muslim.uz

muslim.uz

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент шаҳар вакиллиги Юнусобод тумани бош имом-хатиби, «Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби Раҳматуллоҳ домла Сайфуддиновнинг табаррук ёшдаги волидаи меҳрибонлари Кимёхон онанинг вафотлари муносабати билан у кишининг оила аъзоларига, яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради.

Аллоҳ таоло волидаи меҳрибонни Ўз мағфиратига дохил қилсин, фарзанду набираларига сабру жамийл бериб, сабрларига ажру мукофотлар ато этсин.

Кимёхон онанинг жанозалари 2018 йил 14 октябрь куни Сурхондарё вилояти Музрабод тумани Олмазор маҳалласида соат 09:00 да ўқилади.

ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллиги Матбуот хизмати

2018 йил 13 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида «Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан эълон қилинган «Илм йўлида кўмак берамиз» номли диний таълим муассасалари талабаларининг тўлов-контрактларини тўлаб бериш ишлари бўйича хайрия акцияси тадбири ўтказилди. Шунингдек, Қуръони каримни ёд олган ёки араб тилидаги бирор қўшимча китобни тамомлаган талабалар рағбатлантирилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Марказий Банки, PayMe, Click, Mbank каби республиканинг йирик тўлов тизимлари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, диний таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, уламолар, имом-хатиблар, Тошкент Ислом институти, диний таълим муассасалари талаба-ёшлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5416-сон Фармони асосида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида «Вақф» хайрия жамоат фонди ташкил этилди.
Ўтган давр мобайнида ушбу фонд томонидан диний таълим муассасаларини моддий қўллаб-қувватлаш учун жами 211 млн. сўм, ижтимоий ҳимояга муҳтож жамиятларга 22 млн. сўм ва ёрдамга муҳтож ва ногиронлиги бўлган 534 нафар фуқароларга 480 млн. сўмдан зиёд маблағ хайрия қилинди. Қурбон ҳайитида Республика бўйича 10 тоннадан зиёд қурбонлик гўштлари фонд номидан тарқатилди. Шу билан биргаликда ўта оғир ҳолатдаги 4 та хонадон фонд томонидан тўлиқ таъмирлаб берилди.
«Вақф» фонди томонидан ташкил этилган «Масжид ва мадрасалар учун китоб» акцияси доирасида шу вақтга қадар 9 та вилоятдаги 306 та масжидга жами 367 млн сўмлик 13109 та китоб етказиб берилди.
Фонд томонидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги билим юртлари талабалари ва ўқитувчиларини рағбатлантириш, намунали ва иқтидорли талабаларни тўлов-контракт пулларини тўлаб бериш учун Фонд томонидан «Илм йўлида кўмак берамиз» акцияси ташкил этилди.
2018 йил 13 октябрь куни ушбу акциянинг биринчи босқичи натижалари бўйича тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Маросимда диний таълим муассасаларининг энг иқтидорли 39 нафар талабаларининг контракт пуллари тўлаб берилиб, ўзининг иқтидори ва қобилияти билан Қуръони каримни тўлиқ ёд олган 15 нафар талаба энг кам иш ҳақининг 10 бараваридан пул мукофотлари билан тақдирланди.
Тақдирлаш тадбирида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур, “Вақф” хайрия жамоат фонди масъул ходими Одилхон қори Исмоилов, Ахборот технологиялари ва телекоммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги масъул ходими Толибжон Мирзақулов, Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғофуров ва бошқалар сўзга чиқиб, қисқа муддат ичида “Вақф” фонди томонидан жуда кўп ишлар қилингани ҳақида маълумотлар бердилар.
Умумий ҳисобда ушбу акциянинг биринчи босқичи учун Вақф хайрия жамоат фонди томонидан 160 000 000 сўм ажратилди.
Вақф фонди: эришилган натижалар ва келажак режалар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5416-сон Фармони бўйича «Вақф» хайрия жамоат фонди ташкил этилди.
«Вақф» хайрия жамоат фонди ўз олдига масжидлар ва диний таълим муассасаларининг биноларини қуриш, таъмирлаш, реконструкция қилиш, диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилари, мутахассислари ва ўқувчи-талабаларини моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, масжид ходимлари, жумладан имом-хатиблар, ноиб имом, муаззинларни ойлик маош билан таъминлаш,аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, шу жумладан, имконияти чекланган шахсларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш каби бир қатор ишларни мақсад қилиб қўйган.
Вақф хайрия жамоат фонди очилгандан буён кам таъминланган ва ёрдамга муҳтож кишилар фондга расмий тарзда мурожаат қилишмоқда. Уларнинг касаллик ҳужжатларини ва моддий ёрдамга муҳтожлиги ҳақидаги далиллар асосида уларг закот ёки хайрия ҳисоб рақамларимиздан ёрдам кўрсатилмоқда.
Эришилган натижалар

«Масжид ва мадрасалар учун китоб» акцияси
«Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан ҳозирги кунда «Масжид ва мадрасалар учун китоб» акцияси ўтказилмоқда. Акцияга кўра, масжидларга Қуръони карим, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг қаламларига мансуб диний-маърифий китоблар ва масжид қавми учун керакли деб ҳисобланган китоблар етказиб бериляпти.
Шу вақтга қадар 9 та вилоятдаги 306 та масжидга жами 367 млн сўмлик 13109 та китоб етказиб берилди.
Масжидларга «Қуръони карим», муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) мўжизалари», «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг муборак васиятлари», «Оилада фарзанд тарбияси», «Сўраган эдингиз», шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг қаламларига мансуб, «Одоблар хазинаси» тўплами, «Ислом тарихи» тўплами, «Ҳадис ва ҳаёт», «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга содиқ Муҳаммад содиқ», «Зикр аҳлидан сўранг», «Олтин силсила», «Иймон», «Очиқ хат» «Бахтиёр оила» китоблари, шу билан биргаликда масжид аҳли учун керакли деб ҳисобланган «Ўкинма», «Енгил амаллар», «Ҳанафий фиқҳидан савол-жаовблар», «Дунё ва дин одоби», «Нурул басар» «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқ одоблари» «40 фарз» «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шакли шамоиллари» «Тил офатлари», «Умрнинг бир лаҳзаси», «Бахтли ҳаёт сари», «Ғийбат ўзи нима?», «Ҳазрати Нуҳнинг кемаси ва тўфон воқеаси», «Муаллими соний», «Мен ҳам намоз ўқийман», каби китоблар Аллоҳ йўлида вақф мулки қилиб берилмоқда.
Саховат тадбирлари
Вақф хайрия жамоат фонди ёрдамга муҳтож ногиронлар, ёлғиз кексалар, боқувчисини йўқотган фуқаролар ҳамда кам таъминланган оилаларга доимий равишда ёрдам кўрсатиб келмоқда. Шу вақтга қадар фонд умумий ҳисобда 1 млрд сўмдан зиёд саховат ишларини амалга оширди. Жумладан, Қурбон ҳайитида Республика бўйича 10 тоннадан зиёд қурбонлик гўштлари фонд номидан тарқатилди. Шу билан биргаликда 400 та оилага истеъмол саватчаси тарқатилди.
Келажак режалар
“Никоҳ тўйлари”
Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ва кам таъминланган оилаларнинг никоҳ ёшига етган фарзандларини никоҳ тўйларини ўтказиб бериш бўйича акция эълон қилиниши режалаштирилди.
Оби ҳаёт лойиҳаси
«Вақф» хайрия жамоат фонди яқин келажакда «Оби ҳаёт» номли лойиҳани ишга туширади. Унга кўра чекка-чекка қишлоқ ва овулларда сув чиқариш режалаштирилган.
Рўзғор лойиҳаси
«Вақф» хайрия жамоат фонди яқин келажакда «Рўзғор» номли лойиҳани ишга туширади. Унга кўра кам таъминланган, боқувчиси йўқ, ногиронлиги бўлган шахсларнинг уйларига рўзғорлик қилиб берилади. Ушбу лойиҳа акция кўринишида ўтказиш режалаштирилган.
Эҳтиёжмандларга кўмак
Кийим-кечак, мебел, маиший электр-техника жиҳозлари ва бошқа уй-рўзғор буюмларни йиғиш ва эҳтиёжмандларга беғараз бериш тариқасидаги “Эҳтиёжмандларга кўмак” акцияси режалаштирилган.

“Обод хонадон” лойиҳаси
Ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни манзилларини топиш, уларнинг уй-жойларини қуриш ва таъмирлашга ёрдам бериш мақсадида “Обод хонадон” акциясини эълон қилиш акцияси режалаштирилган.
Бундан ташқари яна бир қатор хайрия тадбирлари ишлаб чиқилмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Жорий йилнинг 10 октябрь куни Қирғизистондаги Қирғиз-Турк Манас университетининг Илоҳиёт факультетида халқаро конференция ўз ишини бошлади. Бу ҳақда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази Халқаро алоқалар бўлими хабар берди.

“Ўрта Осиё олимларининг Ислом маданиятига қўшган ҳиссаси” номли конференцияни Қирғиз-Турк Манас Университетининг ректори очиб берди ва меҳмонлар томонидан маърузалар қилинди.

Илмий анжуманда ўзбекистонлик вакиллар ҳам қатнашган. Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказидан қатнашаётган уч илмий вакил: Ш. Умаров, О. Юсупов, О. Муҳаммадиев ва Имом Термизий халқаро марказидан профессор Ж. Мирзаевлар ҳам илмий анжуманда ўз маърузалари билан иштирок этди.

Асосий маърузалар Ўрта Осиё диёридан чиққан Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотурудий ва бошқа алломалар, фақиҳлар ҳаётига бағишланган.

ЎМИ Матбуот хизмати

vendredi, 12 octobre 2018 00:00

Йўлчи юлдузлар (Аудио)

ЎМИ матбуот хизмати

Мусулмон одам таом ейишдан олдин ва кейин қўлларини ювиши мустаҳабдир. Бу борада ушбу ҳадиси шариф ворид бўлган.

Салмон Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Таомнинг баракаси – ундан олдин (икки қўлни) ювиш ва ундан кейин (икки қўлни) ювишдир”. Абу Довуд, Термизий ривоят қилишган.

Хўш, нега Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ушбу ҳадисдаги тавсияни бермоқдалар.

Келинг, шу саволга жавоб топиш мақсадида ушбу ҳадисдаги тиббий ҳикматларни кўриб чиқайлик.

Инсон ҳар куни турли кишилар билан қўл бериб кўришади. У инсонлар орасида беморлар, қўлида касаллик тарқатувчи микроби бор бўлган кишилар бўлиши мумкин. Шунингдек, хатарли бактериялар ин қуриб олган нарса-буюмларни ушлаши мумкин. Ана шу пайтда мазкур микроблар унинг қўлига ўтади. Кейин у одам бундан бехабар ҳолда уйидами ёки кўчадаги ошхонадами қўлини ювмай таомланишга ўтирса, ҳалиги зарарли вируслар таомга, у орқали оғиз бўшлиғига ўтади. Оғиз бўшлиғи каби нам муҳит эса микробларнинг ривожланиши ҳамда кўпайиши учун қулай шароит ҳисобланади. Натижада турли оғир касалликлар юзага келиши мумкин.

Қўлни ювмаслик оқибатида энг кўп тарқаладиган касалликлар – вабо, паратиф (ич терлама) ва ич кетишдир.

Инсон териси юзасида тешикчалар ва чуқурчалар бор. Тери усти турли ёғлар ва терлардан тозаланмаган пайтда зарарли микроблар ва паразитларнинг тухумчалари теридаги мазкур тешик ва чуқурчаларга жойлашиб олади.

         Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам биз умматларини покиза таом ейишимизни истаб, таомланиш олдидан қўлимизни ювишни тавсия қилганлар. Бу тавсияга амал қилсак, таомимиз турли ифлосликлар ва касаллик ташувчи микроблардан холи бўлади.

Таомдан кейин қўлни ювишга нега тарғиб этилган?

Гап шундаки, қўлда қолган таом, ёғ ва бошқа нарсалар қолдиқлари тананинг ҳарорати эвазига аста парчаланиб, қулай муҳит таъсирида бактериялар кўпайиши вужудга келади. Кўпайган бактериялар кутилмаганда хатарли касалликларга сабаб бўлиши мумкин.  

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган мана бу ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким қўлида ёғнинг ҳиди, юқи бўлган ҳолда ухласа, кейин унга бирор нарса тегса (яъни бирор касаллик етса), (бировни эмас,) фақат ўзини маломат қилсин!” деганлар. Абу Довуд, Термизий ривоят қилишган. Термизий: “Ҳасан ҳадис” деган. Ибн Ҳиббон уни “Саҳиҳ ҳадис” деган.

Кўриниб турибдики, бу ҳадисда қўлини ювмай ухлаган одамга бирор касаллик етиши ҳақида огоҳлантирилмоқда. Бошқа бир ҳадиси шарифда бу касаллик – вазаҳ, яъни песлик эканлиги очиқ айтилган.

Демак, таомланишдан олдин қўлларни ювиш инсонга, унинг таомига, уйига барака киришига сабаб бўлади. Бу барака офият, саломатликдир. Сиҳат-саломатлик – ҳеч тугамайдиган, бебаҳо неъматлардан биридир.

Таомланишдан кейин қўлларни ювиш эса фақирликдан, песликдан ва маломатдан сақланишнинг қатъий чорасидир.

Асарда шундай ривоят келган: “Таомдан олдин қўлни ювиш барака омили бўлиб, у фақирликни даф қилади. Таомдан кейин қўлни ювиш эса маломатни даф этади”.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

 

وَمَا آتَاكُمُ الرَّسُولُ فَخُذُوهُ وَمَا نَهَاكُمْ عَنْهُ فَانتَهُوا وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ شَدِيدُ الْعِقَابِ

“Пайғамбар сизга нимани берса, ўшани олинглар ва нимадан қайтарса, ўшандан қайтинглар. Аллоҳдан қўрқинглар. Албатта, Аллоҳ азоби шиддатли зотдир” (Ҳашр сураси, 7-оят).

Ушбу оятда Аллоҳ таоло биз бандаларини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам тарғиб этган, тавсия қилган амалларни қилишга, у зот қайтарган ишлардан қайтишимизга буюрмоқда. Шунинг учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тавсияларига амал қилиб, таомланиш олдидан ва таомланиб бўлганимиздан кейин қўлларимизни ювишга одатлансак, дунёимиз учун, энг асосийси, охиратимиз учун яхшилик касб қилган бўламиз. Бу ишларимизнинг фойдасини ўзимиз кўрамиз. 

 

Интернет маълумотлари асосида

Нозимжон Иминжонов тайёрлади  

Мақолалар

Top