muslim.uz

muslim.uz

Танловга!

Ифторлик дастурхонига патир олиш учун новвойхонага кирдим. Харидимни қилиб, чиқиб кетаётгандим “Бир дона нон беринг” деган маҳзун сас қулоғимга чалинди.  Бошимни кўтариб, овоз келган томонга қарадим. Уст-боши юпун, оёғидаги резина шиппаги едирилиб кетган аёл музтаргина новвойга термулиб турарди. Юрагим қалқиб кетди. Елим халтадаги иссиқ патирдан таралаётган тафт оташ каби бутун вужудимни ёндирарди. Бўғзимни ачиштираётган тутун нафас олишга тўсқинлик қилар, на ортга қайтишни, на олдга юришни билмай қолдим...

Яқинларимиз, қўшни, қариндошимиз, маҳалладош, юртдошимиз ва ёки бир нотаниш инсон ҳозир оч, чанқоқ, ёлғиз, бемор, парваришга муҳтож ёхуд чорасиз бўлиши мумкин. Биз эса “шу пайтда ҳам камбағал, эҳтиёжманд қолдими?” деб ҳайратланамиз. Дастурхон тузаганимизда ширину нордон, аччиғу шўр, қуюғу суюқ, фойдалию зарарли демай, исрофу уволни ўйламай егуликларни тўкиб-сочамиз. Рамазон ифторликларини ўтказишда ким ўзарликда рекорд ўрнатишга киришганмиз. На ниятимиз чиройли, на амалимиз. Оғриқлиси, дастурхонимизга қорни тўқларни даъват этамиз. Ифторлик, эҳсон деганлари савоб учун, Аллоҳнинг розилиги учун қилинажак ишлар эди. Биз нималарга қодирлигимиз, қўлимиз қанчалик узунлигини кўз-кўз қилиш учун ундан фойдаланаяпмиз. Биродар, сиз қандай тушунсангиз тушунинг, аммо биз айтамизки, бугун ёнбошлаб олиб паққос тушираётганимиз неъматларда фақиру ғариблар, етиму мискинлар, заифу муҳтожларнинг ҳақи бор! Бу борада элдан ошириб гапиролмаймиз: “Имкони борнинг имкони йўқдан қарзи бор!” .

Баъзан номдор емакхоналарда ифторлик дастурхони ёзяпмиз. Ўйга толасан киши: емакхонада, ҳамманинг кўз ўнгида ифторлик бериб савоб олмоқчи бўлганлар ошкора амаллар риёга ўтиб қолишини мулоҳаза қилмаганмиканлар? (Биз бу ҳолатларда шом намози қазо бўлиши, эркаклар емакхона атрофидаги масжидларда ибодатни адо этсалар-ку майли, аёлларнинг ибодати қазо бўлиши ҳақида индамадик). Айримлар ифторлик дастурхонларини суратга олиб, интернетдаги шахсий саҳифаларига жойлаштириб  “ёқди” йиғиб “шуҳрат” қозонмоқдалар. Ислоҳга нақадар муҳтожмиз, тўғрими?..

Болалигимда онам қўлимга пул тутқазиб девор остидаги тиланчини кўрсатиб “Ҳов, ўша бобога бериб келасан. Дуо қилса, сен ҳам ниятларингни айтиб “Амин” дегин” дердилар. Тиланчига пул беришни яхши кўрардим болалигимда. Болаликнинг кўзлари катта, кўнгли кенг бўларкан-да. Гўё фавқулодда катта ишни бажаргандай, дадамга мақтанганимда онам “Тиланчига садақа берганингни ҳаммага айтсанг, ниятларинг ижобат бўлмайди” дегандилар. Шу бўлдию, тиланчига пул берганимни дадамга ҳам, ўртоқларимга ҳам мақтанмай қўйдим. Болаликнинг ишончию ихлоси, иймонию ижросида риё бўлмайди. Катта бўлганимиз сари ҳар қадамимизни атрофдагилар учун босиб, ҳар амалимизнинг вазнини “Одамлар нима дейди?!” деган ўй билан ўлчаймиз. Одамларга ёқиш, кимлигимизни кўрсатиб қўйиш илинжи амалларимизни риёга қориштираверади. Қанийди, қанийдия, истагимиз фақат Аллоҳнинг розилигига эришиш бўлса эди! Кошкийди, амалларимиз одамларнинг мақтовларига эмас, Роббимизнинг марҳаматига муваффақ бўлиш учун  бажарилса эди. Эл-юртга сездирмай маънавий-моддий дастакка муҳтожларга  ёрдам қўллари узатилса эди. Шифохоналарда бир кунлик дори-дармонни фалон пулга сотиб олаётган, фарзандини даволаш учун бор-бисотини сотиб, камига қарзга ботиб қолганлар кўп. Биз дабдаба билан ёзаётган саҳарлигу ифторлик дастурхонига сарфланаётган пуллар кимларнингдир мушкулини осон қилиши мумкин, замондош.  Бу каби савоб ишларни санаб адо қилолмаймиз. Тўлов-контракт билан ўқиётган талаба жиянимиз, бир неча йилдан бери уйининг томини ёполмаётган укамиз, рўзғор, болаларининг ташвишидан ошиниб даволанишни пайсалга солаётган опа-синглимиз шундоқ кўз олдимизда яшаяпти. Биз эса савобни узоқлардан, қорни тўқлардан излаш билан овворамиз.

Кимнингдир оғирини енгил қилиш учун бой-бадавлат бўлиш шарт эмас. Аввало, энг катта ёрдам — маънавий кўмак. Кекса, парваришга муҳтож, ёлғизларнинг ҳолидан хабар олиш, уй-жойини супуриб-тозалаб, бир қошиқ овқат билан кўнглини олиш ҳам савоб. Гўдаклари  нораста, уй-жойи таъмирталаб бевалар бор. Болаларининг ризқидан қийиб нураган девори, бўёғи кўчган эшигини эпақага келтиролмайди. Ифторлик баҳонасида гап-гаштакдан бери келмайдиган аҳли аёлимиз орқали уларга ёрдам бериб, ҳожатини раво қилишимиз ҳам савоб.  

Электр энергияси, табиий газ, солиқ ва бошқа тўловларни ўз вақтида тўлашимиз, қўни-қўшничилик ҳақига риоя қилишимиз ҳам савоб. Айримларимиз, коммунал тўловлардан бўйнимизгача қарзга ботганмизу, серҳашам ифторлик дастурхони кўйида овворамиз. Тўловларни тўлашга қурби етмай, қўли калталигидан боши хам инсонлар бор. Масъул идоралардан вакиллар келиб эшигини тақиллатса, “томоша”га ошиқамиз. Шундайларга ёрдам бериб, қарзини узиб ўрнак кўрсатсак эди...

Нуқул, негатив ўйлар билан юрагингизни сиққаним учун узрлар. Аммо сиз, ҳа, айнан сиз айта оласизми менга, ифторлик дастурхони ёзганингизда кимларни даъват қилдингиз, уларнинг орасида қанча эҳсонга муҳтож, қанча фақир бор эди?..

Ҳеч кимнинг чўнтагини ковлаш, пулини ҳисоблаш ниятимиз йўқ. Аммо Рамазони Шарифнинг муборак номи тилга олинганда, бошқача бўлиш ҳам мумкин эмас. Яъни, ниятимиз савобга муваффақ бўлишми, амалимиз ҳам шунга кўра бўлиши керак. Зотан, рўза ибодати қорин очлигию, ташналик учун эмас, атроф-жавонибдаги очу ташналар, муҳтожу фақирлар ҳолини англашимиз учун фарз қилинган.

Тафти оловдай қўлимни куйдираётган патирга қараб ўйга толаман: мен Муборак Рамазон ойининг ҳақини қанчалик адо қила олаяпман? Ҳозиргина гувоҳи бўлганим воқеа рўза ибодати ҳақини муносиби қадар адо этолмаётганимни аён қилди. Қўлимдан келса-да, эҳтиёжманд инсонларга ёрдам беролмаганим, бермаганимни мулоҳаза қилиб ўзимни тафтиш қиляпман. Сиз ҳам “Аллоҳ розилиги”, “савоб олиш” йўлидаги амалларингизни бир қур кўздан кечирсангиз, яхши бўларди, замондош. Бу йўлда эътиборингиздан четда қолган муҳтож, ғариб, кекса, етим, бева ва ёки бемор йўқмикан? Ноўрин жойларгаю кишиларга ўринсиз сарф-харажат қилиб, муҳтожларнинг ҳақига хиёнат қилмадингизми? Умуман олганда, муборак Рамазон ойи моҳиятини англай олдингизми? Умид қиламизки, жавобингиз ижобий. 

Айтаримиз шу эди. Зинҳор ақл ўргатмадик...

Умида АДИЗОВА

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. 

Маърифатнинг энг афзал турларидан бири – ҳаддингни билишингдир.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Бахил одам очликдан ўлса, унинг фарзандлари меъда сустлигидан ўлиб кетади.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Агар кекса аёл тирикчилик қиламан деб хор бўлаётган бўлса, билгинки, у ор, уят ватанда яшар экан.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Фарзандларингизга кўп илмлар қатори учта хулқни ҳам ўргатинглар:

  • Узр сўраш;
  • Муҳаббат;
  • Шукр қилиш.

Жамиятимизда бу фазилатлар борган сари қуриб боряпти.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Икки харсанг тош орасида гул униб-ўсади. Икки қийинчилик орасида енгиллик униб-ўсади.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Ақлли одам муаммони ҳал қилса, донишманд одам муаммога чап бериб ўтади.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Раҳбарлик фақат буйруқ бериш эмас, балки аввало барчага ўзи ўрнак бўлишдир.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Инсон ўзининг билмаслигини англаб етиши маърифатнинг турларидандир.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

Таниқли Голливуд актёри Уилл Смит мусулмонларни Муборак Рамзон ойи келганлиги муносабати билан қутлади ва айтиш керакки буни ноодатий ҳолатларда амалга оширди.

IslamNews хабарига кўра, америкалик актёр ўзининг инстаграмдаги саҳифасига шундай видеоролик жойлади, унда ўзининг цехдаги ҳамкасблари билан биргаликда “Алоуддин” нинг суратга олиш ишлари олиб борилган Иорданиядаги Аммон қалъаси деб номланган жойда кўриниш берган.

Мазкур ролик арабча “Ассалому алайкум” қўшиғи ҳамоҳанглигида ижро этилган бўлиб, унда Уилл Смит “Барчага Рамазон муборак! Сизларнинг ажойиб мамлакатингизда “Алоуддин” жамоасига суратга олиш ишларига розилик берилгани учун Қироллик оиласи ва Иордания халқига ташаккурлар изҳор қиламан. Шарҳ охирида у мусулмонларга араб тилида “Ассалому алайкум” деб, салом йўллади.

ЎМИ Халқаро алоқалар бўлими

19–27 май кунлари Туркиянинг Истанбул шаҳрида VII халқаро Қуръони карим мусобақаси бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистондан икки вакил – Тошкент шаҳридаги “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси Жасур Кулбоев ва Тошкент ислом институти битирувчиси Муҳаммадали Ҳайитбоев ўз иқтидорларини намойиш этадилар.
Мазкур мусобақа икки йўналишда – мужаввид ва ҳифз бўйича ўтказилади.
Аллоҳ таолодан қориларимизга муваффақиятлар тилаб қоламиз.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

19 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари АҚШнинг турли шаҳарларида бўлиб ўтадиган ўзаро мулоқотлар, халқаро анжуманлар ва давра суҳбатларида иштирок этиш учун жўнаб кетдилар.
Океан орти мамлакати сафари давомида Ўзбекистон делегацияси АҚШ давлат департаменти вакиллари билан учрашув ўтказиш ва халқаро диний эркинликлар масалалари бўйича мутахассислар билан мулоқотлар ташкил этиш режалаштирилган. Шунингдек, ушбу мамлакатдаги дин пешволари билан мулоқотлар уюштириб, ўзаро ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги келишувлар муҳокама қилинади.
Ташриф давомида соҳа мутахассислари, экспертлар ва дин пешволари иштирокида “Маърифат ва диний бағрикенглик: Ўзбекистон ва АҚШ тажрибаси” мавзусида давра суҳбати ҳам бўлиб ўтади.
Ўзбекистон делегацияси АҚШнинг Вашингтон шаҳридаги йирик жоме масжидда жума намозини адо этиши кўзда тутилган.
Мазкур нуфузли тадбирлар ва учрашувларни сайтимиз орқали ёритиб борамиз.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Мақолалар

Top