “Олтин тепа” масжиди биноси ўқув хоналари, талабалар турар жойи ва ошхона учун мослаштирилиб, барча зарур жиҳозлар билан таъминланди.
Аллоҳ таолодан барча илм толибларига манфаатли илм ато этишини сўраймиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Масжид ҳисобидан етти нафар мактаб ўқувчиларига ғамхўрлик кўрсатилди
Янги ўқув йили бошланди. Мактаб ўқувчиларининг юзу кўзларида ҳаяжон. Янги кийимлар, ўқув қуроллари билан билим даргоҳи томон ошиқишади. Бироқ бошқалар каби янги мактаб формаларини сотиб олишга имконияти етмаган оилаларчи? Уларнинг фарзандлари бошқа ўртоқларини кўриб, қандай ўксик бир ҳолга тушар эканлар.
Навоий вилоятидаги марказий масжидлардан бири ҳисобланмиш Ҳазрати Алишер Навоий масжиди хайрли ташаббусни илгари сурди. Имом-хатиб бошчилигида ходимлар масжид ҳисобидан Навоий шаҳар "Янгиариқ", "Ҳаёт", Янгиобод маҳаллаларида истиқомат қилувчи ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг жами 7 нафар фарзандларига мактаб формаси ва ўқув қуроллари учун зарурий бўлган пул маблағларини эҳсон қилдилар.
Энди бу болалар ҳам янги ўқув йилини хурсандчилик билан янгича тайёргарлик билан бошлашадиган бўлишди. Илм йўлида кўрсатилган ғамхўрлик иншааллоҳ келажакда албатта ўз мевасини беражак. Зеро, садақанинг афзали ҳам илм аҳлига кўрсатилганидир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими
Саудия Арабистонида ўтказиладиган халқаро Қуръони карим мусобақасида қориларимиз қатнашади
Шу йилнинг 7-11 сентябрь куни Қуръони каримни ёддан ўқиш ва тафсир қилиш бўйича Саудия Арабистонининг Макка шаҳрида 41 халқаро Қуръони карим мусобақаси ўтказилади.
Мазкур мусобақа қуйидаги 4 йўналишда бўлиб ўтади:
- Қуръони каримни тажвид қоидаси билан тўлиқ ёддан ўқиб бериш билан бирга Қуръони карим сўзларининг маъноларини билиши.
- Қуръони каримни тажвид қоидаси билан тўлиқ ёддан ўқиб бериш.
- Қуръони каримнинг 15 порасини тажвид қоидаси билан ёддан ўқиб бериш.
- Қуръони каримнинг 5 порасини тажвид қоидаси билан чиройли оҳангда ўқиб бериш. Бу йўналиш Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо бўлмаган ва мусулмонлар камчилик бўлган давлатлар иштирокчилари учундир. Мусулмон давлатлар вакиллари ушбу йўналишда қатнаша олмайди.
Маълум қилинишича, бу йилги мусобақада 103 та давлатдан 146 нафар вакиллар иштирок этади.
Юртимизнинг 2 нафар вакили Тошкент ислом институти талабаси Ҳусниддинов Зуҳриддин қори ва Бухоро шаҳридаги “Мир Араб” олий мадрасаси талабаси Орифжонов Абдурауфхон мазкур мусобақада иштирок этиш учун шу йилнинг 3 сентябрь куни Саудия Арабистонига жўнаб кетди.
Халқаро алоқалар бўлими ходими