muslim.uz

muslim.uz

Абдуллоҳ ибн Амр розианллоҳу анҳу: “Ким Набий саллолоҳу алайҳи вассалламга битта  саловат айтса, Аллоҳ таоло ва унинг фаришталари унга етмишта саловат айтишади”, дедилар. (Аҳмад ривоят қилган).

Набий саллолоҳу алайҳи вассалламга саловат айтиш фазилати ва савобли амалдир. У зотга саловат айтиш ҳақида Аллоҳ Қуръони каримда шундай марҳамат қилган: Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Пайғамбарга саловат айтурлар. Эй мўминлар (сизлар ҳам) унга саловат ва салом айтингиз! (Азҳоб сураси 56-оят).

Анас ибн Малик розианллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи вассаллам: “Ким менга битта саловат айтади, Аллоҳ унинг ўнта гуноғи ўчирилади ва у учун ўнта даража кўтарилади”, дедилар.

Ибн Масъуд розианллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи вассаллам: “Қиёмат кунида инсонларнинг менга энг яқинроғи, уларнинг менга кўп саловат айтганларидир”, дедилар. (Термизий ривояти).

Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи вассалламга саловат айтиш қалбни мунаввар қиладиган, дуолар ижобат бўлиб, амал дафтарига кўплаб савоблар битилишига сабаб бўладиган гўзал ибодатдир. Аллоҳ барчамизни Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи вассалламга кўп саловат айтишга қодир қилсин. Амин.

 

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти талабаси

Ойбек Маърупов

Бугун, 17 октябрь куни “Ўзбекистон Қуръон мусобақаси-2018” Республика босқичи 18-25 ёшлилар ўртасидаги ҳифз йўналиши 1-ўрин соҳиби, Андижон шаҳридаги “Саййид Муҳйиддин махдум” ислом билим юрти талабаси Муҳаммадисо қори Маҳмудов шу йилнинг 18-21 октябрь кунлари Қуръони каримни тажвид қоидаси билан ёддан ўқиб бериш бўйича Россия Федерациясида ўтказиладиган XIX Халқаро Қуръони карим мусобақасида иштирок этиш учун Москва шаҳрига жўнаб кетади.

Маълумотларга кўра, мазкур мусобақанинг ташкилотчиси Россия мусулмонлари диний идораси ва Россия муфтийлари кенгашидир. Мусобақанинг финал босқичида бутун дунёдан 30 нафардан ортиқ қорилар иштирок этади.

Шу йилнинг 21 октябрь куни Москвадаги Crocus City Hall концерт залида Қуръон байрами ўтказилади. Байрам тадбирида XIX халқаро Қуръони карим мусобақасининг финал босқичи бўлиши айтилмоқда. Бу ҳақда Islam-today нашри хабар берди. Шунингдек Қуръон байрами меҳмонлари турли ижодий жамоалар чиқишларини, маҳорат дарсларини, кўргазмаларни, тренинг ва болалар шаҳарчаларини томоша қилишлари мумкин бўлиши қайд этилган.

Халқаро алоқалар бўлими

gulf-times.com нашрининг берган маълумотларига кўра Марказий Осиё мамлакатлари, жумладан, Қозоғистон ва Ўзбекистонда Ислом молия тизими катта қадамлар билан ривожланмоқда. Халқаро банку тизимларини ўзига жалб қилаётган минтақада хусусий банклар, капитал бозорини ривожлантириш ва молиявий технологияларни жорий этишга имкон яратилган.

Ўзбекистоннинг Яқин Шарқ ва Жануби-шарқий Осиё исломий инвесторларига ўз эшикларини очиши жараёни Ислом тараққиёт банкининг кўмагида амалга оширилмоқда.

Ислом тараққиёт банки томонидан Ўзбекистон ҳукуматига 1,3 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги шарий молия тизимини жорий этиш, инфраструктурани модернизация қилиш, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш мақсадида кредит ажратгани соҳани ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Ҳалол жамғармалаш ва микромолиялашни ўз ичига олувчи исломий молия воситаларини жорий этишда ҳамкорлик йўлга қўйилган. Шариат асосидаги кредитлаш тизими Ўзбекистондаги 6 та банкда йўлга қўйилиш арафасида. Улар Асака банк, ЎзСҚБ, Туронбанк, Ҳамкорбанк, Капиталбанк ва Asia Alliance Bank лар экани айтиб ўтилган. Trustbank ва InFinBank томонидан ҳам ушбу йўналишда ҳамкорликни амалга ошириш ҳаракатлари йўлга қўйилган.

Қирғизистонда ҳам бир қатор исломий молия ва банк хизматлари йўлга қўйилган. Баҳрайннинг Al Baraka Bank Group ташкилоти Бишкекда жойлашган BTA Bank билан ҳамкорликни йўлга қўйган.

Исломий молия хизматлари Россияда анча олдин йўлга қўйилган бўлсада исломий банкларнинг фаолиятида ривожланиш кузатилмаган. Бунга сабаб сифатида эса банкларнинг ликвидлиги масаласи қайд этилган.

ЎМИ Матбуот хизмати

mercredi, 17 octobre 2018 00:00

Бир ҳадис шарҳи

Ибни Умар Розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:  Пайғамбаримиз (с.а.в) марҳамат қилиб айтдиларки: “Ислом бешта устун устига қурилди. Биринчиси “Ла илаҳа илаллоҳ, Муҳаммадун расулаллоҳ”, деб шаҳодат беришлик. Иккинчиси намоз ўқиш. Учинчиси закот беришлик ва тўртинчиси ҳаж қилишлик ва бешинчиси рамазон ойининг рўзасини тутишликдир”.

Шарҳ: Мазкур ҳадиси шарифда ислом арконлари ҳисобланган, Аллоҳ таоло бандаларига фарз қилган, шу билан бандалар ўзларини Парвардигори хузурида қандай эканлигини кўрсатиб бера оладиган жуда муҳим амаллар зикр қилинмоқда.

Уларнинг аввалгиси —  шаҳодатдир. Маълумки,   Ислом дини олдинги динларни тўлдирувчиси, уларнинг давомчисидир. Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам  ўзларидан олдин келган пайғамбарларнинг динини давом эттирдилар. Уларнинг барчаларининг динининг шиори битта – “Ла илаҳа иллоллоҳ”, эди. Мусулмонни бошқалардан ажралиб туриши, иймонининг белгиси шаҳодатдир. Шаҳодат – бу  барча Пайғамбарлар олиб келган шиор – Аллоҳга иймон келтириш ва Аллоҳни бизга танитган зот Муҳаммад (с.а.в)ни пайғамбар, расул эканликларини эътироф этиш.

Иккинчи устун – намоз. Пайғамбаримиз (с.а.в) айтадиларки: “Ғайридин ва мусулмоннинг ўртасидаги фарқ намоздир”. Намоз шундай бир ибодат-ки, уни тарк этишга бирон-бир инсонга йўл йўқ. Баъзи бир инсонлар ўз ҳолатларидан норози бўлишар, лекин айни ҳақиқат шу-ки, мусулмонман деб даъво қилиб туриб, масжиднинг эшигини тополмайдиган, умрида бирор марта пешонаси сажда кўрмаган, намоз ўқишликни билмайдиган инсон, Аллоҳ сақласин, насронийларнинг феълини қилиб турган одамга ўхшайди. Чунки насронийлар биз насрониймиз дейди, лекин ибодатларини қилишмайди.

Навбатдаги учинчи устун – закот бериш. Закот молиявий ибодат бўлиб, яъни инсоннинг моли маълум бир даражага етганидан сўнг, ўшандан маълум бир қисмини, қирқдан бириниэҳсон қилади. Маълум бир даража – нисоб дейилади. Ҳаммага ҳам бу амал фарз эмас. Бу имконияти бор, моли ўша даражага етган мўмин-мусулмонлар учун. Масалан, кишининг молу-мулки 85 гр. тиллонинг қийматиги етса , шундан 2.5 фоизини закот қилиб беради. Шу ҳисобга етмагунча закот бермайди.

Ундан кейинги фарз – ҳаж қилишликдир. Бу фарз амали ҳам моддиятга тааллуқли бўлган ибодатдир. Моддий томондан ҳажга бориб келишга қурби етадиган, саломатлиги кўтарадиган кишига умрида бир марта ҳаж қилишлик фарз ҳисобланади.

Сўнгги бешинчи фарз – Рамазон ойининг рўзасини тутмоқликдир. Бу ибодат маънавий ҳамда жизмоний ибодат ҳисобланади. Маънавий томони нафс тарбияланади, шаҳвоний хою-ҳаваслар жиловланади, инсон комиллик сари интилади. Жисмоний томони эса, киши саломат бўлиши шартдир. Агар бир инсонда рўзадан тўсадиган касаллик бўладиган бўлса, ундан то тузалгунга қадар рўза тутиш соқит бўлади. Агар сурункали бўлса, у инсон рўзасининг эвазига фидясини беради.

Хайруллоҳ Саттаров,

ЎМИ Самрқанд вилояти вакили ўринбосари

ЎМИ матбуот хизмати

Янги зеландиялик Найжел Латта замонавий болалар психологияси бўйича энг кучли мутахассис. Латта ўн йилдан ошиқ вақт давомида муаммоли болалар ва ўсмирлар билан ишлаган. Ундаги бебаҳо тажриба ва билим нафақат тарбияси оғир болалар ота-оналари, балки ота-она бўлишни режалаштирган барча учун ҳам керакдир. У ҳаётий кўникмаларини баён этган китоб бестселлерга айлангани, бежиз эмас. Биз мана шу мутахассис томонидан ишлаб чиқилган болани тарбия қилишнинг қоидаларини эълон қилаяпмиз.

1. Асосийси – бу муомала. Бу энг асосий қоида ва буни ҳеч бир ота-она назардан четда қолдирмаслиги керак. Бола — кичкина одамгина эмас, алоҳида шахс ҳамдир. Шунинг учун уни иззат қилиш, мулоқот мобайнида ҳурматни изҳор этиб туриш зарур. 

Сиз ота ёки она сифатида шахсий намунангиз ёрдамида бошқа инсонлар билан мулоқот қилишни ўргатинг. Самимиятсиз инсоний муносабат ўрнатиб бўлмайди.

Бу ерда назорат ҳақида гап кетмаяпти. Болаларни назорат қилиш, айниқса, кичик ёшдагиларини чўчитиб қўяди. Сиз фақат қўрқитиш ёрдамида “ўзингни яхши тут”, десангиз у бу нега зарурлигини тушунмайди. Бундан ташқари, катта бўлганида бола сиздан қўрқадиган бўлади.

2. Болага симпатия (хуш кўриш) билан муносабатда бўлинг. Болалар ота-оналари уларни яхши кўришига қаттиқ ишонишади. Бу туғма ҳиссиёт. Ҳатто болага етарли эътибор қаратилмаган ёки уларни жазолаган пайтда ҳам улар ота-онасининг меҳр-муҳаббатига ишонишади.

Бироқ ёқимлилик, хуш кўриш билан гапириш, меҳр кўрсатиш умуман бошқа нарса. Кўплаб болалар совуқ ва лоқайд муносабатни дарров пайқаб қолишади. Ота-оналик муҳаббати табиий ҳиссиёт, инстинктдир. Унга симпатияни уйғунлаштирсангиз, бола тарбиясидаги катта ютуқни қўлга киритасиз.

3. Болаларга жуда кўп эътибор зарур. Барча болаларга эътибор керак. Эътибор эса ҳеч қачон кўплик қилмайди. Фарзандлар икки нафар бўлса, улар барча эътиборни ўзларига қаратиш учун инжиқлик қилишади. Ҳа, гўдаклар эътиборни қозониш учун барча имкониятдан фойдаланишади. Бу ҳолат болаларда инстинктив мавжуд. Ота-онанинг кўз-қулоқ бўлиб туриши улар учун хавфсизликни англатади.

4. Яхшисини ошириб, ёмонини яширинг. Мазкур қоида биринчи қарашдаёқ тушунарли. Уларнинг яхши ҳаракатларига эътибор қаратинг. Агар бола ниманидир нотўғри қилаётган бўлса, бунга аҳамият берманг.

Яхши томонга эътибор қаратиш бола ўзини яхши тутишига сабаб бўлади. Ёмон қилиқларига эътибор бермай қўйишингиз билан фанзандингизнинг ўзи инжиқлик қилишни бас қилади.

5. Болаларга чегара қўйинг. Болаларни чегараланмасликнинг сабаблари кўп. Улар оламни мустақил англашлари лозимку, ахир. Бироқ болаларни ёлқовликдан чекламасангиз, тарбияни ўзи бўларчиликка ташлаб қўйган бўласиз. Уларни чегарасиз, ҳеч қандай қоидаларсиз тарбиялаб бўлмайди. Бола бирор чекловга дуч келмагунича ҳаракатланаверади. Сабаби ниманингдир мумкин эмаслиги тушунчаси уларнинг табиатида мавжуд эмас.

6. Эргаштирувчи бўлишга ҳаракат қилинг. Ота-она бўлиш оғир масъулият. Шахсий намуна кўрсатиш ҳам қийин. Шундай бўлса-да фанзандингиз қандай бўлишини истасангиз, ўзингиз ҳам шундай бўлишга мажбурсиз.

7. Ёмон феъл-атворини кечирманг. Агар бола ота-онасини ҳақорат қилса, ранжитса, жазаваси тутиб қолса буни кечириш керак эмас. Ҳа, бола доимо ўзини идеал даражада тутмаслиги мумкин. Болаларда вақти-вақти билан ёмон феъл-атвор кузатилиб туради. Аммо бу ҳолатга қўл силтаб қўйиб бўлмайди. Акс ҳолда, аҳвол бундан ҳам ёмонлашади. Ёмон хулқ билан курашиш зарур.

8. Режа тузинг. Фарзандингиз серхархаша ва тантиқ бўлса, аввало, режа тузиб олинг. Албатта, бу режада графиклар чизишингиз шарт эмас ёки мақсад ва вазифаларни батафсил бошидан охиригача ифодалашингиз зарур эмас. Ҳар кунлик ҳисоботлар ҳам бу ўриндан жой олмайди. Шундай бўлса-да, режа зарур.

У сизга боланинг феъл-атвори устида ишлашингизда асқотади. Гўдакнинг битта муаммоли феъли ёки қилиғини ёзинг ва у билан курашиш учун ҳар хил ғоялар ўйлаб топинг.

9. Исталган хулқ – бу мулоқот. Энг ёмон атвор ҳам бу боланинг ота-онаси билан бўлган мулоқотидир. Агар у қандайдир ножўя ҳаракат қилаётган бўлса, гўдак ота-онасига ниманидир айтгиси келаяпти. Масалан, эътиборсизликдан азият чекаяпти. Улар фикр ва ҳисларини ҳаракатлар ёрдамида ифодалайди. Бола ўз тантиликлари билан нимани тушунтирмоқчи эканлигини билиш бу ярим муваффақият калитидир

10. Болалар – бу хаос (тартибсиз, чалкаш)дир, улар билан урушиш фойдасиз. Болалар ота-онасининг ҳаётига доимо хаос олиб кирган. Таъкидлаб айтамиз, доимо. Бола туғилиши билан минглаб кутилмаган, кечиктириб бўлмас ишлар пайдо бўлади. Буни тушуниш ва мазкур ҳолатга кўникиш зарур. Фарзандингиз олдин хафа бўлиши, кейин шўхлик қилиши, салдан сўнг эса сиз билан тортишиши, баҳслашиши мумкин. Барчасига сабр этинг. Довулдан кейин барибир қуёш чиқади.

 

Муслим АТАЕВ,

Фатво бўлими ходими

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Мақолалар

Top