muslim.uz
Рамазондан кейин...
Рамазон ойида ҳаммамиз тақводор бўлишга уринамиз. Намоз ўқиш, садақа бериш, етимлар, бева-бечоралар ҳолидан хабар олишга интилиб, қариндошлар билан борди-келдини кучайтирамиз. Оила, фарзандларга кўпроқ эътибор берилади.
Аммо Рамазон ойидан кейин баъзи кишилар бу улуғ ойдаги тақволарини ушлаб қололмай, Рамазондан олдинги хатоларини яна давом эттираётганлари кўзга ташланиб қолади.
Хўш, биз Рамазон ойидаги руҳий ҳолатимизни, ибодатларга бўлган интилишимизни бу ойдан кейин ҳам давом эттиришимиз учун нима қилишимиз керак?
Жавоби оддий: биз тақволи бўлишга фақат Рамазон ойида эмас, балки бутун умримиз давомида буюрилганимизни унутмасак ва шунга кўра ҳаракат қилсак бўлди.
Аллоҳ таоло бизни фақат Рамазонда эмас, балки доим кузатиб туради. Амалларимизни доим ҳисоб-китоб қилиб боради.
Намоз доим фарз. Закот доим фарз. Солиҳ амалларни қилиш ва гуноҳлардан тийилиш биздан доим матлубдир. Ота-она зиёрати, силаи раҳм, яхши қўшничилик, намозларни масжидда жамоат билан адо этиш доим муҳимдир. Рамазонда астойдил уриниб қиладиган солиҳ амалларимизни, аслида, доим қилиб юришга буюрилганмиз. Фаришталар бизнинг амалларимизни вафот этгунимизча ёзиб боришади. Эҳсон, инфоқ, мурувват ҳамиша қилиниши керак. Аллоҳ таоло солиҳ амалларимизга ҳамма вақт савоб беради. Хато ва маъсиятларимиз ҳамиша гуноҳ деб ёзиб борилади. Биз гуноҳдан умримиз охиригача четда бўлишимиз керак.
Аллоҳ таоло бизни умр бўйи тақво қилишга амр этган. Шу амрида бардавом бўлишимизни, Рамазондан кейин ҳам Рамазон ойи шукуҳида, охиратга тайёргарлик кўрувчи инсон бўлиб юришимизни насиб этсин, омин!
Нозимжон Иминжонов
Хайрия ишлари давом этмоқда
Самарқанд шаҳар “Дамариқ” жоме масжиди имом-хатиби Кимёгарлар қўрғонида жойлашган 61-сонли ихтисослаштирилган мактаб-интернат мактабга ташриф буюрди. “Вақф” хайрия жамоат фонди Самарқанд вилояти филиали ва ҳомийлар кўмагида мактаб тарбияланувчилари учун озиқ-овқат маҳсулотлари эҳсон қилинди. Махсус мактабда ташкил этилган тадбирда имом-хатиб Абдуманнонов Нурсултонхон сўзга чиқиб, илм ва унинг фазилатлари ҳақида гапириб, юртимиз азал-азалдан дунёга устоз бўлган уламолари билан машҳур бўлгани, ёшларимиз ҳам улуғ аждодларига муносиб ворис бўлишга ҳаракат қилиши лозимлигини таъкидлади.
Бундан ташқари масжид жамоаси Рамазон ойи давомида бир қанча боқувчисини йўқотган, эътиборга муҳтож оилалар, ногирон ва кексалар хонадонларини йўқлаб, уларнинг ҳолидан хабар олинди. Уларга уй жиҳоз воситалари ва зарурий озиқ-овқат махсулотлари ҳадя қилинди. Ушбу қилинган хайр-эҳсонларнинг миқдори жами 4 000 000 сўмни ташкил этади.
Динимизда инсон шаъни, қадр-қиммати азиздир. Кўнгли ярим, меҳрга мухтожларнинг дуоси саодат калити ҳисобланади. Кундан-кунга обод бўлиб бораётган юртимизда ҳеч ким меҳр-мурувватдан четда қолмайди. Саховатли инсонларнинг эҳсонларини Аллоҳ таоло зиёд қилиб номаи аъмолларига ато этсин!
Манба: http://sammuslim.uz
48 нафар оила қуриш арафасидаги ёшларга исломда эр-хотиннинг ҳуқуқ ва бурчлари ҳақида тушунтириш берилди
Динимизда оила қуриш, уни фароҳғат ва бахт қўрғони сифатида мустаҳкам сақлашга катта эътибор қаратилади. Бу борада шариат оила аъзоларига маълум ҳуқуқ ва мажбуриятларни юклайди. Зиммаларидаги ҳақларини муқаддас билиб, уларга амал қилган эркак ва аёл жамиятда гўзал намуна бўлиб, охиратда саодат топувчилардан бўладилар.
Афсуски, ҳозирда бузилаётган оилаларнинг аксарияти унинг аъзоларнинг асл ҳақ ва мажбуриятларини билмаслиги, билсада, амал қилмаслиги, қўйингки, жоҳиллиги сабаб бўлади.
Самарқанд вилояти Жомбой туманидаги “Иброҳим ота” жоме масжиди имом-хатиби Анвар Аҳмедов тумандаги “Оила маркази”да 48 нафар оила қуриш арафасида бўлган ёшлар билан “Оила-муқаддас даргоҳ” мавзусида давра суҳбати ўтказди.
Имом домла ёшларга динимизда оиланинг муқаддаслиги, масъулияти никоҳнинг муқаддаслиги исломда эр ва аёлнинг муштарак ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида зарурий билимларни берди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими
Хориждаги ватандошларимизни ҳайратига солган “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” масжиди, АҚШдаги ифторлик - тарғибот тадбирлари ҳақида
АҚШ ва Россия Федерациясида хатми Қуръон ўтказиб бераётган ўзбекистонлик қорилар у жойдаги ватандошларимиз, меҳнат муҳожирлари билан диний-маърифий суҳбатлар ўтказмоқдалар.
Қориларимизнинг хабар беришларича, ифторлик маросимлари, турли тадбирларда маҳаллий аҳоли ва ўзбек ватандошлар билан қизғин суҳбатлар бўлмоқда. Айниқса, Ўзбекистонда бўлаётган диний маърифий ислоҳотлар, очилаётган янги масжидлар, кўркам ва бетакрор қиёфа касб этаётган мажмуалар уларда катта қизиқиш уйғотмоқда.
“Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” масжиди Россиядаги ватандошларимизни ҳайратига солди
“Яқиндагина Президентимиз очиб берган “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” номларига барпо бўлган мажмуани, у ерда ўтказилаётган таровеҳ намозини ватандошларимиз ва маҳаллий мусулмонларга интернет орқали мобил телефонимизда қўйиб бердик. Шайх ҳазратларини бу ерда яхши билишади. Ислом оламида машҳур олимнинг номлари чинакам қадр топибди, дея қувонишди. Ўзбекистонга бориб, бу масжидни зиёрат қилиш ниятлари туғилганини билдиришди”, дейди Ставрополь ўлкасида бўлиб турган вакилимиз Ойбек қори Раҳмонов.
Ўзбекистонлик қориларга ишонч катта
Чувашия Республикаси, Чебоксары шаҳрида фаолият олиб бораётган вакилимиз Абдуллатиф қори Рустамжонов у ердаги миллатдошларимизга ҳалол касб-ҳунар тартиботлари, исломда поклик, бандага ато этилган неъматларга шукур қилишлик ва рўзага оид масалаларда намоздан сўнг мавъизалар қилмоқда.
“Ўзбекистонлик қорилар жаҳондаги бошқа мураттаб ва мужаввид қорилардан асло кам эмас. Буларнинг ҳаммаси Ўзбекистонда Қуръонга бўлган юксак эҳтиром ва эътибор”, деб фикр билдиришмоқда дейди вакилимиз.
Намоз, рўза ва диний маросимларга оида саволлар кўп берилади
Хабаровск вилоятидаги масжидларда хатми Қуръон қилиб бераётган Оқилжон Исхоқов ва Абдулҳаким Хотамовлар у жойдаги диний идора тавсиясига биноан пешин, аср намозларидан сўнг масжид жамоати, хусусан, ўзбек, қирғиз, тожик миллатига мансуб намозхонларга турли мавзуларда: Ислом арконлари, ҳадислар, ислом тарихи, гуноҳи кабиралар ва бошқа мавзуларда мавъизалар қилиб беришмоқда. Намозхонларнинг саволларига жавоб беришмоқда. “Айниқса, намоз, рўза, маросимлар ва уларни ўтказиш билан боғлиқ саволлар кўпроқ берилади”, дейди Оқилжон қори Исхоқов.
Ўзбкистондаги 2500 га яқин қори АҚШда алоҳида эътироф этилди
АҚШда бўлиб турган вакилимиз Муҳаммадий қори Эргашев Туркистон-Америка жамияти томонидан ташкил этилган ифторлик маросимида иштирок этди. Муҳаммадий Эргашев ўзбек ватандошларимизга юртимизда сўнгги йиллардаги диний-маърифий сохадаги ислоҳотлар, хайрли ташаббуслар ҳақида сўзлаб берди.
“Жаҳон илм фани тамаддунига ҳисса қўшган улуғ алломаларнинг бой меросини тадқиқ этиш, ёш авлодга етказиш бўйича олиб борилаётган ишлар, халқаро илмий-тадқиқот марказлари, ислом илмларига оид мактаблар, Ислом цивилизацияси марказининг қурилиши, қолаверса, Рамазон ойида 1200 дан ортиқ масжидларда хатми Қуръонларнинг ўтказилаётгани, уларда 2500 га яқин қорилар қатнашаётгани ҳақидаги маълумотлар миллатдошларимизда катта қизиқиш уйғотди”, дейди Муҳаммадий Эргашев.
“Бизни хурсанд қилган нарса маҳаллий аҳолини ўзбек миллати ҳақидаги билдирган ижобий фикрлари бўлди”
Чувашия Республикасидаги яна бир қоримиз Фазлиддин Мамадалиев ҳам у жойдаги меҳнат муҳожирлари, маҳаллий аҳоли билан урашувлар, диний суҳбатлардаги таассуротларини қуйидагича баён этди:
“Суҳбатларда биз қандай буюк миллат фарзандлари, имом Бухорий, Термизий, Насафий, Нақшбандий каби зотларнинг авлоди эканлигимизни, бу миллат шаънига доғ туширмаслик, аксинча, қаерда бўлсак ҳам ватан, миллат обрўсини юксакларга кўтаришимиз кераклигини ҳаётий мисоллар, оят ҳадислар билан тушунтириб берилди. Ўзга юртларга келиб меҳнат қилаетган, уни ҳеч ким танимаслиги, билмаслиги мумкин бўлган оддий ишчи орқасида буюк бир миллат борлигини эсдан чиқармасликни уқтирилди. Бизни хурсанд килган нарса маҳаллий ахолининг ўзбек миллати ҳақидаги билдирган ижобий фикрлари бўлди. Юртимиздан келган ватандошларимиз ўз миннатдорчиликларини, уларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси тарафидан берилаётган бундай эьтибордан жуда мамнун эканликларини ўзларининг содда, оддий фикрлари билан изҳор килишди”.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими