muslim.uz

muslim.uz

Бугун, 19 июнь куни Австрия давлатининг пойтахти Вена шаҳрида Кавказ мусулмонлари идораси, Германиядаги Озарбайжон Республикаси элчихонаси, Подшоҳ Абдулазиз номидаги Маданият ва динлараро мулоқот халқаро маркази, Женеванинг инсон хуқуқлари ва халқаро мулоқот маркази ҳамда Озарбайжон цивилизациялар ва динлараро ёрдам халқаро маркази томонидан ташкил этилган “Динлар ва цивилизациялараро ҳамкорликдан умумбашарий бирдамлик сари” номли халқаро анжуман ўз ишини бошлади.
Анжуманда дунёнинг барча мамлакатларидан келган таниқли уламолар, машҳур муфтийлар, профессор-олимлар, етук экспертлар, давлат ва дин арбоблари ҳамда турли конфессия етакчилари иштирок этмоқда. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Жасур Акрамов ҳам анжумани ишида фаол қатнашмоқда. Сўзга чиққан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари сўнгги йилларда муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан барча соҳалар қатори диний-маърифий йўналишда ҳам улкан ислоҳотлар амалга оширилаётгани, хусусан, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш борасида халқаро ҳамжамият эътирофига сазовор қатор эзгу ташаббуслар илгари сурилганини алоҳида таъкидладилар.
Дарҳақиқат, бутун дунё халқлари турли муаммоларга дуч келаётган ҳозирги мураккаб шароитда илоҳий динлар пешволари бир жойга жамланиб, ягона мақсад – йўлида ҳамкорлик қилишлари ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда. Мазкур анжуманда дунёнинг кўплаб мамлакатларидан делегация вакиллари бир мажлисда жам бўлиб, муҳим масалаларни машварат қилишлари, албатта, ўзининг ижобий натижаларини беради, инша Аллоҳ.
Ушбу нуфузли анжуманда сўзга чиққан нотиқлар турли халқлар ўртасида ўзаро бирдамлик, ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ўзаро аҳилликка эришиш, турли ихтилоф ва фирқачиликка барҳам бериш ҳамда умумбашарий бирдамликни таъминлаш кераклиги борасида сўз қилдилар.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда, Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Мўмин киши ғайратли-рашкли бўлади. Аллоҳ таоло эса энг ғайратли-рашклидир” (“Рамуз ал-аҳодис” 230/12, ровийлар ҳазрати Абу Ҳурайра, Жобир ибн Абдуллоҳ, Саҳл ибн Саъд, Ибн Масъуд), деганлар.
Мўмин киши, инсонларнинг энг шарафлиси ва энг аълосидир. Ҳиммат ва ғайрати, ҳамият ва рашки ҳам шу нисбатда кучлидир.
Мўмин киши ғайрат маҳалида ғайратлидир. Ғайрати Ҳақнинг ғайрат сифатига мувофиқлиги туфайли мўминнинг бу сифати Аллоҳга ва унинг раҳматига яқинлаштирур. Бу яқинликка илм (варосат) мақоми дейилади. Бу ғайратга эришган улуғлар орасида мазкур мақом билан боғлиқ кўплаб воқеалар содир бўлган. Шу сабабдан, эркакларнинг ўз аёлларига ва маҳрамларига бўлган рашки, динимизнинг қоидаларига мувофиқдир.
Исломнинг ҳар бир амри беҳисоб ҳикматларга асосланган. Ушбу ҳикматларни билмаслигимиз сабабли, динимизнинг кўпгина амрларига риоя қила олмаяпмиз. Ҳолбуки, уларнинг ҳар бири, бизнинг фойдамиз учундир. Кўрмайсизми, бошқаларнинг далаларига экин экканлар билан мол эгалари орасида қандай катта жанжаллар, тўполонлар бўлади, маҳкама-қамоққача борадилар, бир қанча жиноятларга ҳам сабаб бўладилар. Иффат, албатта, бу билан қиёсланмайди. Зино со¬дир этилганда улуғлардан бири қаттиқ дарғазаб бўлиб, зинокорларнинг дарҳол жазоланишини талаб қилган экан. Бу ғайратнинг даражасини кўрсатади. Зеро, ғайрат дин ва имондандир.
Ҳазрати Умарул Форуқ розияллоҳу анҳу даврларида Искандария қамал қилинганида, ҳеч ғалаба муяссар бўлмади. Натижада аҳволни ҳазрати Умарга арз қилишади. Ул ҳазрат текшириб, тафтиш қилиб, лашкарнинг мисвок ишлатмаётганини аниқлайдилар ва дарҳол туяларга мисвок юклатиб, уларга юборадилар. Аскарлар мисвок ишлатгач, дарҳол ҳужумга ўтишади, мисрликлар ҳам қаршилик кўрсатмай таслим бўлишади. Суннати саниййани тарк этиш ғалабани кечиктирган бўлса, суннати саниййага маҳкам амал қилиш натижасида Ислом лашкари тезда зафар қозонган. Жаноби Ҳақ бутун уммати Муҳаммадни илоҳий амрларга қатьий амал қиладиган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини маҳкам тутадиган бандаларидан қилсин!

Шайх Муҳаммад Зоҳид Қўтқунинг
“Мўминнинг сифатлари” китобидан

 

Аллоҳ йўлида сарфланмайдиган молда яхшилик йўқ.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу

*****

Арқон

Энг муҳим арқон - ҳомиланинг киндик арқонидир. У шу билан тирик қолади.

Энг қўрқинчли арқон - дор арқонидир. У билан юраклар уришдан тўхтайди.

Энг нозик арқон - фикрлар арқонидир. Битта сўз билан узилади.

Энг қисқа арқон - ёлғон арқонидир. Қаерда бошланган бўлса, ўша ердаёқ тугайди.

Энг мустаҳкам ва энг гўзал арқон - Аллоҳ билан боғланиш арқонидир. Ўзинг узмагунингча у узилмайди.

*****

Кўз ёши қичқириқдир. Уни бошқалар эшитмайди. Лекин Аллоҳ эшитади.

*****

ЗИКРНИНГ АҲАМИЯТИ

Аҳмад раҳимаҳуллоҳ шундай деганлар:

«Қалб учун зикрнинг аҳамияти худди балиқ учун сувнинг аҳамияти кабидир. Агар балиқ сувдан ажраса, қандай аҳволга тушади?!»

Тилимиз доим Аллоҳ таолони зикр қилиш билан намлансин!

 

Нозимжон Ҳошимжон таржимаси

Бир имом жумъа мавъизасида жамоатга шундай деди: “Азизлар, мана анчадан бери ёмғир ёғмай, экинларимиз қуриш арафасига келиб қолди. Шунинг учун кейинги жумъага ҳаммамиз яхшилаб тайёргарлик кўриб келайлик. Ўша куни мавъизадан сўнг Аллоҳ таолодан ёмғир сўраб дуо қиламиз”.

Кейинги жумъа куни мавъиза қилиб бўлган имом жамоатдан: “Дуо қилиш учун тайёргарлик кўриб келдингларми?” деб сўради. Ўтирганлар “Ҳа” дейишди. Имом яна жамоатга қарата: “Яхши тайёргарлик кўрмаганга ўхшайсизлар" деди. Одамлар: "Ғусл қилдик, янги, покиза либосларни кийиб, атирларни сепиб келдик” дейишди. Имом жамоатга: “Булар ҳам керак. Аммо мен бошқа нарсани назарда тутгандим” деди. Жамоатдагилар ҳайрон бўлиб, “Нимани назарда тутгандингиз, домла?” дейишди. Шунда имом “Соябонларингиз қани?” деди.

Ҳа, азизлар, дуо қилаётган киши дуосининг ижобатига ишониб дуо қилиши керак. “Ижобат бўлармикин” деган нарсанинг кўнгилдан ўтиши ўша дуонинг ижобат бўлмаслигига сабаб бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: 

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم  ادْعُوا اللَّهَ وَأَنْتُمْ مُوقِنُونَ بِالإِجَابَةِ وَاعْلَمُوا أَنَّ اللَّهَ لاَ يَسْتَجِيبُ دُعَاءً مِنْ قَلْبٍ غَافِلٍ لاَهٍ.  رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Аллоҳга ижобатига аниқ ишонган ҳолда дуо қилинглар, билингларки, ғофил (тили талаффуз қилаётган нарсадан бошқа нарса билан) банд бўлган қалбдан Аллоҳ дуо қабул қилмайди”. Термизий ривояти.

Ёмғир сўраб дуо қиладиган киши дуоси ижобат бўлиб, ёмғирнинг ёғишига ишониши, шунинг учун ўзи билан соябон олволиши керак.

Аллоҳ таоло барчамизни дуонинг ижобат бўлишига ишониб, ихлос билан дуо қилувчилардан қилсин!

 

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Мақолалар

Top